Астроном олимлар осмон жисмларини кузатишда давом этиб, йилдан йилга янги юлдузларни кашф қилмоқдалар.
UY Қалқон номли юлдуз ҳозирги кунда астроном олимлар томонидан аниқланган энг катта юлдуздир.
Ушбу расмда мазкур юлдуз билан Қуёш солиштирилган. Ўнг тарафдаги кичкина нуқта Қуёш (Sun), чап тарафдаги мандарин рангидаги (UY Scuti) эса UY Қалқон юлдузи. Ушбу юлдуз Қуёшдан 1708 марта каттадир.
Бу расмда эса Қуёш билан Ер солиштирилган.
Ўнг тарафдаги улкан доира Қуёш, чап тарафда чизиқча билан ишора қилинган кичкина нуқта Ер сайёраси. Қуёш Ердан диаметри бўйича 109 марта каттадир.
Бу расмдаги Қуёш билан Ернинг орасидаги фарқни кўрингу, олдинги расмдаги UY Қалқон номли юлдуз билан Қуёш орасидаги фарқни кўринг!
Энди ўша улкан юлдуз Ерга нисбатан қанчалик катталигини тасаввур қилинг!
Энди эса шу катта юлдуз инсонга нисбатан нақадар катталигини тасаввур қилиб кўринг!
Тасаввур қилиш қийин, тўғрими?
Инсон Ер шари билан солиштирганда, заррадек кеатталикда бўлар эди.
Агар уни UY Қалқон номли юлдуз билан солиштирсак, зарра (атом)дан ҳам майдароқ бўлиб кетишини, расмда умуман кўринмай қолишини англаш қийин эмас.
Буларнинг барчаси Буюк Аллоҳ таолонинг қудратига, азаматига далолат қилади.
Нуқтадек Ерда яшовчи заррадек келадиган, улкан юлдуз билан солиштирганда эса умуман кўринмай қоладиган инсон нимасига кибр қилади?! Нимасига кеккаяди?! Нимасига ўзини устун тутиб, катталикда, ўлчамда ўзига ўхшаган инсонларга манманлик қилади?!
Азизлар, барчамиз ожиз банда эканимизни унутмайлик! Роббимиз бизни Ўзига ибодат қилишимиз учун яратган. Ҳаётимизни Аллоҳ таолога ибодат қилиш билан ўтказайлик!
“Коинот сирлари” канали ва бошқа интернет маълумотлари асосида
Нозимжон Иминжонов тайёрлади
Савол: Chatgpt (сунъий интеллект) орқали диний саволларимизга жавоб олсак бўладими, шу жавобларга амал қилсак бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Йўқ, бу жоиз эмас. Тўғри, Chatgpt платформаси айрим соҳаларда инсонларга фойда бермоқда. Аммо диний саволларга тўғри жавоб беришга ожизлик қилади. Чунки у ҳам инсон омили томонидан ишлаб чиқилган бир маҳсулот. Қолаверса, баъзан саволларга тахминий жавоблар, ҳатто бу масала фалон китобда бор деб, арабий иборалар ҳам бериши мумкин. Лекин у келтирган иборалар на у айтган китобда ва на бошқа фиқҳий манбаларда учрамайди. Шу боис шаръий масалаларга аҳли илм, мутахассисларга мурожаат қилиш орқали ечим топиш даркор. Аллоҳ таоло ояти каримада бундай марҳамат қилган:
فَاسْأَلُوا أَهْلَ الذِّكْرِ إِنْ كُنْتُمْ لَا تَعْلَمُونَ
“Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлидан сўрангиз!” (Анбиё сураси, 7-оят).
Мусулмон одам бирор нарсани билмай қолса, уни биладиган кишидан, ўша соҳанинг «зикр аҳли»дан ўрганиши лозим бўлади. Шундай экан, эътиқод ва дину-диёнатга тегишли нарсаларни ҳам шу соҳанинг билимдонларидан сўраш талаб этилади. Буюк тобеий Ибн Сирин раҳимаҳуллоҳ бундай деганлар:
إن هذا العلم دين فانظروا عمن تأخذون دينكم. رواه مسلم
“Албатта, бу илм диндир. Бас, динингизни кимдан олаётганингизга қаранглар” (Имом Муслим ривояти).
Мазкур иборанинг шарҳида Мулла Али Қори раҳимаҳуллоҳ бундай деганлар:
“Бу илм” сўзидан мурод Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматга олиб келган Қуръони карим ва ҳадиси шарифдан иборат бўлган таълимотдир. Уни ишончли ва адолатли зотлардан олмоқдамисиз ёки йўқ, шунга назар солинглар, яъни қаердан, кимдан илм олаётгангизни аниқ билинглар”. (“Мирқотул мафотиҳ” китоби). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.