Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
13 Сентябр, 2026   |   2 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:41
Қуёш
06:01
Пешин
12:19
Аср
16:45
Шом
18:40
Хуфтон
19:56
Bismillah
13 Сентябр, 2026, 2 Рабиъус сони, 1448

11.01.2019 й. Мўмин мўминга озор бермайди

05.01.2019   9535   11 min.
11.01.2019 й. Мўмин мўминга озор бермайди

بسم الله الرحمن الرحيم

Мўмин мўминга озор бермайди

الحَمْدُ للهِ الذِّي حَرَّمَ أَذِيَّةَ الخَلْقِ بِلاَ حَقٍّ مُبِين، وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى الرَّسُولِ الكَرِيمِ

وَعَلَى آلِهِ وَأَصْحَابِهِ وَالتَّابِعِيْنَ وَمَنْ تَبِعَهُمْ بِإِحْسَانٍ إِلَى يَوْمِ الدِّيْنْ أما بعد

Ҳурматли жамоат! Ислом дини таълимотлари инсон зотига азият бермаслик, тартиб-интизомли бўлишга чорлайди. Айниқса, мўмин мусулмонлар турли шахсий ва ижтимоий муносабатларда бир-бирларига озор бермасликларига даъват этади. Акс ҳолда қаттиқ гуноҳкор бўлиб қолишлари таъкидланади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло таълим бериб марҳамат қилади:

وَالَّذِينَ يُؤْذُونَ الْمُؤْمِنِينَ وَالْمُؤْمِنَاتِ بِغَيْرِ مَا اكْتَسَبُوا فَقَدِ احْتَمَلُوا بُهْتَانًا وَإِثْمًا مُبِينًا 

الأحزاب: 58

яъни: “Мўмин ва мўминаларга қилмаган гуноҳлари билан озор берадиган кимсалар бўҳтон ва аниқ гуноҳни ўзларига олган бўлурлар” (Аҳзоб сураси, 58-оят).

Шариатимизга кўра барча жабҳада бировга азият бериб қўйишдан сақланишга буюрилади. Ҳатто суҳбат асносида биз учун арзимас кўринган баъзи ҳатти-ҳаракатлар ҳам динимиз назаридан четда қолмаган. Ҳадиси шарифларнинг бирида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:

"لاَ يَتَنَاجَى اثْنَانِ دُونَ الثَّالِثِ؛ فَإنَّ ذَلِكَ يُؤْذِي الْمُؤْمِنَ، وَاللهُ يَكْرَهُ أَذَى الْمُؤْمِنِ"

(أَخْرَجَهُ الإمَامُ أَبُو يَعْلَى فِي مُسْنَدِهِ وَالإمَامُ الطَّبَرَانِيُّ فِي الأَوْسَطِ)

яъни: Икки киши учинчи кишини ёлғизлатиб суҳбатлашмасин. Чунки бу мўминга азият беради. Аллоҳ эса мўминга азият беришни ёқтирмайди – деганлар (Имом Абу Яъло “Муснад”да ва Имом Табароний “Муъжамул авсат”да ривоят қилган).

Шунингдек, ҳадиси шарифларда Аллоҳ таолога ва охират кунига имон келтирган киши азият беришнинг турли кўринишларидан сақланиши лозимлиги уқтирилган. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: 

"مَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ، فَلْيَقُلْ خَيْرًا أَوْ لِيَصْمُتْ، وَمَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ فَلاَ يُؤذِ جَارَهُ، وَمَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللهِ وَاليَوْمِ الآخِرِ فَلْيُكْرِمْ ضَيْفَهُ"

 (أَخْرَجَهُ الإمَامُ البُخَارِيُّ وَالإمَامُ مُسْلِمٌ)

яъни: “Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, яхшиликни гапирсин ёки жим турсин! Ким Аллоҳга ва охиратга имон келтирган бўлса, қўшнисига озор бермасин! Ким Аллоҳга ва охиратга имон келтирган бўлса, меҳмонини эҳтиром қилсин!”, – деганлар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган).

Бошқа бир ривоятда саҳобалардан бирлари Набий саллоллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб, “Эй Аллоҳнинг Расули, қайси мусулмонлар афзал саналади?” – деб сўради. Шунда У зот:

الْمُسْلِمُ مَنْ سَلِمَ الْمُسْلِمُونَ مِنْ لِسَانِهِ وَيَدِهِ وَالْمُهَاجِرُ مَنْ هَجَرَ مَا نَهَى اللَّهُ عَنْهُ

(متفق عليه)

яъни: “Мусулмон  мусулмонлар унинг тили ва қўлидан саломат бўлган кишидир. Муҳожир – Аллоҳ таоло қайтарган нарсалардан ўзини тийган кимсадир ”, – деб жавоб бердилар (муттафақун алайҳ).

Муҳтарам азизлар! Минг афсуслар бўлсинки, кўча-кўйда, бозорларда ва жамоат жойларида арзимас сабаблар ортидан кишилар бир-бирларига озор бериб қўйишларини гувоҳи бўламиз. Айниқса, ҳаёлига келганини гапирувчи баъзи инсонлар ёки тайини бўлмаган ташқаридаги кимларнингдир измида юраётганлар бугунги кунда ижтимоий тармоқлар орқали мўмин-мусулмонларнинг шаънларини топташ билан уларга озор бераётганларини кўп учратмоқдамиз. Хусусан, улар динимиз ходимлари, шариатимиз аҳкомларини етказувчи илм аҳллари бўлган имом-хатибларни “ўзларича муҳокама қилиб”, ортларидан бемалол ғийбат қилмоқдалар. Ваҳоланки, неча йиллардан буён шу имомларнинг ортидан ўзлари иқтидо қилиб келадилар. Ислом динини, шариат аҳкомларини етказишдек улкан масъулиятни зиммасига олган уламолар шаънига ёмон сўзларни гапириш Аллоҳ ва Унинг расулини ғазабини келтирадиган ёмон ишдир.

Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳ: “Ким дин олимларини масхара қилса, охирати куяди. Ким подшо ва амирларни масхара қилса, дунёси барбод бўлади. Ким ўз биродарларини масхара қилса мурувват ва ҳайбати йўқолади”, – деган.

Аллоҳ таолонинг жорий бўлган одатларидан бири шуки, илм аҳли ва уламоларни таҳқирлаган ва масхара қилган одамни мана шу дунёнинг ўзида хор қилади. Суҳайл Андалусий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Бир қўшнимиз бор эди. Аллоҳ бойлик ва обрўни бериб қўйган, жуда сердавлат эди. Унинг энг ёмон одати дин олимларини калака қилиш ва уларга азият бериш эди. Бир куни Аллоҳ розилигини истаб насиҳат қилдим. У мени камситиб, уйидан ҳайдади. Аллоҳга қасамки, орадан 20 йил ўтиб фалаж бўлиб қолди. Мол дунёсидан айрилди. Муҳтожликдан шаҳар бозорида тиланчилик қила бошлади. Бир куни бозорда кўринмай қолди. Орадан уч кун ўтиб, бозор орқасидаги ташландиқ жойдан жасади топилди. Бутун шаҳар уламолари азият кўрган бу инсоннинг ниҳояси мана шундай якун топди”.

Пайғамбар алайҳиссалом ўзларининг ҳадиси шарифларидан бирида ана шундай мўмин-мусулмонларни ғийбат қилиб, уларни айбларини ахтариб, азият берадиган кимсаларга қарата шундай деганлар:

"يَا مَعْشَرَ مَنْ آمَنَ بِلِسَانِهِ وَلَمْ يَدْخُلِ الإِيمَانُ قَلْبَهُ لاَ تَغْتَابُوا الْمُسْلِمِينَ وَلاَ تَتَّبِعُوا عَوْرَاتِهِمْ فَإِنَّهُ مَنِ اتَّبَعَ عَوْرَاتِهِمْ يَتَّبِعِ اللَّهُ عَوْرَتَهُ وَمَنْ يَتَّبِعِ اللَّهُ عَوْرَتَهُ يَفْضَحْهُ فِى بَيْتِهِ"

(رَوَاهُ الإمَامُ أَبُو دَاوُدَ)

яъни, Эй тили билан имон келтириб, қалбига эса имон кирмаганлар, (қалби билан имон келтирмаганлар) мусулмонларни ғийбат қилманг ва уларнинг айбини пойлаб-қидирманглар! Чунки ким уларнинг айбини қидирса, Аллоҳ таоло уни ўзининг айбини қидиради ва гарчи уйининг ичида (одамлардан махфий бўлса ҳам, уни ошкор қилиб) шарманда қилади”, – (Имом Абу Довуд ривоят қилган(.  

Шариатимиз бировга азият етказишдан қайтариши, азият берганга турли иқобларни белгилаши баробарида мўминлардан азиятни кетказганга жаннатни ваъда қилган. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўтган қавмлардан бир кишини хабарини бериб, шундай деганлар:

مرَّ رجلٌ بِغُصْنِ شَجَرَةٍ عَلَى ظَهْرِ طَرِيقٍ، فَقَالَ: وَاللهِ لَأُنَحِّيَنَّ هَذَا عَنِ الْمُسْلِمِيْنَ لَا يُؤذِيْهِمْ

فأُدْخِلَ الْجَنَّة

 

(رَوَاهُ الإمَامُ مُسْلِمٌ)

яъни: “Бир киши йўл устида ётган дарахт шохини олдидан ўтиб қолиб: “буни мусулмонлар(нинг йўли)дан олиб ташлайинки, уларга азият бермасин”, деган эди. Натижада ўша инсон жаннатга киритилди” (Имом Муслим ривояти).  

قاَلَ الإِمَامُ البَغَوِيُّ رَحِمَهُ اللهُ تَعَالَى: " أَفْضَلُ الْمُسْلِمِيْنَ مَنْ جَمَعَ إِلَى أَدَاءِ حُقُوقِ اللهِ تَعَالَى أَدَاءَ حُقُوقِ الْمُسْلِمِيْنَ، والكَفَّ عَنْ أَعْرَاضِهِمْ".

Имом Бағавий раҳимаҳуллоҳ: “мусулмонларнинг энг афзали Аллоҳ таолонинг ҳақларини адо этиш билан мусулмонларнинг ҳақларини адо этишни жамлаган ҳамда мусулмонларнинг шаънларидан тийилган кишидир”, – деганлар. 

Динимизда киши атрофидаги инсонларга азият бермасликнинг ўзи ҳатто садақа қилганнинг савобига тенг экани айтиб ўтилган. Бу борада Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалардан бирига насиҳат қилиб, шундай деганлар:

تَكُفُّ شَرَّكَ عَنِ النَّاسِ فَإِنَّهَا صَدَقَةٌ مِنْكَ عَلَى نَفْسِكَ

яъни: Одамларга ёмонлик қилишдан тийилинг. Зеро бу ҳам сизга садақа бўлур, – дедилар (муттафақун алайҳ). 

Мўмин-мусулмонлар ўзаро бирдамликда ҳаёт кечиришликлари, бир-бирларидан ҳаёт қийинчиликларини аритиш пайида бўлишлари ибодатларнинг афзали саналади. Зеро Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб, шундай деганлар:

َحَبُّ النَّاسِ إِلَى اللهِ أَنْفَعُهُمْ، وَأَحَبُّ الأَعْمَالِ إِلَى اللهِ عَزَّ وَجَلَّ سُرُورٌ تُدْخِلُهُ عَلَى مُسْلِمٍ، أَوْ تَكْشِفُ عَنْهُ كُرْبَةً، أَوْ تَقْضِيَ عَنْهُ دَيْناً، أَوْ تَطْرُدَ عَنْهُ جُوعاً"

(رَوَاهُ الإمَامُ الطَّبَرَانِيُّ وَالإمَامُ ابْنُ أَبِي الدُّنْيَا، وَهُوَ حَسَنٌ)

яъни: Инсонларнинг Аллоҳга энг маҳбуби уларнинг ўзгаларга манфаатлироғидир. Амалларнинг ичида Аллоҳ азза ва жаллага энг маҳбуброғи мусулмон кишига хурсандчилик келтиришингиз, ёки ундан бирор ташвишини аритишингиз, ёки унинг бирор қарзини тўлаб беришингиз ёки очлигини кетказишингиздир”, – деганлар (Имом Табароний ва Имом Ибн Абиддунё ривояти).

Тезиснинг 11 январь 2-сонига илова    

“ВАТАН ҲИМОЯСИ – ШАРАФЛИ БУРЧ”

Ҳурматли ватандошлар! 14 январь юртимизда “Ватан ҳимоячилари куни” сифатида нишонланади. Дарҳақиқат,  Ватан – муқаддас макон. Уни ҳимоя қилиш, душманлардан асраш, равнақи ва фаровонлиги йўлида хизмат қилиш –ҳар бир инсон учун ҳам фарз, ҳам қарздир. Ватан сарҳадлари дахлсизлигини таъминлаш, юрт шаъни ва ор-номусини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш – шу заминда яшаётган ҳар бир имонли, эътиқодли ва ихлосли фарзанднинг муқаддас бурчидир. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, тинчликни сақлаш, мустақиллигимизни янада мустаҳкамлаш, юртимиз барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлашда миллий армиямизнинг алоҳида ўрни бор.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 28 декабрь кун Олий Мажлисга навбатдаги Мурожаатномани тақдим этди ва унда ҳарбий соҳа ҳақида шундай деди: “Биринчидан, мамлакатимиз мудофаа қобилиятини, Қуролли кучларнинг жанговор салоҳиятини ошириш, миллий мудофаа саноати комплексини шакллантириш, ҳар қандай хавф хатарга қарши доимо шай туришимиз лозим.

Мамлакат мудофаасини ҳарбий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш бўйича бошланган ислоҳотларни мантиқий якунига етказиш керак...”.

Муҳтарам жамоат! Динимизда Ватанни ҳимоя қилиш ишига ўзини бахшида этиш энг улуғ савобли амаллардан эканлиги айтилган. Бу тўғрида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай ҳадис ривоят қилинган:

"عَيْنَانِ لَا تَمَسُّهُمَا النَّارُ: عَيْنٌ بَكَتْ مِنْ خَشْيَةِ اللهِ وَعَيْنٌ بَاتَتْ تَحْرُسُ فِي سَبِيلِ اللهِ"

(رواه الإمام الترمذي)

яъни: “Икки кўз эгасини дўзах оташи куйдирмас: бири  – Аллоҳнинг азобидан қўрқиб йиғлаган кўз, иккинчиси – Аллоҳ йўлида пойлоқчилик қилиб бедор бўлган кўз” (Имом Термизий ривояти).

Қанчадан-қанча амаллар борки, кўринишидан оддий ишга ўхшагани билан чиройли ва яхши ният ила савоби улуғ амалга айланади. Худди шу каби ватан ҳимояси, ҳарбий хизмат ҳам ана шундай савобли, зарур, муҳим амаллар қаторига киради. Зеро, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек: “Инсонларнинг яхшиси – инсонларга манфаатлисидир”.

Ҳурматли жамоат! Барчангизни 14 январь “Ватан ҳимоячилари куни” билан табриклаймиз, Аллоҳ таоло сизу бизга жонажон Ватан ҳимоячиси ва муносиб фарзандлар бўлиш бахтини насиб этсин! 

Аллоҳ таоло мустақил юртимизни тинчлик ва омонликда, аскару зобитларимизни Ўзининг ҳифзу ҳимоясида сақлаб, жаннатмакон диёримизни ёмон кўзлардан ва барча офатлардан омонда сақласин! Омин!

Жума мавъизалари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ҳалол бўлинг, рост сўзланг, иймон ва инсонийликни асранг!

19.08.2026   37860   4 min.
Ҳалол бўлинг, рост сўзланг, иймон ва инсонийликни асранг!

Ҳалоллик ва ростго‘йлик инсоннинг шахсий фазилатлари бо‘лиш билан бирга, оила мустаҳкамлиги, жамият тараққиёти ва ижтимоий муносабатларнинг барқарорлигини та’минлайдиган муҳим миллий, диний, ма’навий-ахлоқий қадриятлардир.

Ислом динида ҳалоллик ва ростго‘йликка инсон ҳаётининг барча соҳаларини қамраб олувчи муҳим тамойиллар сифатида қаралади. Ҳалол ва ҳаромни фарқлаш, шубҳали ишлардан сақланиш, о‘згаларнинг ҳақ-ҳуқуқини поймол қилмаслик, ростго‘й ва адолатли бо‘лиш инсоннинг нафақат шахсий камолоти, балки жамият олдидаги мас’улиятини ҳам белгилайди.

Қур’они карим оятлари ва Пайг‘амбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ко‘плаб ҳадиси шарифларида инсонларни ҳалоллик ва ростго‘йликка да’ват қилиш, ҳар доим ҳалол бо‘лишга ундаш, алдов ва ёлг‘он гувоҳлик беришдан қайтаришга алоҳида э’тибор қаратилган. Зеро, ҳалоллик ва ростго‘йлик инсоннинг ма’навий камолотини, имони мустаҳкам ва ахлоқи го‘заллигини намоён этувчи энг муҳим фазилатлардир. Ҳаром ва ёлг‘он эса нафақат шахснинг обро‘си ва унга ишончини емиради, балки жамиятда о‘заро ишончсизлик, адоват ва низолар келиб чиқишига ҳам сабаб бо‘лади.

Аллоҳ таоло "Наҳл" сурасининг 105-оятида бундай марҳамат қилган: “Ёлг‘он со‘зларни фақат Аллоҳнинг оятларига имон келтирмайдиганларгина то‘қийдилар. Айнан о‘шаларнинг о‘злари ёлг‘ончилардир”.

Бу о‘ринда ёлг‘оннинг қанчалик ог‘ир ма’навий иллат экани баён қилиниб, унинг Аллоҳнинг оятларига муносабат билан бог‘лиқ жиҳати ко‘рсатиб бериляпти. Оятнинг нозил бо‘лиш сабаби Макка мушрикларининг Пайг‘амбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан турли асоссиз да’воларни илгари сургани, жумладан, у зотни ёлг‘ончиликда айблаганидир. Улар Қур’они каримни го‘ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг о‘злари то‘қиб чиқаргани то‘г‘рисида асоссиз да’воларни илгари сурган. Қур’они карим эса бундай иддаоларни очиқ-ойдин рад этган.

Аслида ёлг‘онни фақат имонсиз кишиларгина то‘қийди. Чунки, мо‘мин киши ёлг‘онни катта гуноҳ деб билади. Ёлг‘он сабабли қиёматда азобга қолишдан қо‘рқади. Шунинг учун ҳар қандай вазиятда ростго‘й бо‘лишга интилади. Ҳатто о‘з манфаатига зид бо‘лган ҳолатларда ҳам ҳақиқатни айтишни афзал билади. Зеро, ҳақиқий имон инсонни фақат ибодатларга эмас, балки юксак ахлоқий фазилатларга ҳам ундайди.

Ислом та’лимотида ҳалоллик ва то‘г‘рисо‘злик мақталган, ёлг‘он гапириш ва ҳақиқатни яшириш кескин қораланган. Жумладан, Пайг‘амбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Набийсоллаллоҳу алайҳи васаллам:“Ростго‘йликни о‘зингизга лозим тутингиз (ростго‘й бо‘лингиз)! Чунки, ростго‘йлик яхшиликка етаклайди, яхшилик эса жаннатга етаклайди. Киши доим рост гапирса, Аллоҳнинг ҳузурида “сиддиқ” (о‘та ростго‘й) деб ёзиб қо‘йилади. Ёлг‘ондан сақланинг! Чунки, ёлг‘он фожирликка (гуноҳ ва бузуқликка) етаклайди, фожирлик эса до‘захга етаклайди. Киши ёлг‘он гапираверса, Аллоҳнинг ҳузурида “каззоб” (о‘та ёлг‘ончи) деб ёзиб қо‘йилади”, дедилар”. (Имом Бухорий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ростго‘йлик ва ёлг‘ончиликнинг инсон ахлоқи, ма’навий ҳаёти ва охиратига қай даражада та’сир қилишини очиқ тарзда баён қилиб беряптилар. Ҳадис мазмунидан англашиладики, инсоннинг жаннатга ёки до‘захга тушишида унинг тили, я’ни ростго‘йлиги ё ёлг‘ончилиги ҳал қилувчи омиллардан экан.

Пайг‘амбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳалол ва ҳаром о‘ртасидаги шубҳали нарсалардан сақланган киши дини ва обро‘йини пок сақлаши борасида бундай марҳамат қилганлар: Но‘’мон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича,“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганларини эшитдим: Ҳалол ҳам аниқ, ҳаром ҳам аниқ. Уларнинг о‘ртасида шубҳали нарсалар бор. Ко‘п одамлар буни билмайди. Ким шубҳалардан сақланса, дини ва обро‘йини пок сақлайди...” (Имом Бухорий ривояти).

Бу о‘ринда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларни эҳтиёткорлик ва покликка да’ват этмоқдалар. Чунки, ҳалоллик тамойилларига амал қилган инсон ҳаётнинг ҳар бир жабҳасида, жумладан, со‘зида, оилавий муносабатларида, та’лим олишда, меҳнат фаолиятида ва жамиятдаги о‘заро муносабатларида адолат, поклик ва ростго‘йликка интилади. О‘згаларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳурмат қилади, бировнинг мол-мулки ёки меҳнатининг маҳсулига тажовуз қилмайди, алдов, хиёнат ва манфаатпарастликдан узоқ бо‘лишга ҳаракат қилади. Бундай фазилатлар инсоннинг шахсий обро‘-э’тиборини юксалтириш билан бирга жамият а’золари о‘ртасида о‘заро ишонч ва ҳамкорлик муҳитини мустаҳкамлайди.

Мухтасар қилиб айтганда, ҳалоллик ва ростго‘йлик ижтимоий ҳаётнинг барқарорлигини, инсонлар о‘ртасидаги ишонч ва жамият тараққиётини та’минловчи муҳим ма’навий-ахлоқий асосдир. Ислом та’лимотидаги ҳалоллик, ростго‘йлик, адолат ва омонатдорликка оид ко‘рсатмалар бу қадриятларнинг инсон ва жамият ҳаётидаги о‘рни нақадар муҳим эканини ко‘рсатади. Ҳар бир инсон о‘з ҳаёти ва фаолиятида ҳалоллик, ростго‘йлик, адолат ва виждонлиликни устувор тамойилга айлантирса, жамиятда сог‘лом ма’навий муҳитни шакллантириш имконияти ортади.

Ё‘лдошхон Исаев, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими.

О‘збекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ибратли ҳикоялар