Ҳазрати Фотима розийаллоҳу анҳонинг таваллуди бутун Маккада катта шов-шув бўлган бир воқеа — Каъбанинг қайта таъмирланиш вақтига тўғри келган эди. Ўшанда Ҳажарул асвадни ўз ўрнига қўйиш борасида кутилмаган ихтилоф чиқади. Масала шу даражада жиддийлашадики, ҳатто қабилалар тўрт кун мобайнида ўзаро урушга тайёргарлик ҳам кўрадилар. Бу вазият Макка пешволарини қайғуга солади. Нима бўлса ҳам, можарони тинч йўл билан ҳал қилиш лозим эди. Ниҳоят, Умайя ибн Муғира ал-Маҳзумий шундай таклиф билан чиқди: “Эй Қурайш аҳли! Бу масалада ораларингиздан бир кишини ҳакам қилинглар. У эса бугун Масжид-ул Ҳарамнинг дарвозасидан кириб келадиган биринчи киши бўлсин”. Бу таклиф барчага маъқул тушади ва ҳаяжон билан кутиш онлари бошланади. Бир оздан кейин ўттиз беш ёшлардаги чеҳраси нурли Муҳаммад Амин соллаллоҳу алайҳи ва саллам кириб келадилар. У зотни кўрган Қурайш аҳли беҳад севинадилар: “Мана, Абдулмутталиб ўғли Абдуллоҳнинг фарзанди Муҳаммад Амин (соллаллоҳу алайҳи ва саллам). Биз у берадиган ҳар қандай қарорга розимиз”. Ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам мавзуни хотиржам тингладилар, мулоҳаза қилдилар. Сўнгра ридоларини ерга солдилар. Ҳажарул асвадни унинг устига қўйиб: “Ҳар қабиланиниг раиси ушбу либоснинг бир учидан ушлаб кўтарсинлар”, дедилар. Ўзлари ҳам бирга кўтариб бориб муборак қўллари билан тошни Каъба бурчагига жойлаштирдилар. Бу хабар тез орада Маккага ёйилди. Муаммо хамирдан қил суғургандек осон ҳал қилиниб, Қурайш аҳли Ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бениҳоя мамнун бўлади. Ўша куни Ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўтаринки кайфиятда уйларига кайтдилар ва тўртинчи қизларининг таваллуди ҳушхабарини эшитадилар. Севинчларига севинч қўшилади. Қизларига Фотимаи Заҳро деб исм қўядилар. Фотима розийаллоҳу анҳо ҳам оталарига жуда ўхшар эди. Опаси Зайнаб розийаллоҳу анҳонинг беғубор севгиси, меҳр-муҳаббати билан вояга етди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қизларининг тарбияси, камоли ва фароғати учун вақт ажратиб, кўпинча роҳатларни тарк этар эдилар. Ҳали кичкина бола бўлгани учун Фотима розийаллоҳу анҳо кўчага фақат оталари билан бирга чиқар эди. Доимо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларида юриши унинг гўзал ахлоқ билан ҳулқланишига сабаб бўлди. Худди шунингдек, у муҳтарама зот, оналари ҳазрати Ҳадича розийаллоҳу анҳо онамиздан ҳам жуда кўп яхши хислат ва фазилатларни олди. Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга Ҳиро ғорида ваҳий нозил бўла бошлаган пайтларда Фотима розийаллоҳу анҳо эндигина беш ёшга қадам қўйган эди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суюкли қизлари оталарининг ҳаётларидаги тарихий ҳодисага шундай кичик ёшларида шоҳид бўлдилар. Табиийки, бу саодатли воқеалар у муҳтарамалар тарбиясига ҳам ижобий таъсир кўрсатди. Макка мушрикларининг мусулмонларга қилган зулмларига қарши бўлган Фотима розийаллоҳу анҳо азиятларни енгиш учун жон фидо қилишга ҳам тайёр эди. Ҳолбуки, у ҳали ожиза, кичкинагина бир кизча эди. Исломга даъватнинг дастлабки йилларида мўминларга қилинган шафқатсизликлар, жумладан, Абу Толиб маҳалласида Ҳошим ўғиллари билан биргалиқда ўраб олиниб, мусулмонларга кўрсатилган турли азобу уқубатлар, очлик Фотима розийаллоҳу анҳонинг соғлиғига қаттиқ таъсир ўтказди. Ҳаётининг баҳоридаёқ шунча ташвиш, дард-алам ичида яна бир оғир имтиҳонга рўбарў бўлди. Муштипар онаси Ҳадича розийаллоҳу анҳо фоний дунёни тарк этдилар. Ҳижратдан аввалги ўн уч йиллик Макка ҳаёти ҳақиқатдан ҳам мўминларга, хусусан, Набий алайҳиссаломга жуда оғир кечди. Бу вақт мобайнида Фотима розийаллоҳу анҳо турли воқеа-ҳодисаларга гувоҳ бўлди. Кўпчилик мўминлар қатори у ҳам Ҳабашистонга ҳижрат қилди. Оталарига қилинган ҳақсизликларни кўриб, кўп йиғлади. Ҳатто бир куни Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Фотима розийаллоҳу анҳога: “Эй қизгинам! Йиғлама, албатта Аллоҳ отангни уларнинг зарарларидан ҳимоя қилади”, дедилар. Ҳазрати Фотима розийаллоҳу анҳо оналарининг ўрнини билинтирмаслик учун доимо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларида бўлдилар. Сарвари Олам соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам доим қизларига меҳр-шафқат кўрсатдилар. Шубҳасиз, ёш Фотима розийаллоҳу анҳо бундай меҳр-муҳаббатга муҳтож эди. Давоми бор...
Саидаброр Умаров
Мадинаи Мунаввара – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижрат қилган, Қуръони каримнинг бир қанча оятлари нозил бўлган, саҳобалар юрган, Пайғамбаримизнинг муборак таналарини ўз бағрига олган, улуғ саҳобаи киромлар дафн этилган, Маккадан кейинги энг фазилатли шаҳар.
Мадина – Аллоҳ таоло мадҳ этган шаҳар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Албатта, Аллоҳ таоло Мадинани Тоба деб номлаган”.
“Тоба” – “покиза”, “озода”, “хушрўй” каби маъноларни англатади.
Мадина – йўллари фаришталарга тўла, унинг эшикларини фаришталар қўриқлайдиган шаҳар.
Шу сабаб, бу муборак нурли шаҳарга вабо ҳам, Дажжол ҳам кира олмайди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мадинанинг йўлларида фаришталар бор. Унга ўлат ҳам, Дажжол ҳам кира олмайди”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дейдилар: “Мадинага Масиҳ Дажжолнинг қўрқинчи кирмайди. Ўша кунда унинг етти эшиги бўлиб, ҳар эшикда иккитадан фаришта туради” (Имом Бухорий ривояти).
Мадина – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яхши кўрган, унга ошиққан шаҳар. Анас розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон сафардан келиб, Мадинага назарлари тушса, уловларини тезлатар ва агар бирор уловда бўлсалар, унга муҳаббатларидан ҳалиги уловни қистар эдилар” (Имом Бухорий, Имом Термизий ривояти).
Мадина – Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ҳаққига кўп дуолар қилган шаҳар. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳим! Мадинада Маккага берган баракангдан икки ҳисса кўп қилгин”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу муборак шаҳарнинг ҳаққига яна бундай дуо қилганлар: “Аллоҳим! Бизга худди Маккага бўлган муҳаббатимиз каби ёки ундан ҳам кучлироқ қилиб Мадинани севимли қилгин” (Имом Бухорий ривояти).
Бундан ташқари Мадинаи шарифда Набий алайҳиссаломнинг масжидлари, муборак Бақиъ қабристони, Ислом тарихида илк қурилган Қубо масжиди, Қиблатайн масжиди, Уҳуд тоғи кабилар ҳам бор.
Даврон НУРМУҲАММАД