Агар маймунларнинг олдига пуллар ва ёнғоқлар қўйилса, маймунлар ёнғоқларни танлайди. Чунки улар пулга жуда кўп ёнғоқлар сотиб олиш мумкинлигини билмайди.
Худди шу ишни кўплаб инсонларга қўлладим. Уларнинг олдига бир лойиҳа ва маош олиб ишлаш ихтиёрини қўйдим. Уларнинг жуда кўпчилиги маош олиб ишлашни танлашди. Чунки улар битта лойиҳани амалга ошириш орқали бир ойлик маошдан кўра анча кўп пул топиш ва яшаш тарзини ўзгартириш мумкинлигини билишмайди.
Одамларнинг камбағал бўлишларига сабаб бўладиган нарсалардан бири — турли бизнес лойиҳаларини ишга солиш, улар натижа бергунича сабр қилиш, лойиҳалар билан ишлашдек қулай фурсатни қўлдан бермасликни ўрганмаганларидир. Улар мактаб ва олийгоҳларда «Ишга бориб ишлаш маош олиш учундир» деган нарсани ўрганишган. Улар ўзлари учун ишлашни эмас, бошқалар бой бўлиши учун ишлашни, бировларнинг қўлида ишлашни ўрганишган, холос.
Тўғри, ойлик маош сизни фақир бўлиб қолмаслигингизга сабаб бўлади, лекин шу билан бирга у сизни бой бўлишдан тўсади.
Мен ҳаётимда эрталаб соат 8 дан то кеч соат 3 гача ишлаб, бой бўлиб кетган шахсни кўрмадим. Фақат ойликка ишлайдиган бузуқ табиатли одамгина (порахўрлик, ўғрилик, хиёнат ва ҳоказолар сабабли) бой бўлиб кетганини кўрдим.
Жек Ма,
Хитойнинг энг бой одами, шахсий бойлиги 39 миллиард долларни ташкил этади
Арабчадан Нозимжон Иминжонов таржимаси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Уҳуд ғазоти шаҳидларини дафн қилаётиб: «Абдуллоҳ ибн Ҳаром билан Амр ибн Жамуҳни битта қабрга қўйинглар. Улар бир-бирини яхши кўрар эди!» дедилар.
Аслида, ўлим фироқ эмас. Ҳаммамиз куни келиб вафот этамиз. Ҳақиқий фироқ биримиз жаннатда яна биримиз дўзахда бўлишимиздир.
Ажойиб нарса ўқиган эдим. Бир киши бувисининг бир одати ҳақида шундай ёзган эди: «Бувим бизни бомдод намозига уйғотиб: «Туринглар! Жаннатда сонимиз камайиб қолишини истамайман», дер эдилар».
Ким сизни ҳақиқий яхши кўрса, у дўзахга тушишингизни истамайди. Иброҳим алайҳиссалом оталари Озарни яхши кўришларига қаранг. У киши бундай деган эдилар: «Эй ота! Мен сизни Раҳмоннинг азоби ушлашидан ва шайтонга дўст бўлиб қолишингиздан қўрқаман» (Марям сураси, 45-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гапларини гўзаллигига боқинг: «Улар бир-бирини яхши кўрар эди!».
Инсоннинг ўзгалар олдида муҳаббат, шижоат, саховат ва олийжаноблик каби чиройли сифатлар билан танилиши нақадар гўзал! Унинг номи зикр қилинганида тингловчининг юзида унинг сурати худди қип-қизил юрак сингари порласа. Шунингдек, унинг сурати биз қўяётган гўзал иборалар ортида ҳам порлаб турса!
Имом Заҳабий роҳимаҳуллоҳ «Сияру аъломин нубало» китобида Муҳаммад ибн Маймун ҳақида бундай ёзади: «Абу Ҳамза Сукарий Муҳаммад ибн Маймун ал-Марвазий. У шакар сотгани учун «сукарий» дейилмаган. Унинг сўзлари ширинлиги учун шу ном билан танилган!».
Бизни танийдиганлар ҳам исмларимизни уларга қиладиган муомаламиз туфайли сифатларимизга алиштириб олишганида нима бўлар эди?!
Ота-онамиз бизга «Ота-онани рози қиладиган, муборак ва яхшилик қиладиган ўғил», деб ном қўярмиди ёки «сурбет, қўпол ва оқпадар ўғил» дебми?!
Хотинимиз бизга «Меҳрибон, сахий ва бағрикенг эр», деб ном қўярмиди ёки «қайсар ва қаттиққўл эр» дермиди?!
Эрлар аёлига «меҳрибон, суюкли, олийжаноб ва сабрли хотин», деб ном қўярмиди ёки «бағритош, тили заҳар ва қўпол сўзли хотин» дебми?!
Қўшнингиз сизни «сахий ва марҳаматли» дермиди ёки «хиёнаткор, очкўз ва бадхулқ қўшни» деб атармиди?!
Ҳамкасбингиз сизни «сир сақлайдиган, ишончли, тарбияли ва одобли ҳамкасб» дермиди ёки «чақимчи ва шарманда» деб ном қўярмиди?!
Исмларимиз бизники. Сифатларимиз эса одамларники. Улар бизга муомаламизга қараб сифат беришади. Куни келиб исмлар кетади, сифатлар қолади. Ортимизда бизга Аллоҳдан раҳм қилишини сўраб турадиганлар қолсин!
«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди