بسم الله الرحمن الرحيم
Мўмин мўминга озор бермайди
الحَمْدُ للهِ الذِّي حَرَّمَ أَذِيَّةَ الخَلْقِ بِلاَ حَقٍّ مُبِين، وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى الرَّسُولِ الكَرِيمِ
وَعَلَى آلِهِ وَأَصْحَابِهِ وَالتَّابِعِيْنَ وَمَنْ تَبِعَهُمْ بِإِحْسَانٍ إِلَى يَوْمِ الدِّيْنْ أما بعد
Ҳурматли жамоат! Ислом дини таълимотлари инсон зотига азият бермаслик, тартиб-интизомли бўлишга чорлайди. Айниқса, мўмин мусулмонлар турли шахсий ва ижтимоий муносабатларда бир-бирларига озор бермасликларига даъват этади. Акс ҳолда қаттиқ гуноҳкор бўлиб қолишлари таъкидланади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло таълим бериб марҳамат қилади:
وَالَّذِينَ يُؤْذُونَ الْمُؤْمِنِينَ وَالْمُؤْمِنَاتِ بِغَيْرِ مَا اكْتَسَبُوا فَقَدِ احْتَمَلُوا بُهْتَانًا وَإِثْمًا مُبِينًا
الأحزاب: 58
яъни: “Мўмин ва мўминаларга қилмаган гуноҳлари билан озор берадиган кимсалар бўҳтон ва аниқ гуноҳни ўзларига олган бўлурлар” (Аҳзоб сураси, 58-оят).
Шариатимизга кўра барча жабҳада бировга азият бериб қўйишдан сақланишга буюрилади. Ҳатто суҳбат асносида биз учун арзимас кўринган баъзи ҳатти-ҳаракатлар ҳам динимиз назаридан четда қолмаган. Ҳадиси шарифларнинг бирида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:
"لاَ يَتَنَاجَى اثْنَانِ دُونَ الثَّالِثِ؛ فَإنَّ ذَلِكَ يُؤْذِي الْمُؤْمِنَ، وَاللهُ يَكْرَهُ أَذَى الْمُؤْمِنِ"
(أَخْرَجَهُ الإمَامُ أَبُو يَعْلَى فِي مُسْنَدِهِ وَالإمَامُ الطَّبَرَانِيُّ فِي الأَوْسَطِ)
яъни: “Икки киши учинчи кишини ёлғизлатиб суҳбатлашмасин. Чунки бу мўминга азият беради. Аллоҳ эса мўминга азият беришни ёқтирмайди” – деганлар (Имом Абу Яъло “Муснад”да ва Имом Табароний “Муъжамул авсат”да ривоят қилган).
Шунингдек, ҳадиси шарифларда Аллоҳ таолога ва охират кунига имон келтирган киши азият беришнинг турли кўринишларидан сақланиши лозимлиги уқтирилган. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам:
"مَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ، فَلْيَقُلْ خَيْرًا أَوْ لِيَصْمُتْ، وَمَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ فَلاَ يُؤذِ جَارَهُ، وَمَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللهِ وَاليَوْمِ الآخِرِ فَلْيُكْرِمْ ضَيْفَهُ"
(أَخْرَجَهُ الإمَامُ البُخَارِيُّ وَالإمَامُ مُسْلِمٌ)
яъни: “Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, яхшиликни гапирсин ёки жим турсин! Ким Аллоҳга ва охиратга имон келтирган бўлса, қўшнисига озор бермасин! Ким Аллоҳга ва охиратга имон келтирган бўлса, меҳмонини эҳтиром қилсин!”, – деганлар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган).
Бошқа бир ривоятда саҳобалардан бирлари Набий саллоллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб, “Эй Аллоҳнинг Расули, қайси мусулмонлар афзал саналади?” – деб сўради. Шунда У зот:
الْمُسْلِمُ مَنْ سَلِمَ الْمُسْلِمُونَ مِنْ لِسَانِهِ وَيَدِهِ وَالْمُهَاجِرُ مَنْ هَجَرَ مَا نَهَى اللَّهُ عَنْهُ
(متفق عليه)
яъни: “Мусулмон мусулмонлар унинг тили ва қўлидан саломат бўлган кишидир. Муҳожир – Аллоҳ таоло қайтарган нарсалардан ўзини тийган кимсадир ”, – деб жавоб бердилар (муттафақун алайҳ).
Муҳтарам азизлар! Минг афсуслар бўлсинки, кўча-кўйда, бозорларда ва жамоат жойларида арзимас сабаблар ортидан кишилар бир-бирларига озор бериб қўйишларини гувоҳи бўламиз. Айниқса, ҳаёлига келганини гапирувчи баъзи инсонлар ёки тайини бўлмаган ташқаридаги кимларнингдир измида юраётганлар бугунги кунда ижтимоий тармоқлар орқали мўмин-мусулмонларнинг шаънларини топташ билан уларга озор бераётганларини кўп учратмоқдамиз. Хусусан, улар динимиз ходимлари, шариатимиз аҳкомларини етказувчи илм аҳллари бўлган имом-хатибларни “ўзларича муҳокама қилиб”, ортларидан бемалол ғийбат қилмоқдалар. Ваҳоланки, неча йиллардан буён шу имомларнинг ортидан ўзлари иқтидо қилиб келадилар. Ислом динини, шариат аҳкомларини етказишдек улкан масъулиятни зиммасига олган уламолар шаънига ёмон сўзларни гапириш Аллоҳ ва Унинг расулини ғазабини келтирадиган ёмон ишдир.
Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳ: “Ким дин олимларини масхара қилса, охирати куяди. Ким подшо ва амирларни масхара қилса, дунёси барбод бўлади. Ким ўз биродарларини масхара қилса мурувват ва ҳайбати йўқолади”, – деган.
Аллоҳ таолонинг жорий бўлган одатларидан бири шуки, илм аҳли ва уламоларни таҳқирлаган ва масхара қилган одамни мана шу дунёнинг ўзида хор қилади. Суҳайл Андалусий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Бир қўшнимиз бор эди. Аллоҳ бойлик ва обрўни бериб қўйган, жуда сердавлат эди. Унинг энг ёмон одати дин олимларини калака қилиш ва уларга азият бериш эди. Бир куни Аллоҳ розилигини истаб насиҳат қилдим. У мени камситиб, уйидан ҳайдади. Аллоҳга қасамки, орадан 20 йил ўтиб фалаж бўлиб қолди. Мол дунёсидан айрилди. Муҳтожликдан шаҳар бозорида тиланчилик қила бошлади. Бир куни бозорда кўринмай қолди. Орадан уч кун ўтиб, бозор орқасидаги ташландиқ жойдан жасади топилди. Бутун шаҳар уламолари азият кўрган бу инсоннинг ниҳояси мана шундай якун топди”.
Пайғамбар алайҳиссалом ўзларининг ҳадиси шарифларидан бирида ана шундай мўмин-мусулмонларни ғийбат қилиб, уларни айбларини ахтариб, азият берадиган кимсаларга қарата шундай деганлар:
"يَا مَعْشَرَ مَنْ آمَنَ بِلِسَانِهِ وَلَمْ يَدْخُلِ الإِيمَانُ قَلْبَهُ لاَ تَغْتَابُوا الْمُسْلِمِينَ وَلاَ تَتَّبِعُوا عَوْرَاتِهِمْ فَإِنَّهُ مَنِ اتَّبَعَ عَوْرَاتِهِمْ يَتَّبِعِ اللَّهُ عَوْرَتَهُ وَمَنْ يَتَّبِعِ اللَّهُ عَوْرَتَهُ يَفْضَحْهُ فِى بَيْتِهِ"
(رَوَاهُ الإمَامُ أَبُو دَاوُدَ)
яъни, “Эй тили билан имон келтириб, қалбига эса имон кирмаганлар, (қалби билан имон келтирмаганлар) мусулмонларни ғийбат қилманг ва уларнинг айбини пойлаб-қидирманглар! Чунки ким уларнинг айбини қидирса, Аллоҳ таоло уни ўзининг айбини қидиради ва гарчи уйининг ичида (одамлардан махфий бўлса ҳам, уни ошкор қилиб) шарманда қилади”, – (Имом Абу Довуд ривоят қилган(.
Шариатимиз бировга азият етказишдан қайтариши, азият берганга турли иқобларни белгилаши баробарида мўминлардан азиятни кетказганга жаннатни ваъда қилган. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўтган қавмлардан бир кишини хабарини бериб, шундай деганлар:
مرَّ رجلٌ بِغُصْنِ شَجَرَةٍ عَلَى ظَهْرِ طَرِيقٍ، فَقَالَ: وَاللهِ لَأُنَحِّيَنَّ هَذَا عَنِ الْمُسْلِمِيْنَ لَا يُؤذِيْهِمْ
فأُدْخِلَ الْجَنَّة
(رَوَاهُ الإمَامُ مُسْلِمٌ)
яъни: “Бир киши йўл устида ётган дарахт шохини олдидан ўтиб қолиб: “буни мусулмонлар(нинг йўли)дан олиб ташлайинки, уларга азият бермасин”, – деган эди. Натижада ўша инсон жаннатга киритилди” (Имом Муслим ривояти).
قاَلَ الإِمَامُ البَغَوِيُّ رَحِمَهُ اللهُ تَعَالَى: " أَفْضَلُ الْمُسْلِمِيْنَ مَنْ جَمَعَ إِلَى أَدَاءِ حُقُوقِ اللهِ تَعَالَى أَدَاءَ حُقُوقِ الْمُسْلِمِيْنَ، والكَفَّ عَنْ أَعْرَاضِهِمْ".
Имом Бағавий раҳимаҳуллоҳ: “мусулмонларнинг энг афзали Аллоҳ таолонинг ҳақларини адо этиш билан мусулмонларнинг ҳақларини адо этишни жамлаган ҳамда мусулмонларнинг шаънларидан тийилган кишидир”, – деганлар.
Динимизда киши атрофидаги инсонларга азият бермасликнинг ўзи ҳатто садақа қилганнинг савобига тенг экани айтиб ўтилган. Бу борада Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалардан бирига насиҳат қилиб, шундай деганлар:
تَكُفُّ شَرَّكَ عَنِ النَّاسِ فَإِنَّهَا صَدَقَةٌ مِنْكَ عَلَى نَفْسِكَ
яъни: “Одамларга ёмонлик қилишдан тийилинг. Зеро бу ҳам сизга садақа бўлур”, – дедилар (муттафақун алайҳ).
Мўмин-мусулмонлар ўзаро бирдамликда ҳаёт кечиришликлари, бир-бирларидан ҳаёт қийинчиликларини аритиш пайида бўлишлари ибодатларнинг афзали саналади. Зеро Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб, шундай деганлар:
"أَحَبُّ النَّاسِ إِلَى اللهِ أَنْفَعُهُمْ، وَأَحَبُّ الأَعْمَالِ إِلَى اللهِ عَزَّ وَجَلَّ سُرُورٌ تُدْخِلُهُ عَلَى مُسْلِمٍ، أَوْ تَكْشِفُ عَنْهُ كُرْبَةً، أَوْ تَقْضِيَ عَنْهُ دَيْناً، أَوْ تَطْرُدَ عَنْهُ جُوعاً"
(رَوَاهُ الإمَامُ الطَّبَرَانِيُّ وَالإمَامُ ابْنُ أَبِي الدُّنْيَا، وَهُوَ حَسَنٌ)
яъни: “Инсонларнинг Аллоҳга энг маҳбуби – уларнинг ўзгаларга манфаатлироғидир. Амалларнинг ичида Аллоҳ азза ва жаллага энг маҳбуброғи – мусулмон кишига хурсандчилик келтиришингиз, ёки ундан бирор ташвишини аритишингиз, ёки унинг бирор қарзини тўлаб беришингиз ёки очлигини кетказишингиздир”, – деганлар (Имом Табароний ва Имом Ибн Абиддунё ривояти).
Тезиснинг 11 январь 2-сонига илова
“ВАТАН ҲИМОЯСИ – ШАРАФЛИ БУРЧ”
Ҳурматли ватандошлар! 14 январь юртимизда “Ватан ҳимоячилари куни” сифатида нишонланади. Дарҳақиқат, Ватан – муқаддас макон. Уни ҳимоя қилиш, душманлардан асраш, равнақи ва фаровонлиги йўлида хизмат қилиш –ҳар бир инсон учун ҳам фарз, ҳам қарздир. Ватан сарҳадлари дахлсизлигини таъминлаш, юрт шаъни ва ор-номусини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш – шу заминда яшаётган ҳар бир имонли, эътиқодли ва ихлосли фарзанднинг муқаддас бурчидир. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, тинчликни сақлаш, мустақиллигимизни янада мустаҳкамлаш, юртимиз барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлашда миллий армиямизнинг алоҳида ўрни бор.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 28 декабрь кун Олий Мажлисга навбатдаги Мурожаатномани тақдим этди ва унда ҳарбий соҳа ҳақида шундай деди: “Биринчидан, мамлакатимиз мудофаа қобилиятини, Қуролли кучларнинг жанговор салоҳиятини ошириш, миллий мудофаа саноати комплексини шакллантириш, ҳар қандай хавф хатарга қарши доимо шай туришимиз лозим.
Мамлакат мудофаасини ҳарбий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш бўйича бошланган ислоҳотларни мантиқий якунига етказиш керак...”.
Муҳтарам жамоат! Динимизда Ватанни ҳимоя қилиш ишига ўзини бахшида этиш энг улуғ савобли амаллардан эканлиги айтилган. Бу тўғрида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай ҳадис ривоят қилинган:
"عَيْنَانِ لَا تَمَسُّهُمَا النَّارُ: عَيْنٌ بَكَتْ مِنْ خَشْيَةِ اللهِ وَعَيْنٌ بَاتَتْ تَحْرُسُ فِي سَبِيلِ اللهِ"
(رواه الإمام الترمذي)
яъни: “Икки кўз эгасини дўзах оташи куйдирмас: бири – Аллоҳнинг азобидан қўрқиб йиғлаган кўз, иккинчиси – Аллоҳ йўлида пойлоқчилик қилиб бедор бўлган кўз” (Имом Термизий ривояти).
Қанчадан-қанча амаллар борки, кўринишидан оддий ишга ўхшагани билан чиройли ва яхши ният ила савоби улуғ амалга айланади. Худди шу каби ватан ҳимояси, ҳарбий хизмат ҳам ана шундай савобли, зарур, муҳим амаллар қаторига киради. Зеро, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек: “Инсонларнинг яхшиси – инсонларга манфаатлисидир”.
Ҳурматли жамоат! Барчангизни 14 январь “Ватан ҳимоячилари куни” билан табриклаймиз, Аллоҳ таоло сизу бизга жонажон Ватан ҳимоячиси ва муносиб фарзандлар бўлиш бахтини насиб этсин!
Аллоҳ таоло мустақил юртимизни тинчлик ва омонликда, аскару зобитларимизни Ўзининг ҳифзу ҳимоясида сақлаб, жаннатмакон диёримизни ёмон кўзлардан ва барча офатлардан омонда сақласин! Омин!
Самарқанднинг юраги бўлган Регистон майдони ҳудудидаги Шайбонийхон ва унинг сулоласи дафн этилган маскан зиёратгоҳга айлантирилади.
Регистон мажмуаси раҳбари Хонқул Самаровнинг сўзларига кўра,1960–1962-йилларда ҳозирги Ислом Каримов кўчасини кенгайтириш, ободонлаштириш ишлари жараёнида мазкур дахма шу ҳудудда бўлган Шайбонийхон мадрасаси ҳовлисидан Регистон майдонига – Тиллакори ва Шердор мадрасалари ёнига кўчирилган.
“Маълумки, мазкур ҳудуд Амир Темур бобомиз даврида Самарқанд шаҳрининг энг муҳим марказларидан бири бўлган, бу ҳудудда кўплаб мадраса ва масжидлар бунёд этилган. Жумладан, Амир Темур масжиди ва унинг рўпарасида Бибихоним мадрасаси қад ростлаган. Кейинчалик Мирзо Улуғбек бобомиз томонидан улкан мадраса қурилган. Балки Шайбонийхон ҳам ана шу улуғвор мадраса ва масжидларга ҳавас қилиб, уларнинг ёнида мадраса қургандир. Чунки, тарихий манбалардан биламизки, Муҳаммад Шайбонийхон ҳам улуғ ҳукмдор бўлиш билан бирга илм-маърифат ҳомийси, илмли инсон ва ижодкор сифатида Самарқандда улкан бунёдкорлик ишларини амалга оширган, кўплаб масжид ва мадрасалар қурдирган. Амир Темурдан кейин қудратли давлат ташкил этиб, унинг чегараларини кенгайтирган, обод қилган”, дейди Регистон мажмуаси раҳбари.
Тарихий манбаларда Шайбонийхон 1510-йилда Эрон шоҳи Исмоил Сафавий билан бўлган жангда ҳалок бўлгач, унинг бошсиз танаси Самарқандга келтирилиб, Баланд Суфага дафн қилингани ёзилган.
Баланд Суфа ўз вақтида Шайбонийхон мадрасасида бўлган ва кейинчалик (1960–1962-йилларда) ўз ҳолича Регистон ҳудудига кўчирилган дахмадир.
Хонқул Самаровнинг қўшимча қилишича, шу пайтгача Муҳаммад Шайбонийхон шахсига муносабат ортидан бу жойга ҳам етарли даражада эътибор қаратилмаган.
Шунингдек, у олтмиш йилдан ортиқ вақтдан буён ушбу ҳудудда турган бу зиёратгоҳ ҳақида оддий одамлар, ҳатто кўпчилик тарихчиларда ҳам ма'лумот ё'қлигини, бунга сабаб эса ҳудудда ҳеч қандай кўргазмали восита ёки ёзув мавжуд эмаслигини таъкидлайди.
“Йиллар давомида халқимиз онгига Бобур ижобий, Шайбонийхон салбий шахс сифатида сингдирилди. Аслида эса давлатчилик тарихимиз, қолаверса, адабиётимиз ривожида бу икки буюк бобомизнинг ҳам ўз муносиб ўрни, ҳиссаси бор. Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ўзи ҳам “Бобурнома”да бу зотнинг номи ҳақида тўхталиб, “Шайбоқ”, яъни “куч-қудратли” деган таъриф берган. Шайбонийхон ва шайбонийлар томонидан Самарқандда, умуман, ушбу минтақада катта бунёдкорлик ишлари амалга оширилгани ҳақида тарихий манбаларда кўплаб маълумотлар учрайди. Масалан, Шайбонийхон бир неча босқичли ўқитиш тизими жорий этиб, барча илмлардан хабардор бўлиш учун бола 26-йил таълим олиши керак, деб ҳисоблаган. Икки йиллик мактаб таълимидан сўнг ҳар бири 8-йилдан иборат уч босқичли мадраса таълимини олиш зарур бўлган”, дея маълумот беради Регистон мажмуаси раҳбари Хонқул Самаров.
Маълумот учун, Шайбонийхон кучли саркарда, ҳукмдор бўлиш билан бирга ижодкор сифатида нафис ғазал ва рубоийлар, достонлар ёзган. Жумладан, “Баҳр-ул худо” номли достони ва ўғли валиаҳд Темур султонга аталган панд-насиҳатлардан иборат китоби мавжудлиги қайд этилади.
Тарихий манбаларда келтирилишича, у бобоси Абулхайрхон вафотидан кейин пароканда бўлиб кетган қабилаларни бирлаштириб, кўчманчи ўзбеклар давлатини қайта тиклаган. Мовароуннаҳр, Хоразм ва Хуросонни эгаллаб, қудратли давлат барпо қилган. Муҳаммад Шайбонийхон бутун минтақани ягона бир марказ – Самарқанд қўл остида бирлаштирган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати