بسم الله الرحمن الرحيم
ЭЛГА ХИЗМАТ – ОЛИЙ ҲИММАТ
(2019 йил – “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”)
الحَمْدُ للهِ الذِّي قَالَ فِي كِتَابِهِ: "تَعَاوَنُوا عَلَى الْبِرِّ وَالتَّقْوَى"، وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى رَسُولِهِ الذِّي قَالَ: "أَحَبُّ النَّاسِ إِلَى اللَّهِ أَنْفَعُهُمْ لِلنَّاسِ" وَعَلَى آلِهِ وَأَصْحَابِهِ وَالتَّابِعِيْنَ وَمَنْ تَبِعَهُمْ بِإِحْسَانٍ إِلَى يَوْمِ الدِّيْنْ أَمَّا بَعْدُ
Муҳтарам жамоат! Маълумки, 2018 йил 28-декабрь куни муҳтарам Юртбошимиз Парламентга мурожаат қилдилар. Ушбу мурожаатномада кўтарилган барча масалалар халқимизнинг турмуш тарзини яхшилаш, уларнинг фаровонлигини зиёда қилишга қаратилди. Унда Юртбошимиз томонидан 2019 йил “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”, деб номланди. Бу эса, 2018 йилда бошланган ишларни мантиқий давом эттириш, юксак босқичларга кўтариш, тадбиркорлик, савдо-сотиқ ишлари ҳамда тобора куч-қувватга тўлиб бораётган ислоҳотларнинг давоми бўлади. Бошқача қилиб айтганда, 2019 йил жамиятимиз ҳаётида иқтисодий ва ижтимоий соҳадаги ривожланишнинг янги босқичига кўтарилиш йили бўлади, иншааллоҳ.
Муқаддас динимизда ҳам ҳар бир мўмин-мусулмон киши дунё ҳаётида фаровон яшаши ва Аллоҳ берган ризқини ҳалол йўллар билан топиши учун меҳнат ва ҳаракат қилиши кераклиги баён этилган. Чунки, инсон доимо ҳаёти учун зарур бўлган уй-жой, улов, озиқ-овқат, рўзғор анжомлари ва кийим-кечакка эҳтиёж сезади. Буларнинг барчаси касб-ҳунар ва меҳнат қилиш орқали ҳосил бўлади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
هُوَ الَّذِي جَعَلَ لَكُمُ الْأَرْضَ ذَلُولًا فَامْشُوا فِي مَنَاكِبِهَا وَكُلُوا مِنْ رِزْقِهِ وَإِلَيْهِ النُّشُورُ
яъни: “У (Аллоҳ) сизларга Ерни хоксор (бўйсунувчи) қилиб қўйган зотдир. Бас, у (Ер)нинг ҳар томонида (саёҳат, тижорат ёки деҳқончилик қилиб) юраверингиз ва (Аллоҳнинг берган) ризқидан тановул қилингиз! (Қиёмат куни) тирилиб чиқиш Унинг ҳузуригадир” (Мулк сураси, 15-оят).
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам меҳнаткаш ва касб- ҳунарли кимсаларни мақтаб шундай деганлар:
"اِنَّ اللهَ يُحِبُّ الْعَبْدَ المْحْتَرِفَ"
(رواه الإمام الترمذى)
яъни: “Аллоҳ таоло касб-ҳунарли кишини яхши кўради” (Имом Термизий ривояти).
Киши ўзга юртдан ўз юртидаги мўмин-мусулмонларнинг эҳтиёжи учун зарур бўлган маҳсулотларни жалб қилиши савобли ишлардан экани ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
الْجَالِبُ مَرْزُوقٌ وَالْمُحْتَكِرُ مَلْعُونٌ
(رواه الإمام ابن ماجة والإمام الدارمي)
яъни: “Жалб қилувчи – ризқи мўл, “эҳтикор қилувчи” – Аллоҳнинг раҳматидан узоқдир” (Имом Ибн Можа ва Имом Доримий ривояти).
Ҳадисдаги “Жалб қилувчи” киши – бошқа юртдан ўз юртига керакли нарсаларни олиб келувчи тадбиркор инсондир. Демак, бундай кишининг ризқи улуғ бўлади. “Эҳтикор қилувчи” киши эса – ўз юрти бозоридан энг керакли нарсаларни сотиб олиб, бироз муддат ушлаб туриб, сунъий равишда нархини орттирувчи монополиячи кишидир. Ундай киши эса ризқ берувчи Зотнинг раҳматидан узоқдадир. Чунки у аҳолини ноилож ҳолга қўйиб, ўзи ишлаб чиқармай ёки бошқа ҳудуддан маҳсулотлар олиб келмай фойда топишга уринган, оддий халқ ҳисобига бойлик орттиришга ўтган кимсадир.
Юртбошимиз мурожаатларида ижтимоий соҳани янада ривожлантириш ҳақида бир қанча долзарб масалаларни гапириб шундай дедилар: “Аҳоли ўртасида ишсизликни камайтириш, одамлар ва оилаларнинг даромадини ошириш лозим. Пенсия ва нафақаларни тайинлаш ва тўлаш тартибини қайта кўриб чиқиш, пенсия тизимини тубдан ислоҳ қилиш зарур”.
Давлатимизнинг ижтимоий ҳимоя борасида олиб бораётган сиёсати ҳазрати Умар разияллоҳу анҳунинг бу борадаги олиб борган ишларига мувофиқ келади.
Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу кунларнинг бирида йўлда тиланчилик қилиб ўтирган бир қария яҳудийдан “Нима учун тиланчилик қиляпсиз?” дея сўрадилар. Ҳалиги яҳудий: “Жизя тўлаш учун мол йиғяпман”, деб жавоб қилди. Ҳазрат Умар разияллоҳу анҳу: “Биз сиздан ёшлигингизда жизя олиб, энди қариб-кексайиб қолганингизда тиланчилик қилишга ташлаб қўйибмиз-ку! Йўқ, Аллоҳ ҳаққи, сизга албатта нафақа берамиз”, дедилар ва қарияга бундан олдин тиланчиликдан тушган нарсаларини эгаларига қайтаришини буюрдилар ва ўша ондан бошлаб барча Ислом ўлкаларига у ерда яшайдиган барча яҳудий ва насороларнинг қария ва ногиронлари, болалари ва аёлларига моддий ёрдам берилсин, деб амр қилдилар (Имом Ибн Занжавийянинг “ал-Амвол” китобидан).
Мусулмонларга ёрдам қилиб, уларнинг ҳожатини чиқариш иймон келтириш каби савобли ишлардан эканлиги ҳақида Ибн Ҳажар Асқалоний ўзининг “Мунаббиҳот” китобида қуйидаги ривоятни келтиради:
"خَصْلَتَانِ لاَ شَيْءَ أَفْضَلَ مِنْهُمَا: اَلْإِيْمَانُ بِاللَّهِ، وَالنَّفْعُ لِلْمُسْلِمِيْن
وَخَصْلَتَانِ لاَ شَيْءَ أَخْبَثَ مِنْهُمَا: اَلشِّرْكُ بِاللَّهِ، وَالضُّرُّ لِلْمُسْلِمِيْن"
яъни: “Икки хислат борки, улардан афзал нарса йўқ: Аллоҳга иймон келтириш ва мусулмонларга фойда келтиришдир. Ва икки хислат борки, улардан ёмонроқ нарса йўқ: Аллоҳга ширк келтириш ва мусулмонларга зарар етказишдир”.
Дарҳақиқат, динимиз инсонпарвар, яхшилик дини бўлиб, доим инсонларга манфаат етказиш ва яхшилик қилишга чорлайди. Шундай экан, мўмин киши доим халқ хизматида бўлишга ҳаракат қилади ҳамда халққа наф етказиш, дардига малҳам бўлишни ўзига шараф деб билади.
Саҳобаи киромлар бунга яққол мисол бўладилар:
“Мадина шаҳрининг ташқарисида ёши улуғ, кўзи ожиз бир кампир бор эди. Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу ҳар куни эрталаб ўша кампирнинг юмушларини қилиб келардилар. Бир неча кундан кейин, ўзларидан аввал кимдир келиб уй юмушларини қилиб кетаётганини пайқаб қоладилар. Буни аниқлаш учун таҳажжуд намозини ўқибоқ, бомдоддан олдин келиб кўрсалар ҳазрати Абу Бакр разияллоҳу анҳу кўзи ожиз кекса онанинг уй юмушларини қилиб, уйни саромжонлаб, оҳисталик билан чиқиб кетаётган эканлар”.
Мана шундай тарзда саҳобалар яхшилик қилиш борасида мусобақалашар эдилар. Аллоҳ таоло Қуръони каримда فَاسْتَبِقُوا الْخَيْرَاتِ деган, яъни: “Бас, хайрли (савобли) ишларда бир-бирингиздан ўзишга ошиқингиз”! (Бақара сураси, 147-оят). Шундай экан, охиратимиз учун захира бўладиган савобли ишларда мусобақалашайлик!
Динимизда киши ўзганинг ҳожатини чиқарса, Аллоҳ таоло қиёмат кунида унинг ҳожатини раво қилади. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:
"مَنْ كَانَ فِي حَاجَةِ أَخِيهِ كَانَ اللهُ فِي حَاجَتِهِ وَمَنْ فَرَّجَ عَنْ مُسْلِمٍ كُرْبَةً فَرَّجَ اللهُ عَنْهُ كُرْبَةً
مِنْ كُرُبَاتِ يَوْمِ الْقِيَامَةِ" (رواه الإمام البخاري) .
яъни: “Ким ўзганинг ҳожатини раво қилса, Аллоҳ унинг ҳожатини раво қилади. Ким бир мусулмоннинг ташвишини аритса, Аллоҳ унинг Қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади” (Имом Бухорий ривояти).
Аллоҳга шукрлар бўлсинки, бугунги кунда Юртбошимиз бошчиликларида барча соҳа вакилларига, хусусан, тадбиркорлар, тижоратчилар ва инвестиция киритувчиларга ниҳоятда катта имконият ва шароитлар яратилмоқда. “Бир мўмин-мусулмон мен сабабли ишли бўлиб қолсин”, дейдиган ғайратли кимсаларга барча хайрихоҳ инсонлар раҳмат ва тасаннолар айтмоқда. Шундай экан, ҳар биримиз Юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлардан унумли фойдаланиб, эл-юртимиз равнақи йўлида жонбозлик қилмоғимиз даркор. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
وَابْتَغِ فِيمَا آَتَاكَ اللَّهُ الدَّارَ الْآَخِرَةَ وَلَا تَنْسَ نَصِيبَكَ مِنَ الدُّنْيَا وَأَحْسِنْ كَمَا أَحْسَنَ اللَّهُ إِلَيْكَ وَلَا تَبْغِ الْفَسَادَ فِي الْأَرْضِ إِنَّ اللَّهَ لَا يُحِبُّ الْمُفْسِدِينَ
(سورة القصاص: 77 آية)
яъни: “Аллоҳ сенга ато этган нарса билан охиратни истагин ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин. Аллоҳ сенга эҳсон қилгани каби сен ҳам (одамларга) эҳсон қил! Ерда бузғунчилик қилишни истама! Чунки Аллоҳ бузғунчиларни суймас” (Қасос сураси, 77-оят).
Аллоҳ таоло дунёдаги барча нарсаларни инсоннинг фойдаси учун яратди. Шундай экан, инсон ҳам шунча имкониятлардан фойдаланиб Аллоҳнинг буйруқларини бажармаслиги инсофсизлик бўлади.
Ҳурматли жамоат! Мавъизамиз давомида “Таҳорат ва унга тегишли ҳукмлар” ҳақида суҳбатлашамиз. Барчамизга маълумки, динимизда поклик масаласи муҳим ўрин тутади. Таҳорат сўзининг маъноси ҳам “поклик”, деганидир. Таҳоратнинг тўртта фарзи бўлиб, у Моида сурасининг 6-оятида зикр қилингандир:
Биз таҳоратда йўл қўядиган хатоларнинг энг каттаси бу сувни исроф қилишдир. Одатда, жўмракларни катта очиб қўйилади, таҳорат қилиб бўлгунимизча уч-тўрт кишига етадиган сув оқиб кетади. Сув ўзининг мулки бўлганда исроф қилиш макруҳ бўлса, масжиднинг сувини исроф қилишнинг гуноҳи бундан каттароқ бўлади.
Таҳорат пайтида қўлни қисиб турадиган узуги бўлса қимирлатиб қўйиши шартдир. Қўл-оёқни ювганда тирсаклари ва тўпиқлари билан қўшиб ювиш фарз, акс ҳолда таҳорат дуруст бўлмай қолади.
Ювиш ва масҳ қилиш фарз бўлган мана шу тўртта аъзога сув етишидан тўсадиган нарсаларни теккизмаслик керак, масалан, тирноққа суртилган лак, юз-қўлга теккан қурилиш бўёғи каби. Бундай бўёқларни кеткизмагунча таҳорат ўз ўрнига тушмайди. Таҳорат қилганда кўзнинг ичи ва лабнинг ички (оддий ҳолатда бизга кўринмай турган) қисмини ювиш шарт эмас. Фатво берилган сўзга кўра, қалин соқолнинг усти ювилади. Сийрак соқолнинг остига сув етказилади. Таҳорат қилгандан кейин сочини олдирса, қайтадан масҳ қилиш шарт эмас. Худди шундай, таҳоратдан кейин тирноғини ёки мўйлабини олса ҳам шу жойларни қайтадан ювиш лозим бўлмайди.
Қуйидаги нарсалар таҳоратни синдиради:
Зайд ибн Собит разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Ҳар бир оқувчи қон сабабли таҳорат қилинади” (Имом Дороқутний ва Имом Ибн Адий ривояти).
Бу ҳақда Эълоус сунан китобида қуйидаги ҳадис келтирилган: “Ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у зот: “Намозда кишининг бурни қонаса, ёки қайт ғолиб келса (оғиз тўлдириб қайт қилса), ёки мазий келса, намоздан чиқади ва таҳорат қилади, кейин изига қайтиб, модомики, гапирмаган бўлса, қолган (намоз)ини тўлиқ қилади” (Имом Абдурраззоқ ривояти)”. Мухтасарул виқоя, Шарҳул виқоя, Ҳидоя, Хулосатул Фатово, Фатовои Қозихон, Фатово Ҳиндия ва бошқа Ҳанафий мазҳабимизнинг барча мўътабар китобларида қон чиқиши таҳоратни бузиши ҳақида очиқ-ойдин маълумотлар келгандир).
Аллоҳ таоло 2019 – “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”ни янада унумли ва баракали қилиб, бошланган хайрли ишлар ва ислоҳотларимизни охирига етказишни насиб айласин! Омин!
Мустақиллик байрами арафасида Ватан озодлиги йўлида курашган қаҳрамон аждодларимизни миннатдорлик билан ёд этамиз, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, уларнинг жасорати бугунги эркин ҳаётимиз ва миллий истиқлолимизнинг қадрини янада теран англатади.
28 август куни Шаҳидлар хотираси хиёбонига давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, уламолар, нуронийлар ва зиёлилар йиғилди.
Қатағон қурбонларини ёд этиш маросимида Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этди.
Ватан фидойилари ҳақига Қуръон тиловат қилиниб, дуо ўқилди. Элга ош тортилди.
Хиёбондаги рамзий қабр ёнида ҳам Қуръон тиловат қилинди. Шу ерда давлатимиз раҳбарининг уламолар ва зиёлилар билан тарихий хотирани асраш, қатағон қурбонлари номини тиклаш ҳамда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш масалалари юзасидан мулоқоти бўлди.
– Шу кунларда эл-юртимиз билан биргаликда мустақиллигимизнинг 35 йиллигини катта хурсандчилик билан кутиб оляпмиз, – деди Шавкат Мирзиёев. – Ўттиз беш йилдан буён ҳеч кимга қарам бўлмасдан, мана шундай тинч ва тиниқ осмон остида эркин ва фаровон яшаяпмиз. Бу – катта бахт, бебаҳо бойлик. Шундай улуғ кунларда истиқлол ва озодлик йўлида ҳалок бўлган қаҳрамон аждодларимизни эслаш, уларнинг хотирасига ҳурмат бажо келтириш – муқаддас бурчимиз.
Давлатимиз раҳбари фидойи аждодларимизнинг қаҳрамонлиги ҳеч қачон унутилмаслиги, уларнинг жасорати халқимиз учун ҳамиша маънавий куч манбаи бўлиб қолишини таъкидлади.
– Барча ислоҳотларимиз марказида турган “Инсон қадри учун!” деган эзгу ғоя жасур ота-боболаримизнинг руҳларини шод этиш, орзу-ниятларини рўёбга чиқариш бўйича ишларимизни янада кучайтиришни талаб этади. Бу азиз инсонлар хотираси қанча эъзозланса, бугунги тинч ҳаётимиз, миллий истиқлолимиз қадри шунча ошади, – деди Президент.
Кейинги йилларда қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштириш ва тарихий адолатни тиклаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шаҳидлар хотираси хиёбонидаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи тўлиқ реконструкция қилиниб, экспозицияси бойитилди, замонавий технологиялар билан жиҳозланди. Рақамли тизимлар ва сунъий интеллект ёрдамида кўргазмаларнинг таъсирчанлиги оширилди.
Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда ташкил этилган қатағон қурбонлари музейлари ҳам замон талаблари асосида жиҳозланди. Уларнинг фондлари дунёнинг турли нуқталаридан келтирилган ноёб ҳужжатлар ва фотосуратлар билан бойитилмоқда.
2021-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан қатағон қурбони бўлган 1 минг 200 дан зиёд юртдошимиз оқланди. Жорий йилда собиқ мустабид тузум даврида ноҳақ айбланиб, турли муддатларга қамалган ёки ўлимга ҳукм этилган яна 161 нафар ватандошимизнинг номи оқланди.
Сўнгги беш йилда жадид боболаримиз меросини ўрганишга бағишланган илмий-амалий анжуманлар мунтазам ўтказиб келинмоқда. Мустабид тузумда ноҳақ қурбон бўлган ватандошларимизнинг номлари аниқланиб, уларнинг фаолияти, илмий ва ижодий мероси ўрганилмоқда. Юзлаб, минглаб фидойи юртдошларимиз ҳақидаги маълумотлар китоблар, матбуот ва оммавий ахборот воситалари орқали халқимизга етказилмоқда.
Мулоқотда ўтган асрнинг 80-йилларида ҳам минглаб ватандошларимиз “пахта иши”, “ўзбек иши” деган сохта айбловлар билан сиёсий қатағонга учрагани қайд этилди. 1983-1990 йилларда 40 минг нафар ўзбекистонлик тергов қилиниб, 5 минг нафари жиноий жавобгарликка тортилган. Бугун бу борада ҳам тарихий адолат тикланмоқда. Бундай эзгу ишлар изчил давом эттирилиши таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари дунёда қуролли можаролар ва сиёсий қарама-қаршиликлар кучайиб, улар бизга яқин минтақаларга ҳам кириб келаётгани ташвишли эканини таъкидлади. Бу юртимиздаги тинчликни қадрлаш, янада жипс ва ҳамжиҳат бўлиб яшашни талаб этади.
– Бизнинг йўлимиз – тинчлик, дўстлик ва ҳамкорлик йўли. Ўзбекистон ушбу йўлдан ҳеч қачон ортга қайтмайди, – деди Президент.
Бугун юртдошларимиз дунёнинг исталган мамлакатига эмин-эркин бориб келмоқда, Ўзбекистон барча давлатлар билан тенглик асосида ҳамкорлик қилмоқда. Бу мустамлакачилик занжирлари ва “пахта қуллиги”дан бутунлай озод бўлганимизнинг амалий ифодасидир.
Ҳаёт ва келажакни билим ҳамда маърифат асосида қуриш, узоқ-яқин мамлакатлар билан дўстона ҳамкорлик қилиш Янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим шарти экани таъкидланди. Буюк жадид боболаримиз бежиз миллатни уйғоқликка, билим ва маърифатга чақирмаган. Уларнинг кураш ва маърифат мактаби бугун ҳам ғоят долзарб аҳамиятга эга.
Шу боис, ёшларнинг сифатли таълим олиши, ватанпарвар инсонлар бўлиб вояга етишига катта эътибор қаратилмоқда. Сўнгги ўн йилда олийгоҳлар сони 77 тадан 205 тага етказилди, қабул квоталари мунтазам ошириб борилди. Жаҳондаги ТОП-100 таликка кирадиган олийгоҳларда 3 минг 500 дан зиёд фарзандимиз таълим олмоқда. Мактаб ва мактабгача таълим тизимларида ҳам муҳим ўзгаришлар амалга оширилмоқда.
– Ёшларни миллий ғурур асосида тарбиялашга алоҳида аҳамият беришимиз керак. Миллий ғурур – инсоннинг қалбини, юрагини, бутун вужудини куч-ғайратга тўлдирадиган қудратли куч. Миллий ғурури бор одам ҳеч қачон енгилмайди, – деди Шавкат Мирзиёев.
Пойтахтимизда Ислом цивилизацияси маркази барпо этилди, Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуаси бутунлай қайтадан бунёд қилинди, Марғилонда Бурҳониддин Марғиноний номидаги марказ ишга туширилди. Булар Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт йўли – тинчлик, дўстлик ва бунёдкорлик, билим ҳамда маърифат йўли эканини тасдиқлайди.
Сўнгги ўн йилда диний-маърифий соҳада амалга оширилган ислоҳотлар туфайли 100 мингдан зиёд юртдошимиз ҳожилик мақомига эга бўлди. Давлатимиз раҳбари диний жамоатчилик жамиятда меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, ёшларга тўғри тарбия бериш жараёнларида янада фаол иштирок этишига ишонч билдирди.
– Бугун мана шу табаррук масканда туриб, тинч-осойишта ҳаётимиз, эришаётган ютуқларимиз учун Яратганга беҳисоб шукроналар айтамиз. Мана шундай озод ва фаровон кунларни орзу қилиб, армон билан ўтган қаҳрамон ота-боболаримиз, жасур момоларимизнинг руҳлари шод бўлсин! Юртимиз тинчлик, тараққиёт ва фаровонлик диёри сифатида янада гуллаб-яшнасин! Аллоҳ таолонинг ўзи Ватанимизни паноҳида асрасин! – деди Президент.
Уламолар қатағон қурбонлари ва Ватан озодлиги йўлида жон фидо этган аждодларимиз руҳига дуо қилиб, юртимиздаги тинчлик-хотиржамлик, файзу барака барқарор бўлишини тиладилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати