Арслон – мушуксимонлар оиласига мансуб бўлиб, йирик сут эмизувчи ваҳший ҳайвондир.
Эркак арслоннинг оғирлиги 160-180 кг атрофида бўлиб, баъзиларининг вазни 230 кг бўлиши мумкин. Узунлиги 3 метрга, ердан баландлиги бир метрга етади.
Урғочи шер эркагига қараганда ҳар тарафдан 30 см қисқароқ бўлади.
Арслоннинг тезлиги соатига 55 км.га етади.
Улар асосан кечқурун ов қилади.
Одатда урғочи шерлар ов қилади. Эркак арслон эса жамоани мудофаа қилади.
Жамоада 5 та урғочи, 2 та эркак шер бўлади. Айрим ҳолларда жамоа аъзоларининг сони 40 тагача етиши мумкин.
Ким ов қилишидан қатъи назар ўлжани ейишни эркак арслон бошлаб беради. У бир ўтиришда 35 килогача гўшт ейиши мумкин.
Эркак арслон бир ўзи ов қилади. Агар ўлжа катта бўлса, у ҳолда гуруҳ бўлиб ов қилади. Ўлжани қўлга киритгач, уни бўғзидан тишлаб, ўлгунича кутиб туради. Ўлгач, салқин жойга судраб олиб бориб, ўша ерда ейди. 270 кг келадиган зебрани бир ўзи сояга судраб бориши мумкин. Бу оғирликдаги ҳайвонни 5-6 киши судрай олади.
Қари ва ярадор арслон одамга ҳам ҳужум қилиши мумкин.
Арслонлар асосан Марказий Африка минтақасининг қўриқланадиган ҳудудлари, Осиёнинг Арабистон ярим ороли, Кичик, Олд ва Жанубий Осиё, Ҳиндистон каби мамлакатларнинг саҳро, саванна ва дарё бўйидаги ўрмонларида яшайди.
Бундан ташқари дунёнинг кўплаб мамлакатларидаги ҳайвонот боғларида ҳам арслонлар оила бўлиб яшайди.
Унинг наъраси 8 км узоқликдан эшитилиши мумкин.
Ҳар 2 йилда бир марта 3-4 тадан болалайди. Ҳомиладорлик даври 4-5 ой бўлиб, болалари 6-7 ёшида вояга етади. Эркак арслон 3 ёшга етганда, боши ва бўйин атрофидан ёл чиқади.
Арслоннинг баъзи турлари Халқаро табиатни муҳофаза қилиш ташкилотининг қизил китобига киритилган.
Интернет маълумотлари асосида
Нозимжон Иминжонов тайёрлади
Собит ибн Иброҳим таҳорат ола туриб ариқда оқиб келаётган бир олмага кўзи тушади ва олмани олиб ейди. Олманинг ярмини еб бўлганида, унинг ҳаққи ҳақида ўйлаб қолади. Шу хаёлда Собит ибн Иброҳим ариқ четидан юриб олма оқиб чиққан боғга киради ва боғ эгасига:
– Еб қўйган яримта олмам учун ҳаққингизни ҳалол этинг. Қолган ярми мана, олинг, – дейди.
– Майли, ҳаққимни ҳалол этаман, фақат бир шартим бор, – дейди боғ эгаси йигитнинг ҳалол, тақволи эканини англаб.
– Шартингизни айтинг, – дейди Собит ибн Иброҳим.
Шунда боғ эгаси:
– Бир қизим бор, уни никоҳингга оласан. Лекин рози бўлишингдан аввал унинг ҳолатидан сени огоҳ этишим лозим. Қизимнинг кўзи ожиз, ҳеч нарсани кўрмайди, соқов – гапирмайди ва яна қулоғи эшитмайди – кар, қимирламайди – шол, – дейди.
Боғ эгасининг гапларини эшитган Собит ибн Иброҳим лол бўлиб қолади. Еб қўйган яримта олманинг ҳаққидан қўрқиб, қизга уйланишга рози бўлади ва:
– Майли, таклифингизни қабул қилдим, зора шу билан Аллоҳнинг розилигига эришсам, – дейди.
Ота қизига оқ фотиҳа беради. Тўй-томошалар ўтгач, Собит ибн Иброҳим салом берганича қизнинг ёнига киради. Қиз саломга алик қайтарганча қўли кўксида қуллуқ қилади.
Йигит бўлаётган ишлардан ҳайратланади: “Бу жуда ғалати-ку, соқов эмас экан-да, саломимга жавоб берди. Тик турибди, демак шол ҳам эмас. Қўли кўксида, бундан чиқди кўзлари ҳам кўради”.
Йигит шошганча ташқарига чиқади ва қизнинг отасига: “Бу менга ваъда қилинган қиз эмас-ку, кўр, соқов, кар ва шол деганингизнинг боиси не?!” – дейди.
“Нега энди?” – изоҳ беради қизнинг отаси: “Бу ўша қиз. Кўзи ожиз деганим – унинг кўзлари Аллоҳ ҳаром қилган нарсага боқмаган, қулоғининг карлиги – Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларга қулоқ тутмаган, соқовлиги ҳам рост, чунки тили Аллоҳнинг зикригагина айланган, шоллиги – ёмон ишга юрмаган”.
Собит ибн Иброҳим бировнинг ҳаққидан қўрққанлиги эвазига олий мукофотга эришади. Вақт ўтиши билан унинг аёли ер юзини илм ва фиқҳга тўлдиражак бир зотга, буюк Имом Абу Ҳанифага ҳомиладор бўлади.