«Инсонга зарар етганда, ётган ҳолда, ё ўтириб ёки тик туриб ҳам Бизга илтижо қилади. Ундан зарарини кетказганимизда эса, гўё етган зараридан Бизга дуо қилмагандек кетаверади. Мана шу тарзда исрофчи (тажовузкор)ларга ўз қилмишлари зийнатли (чиройли) қилиб қўйилди» (Юнус, 12).
«Инсонга зарар етганда, ётган ҳолда, ё ўтириб ёки тик туриб ҳам Бизга илтижо қилади…»
Абу Лайс Самарқандий тафсирида: “Агар бандага касаллик, камбағаллик ва бало каби ёмон кўрадиган нарсалари тегса, банда ётган ҳолида ҳам Аллоҳга илтижо қилади. Касали енгилроқ бўлса ўтирган ҳолида дуо қилади, агар касаллигидан асорати қолган бўлса, юриб турганда ҳам дуо қилади”, деган.
Маҳмуд Замахшарий оят тафсирида: «Бу оятда дуо қилувчининг уч ҳолатини айтиб ўтишдан нима фойда дейилса, мен айтаманки, бунинг маъноси “Зарар кўрган инсон токи ўша зарари йўқолмагунча Яратганга дуою илтижо қилишдан тўхтамайди. У бизга ҳар қанақа ҳолатида ҳам, тура олмай ётиб қолганда, тик тура олмай ўтириб қолганда ёки тик тура олади-ю, аммо юришга тоқати йўқ бўлса ва баъзиси эса тўшакка “михланиб” қолиб ётганда ҳам дуо қилаверади. Бу билан банда ўзига енгиллик ва соғлиқ сўрайди ва мусибатни ўзидан даф қилишга ҳаракат қилади».
«Ундан зарарини кетказганимизда эса, гўё етган зараридан Бизга дуо қилмагандек кетаверади. Мана шу тарзда исрофчиларга ўз қилмишлари зийнатли қилиб қўйилди».
Фахриддин Розий тафсирида бундай дейилади: “Бу оятда бало, мусибат тушганда инсон сабрсиз бўлиши, роҳат-фароғатда бўлганда оз шукр қилиши баён қилинган. Агар инсон бошига бирор ташвиш тушса, уни ўзидан узоқлаштиришини, мусибатни неъматга алмаштиришини Аллоҳ таолодан сўраб жидду жаҳд билан туриб, ўтириб, ётиб зорланиб дуо қилади. Агар Аллоҳ ундан мусибатни даф этиб омонлик ва офият берса, шукрдан юз ўгиради. Бошига тушган у мусибатни эсламайди ва неъматлар қадрини билмайди. Худди бошига тушган мусибатни кетказиш учун дуо қилмаган инсондек бўлиб олади. Ақлли инсон бало-мусибатга сабр қилиши, ҳузур-ҳаловат ва неъматларга эришганда шукр қилиши вожиб бўлади. Киши қийинчилик вақтида дуоси қабул бўлиши учун роҳат-фароғатда бўлган вақтида кўп зорланиши ва дуо қилиши керак.
Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Хурсандчилик кунларида Аллоҳни танисанг, қийин кунларда Аллоҳ сени танийди”» (Ҳоким, Найсабурий).
Абу Дардо (розияллоҳу анҳу): “Аллоҳ таолога хурсандчилик кунларингда дуо қилгин, қийин кунларингда қилган
дуоингни қабул қилади”, дедилар.
Суҳайб (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Мўмин кишининг ҳолига ажабланасан. Аллоҳ унга нимани қазо қилса, яхшилик бўлади. Агар унга ғам етса, сабр қилади, бу унга яхшилик бўлади. Агар унга хурсандчилик етса шукр қилади, бу ҳам унга яхшилик бўлади. Бу ҳолат мўминдан бошқага бўлмайди”» (Имом Муслим).
Абу Мансур Мотуридий, Абу Лайс Самарқандий,
Маҳмуд Замахшарий, Ибн Касир,
Олусий ва Қуртубий тафсирлари асосида
Бадриддин САДРИДДИН ўғли
тайёрлади.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Муҳаррам ойи қандай ой?
Муҳаррам ойи – мусулмонлар тақвимининг биринчи ойидир. Бу ой Аллоҳ таоло уруш, қон тўкишни ҳаром қилган (Зулҳижжа, Зулқаъда, Муҳаррам, Ражаб) тўрт ойнинг бири бўлиб, унинг ўнинчи куни яъни, ашуро куни алоҳида фазилатларга эга.
Ашуро қандай кун?
Бу кун ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу шундай яхши кундирки, бу кунда Аллоҳ Бани Исроилни душманларидан қутқарган. Шу боис Мусо алайҳиссалом бу кунда рўза тутган. Мен Мусога кўпроқ (яқин бўлишга) ҳақлироқман”, дедилар ва у кунда рўза тутиб, одамларни ҳам унинг рўзасини тутишга буюрдилар” (Имом Бухорий ривояти).
Ашуро куни рўза тутиш ўтган бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлади.
Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ашуро кунининг рўзаси – Аллоҳдан умид қиламанки – бир йил олдинги гуноҳларга каффорат бўлади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Бу кун яқинларга кенгчилик қилиш, бир йиллик кенгчиликка сабаб бўлади.
Абу Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Ашуро куни аҳли аёлига кенглик яратса, Аллоҳ унга йил бўйи кенглик яратади”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
Ашуро кунини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай ўтказардилар?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кунни ўтказиб юбормаслик учун қаттиқ ҳаракат қилардилар, унинг савобига эришиш учун бу куннинг келишини интиқлик билан кутардилар. Бу ҳақда Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Ашуро куни рўзасини Рамазон ойи рўзасини кутиб соғингандек, бошқа кун ва ой рўзасини кутганларини кўрмадим” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўзасини тутиб, одамларни ҳам бу куннинг рўзасини тутишга буюрганларида, саҳобалар: “Ё, Расулуллоҳ! Бу кун яҳудий ва насронийлар улуғлайдиган кун-ку!” дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ хоҳласа келаси йил тўққизинчи куни ҳам тутамиз”, дедилар. Аммо, келаси йил келмасидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этдилар (Имом Муслим ривояти).
Аллоҳ таоло ушбу ойнинг фазилатларидан барча мўмин-мусулмонларни тўлиқ баҳраманд этсин. Ўзининг розилигини топадиган амалларда бардавом қилсин.
Даврон НУРМУҲАММАД