Жаҳон ҳалол саммити 2023 йилнинг 23-25 ноябрь кунлари Истанбул кўргазма марказида (ИФМ) бўлиб ўтади.
“IQNA” сайтининг “Islam today” га таяниб хабар беришича, мазкур саммитнинг “Discover Events” компанияси томонидан Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) ваколатли муассасаси Ислом мамлакатлари стандартлари ва метрологияси институти (СМИИC) билан ҳамкорликда ўтказилиши режа қилинган.
Бутунжаҳон ҳалол саммити ташриф буюрувчиларни ҳалол саноати соҳасидаги сўнгги ишланма ва янгиликлар билан таништирувчи дунёдаги энг йирик тадбир бўлиб, халқаро олимлар ва дунёнинг турли бурчакларидан келган фиқҳ мутахассислари иштирокида ўтказилади.
Бу йилги саммит “Глобал ҳалол иқтисодиётга кириш эшиги: потенциални очиш” мавзусига бағишланган. Саммит ҳалол саноатнинг турли соҳаларида иштирокчи, тадқиқотчи ва экспертлар ўртасида билим ва малака алмашиш ва ҳамкорлик қилиш учун қулай муҳит яратишга қаратилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Жорий йилнинг 13–16 сентябрь кунлари Озарбойжон пойтахти Боку шаҳрида Туркий давлатлар муфтийлари кенгашининг навбатдаги VII йиғилиши ҳамда унинг доирасидаги бир қатор тадбирлар бўлиб ўтади.
Йиғинларда туркий дунёнинг етакчи дин пешволари – Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар, Кавказ мусулмонлари идораси раиси, Шайхулислом Аллоҳшукур Пошшозода, Туркия Диёнат ишлари бошқармаси раиси Сафи Арпагуш, Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, бош муфтий Наврўзбай ҳожи Тағанули, Қирғизистон мусулмонлари диний назорати раиси, муфтий Абдулазиз қори Закиров, Туркманистон муфтийcи Раҳмон Қурбонмуродов кабилар бошчилигидаги туркий давлатлар уламоларидан иборат делегациялар иштирок этади.
Мамлакатимиз делегацияси сафидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши, Фатво маркази, ҳудудий вакилликлар ҳамда олий диний таълим муассасаларидан вакиллар жой олган.
Тадбирлар доирасида уламолар мусулмон уммати учун муҳим бўлган шаръий масалалар, замонавий фатволар ва муштарак ташаббусларни муҳокама қилиб, якуний ҳужжатларни имзолайдилар. Шунингдек, илмий-амалий анжуман, икки томонлама музокаралар ҳамда табаррук қадамжолар зиёрати ҳам режалаштирилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати