Башарият ҳеч қайси замонда аёлга ислом таълимотичалик катта эътибор берган бирорта дин ёки тамаддунни кўрган эмас, десак муболаға қилмаган бўламиз. Аёл ҳақида сўз юритар экан ислом дини уни юксак мақом ва юқори ҳурмат –эҳтиром эгаси ўлароқ тасвирлайди. Исломда аёл киши ҳақ-ҳуқуқлари таъминланган ва бурч-вазифалари белгилаб берилган тўлақонли шахс ҳисобланади.
Ислом башариятга жисмоний тузилиш, табиат, ҳис-туйғу,орзу-умид, сиҳҳат-саломатлик, эҳтиёж ва заруратлар борасида бир-бутун мукаммал инсон сифатида қарайди. Ва аксинча ирқий омил, рангдаги тафовут, келиб чиқиш ва жинсий фарқларга назар солмаган. Бу ҳолда мазкур бирлик ҳар бир нарсада; эркинликда, адолатда ва биродарчиликда ҳам бўлишликни тақозо этади. Тенглик тамойили ислом дининг инсонларнинг феъл ва ҳатти-ҳаракатларига тааллуқли турли-туман шаръий ҳукмлари таркибида чақириб келган тушунчадир. Бу борада Росулуллоҳ (с.а.в.)дан мана бундай ҳадис ривоят қилинган: “Инсонлар бир-бирларига худди тароқ тишлари каби тенгдирлар. Бир кишини бошқа кишидан тақводан бошқа нарсада афзаллиги йўқдир”. Исломда башар фарзандлари баробардирлар. Унда айрим инсонлар ўзларини бошқалардан жинс ё келиб чиқиш, терисининг ранги ёки яшаш жойи каби омиллар орқали устун санашларини оқловчи нарса асло топилмайди. Афзаллик борасида мезон битта ва у қайси жинсда бўлишидан қатъий назар тақводир. Бундан маълум бўладики, ислом аёлга иккита қоида асосида қарар экан. Уларнинг биринчиси тузилиш ва яратилишдаги бир хиллик бўлиб, бу ҳақида қуръони каримда мана бандай дейилган: “Одамлар, сизларни бир жон (Одам ато)дан яратиб, ундан унинг жуфтини яратган ва улардан кўплаб эркак ва аёлларни таратган роббингиздан қўрқинг” (Нисо 1-оят). Иккинчиси, эркак ва аёл ўртасида қарор топтирилган ака сингиллик риштаси. Чунки ҳар бир эркак ва аёл бир отага бориб тақалади. Бу ҳақида Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Эй одамлар биз сизларни бир эркак ва аёлдан яратиб, ўзаро танишишларингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик...” (Ҳужурот, 13). Бу айтиб ўтилганларнинг барчаси хусусида Росулуллоҳ (с.а.в.) инсоният учун абадий дастурни мана бундай деб баралла эълон қилади: “Эй инсонлар, сизларнинг роббингиз бир, отангиз ҳам бир, огоҳ бўлингизким, арабни араб бўлмагандан ва араб бўлмаганни арабдан, қизил танлини қора танлидан ва қора танлини қизил танлидан тақводан бошқа нарсада устунлиги йўқ. Албатта, сизларнинг энг ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир”.
Агар биз юқоридаги иккита асосий қоидани тўғрилигини исботлаган бўлсак, энди улардан келиб чиқадиган баъзи-бир жузъий қирраларни айтиб ўтамиз.
Аввало эркак ва аёл шаръий вазифалар ва уларга боғлиқ бўлган ажр ва савоблар борасида баробардир. Бу нарса Қуръон ва суннатда очиқ равшан таъкидлаб ўтилган. Уларга кўра дин ва дунёга боғлиқ барча ишларда юкланган вазифа бир хил. Аллоҳ таоло айтади: “эркакмиди аёлмиди мўмин бўлган ҳар кимки солиҳ амал қилса, бас, улар жаннатга кирурлар ...” (Нисо, 124). Жазо берилиш масаласида ҳам ушбу тенгликни кўриш мумкин. Аллоҳ таоло айтади: “Ўғри эркак ва ўғри аёлни қилган ишларига жазо бўлсин учун қўлини кесинглар ...” (Моида, 38).
Юқорида айтиб ўтилганларнинг барчасидан келиб чиқиб уламо ва муфассирларнинг аксарияти Қуръон ва суннатда бирлик ёки кўпликдаги эркак жинсига қаратилган вазифалар, умумий амаллар ҳеч қандай ажратишликсиз аёлга ҳам тегишли эканлигини таъкидлаганлар. Фақат ҳар бир жинснинг ўз жинсига хос бўлган ишлар бундан мустаснодир. Буларга ибодатлар ҳам, молиявий ишлар ҳам, ҳақ-ҳуқуқлар ҳам ҳалол-ҳаромлар ҳам одоб-ахлоқлар ҳам барча-барчаси кириб кетади. Аммо баъзи-бир ишлар, масалан, ватан ҳимояси, жума ва жамоат намозлари, молиявий таъминот ва бошқа масалалардаги тенгсизлиги унинг ақли ёки инсонийлиги, шаъни ё лаёқатини камситишдан эмас, балки, унинг табиати, имконияти ва ундаги ҳиссиётнинг ғолиблиги каби жиҳатларини ҳисобга олинганидандир.
Энди исломда эркак ва аёлга нисбатан фарқли бўлган айрим шаръий масалаларни кўриб чиқайлик.
Молиявий ҳақ-ҳуқуқларда иккита аёлнинг гувоҳлиги бир эркакнинг гувоҳлигига баробар қилинган. Бунинг сабаби оддий. Одатда аёл киши кўпроқ уй ишлари билан банд бўлади. Шунинг учун ҳам унинг молиявий олди-бердилардаги иштироки деярли бўлмайди. Ҳозирги вақтда кам сонли аёлларни катта тижоратларда иштирок этаётгани бу камёб ҳодиса бўлиб, унга эътибор берилмаса ҳам бўлади. Демак, бу масалаларда хато қилиб қўйиш ёки унутиб қўйиш эҳтимоли каттароқ. Бу нарса худди баъзи-бир уй юмушларида эркак киши эсдан чиқариб қўядиган масалаларни аёл яхшироқ билиши мумкин бўлишининг айни ўзидир. Инсонда ўзининг кўп машғул бўладиган соҳасини бошқа соҳаларга қараганда ёрқинроқ эслаб қолиш табиати мавжуд бўлар экан.
Жиноят ишларида эса аёл киши умуман гувоҳликдан озод қилинган. Чунки унинг табиати қон тўкиш, қатлнинг турли-туман кўринишларига тоқат қилиб тура олмайди. Натижада ҳодисага тааллуқли нозик жиҳатларни пайқамай қолиши мумкин. Аксинча, аёлларга хос бўлган баъзи масалаларда эса, эркаклар қолиб унинг гувоҳлиги қабул қилинади. Айтиб ўтилганлардан маълум бўладики, бу соҳада эътибор қаратиладиган асосий жиҳат инсоннинг эркак ёки аёллиги эмас, балки бошқа назарда тутилган манфаатлар эканлиги ҳар бир инсофли кишига ойдек равшан бўлиб турибди.
Меросда ҳам ислом аёлга эркак улушининг ярмини ажратди. Чунки мерос тартибларини мерос олувчининг зиммасига юкланган нафақа қилиш каби вазифаларни назарда тутиб қарайдиган бўлсак, динимизда аёлларга ажратилган ворислик ҳаққи бу уларга нисбатан кўрсатилган жуда катта илтифот ва юксак эҳтиром намунасидир. Чунки ислом аёлларга ҳеч қандай яқинига нафақа қилиш бурчини юкламаган. Ҳаттоки ўзига ҳам сарф қилмайди ва унинг сарф-харажатлари эрининг ё отасининг ёки ўғлининг ва баъзан ака ва шунга ўхшаш яқин қариндошларининг зиммасига юклатилган.
Демак, аёлдан икки баробар кўп мерос олган акаси агар унинг боқувчиси йўқ бўлса ушбу сингилга, ўзининг хотинига, онасига ва бошқаларга сарфлаши керак бўлган бир пайтда, унинг ярмича мерос олган сингил мазкур маблағни фақат ўзи истаган йўлга ишлатиши мумкин бўлади. Кимга кўп эъзоз кўрсатилганини мана шу томонларни эътиборга олиб ҳисобланилса адолатли бўлади манимча.
Исломнинг бошқа ҳукмлари ҳам шундай. Ибодатларни олсак, бу ерда уларга жуда катта эҳтиром кўрсатилганини гувоҳи бўламиз. Уларга жума, жамоат намози, ҳайит намози, жаноза намози ва дафн маросимлари ва бошқа кўплаб амаллар ихтиёрий. Буларнинг барчаси эркаклар зиммасида. Ойлик одати ёки нифоси келиб заифлашиб турган вақтда қайси ғамхўр ё ҳимоячи исломчалик марҳамат кўрсатган. Аксинча, уларни эркак билан тенг деган даъво билан ҳеч бир юмушини соқит қилиш у ёқда турсин ҳатто енгиллатиб ҳам қўймаган.
Саиджамол Масайитов
ЎМИ Халқаро алоқалар бўлими
Май ойида саратон ҳаётимизга рухсатсиз кириб келди...
У отамнинг кўкрагида бошланди. Аллоҳ у кишини раҳматига олсин. Кейин касаллик суякларига ҳам тарқалди.
Майдан декабргача бўлган олти ой давомида ҳаётим бутунлай ўзгарди. Доимий текширувлар, шифокор қабули, касалхоналар, энг яхши мутахассисларни излаш ва турли дори-дармонлар...
Бу олти ой давомида бутун ҳаётим отамга ғамхўрлик қилиш атрофида айланди.
Мен отамнинг аста-секин кучсизланиб бораётганини кўрдим. Аввалига ҳасса билан юрарди. Кейин юриш мосламаси билан. Сўнгра ногиронлар аравачасига ўтирди. Охири эса тўшакка михланиб қолди.
Куч-қувват тимсоли бўлган отангизни шу аҳволда кўриш инсон учун энг оғир синовлардан бири экан.
Шу қийин кунларнинг бирида касалхонада мени ҳайратга солган воқеа юз берди.
Мен отамнинг олдига ҳар куни борардим. Баъзан ишдан кейин, гоҳида эса уйдан тўғри касалхонага келардим. Шунинг учун кийимларим ҳам ҳар хил бўларди: расмий ҳам, оддий ҳам.
Бир куни шиппакда бордим. Отам билан бироз ўтирдик. Кейин у киши қаҳва сўради. Мен ошхонага тушдим.
Навбатда турганимда орқамдаги бир йигит мени бошдан-оёқ кузатиб турди. Кейин:
— Сиз телевизорда чиқадиган одаммисиз? деб сўради.
— Баъзан, дедим.
У эса:
— Ростини айтсам, сиз ҳақингиздаги фикрим ўзгариб кетди. Мен сизни бошқачароқ тасаввур қилардим, — деди.
— Нега? — дедим.
— Касалхонага шиппак кийиб келибсиз-ку, — деди.
Ўша пайтда руҳий ҳолатим жуда оғир эди. Бир неча ойлик ташвишлардан чарчаган эдим.
Мен унга:
— Отам саратон билан курашяпти. Сиз эса менга пойабзал ҳақида гапиряпсизми? — дедим.
Ичимда ғазаб қайнарди. Кейин ўзимни босиб:
— Биродар, ҳар бир гапнинг ўз вақти ва жойи бўлади. Айниқса касалхонада. Бу ердаги ҳар бир инсоннинг ўз дарди бор, — дедим.
Воқеа тугади. Аммо менинг ичимда тугамади.
Қаҳвани олиб, отамнинг олдига қайтдим. Отам менинг асабийлигимни дарров сезди.
Ҳаммасини айтиб бердим.
Отам сўзларимни хотиржам тинглади ва бундай деди:
— Агар сен нотўғри иш қилмаганингга ишончинг комил бўлса, нега бир бегона одамнинг гапи сенинг руҳиятингга таъсир қилиши керак?
Мен:
— Лекин унинг гаплари мени қаттиқ ранжитди, — дедим.
Отам бироз сукут сақлаб:
— Нега унинг сен ҳақингдаги фикри сен учун шунчалик муҳим? Сен руҳиятингнинг калитини унинг қўлига топшириб қўйдинг. Одамларга руҳиятингнинг калитини берма. Агар берсанг, улар сени хоҳлаганича бошқаради, дедилар.
Сўнг қўшимча қилди:
— Энг муҳими, сен ўзингдан мамнун бўл.
Руҳиятингнинг калитини ўзингда сақла. Уни ҳеч кимга берма.
Биз қаҳвамизни ичишда давом этдик.
Мен унга:
— Қани энди мен ҳам сиздек хотиржам бўлишни ўргансам, — дедим.
У киши жилмайиб:
— Иншааллоҳ, ўғлим. Агар хоҳласанг, албатта ўрганасан, — дедилар.
Бутун бу ҳикоянинг хулосаси битта:
“Руҳиятингиз — уйингиздир. Унинг калитини ҳеч қачон бошқаларга берманг”.
Отам вафот этганларидан кейин яна бир ҳақиқатни англадим:
Бу дунёда ота ўрнини босадиган ҳеч нарса йўқ.
У ҳақда қанча шеър ёзманг, қанча сўз айтманг, барибир кам.
Отангиз тирик экан, уни қадрланг. Дуосини олинг. Чунки қабр устида тўкилган кўз ёшлар энди ҳеч нарсани ўзгартирмайди.
Даврон НУРМУҲАММАД