Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
20 Август, 2026   |   7 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:10
Қуёш
05:37
Пешин
12:26
Аср
17:15
Шом
19:19
Хуфтон
20:41
Bismillah
20 Август, 2026, 7 Рабиъул аввал, 1448

01.02.2019 й. Фиқҳий мазҳаблар – бирлик рамзи

25.01.2019   8077   15 min.
01.02.2019 й. Фиқҳий мазҳаблар – бирлик рамзи

بسم الله الرحمن الرحيم    

ФИҚҲИЙ МАЗҲАБЛАР – БИРЛИК РАМЗИ

الحَمْدُ للهِ الذِّي قَالَ فِي كِتَابِهِ: "وَاعْتَصِمُوا بِحَبْلِ اللَّهِ جَمِيعًا وَلَا تَفَرَّقُوا"، وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى رَسُولِهِ الذِّي قَالَ: "إيَّاكُمْ وَالفُرْقَةَ" وَعَلَى آلِهِ وَأَصْحَابِهِ وَالتَّابِعِيْنَ وَمَنْ تَبِعَهُمْ بِإِحْسَانٍ إِلَى يَوْمِ الدِّيْنْ أَمَّا بَعْدُ

Муҳтарам жамоат! “Мазҳаб” сўзи арабча сўз бўлиб, “йўл”, “йўналиш” маъноларини билдиради. Шаръий истилоҳда эса, “бирор диний масала, муаммо бўйича муайян мужтаҳид олимнинг фатво чиқариш йўлидир. Саҳоба ва тобеинлар даврида мазҳаблар кўп бўлган. Аммо вақт ўтиши билан улар орасида тўрт йирик: ҳанафий, моликий, шофеий, ҳанбалий мазҳаблари ривож топган. Мазкур тўрт мазҳаб вужудга келишининг асосий омили –  булар қолган мазҳабларнинг таълимотини ҳам тадқиқ қилиб чиқиб қамраб олганидир.

Бу ҳақда аллома Ибн Ражаб (ваф. 795/1393) ўзининг “Тўрт мазҳабдан бошқага эргашганга раддия” асарида қуйидаги сўзни айтганлар: “Кўплаб мазҳаблар орасидан айнан тўрт мазҳаб сақланиб қолиши худди Қуръони каримнинг етти қироатидан фақат биттаси қолганига ўхшайди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони карим етти хил лаҳжада нозил бўлган. Кейинчалик ислом дини атрофга кенг ёйилиб, мусулмонларнинг сони ортиб борди ва қироат борасида улар ўртасида баъзи ихтилофлар келиб чиққач, Усмон ибн Аффон разияллоҳу анҳу мусҳафни етти қироатдан фақат биттасининг лаҳжасида ёздиришга қарор қилди. Оқибатда бугун ер юзи мусулмонлари Қуръонни фақат битта мусҳафдан яъни, Усмон мусҳафида ёзилган хатидан ўқийдиган бўлди. Демак, кўплаб мазҳаблар орасидан фақат тўрттасининг сақланиб қолгани асрлар давомида инсонларни турли зиддиятлар ва ихтилофлардан ҳимоя этишда асос бўлган”.

Мазкур тўрт мазҳабнинг тўғрилиги ва ҳақ эканлиги ҳақида барча мусулмон уммати ижмо (иттифоқ) қилганлар. Далил сифатида қуйидаги олимларнинг сўзларини келтирамиз:

Аллома Ибн Ражаб раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг “Тўрт мазҳабдан бошқага эргашганга раддия” номли китобида шундай деган: “Аллоҳ таоло шариатни сақлаш ва динни муҳофаза қилиш учун ўз ҳикмати билан одамлар ичидан тўрт забардаст имомларни чиқариб берди. Уларнинг илму маърифатда бир мартабага эришганларини ва чиқарган фатво ва ҳукмларини ҳақиқатга ўта яқинлигини барча уламолар бир овоздан эътироф қилганлар. Барча ҳукмлар ўшалар орқали чиқариладиган бўлди. Бу нарса мўмин бандалар учун Аллоҳ таолонинг лутфу карами ва марҳамати бўлди”.

Уламоларимиз фиқҳий мазҳаблар имомларини ва уларнинг ишларини қуйидаги мисол билан тушунтирадилар: “Аллоҳнинг розилигига эришиб, жаннатий бўлиш худди тоғнинг чўққисига чиқишдек бўлса, мазҳаб имомлари Қуръон, ҳадис ва шуларга асосланган манбалардан фойдаланиб, чўққига чиқишнинг энг осон ва бехатар йўлини топиб, белги қўйиб, осонлаштириб қўйган кишилардир. Чўққига чиқувчилар мазкур буюк тўрт имом кўрсатган йўлдан бирини тутсалар осонгина, қийналмасдан мақсадига эришади”.

Имом Бадруддин Заркаший “Баҳрул муҳит” китобида шундай ёзади: “Мусулмонларнинг эътироф қилинган тўрт мазҳаби ҳақдир ва ундан бошқасига амал қилиш жоиз эмас”.

Мазкур тўрт мазҳабнинг барчаси мўътабар бўлиб, мусулмон киши уларнинг бирига эргашиши вожиблигига ислом уммати иттифоқ қилган.

 Имом Али ибн Абдуллоҳ Самҳудий ўзларининг “Иқдул фарид фи аҳкомит-тақлид” номли асарларида шундай деганлар: “Билингки, ушбу тўрт мазҳабдан бирини ушлашда катта фойда бор. Ундан юз ўгиришда эса, катта муаммо ва ихтилофлар бор. Бир мазҳабда юришдаги фойдалардан бири – саҳоба ва тобеинларнинг шариат илмини ўрганишдаги одатларига эргашишдир. Чунки, тобеинлар шариат ишида бир-бирларига ёки саҳобаларга эргашар эди, саҳобалар эса, бир-бирларига ёки Расулуллоҳга эргашганлар”.

Имом Али ибн Абдуллоҳ Самҳудий сўзларини давомида шундай дейди: “Бир мазҳабда юришдаги фойдалардан яна бири – Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилган қуйидаги ҳадисга амал қилиш бор:

  "فَإِذَا رَأَيْتُمُ اخْتِلَافًا فَعَلَيْكُمْ بِالسَّوَادِ الْأَعْظَمِ"

яъни: “Агар ихтилофни кўрсангиз, ўзингизга кўпчилик томонини лозим тутинг” (Имом Ибн Можа ривояти).

  Тўғри мазҳаблардан фақат мана шу тўрттаси қолган экан, уларга эргашиш катта жамоага эргашиш ҳисобланади”.

Аллома Зафар Аҳмад Усмоний раҳматуллоҳи алайҳ “Эълоус-сунан” китобида шундай деганлар: “Тўрт мазҳаб имомлари ҳақиқатан тўғри йўл ва ҳидоятдадир. Бир юртда улардан қайси бирининг мазҳаби тарқалган бўлса, унинг уламолари ва китоблари кўп бўлса, ижтиҳод даражасига етмаган киши (оят ва ҳадислардан ўзи мустақил ҳукм чиқаришга қодир бўлмаган киши) учун ўша мазҳабга эргашмоқ вожиб бўлади. Ўз юртида кенг тарқалмаган ва уламолари кўп бўлмаган мазҳабга эргашиш жоиз эмас. Чунки бундай ҳолатда мазкур мазҳабнинг барча ҳукмларини ўрганиш имкони бўлмайди. Буни яхши билинг. Иншааллоҳ, ҳақиқат бундан бошқада эмас.

Агар бир юртда барча мазҳаблар тарқалиб, машҳур бўлган бўлса, ҳамда у мазҳабларнинг уламолари ҳам етарли бўлса, ижтиҳод даражасига етмаган киши учун улардан бирини танлаб, ўша мазҳабга эргашиши жоиз бўлади”.

  Машҳур аллома Абдулҳай Лакнавий ҳазратлари ўзларининг “Мажмуатул фатово” китобларида Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавийнинг қуйидаги сўзларини келтирганлар: “Ҳиндистон ва Мовароуннаҳр юртларида шофеийларни ҳам, ҳанбалийларни ҳам, моликийларни ҳам мазҳаби тарқалмаган, бошқа мазҳаб китоблари ҳам етиб келмаган. Шунинг учун ушбу диёрларда яшовчи ижтиҳод даражасига етмаган кимсаларга Абу Ҳанифа мазҳабига эргашиш вожиб бўлади. Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавварада яшовчи кимсаларга ундай эмас. Чунки у ерда барча мазҳабларни топиш имконияти бор”.

Юқоридаги маълумотлардан хулоса қиладиган бўлсак, бизнинг Ўзбекистонимизда фақатгина Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг мазҳабига амал қилиш лозим экани маълум бўлмоқда. Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, бир неча асрлардан бери ота-боболаримиз мазкур мазҳабга оғишмай-тойилмай амал қилиб келмоқдалар.

Машҳур муҳаддис олим Ибн Ҳажар Асқалоний ўзларининг “Мажмаъул муассас фил мўъжамил муфаҳрас” асарида ўзлари шофеий  бўлишларига қарамасдан ҳанафий мазҳабимизни мақтаб шундай деганлар: “Ҳанафий мазҳабида бизнинг мазҳабимизда учрамайдиган мустаҳкам асосга эга қоидалар бор”.

Ҳозирги кунда дунё мусулмонларининг ярмидан ортиғи айнан ҳанафий мазҳабимизга амал қилиб, ўз ибодатларини шу мазҳабга мувофиқ адо этиб келмоқдалар.

Хуллас, мазҳаблар, хусусан ҳанафий мазҳабимиз ҳақидаги мақтов ва эътирофлар ниҳоятда кўп бўлиб, бу жойда уларнинг барчасини келтиришга имкон йўқ.

Афсуслар бўлсинки, мана шундай барча етук олимлар эътироф қилиб турган мазҳабдан баъзи юртдошларимиз юз ўгириб, “мен Қуръон ва ҳадисдан ўзим ҳукм оламан” деб, катта хато қилмоқдалар. Хатоларининг асосий сабаби улар мазҳаб ўзи нима, асосчилари кимлар эканлигини билмасликларидандир, яъни жаҳолатдандир.

Мазҳаббошилар саҳиҳ ҳадисларни ҳасанидан, ҳасан ҳадисларни заифидан, носих ҳадисларни мансухидан ажрата оладиган бўлганлар. Шунингдек, улар оят, ҳадис ва осорларнинг (саҳобалардан ривоят қилинган хабарларнинг) маънолари ва шарҳларидан хабардор бўлганлар ҳамда оят ва ҳадислардан ҳукм олиш учун зарур бўлган бир қанча илмларни билганлар. Бизни ҳозирги замонда бундай зотларни топиш амримаҳол ишдир.

Ҳижрий еттинчи асрда яшаган Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ ҳам бу мавзуга доир қуйидаги фикрларни айтганлар: “Мужтаҳиднинг ҳукмига қарши саҳиҳ ҳадис топган киши унга амал қилиши учун алоҳида шартлар бор. Бу шартларни ўзида мужассам қилган кимса бизнинг замонамизда ўта оздир”.

Эътибор берайлик, Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий еттинчи асрда туриб, бизнинг замонамизда бундай одам оздир, демоқдалар. Ҳозирги ўн бешинчи ҳижрий асрда бундай шартларни ўзида мужассам қилган зотлар бормикан?

Бир ишда бир мазҳабга, иккинчи бир ишда бошқасига эргашиш дуруст эмас. Буни уламолар “талфиқ” дейдилар. Динда адашмаслик учун, тўрттадан маълум бир мазҳабни ихтиёр қилиш ва фақат унга эргашиш лозим.

Уламоларимиз: “Ҳатто илми юқори даражага етиб, мазҳабларнинг далилларини солиштириб, кучлисини аниқлаш даражасига етган одам ҳам бировларга бу ҳақда гап очмасин, фатво бермасин. Ўзи амал қилса, рухсат”, деганлар.

Буларнинг ҳаммаси мусулмонлар орасида ихтилоф чиқармаслик учун кўрилган чора-тадбирлардир. Бундай чоралар айниқса оммавий диний илмсизлик ҳукм сураётган маконлар ва замонлар учун жуда ҳам зарур.

Маълумки, аҳли сунна вал-жамоадаги тўрт мазҳабнинг барчасини эътироф этамиз ва ҳурмат қиламиз. “Усулул фиқҳ” китобларида таъкидланганидек, улардан фақат биттасига тақлид қиламиз, яъни эргашамиз.

Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 80 йилда таваллуд топганлар.

Имоми Молик ибн Анас раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 93 йилда таваллуд топганлар.

Имоми Шофеий раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 150 йилда таваллуд топганлар.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 164 йилда таваллуд топганлар. Демак, энг аввал туғилган, саҳобалар асрида таваллуд топган Имом бизнинг Имомимиз Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳдир. У зот Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларига замондош бўлганлари маълум, бошқа мазҳаббошилар эса саҳобаларнинг суҳбатларини топмаганлар. Шунинг учун улар Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳни  ўзларига устоз деб билганлар. Мазҳаб бошлиқларидан бири Имоми Шофеий Имоми Аъзамни шундай эътироф қиладилар: “Одамлар ҳаммалари ва барча уламолар Қуръону ҳадисни англашда ва масъала илмида гўё Имоми Аъзам Абу Ҳанифа қарамоғидаги оила аъзоларидир. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ билан рақобот қилиш даражасига чиққан инсон йўқ”.

Имом Молик ибн Анас раҳматуллоҳи алайҳ эса, Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳни улуғлаб, шундай тавсиф этганлар: “Мен ҳадис илмини билишда, жаноби Расулуллоҳнинг охирги ҳадисларини етказишда ва энг саҳиҳ ҳадисларни англаб етишда Имоми Аъзамга ўхшаган бошқа инсонни учратмадим”. Бу зот доимо Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳни ўзларига устоз деб билганлар.

Демак, мусулмонларнинг бирлиги, ибодатларнинг мукаммаллиги, жамиятнинг тинчлиги учун юртимиз мусулмонлари ўз ота-боболари танлаган Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг мазҳабларига ихлос ила эргашишлари ўта муҳим ва жуда зарурдир!

Муҳтарам жамоат! Мавъизамиз давомида ҳанафий мазҳабимиз бўйича намоздаги баъзи масалалар ҳақида суҳбатлашамиз.

  • Намозда оёқлар кериб турилмайди. Агар имкон бўлса, икки оёқнинг ўртаси тўрт бармоқ миқдорича бўлгани мустаҳабдир. Аммо бемор, гавдаси катта ва барваста кишилар бўлса, тўрт бармоқ миқдоридан кенгроқ очишларига ҳам рухсат берилган.
  • Қиёмга турганда (тикка туришда) қўлларни киндик остига қўйилади. аёллар эса бундан фарқли ўлароқ қўлларини кўкраклари устига қўядилар.
  • Намозга кириш учун айтиладиган “Аллоҳу акбар” такбирида қўлларнинг бош бармоғи қулоқнинг юмшоғига теккизилади. Аёллар эса, қўлларини елкаси баробарича кўтаради.
  • Имомга иқтидо қилган одам қироат қилмайди, гарчи имом ичида қироат қилса ҳам, балки сано ўқигандан кейин жим туради.
  • Жаҳрий намозларда имом сураи Фотиҳани ўқиб бўлганда, иқтидо қилгувчилар “Омин”ни овоз чиқармасдан айтади.
  • Рукуга борганда қўллар букилмайди, балки теккис туради.
  • Рукудан олдин ва кейин икки қўл кўтарилмайди.
  • Саждага боришда ерга биринчи тизза, кейин қўллар, сўнг пешона ва бурун қўйилади. Саждадан кўтарилишда эса, биринчи бурун ва пешона, кейин қўллар, сўнг тиззалар ердан узулади. Бемор ёки ёши улуғ кимсалар эса, ўз шароитларидан келиб чиқиб, саждага бориши ва кўтарилиши мумкин.
  • Саждадан кейин туриш керак бўлган ракатларда бир ўтириб олмасдан, балки саждани адо қилиб, дарров турилади.
  • Ўтирган пайтда кўрсатгич бармоғини тўхтовсиз қимирлатмайди ёки ўтиришни бошидан охиригача уни кўтариб ҳам турмайди, балки пухта ўрганган бўлса, ишораи саббоба қилади, акс ҳолда қилмайди.
  • Фарздан кейин суннати ўқиладиган намозларда, фарз билан суннатни орасида “Астағфируллоҳ, астағфируллоҳ, астағфируллоҳ. Аллоҳумма антас салом, ваминкас салом, табарокта я залжалали вал-икром”ни ўқиб, дарров суннат намозини ўқишга киришилади, ўртага бошқа нарса зиёда қилинмайди.
  • Намозни бош кийим билан ўқилади, салла билан ўқиш эса, афзал ва савоби кўпдир. (Мухтасарул виқоя, Шарҳул виқоя, Ҳидоя, Хулосатул Фатово, Фатовои Қозихон, Фатовои Ҳиндия ва бошқа Ҳанафий мазҳабимизнинг барча мўътабар китобларида мазкур масалалар очиқ-ойдин баён қилинган).

 

“Вақф” хайрия фондининг охирга ҳафтадаги ишлари ҳақида ИЛОВА

“Вақф” хайрия фонди томонидан имконияти чекланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 11 январь куни Жиззах вилоятидаги 150 нафар гапириш ва эшитиш имконияти чекланган шахсларга жами 9 763 564 (тўққиз миллион етти юз олтмиш уч минг беш юз олтмиш тўрт) сўм,  17 январь куни Тошкент вилоятида эса 350 нафар гапиришида ва эшитишида нуқсони бор имконияти чекланган шахсларга жами 15 595 300 (ўн беш миллион беш юз тўқсон беш минг уч юз сўм) сўм ва 20 январь куни  Самарқанд вилоятидаги 500 нафар гапириш ва эшитиш имконияти чекланган шахсларга жами 18 001 000 (ўн саккиз миллион минг сўм) сўмлик товар-моддий бойликлар хайрия тариқасида имконияти чекланган шахсларга тақдим қилинди.

Шунингдек, Гематология-қон қуйиш марказида оқ қон билан касалланган 15 нафар ёш болаларга 30 000 000 (ўттиз миллион) сўмлик дори-дармонга ёрдам берди.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида шундай деган:

الَّذِينَ يُنْفِقُونَ أَمْوَالَهُمْ بِاللَّيْلِ وَالنَّهَارِ سِرًّا وَعَلَانِيَةً فَلَهُمْ أَجْرُهُمْ عِنْدَ رَبِّهِمْ وَلَا خَوْفٌ عَلَيْهِمْ وَلَا هُمْ يَحْزَنُونَ.

яъни: “Мол (бойлик)ларини кечаю кундуз, пинҳонаю ошкора эҳсон қиладиган кишилар учун Парвардигорлари ҳузурида (махсус) мукофотлари муҳайёдир. Уларга (охиратда) хавф ҳам бўлмас ва улар ташвиш ҳам чекмаслар” (Бақара сураси, 274-оят).

Демак, киши хайр-эҳсонни ихлос билан, савоб умидида қилар экан, ояти каримада ваъда қилинганидек, улкан мукофотларга эришади.

Аллоҳ таоло барчамизни ота-боболаримизнинг мазҳаблари бўлмиш Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг йўлларини ушлаб, бир ёқадан бош чиқариб, ихтилоф ва тафриқачиликка берилмасдан, ўзаро ҳамжиҳатликда ҳаёт кечириб боришимизни насиб айласин! Омин.

 

Жума мавъизалари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Учинчи Ренессанс: тарихий тажрибадан замонавий тараққиётга

18.08.2026   17854   8 min.
Учинчи Ренессанс: тарихий тажрибадан замонавий тараққиётга

Инсоният цивилизацияси тарихида айрим даврлар борки, улар фақат муайян халқ ёки минтақанинг эмас, балки бутун жаҳон тараққиётининг йўналишини белгилаб берган. Ислом цивилизациясининг IX–XV асрлардаги юксалиш даври ана шундай тарихий босқичлардан бири ҳисобланади. Бу даврда илм-фаннинг турли соҳалари бир-биридан ажралмаган ҳолда. ўзаро уйғунликда ривожланди. Математика астрономия билан, тиббиёт фалсафа билан, география математика билан, тилшунослик тарих билан, диний илмлар эса мантиқ ва тафаккур маданияти билан мулоқот қилган. Бугун фанлараро тадқиқот, рақамли гуманитаристика, сунъий интеллект ва комплекс илмий ёндашувлар жаҳон илм-фанининг энг муҳим йўналишларига айланган бир пайтда, ўша тарихий тажриба янада қизиқарли аҳамият касб этмоқда.

Мазкур уйғунлик тасодифий эмас эди. У Қуръони каримда илмга берилган юксак қадр, тафаккурга даъват, инсонни борлиқни англашга чорловчи ғоялар билан мустаҳкамланган илмий дунёқараш маҳсули эди. Шу сабабли ўша давр олимларини бугунги замонавий тушунчалардаги қатъий «мутахассисликлар» доирасига жойлаштириш қийин.

Форобий фалсафа, мантиқ, сиёсат, ахлоқ ва мусиқа назарияси билан шуғулланган. Хоразмий  математика ва астрономия соҳаларида ишлаган. Беруний астрономия, география, геодезия, минералогия, тарих ва этнографияга оид асарлар яратган. Ибн Сино тиббиёт билан бир қаторда фалсафа, мантиқ ва табиий фанлар ҳақида ҳам кенг тадқиқотлар олиб борган. Улуғбек эса давлат бошқаруви, таълим ва астрономик тадқиқотларни бирлаштирган илмий муҳитни шакллантирган. Бу мисолларнинг умумий жиҳати шундаки, билим соҳалари ўртасидаги чегаралар қатъий бўлмаган.

Бугун «интердисциплинар тадқиқот» деб аталадиган ёндашувнинг айрим тамойиллари айнан ана шу интеллектуал анъаналар билан ҳамоҳанг.

Шунингдек, ислом цивилизациясининг интеллектуал меросини фақат табиий ва аниқ фанлар билан чеклаш ҳам тўғри эмас. Чунки диний илмлар соҳасида ҳам манбаларни йиғиш, текшириш, таснифлаш ва баҳолашга қаратилган мураккаб илмий анъаналар шаклланган.

Имом Бухорийнинг ҳадис илмидаги мероси бунга яққол мисол бўла олади. Ҳадисларни саралашда ровийлар ҳақидаги маълумотлар, ривоят занжири ва бошқа мезонлар ўрганилган. Имом Мотуридий эса ақидавий масалаларни ақл ва нақл уйғунлиги асосида таҳлил қилган. Унинг мероси ислом интеллектуал анъанасида ақлий далиллаш ва диний билим ўртасидаги муносабат масаласида муҳим ўрин тутади.

Шу жиҳатдан Ислом цивилизацияси тарихини фақат диний ёки фақат илмий тарих сифатида эмас, кенг интеллектуал жараён сифатида кўриш мумкин.

Ўзбекистонда илгари сурилаётган Учинчи Ренессанс ғояси тарихий илмий меросни замонавий тараққиёт эҳтиёжлари билан боғлашга қаратилган.

Бу ёндашувнинг марказида илм-фан, таълим, инновация, маданият ва маънавиятни ўзаро боғлиқ тизим сифатида ривожлантириш ғояси туради.

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳам ана шу концепциянинг муҳим амалий ифодаларидан биридир.

Марказнинг вазифаси фақат тарихий экспонатларни намойиш қилиш билан чекланмайди.

Унинг концепциясида ислом цивилизациясининг илм-фан, таълим, фалсафа, санъат, меъморчилик ва инсонпарварлик соҳаларидаги меросини комплекс равишда ўрганиш ва намойиш этиш ғояси мужассам.

Нафақат музей, балки интеллектуал платформа

Марказни анъанавий музей тушунчаси доирасидагина баҳолаш унинг концепциясини тўлиқ ифодаламайди. Замонавий музей фақат экспонат сақлайдиган жой эмас. У тадқиқот, таълим, рақамлаштириш ва халқаро илмий мулоқот марказига айланиши мумкин. Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази концепциясида ҳам ана шу ёндашув муҳим ўрин тутади.

Қадимий қўлёзма — шунчаки тарихий буюм эмас. У тил, тарих, матншунослик, кодикология, санъат, материалшунослик ва рақамли технологиялар нуқтаи назаридан тадқиқ қилиниши мумкин бўлган мураккаб манба. Археологик меросни ўрганишда эса геоинформацион тизимлар, рақамли моделлаштириш, 3D технологиялар ва бошқа замонавий усуллардан фойдаланиш имкониятлари кенгаймоқда. Шундай қилиб, маданий меросни ўрганишнинг ўзи фанлараро жараёнга айланмоқда.

Ўтмишни сунъий интеллект билан боғлаш

Технологиялар маданий меросни ўрганиш усулларини ҳам ўзгартирмоқда.

Қўлёзмаларни юқори сифатда рақамлаштириш, матнларни электрон базаларга киритиш, сунъий интеллект ёрдамида матнларни таҳлил қилиш, 3D моделлар яратиш ва виртуал муҳитларда тарихий объектларни қайта тиклаш имкониятлари илмий тадқиқотлар учун янги йўналишларни очмоқда.

Бу ерда муҳим нуқта бор. Технология тарихнинг ўрнини босмайди — у тарихни янги авлод учун тушунарли ва тадқиқот учун янада очиқ қилади.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг концепцияси ҳам ўтмишдаги илмий меросни замонавий технологиялар билан боғлашга қаратилган.

Бу ёндашув тарихий билимни архив ва китоблар доирасидан чиқариб, халқаро тадқиқотчилар, талабалар ва кенг жамоатчилик учун очиқ интеллектуал ресурсга айлантириш имконини беради.

«Маърифат билан жаҳолатга қарши»

Ислом цивилизациясининг илмий меросини ўрганишнинг яна бир аҳамияти бор.

Глобал ахборот маконида дин, тарих ва маданият ҳақида турли хил, баъзан бир-бирига зид тасаввурлар юзага келганда тарихий меросни илмий асосда тушунтириш нафақат маданий, балки маърифий аҳамиятга ҳам эга.

Ислом цивилизацияси тарихини фақат диний маросимлар ёки сиёсий воқеалар орқали эмас, балки математика, тиббиёт, астрономия, фалсафа, география, меъморчилик ва бошқа соҳалардаги ютуқлар билан бирга ўрганиш унинг мураккаб ва кўп қиррали табиатини яхшироқ англаш имконини беради.

Шу маънода маърифат тарихий билимни замонавий ахборот муҳитидаги нотўғри талқинларга қарши муҳим воситага айлантириши мумкин.

Ўзбекистоннинг янги халқаро илмий платформаси

Ислом цивилизацияси бир мамлакат ёки бир халқнинг мероси эмас. У Марказий Осиё, Яқин Шарқ, Шимолий Африка, Жанубий Осиё ва бошқа ҳудудларни қамраб олган кенг тарихий ва интеллектуал маконни ифодалайди. Шу сабабли бу меросни ўрганиш ҳам халқаро ҳамкорликни талаб қилади.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази олдидаги муҳим вазифалардан бири ҳам турли мамлакатларнинг олимлари, университетлари, музейлари ва илмий-тадқиқот марказлари ўртасида мулоқотни кучайтиришдан иборат.

Бу Ўзбекистоннинг ўз тарихий меросини дунёга танитиш билан бирга, мамлакатни глобал гуманитар тадқиқотларнинг фаол иштирокчиси сифатида намоён этишига хизмат қилиши мумкин.

Учинчи Ренессанснинг асосий кучи

Учинчи Ренессанс ҳақида гап кетганда, масала фақат янги бинолар қуриш ёки янги муассасалар ташкил этишдан иборат эмас. Асосий савол бошқа: Ўзбекистон ўзининг бой илмий меросини замонавий билим ва инновацияларга қандай айлантира олади? Бу саволнинг жавоби илм-фан, таълим, технология, маданият ва инсон капиталининг бир нуқтада бирлашишини талаб қилади.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг аҳамияти ҳам шу нуқтада намоён бўлади. У тарихий меросни сақлаш билан бирга, уни тадқиқ қилиш, рақамлаштириш, халқаро илмий мулоқотга олиб чиқиш ва янги авлодга етказиш учун платформага айланиши кўзда тутилмоқда.

Шу маънода Марказни ўтмишга бағишланган иншоот эмас, келажакка йўналтирилган интеллектуал инвестиция сифатида баҳолаш мумкин.

Чунки цивилизациянинг ҳақиқий қиймати фақат унинг ўтмишда яратган мероси билан эмас, балки бу мерос янги авлод учун қандай янги билим ва ғояларга айланиши билан ҳам ўлчанади.

Хоразмийнинг ҳисоблаш усулларидан бугунги алгоритмларгача, Берунийнинг комплекс тадқиқотларидан замонавий фанлараро лойиҳаларгача, Улуғбек расадхонасидан рақамли астрономиягача бўлган йўл бир ҳақиқатни кўрсатади: илм тараққиёти чегаралар эмас, мулоқот ва ҳамкорлик орқали тезлашади.

Эҳтимол, Учинчи Ренессанснинг энг муҳим вазифаси ҳам ана шунда — аждодлар яратган билимларни шунчаки эслаш эмас, балки улардан янги билимлар яратиш учун фойдаланиш. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази эса ана шу ғоя атрофида шаклланаётган янги интеллектуал муҳитнинг муҳим платформаларидан биридир.

Муаллиф: Абулфайз Сайидасқаров, iccu.uz

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари