Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
03 Август, 2025   |   9 Сафар, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:48
Қуёш
05:20
Пешин
12:34
Аср
17:31
Шом
19:42
Хуфтон
21:07
Bismillah
03 Август, 2025, 9 Сафар, 1447

Нима учун?

25.02.2019   3962   4 min.
Нима учун?

Аллоҳ таоло одам боласини азизу-мукаррам қилиб яаратган ва унга Ўзи яратган кўплаб махлуқотларни  беминнат хизмат қилдириб қўйган. Бунга Қуръони каримнинг кўплаб ояти карималари далолат қилади.

Жумладан Исро сурасида: «Дарҳақиқат, Биз Одам болаларини азиз-мукаррам қилдик ва уларни барру-баҳрда қуруқлик ва денгизда (от-улов ва кемаларга) чиқариб қўйдик ҳамда уларга ҳалол-пок нарсалардан ризқу рўз бердик ва улар­ни Ўзимиз яратган жуда кўп жонзотлардан афзал-устун қилиб қўйдик»,[1] деган.

Жосия сурасида: «У Ўз томонидан (яъни Ўз хоҳиш-иродаси билан) сизларга осмонлардаги ва Ердаги барча нарсаларни бўйинсундирди. Албатта бунда тафаккур қиладигаи қавм учун оят ибратлар бордир»,[2] деб марҳамат қилган бўлса, Тийн сурасида энг гўзал суратда яратганини баён қилаган: «Дарҳақиқат Биз инсонни энг гўзал шаклу шамойилда яратдик».[3]

Шу ва шу каби кўплаб оятлар ҳар қандай ақлли инсонда эътироф юзасидан “Нима учун?” деган саволни пайдо қилиши табиий.

Бундай ҳурмат-эҳтиром кўрсатилиши ва кўплаб махлуқотлардан афзал қилиниши бежизга эмас ёки инсон ўз-ўзидан шунга ҳақли бўлиб қолганидан ҳам эмас, балки булар ўзига хос масъулият ва вазифаларни инсон зиммасига юкланганини тақозо қилади.

Демак, инсон беҳудага эмас, балки маълум бир вазифаларни бажарши учун яратилган экан.

Аллоҳ таоло Зарият сурасининг 56-оятида: «Мен жин ва инсонни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим», деб марҳамат қилган. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу “Мени танишлари учун яратдим” деган, деб тафсир қилганлар. Демак, инсонга ақл-заковат ва керакли барча имкониятлар берилиб, бунинг шукронасига Аллоҳга ибодат қилиши, маъсият (Аллоҳ қайтарган ишларни) қилмаслиги ва Аллоҳни таниб, Унга итоат қилиш вазифаси юкланган экан.

Инсон дунёга келишидан кўзланган мақсадларнинг яна бири имтиҳон қилинишидир. Аллоҳ одам фарзандини Ўзига итоат қилишга бюрган. Бунинг эвазига охиратда абадий жаннатга киритишини ва кўз кўрмаган ҳамда қулоқ эшитмаган неъматлар билан мукофотлашини ваъда қилган. Ким Аллоҳга ва Унинг ваъдаларига ишонмаса, нафсу-ҳавоси ва шайтоннинг айтганларига қулоқ солиб, иймонсизликда умрини ўтказса, уни абадий жаҳаннамда жазолашини айтган.

Бақара сурасида: «Ва албатта сизларни хавфу хатар, очлик, молу жон ва мева - чеваларни камайтириш каби нарсалар билан имтиҳон қиламиз. Бирор мусибат келганда: «Албатта биз Оллоҳнинг ( бандаларимиз) ва албатта биз у зотга қайтгувчилармиз», дейдиган собирларга хушхабар беринг (эй Муҳаммад)»,[4]деб марҳамат қилган.

Мулк сурасининг 2-оятида: «(Эй инсонлар, У) сизларнинг қайсиларингиз чиройлироқ-яхшироқ амал қилгувчи эканлигингизни имтиҳон қилиш учун ўлим ва ҳаётни яратган зотдир. У қудратли ва мағфиратлидир», деган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жаҳаннам шаҳавотлар (нафсга ёқадиган лаззатлар) билан ўралган, жаннат эса макориҳ (яъни, кўринишда машаққатлар) билан ўралгандир», деганлар.[5] Аллоҳнинг розилиги ва охиратда жаннатга олиб борадиган ишлар ҳақ ва рост эканини далиллар аниқ кўрсатишига қарамай нафсга қийин ва машаққатли кўриниши бор нарса экани, Аллоҳнинг ғазабига ва оқибатда жаҳаннамга олиб борадиган ишлар нима экани маълум бўлишига қарамай нафсга чиройли кўриниши ҳадисда баён қилинмоқда.

Юқорида айтиб ўтилганидек, бизга берилган имкониятлар, ҳурмат-иззат кўрсатилиши, барча нарсаларни хизматкор қилиб бўйинсундирилгани ва энг гўзал хилқатда яратилишимиз шунчаки табиат қонуни эмас, балки оламлар Роббиси бўлган Аллоҳнинг иродасидир. Аллоҳ бирор ишни беҳикмат қилмайди. Дунёни имтиҳон диёри қилиб, бизларни Ўзига ибодат ва итоат қилишимиз учун яратганини унутмаслигимиз айни саодатимиздир, азизлар!

 

  Ҳошимов Нуриддин,

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси

 

[1] Исро сураси, 70-ояти маънолари таржимаси

[2] Жосия сураси, 13-ояти маънолари таржимаси

[3] Тийн сураси, 4-ояти маънолари таржимаси

[4] Бақара сураси, 155-156-оят маънолари таржимаси

[5] Имом Бухорий ривояти

Мақолалар
Бошқа мақолалар

“Қул ҳува Аллоҳу аҳад”ни кўп ўқиганлар

01.08.2025   5100   1 min.
“Қул ҳува Аллоҳу аҳад”ни кўп ўқиганлар

Маъруф ибн Файруз ал-Кархий раҳимаҳуллоҳ айтадилар:

“Дунё тўрт нарсадан иборат: мол, сўз, уйқу ва таом. Мол туғёнга олиб боради, сўз адаштиради, уйқу эсдан чиқаради, таом шаҳватга етаклайди”.


“Солиҳлар кўп, лекин улар ичида сиддиқлар кам”.


“Аллоҳ кимга яхшиликни истаса, унга амал эшигини очиб, тортишиш эшигини ёпади. Агар ёмонлик истаса, амал эшигини ёпиб, тортишиш эшигини очади”.


“Аллоҳга таваккул қил, токи У сенинг устозинг ва шикоят қиладиган Зотинг бўлсин. Чунки инсонлардан наф йўқ”.


“Кўзларингизни тийинг, ҳатто урғочи қўйдан ҳам”.


“Сахийлик — муҳтож пайтда муҳтож нарсани бошқа бировга беришдир”.


“Тунги ибодат мўмин учун қиёмат кунида нур бўлиб, ўнгу сўлини ёритади. Кундузги нафл рўза эса, бандани дўзахнинг иссиғидан узоқлаштиради”.


“Қиёмат кунида бир нидо қилгувчи: “Эй Аллоҳни мадҳ қилганлар туринглар”, деб нидо қилади. Шунда, “Қул ҳува Аллоҳу аҳад”ни кўп ўқиганлар туришади”.


“Авлиёларнинг аломати нима?” — деб сўрашди. “Аломатлари учтадир: Аллоҳ учун ғам чекади, Аллоҳ билан машғул бўлади ва Аллоҳ томонга қочишади”.


Довуд Тоийнинг дўстларидан бири менга: “Амални ташлама. У сени Роббингнинг розилигига яқинлаштиради”, деди. Мен ундан: “Қайси амални?” деб сўрадим. У: “Роббингга доимий итоат, мусулмонларга хизмат ва уларга насихат деди.
 

Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ