Ҳазрати Ҳафса (розийаллоҳу анҳу) билимли, юксак ахлоқли, иродаси мустаҳкам, садоқатли бир саййида аёл эди. У ҳижратнинг учинчи йили Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) оилаларига қўшилиб, мўминларнинг онаси бўлиш шарафига эришди.
Ҳазрати Ҳафса табиатан бироз қаттиққўл эди. Ҳазрати Ойиша онамиз уни шундай тавсиф этади: “Ҳафса том маънода отасининг қизидир. Мустаҳкам иродаси бор. Бир сўзли ва қатъиятлидир“. Бир куни Расули Акрам Ҳафса онамиз олдида Ҳудайбияда байъат этган асҳобни эслаб: — Иншааллоҳ, Ҳудайбияда байъат этган асҳобим жаҳаннамга кирмайди, — деб марҳамат қилдилар. Ҳафса (розийаллоҳу анҳу) эса: “Сизлардан ҳар бирингиз унга (жаҳаннамга) тушгувчидирсиз. (Бу) Парвардигорингиз (амрига биноан) вожиб бўлган ҳукмдир“, (Марям,71) оятини ўкиди. Пайғамбаримиз ҳам унга: “Сўнг тақводор бўлган зотларни (ундан) қутқарурмиз ва золим кимсаларни тиз чўккан ҳолларида (жаҳаннамда) қолдирурмиз“, (Марям, 72) оятини ўқиб, жавоб бердилар. Ҳазрати Ҳафса онамиз ибодатда мустаҳкам эди. Кўп намоз ўқир ва нафл рўза тутарди. Унинг ҳаёти ҳам бошқа оналаримиз каби фақирликда ўтди. Ётоқ ўлароқ фойдаланадиган биргина шолчаси бор эди. Ёз кунлари уни тагига тўшар, қишда эса бир тарафини остига тўшаб, бир тарафини устига ёпарди. Кўпинча ейишга нон тополмас эди. Шундай бўлса ҳам сира шикоят қилмас, доим шукр қилиб яшарди. У Расули Акрамга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) садоқат ва муҳаббат билан боғланган эди. Ўзига ҳадя қилинган нарсаларни еб-ичмай, Расулуллоҳга икром қиларди. Ул зотни доимо ўз нафсидан юксак ва афзал биларди. Бир куни Ҳазрати Ҳафсага бир тулум асал тортиқ қилишди. Расули Акрам унинг хонасига кирганларида, Ҳафса ўша асалдан икром этарди.
Ҳазрати Ҳафса Фахри Коинотнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) дорулбақога иртихолларидан сўнг ҳам муҳим хизматларни адо этди. Ҳазрати Абу Бакр даврида Қуръони карим оятлари бир ерга тўпланиб, Мусҳаф ҳолига келтирилган эди. Бу ягона нусха Ҳазрати Абу Бакрда турарди. Вафотидан сўнг Ҳазрати Умарнинг назоратига берилди. Ҳазрати Умар ҳам яраланиб, шаҳид бўлгач, қизи Ҳазрати Ҳафса онамизга топширилди. Ҳазрати Ҳафса уни садоқат билан муҳофаза қилди. Ҳазрати Усмон даврида бу нусха кўпайтирилди.
Саидаброр Умаров
Бир ўсмир “улғайиб, бой бўлсам ҳаммага ёрдам бераман” деб юрар эди. У бойлик бўлсагина одамларга ёрдам бериш мумкин, деган фикрда экан, бир куни Пайғамбар алайҳиссаломнинг бир хурмони ярмини садақа қилиб бўлса ҳам дўзахдан сақланиш лозимлиги ҳақидаги ҳадисини эшитиб қолди. Бир кичик хурмонинг ярми қанча бўларди, деб тасаввур қилолмади.
Эртасига кўчага чиқиш олдидан бир хурмони чўнтагига солиб олди. Йўл бўйда тиланиб турган отахоннинг ёнидан ўтаркан, чўнтагига қўлини тиқиб, беихтиёр кечаги ҳадисни эслади. Хурмони олиб, ярмини отахонга узатди. Шунда отахоннинг кўзлари қувончдан порлаб кетди. Ўсмир йигит ўйладики, “ҳатто кўп пул берилса ҳам бу қадар хурсанд бўлмасди”, деб ўйлади. Қилган ишидан ўзиям шодланди. Англадики, отахон ўзига берилган нарсанинг қийматидан эмас, ўзига берилган эътибор ва баҳам кўришдан ниҳоятда шодланганди.
Йигитча бу ишидан кейин юқоридаги ҳадиснинг ҳикматини тушуниб кетди. Энди у бир кўнгилни обод қилиш учун бой бўлишни кутиб юрмаслик кераклигини билди. Зеро, кўнгил Худонинг назаргоҳидир. Уни қувонтирган кишини Аллоҳ қувонтириши шубҳасиздир.
Акбаршоҳ Расулов