بسم الله الرحمن الرحيم
ЎЗГАНИНГ ҲАҚҚИДАН ҲАЗАР
Муҳтарам жамоат! Аллоҳ таоло инсониятни яратгач, уларни Ер юзида ҳалол ризқ талаб қилишга амр этиб, унинг акси бўлмиш ҳаромдан ҳазар қилишга буюрди ҳамда ҳалол ва ҳаром бўлган нарсаларни баён қилди. Демак, ҳар бир инсон ҳалол ризқ талаб қилиши билан бирга, бировнинг ҳаққидан ҳазар қилиши ва ўзгаларнинг молини ноҳақ йўллар билан ўзлаштирмаслиги ўта муҳимдир. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا لَا تَأْكُلُوا أَمْوَالَكُمْ بَيْنَكُمْ بِالْبَاطِلِ... (سورة النساء/29 آية).
яъни: “Эй, имон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз!...” (Нисо сураси, 29-оят).
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам мол-дунёни гўзал йўл билан талаб қилиш ҳақида шундай марҳамат қилганлар:
"يَا أَيُّهَا النَّاسُ اتَّقُوا اللهَ وَأَجْمِلُوا فِي الطَّلَبِ، فَإِنَّ نَفْسًا لَنْ تَمُوتَ حَتَّى تَسْتَوْفِيَ رِزْقَهَا وَإِنْ أَبْطَأَ عَنْهَا، فَاتَّقُوا اللهَ وَأَجْمِلُوا فِي الطَّلَبِ، خُذُوا مَا حَلَّ وَدَعُوا مَا حَرُمَ"
(رواه الإمام ابن ماجه)
яъни: “Эй, одамлар! Аллоҳдан қўрқинг ва мол-дунёни гўзал йўл билан талаб қилинг. Ҳар бир инсон ўзининг ризқини мукаммал олмагунча, жони узилмайди. Унга белгиланган ризқ бироз кечикиши мумкин, аммо барибир келади. Шунинг учун Аллоҳдан қўрқинг ва мол-дунё талаб қилишда гўзал йўлни танланг. Ҳалолини олинг, ҳаромини тарк қилинг” (Имом Ибн Можа ривояти).
Демак, ҳадисдан маълум бўлмоқдаки, киши ризқ йўлида минг ҳаракат қилса ҳам, Аллоҳ таоло унга ёзган ризқ-насибасидан ортиғини қўлга кирита олмайди.
Видолашув ҳажида Пайғамбаримиз кўп нарсаларни васият қилдилар. Шулар қаторида кишиларнинг молини зулм билан ейиш ҳаромлигини уқтириб, шундай дедилар:
اَلاَ اِنَّ اللهَ حَرُمَ عَلَيْكُمْ دِمَائَكُمْ وَاَمْوَالَكُمْ
(رواه الإمام البخاري)
яъни: "Огоҳ бўлинглар, албатта Аллоҳ таоло қонларингиз ва молларингизни бир бирингизга ҳаром қилди" (Имом Бухорий ривояти).
Ҳалол луқма қалбга нур, тилга ҳикмат бўлиши ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:
مَنْ أَكَلَ الْحَلاَلَ أَرْبَعِيْنَ يَوْماً نَوَّرَ اللهُ قَلْبَهُ وَأَجْرَى يَنَابِيْعَ الْحِكْمَةِ مِنْ قَلْبِهِ عَلَى لِسَانِهِ"
(رواه أبو نعيم في الحلية من حديث أبي أيوب)
яъни: “Ким қирқ кун ҳалол луқма еса, Аллоҳ таоло унинг қалбини мунаввар қилади ва қалбидаги ҳикмат булоқларини тилига чиқаради” (Имом Абу Нуайм ривояти).
Ҳазрат Анас разияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга: “Ё, Расулаллоҳ, дуо қилинг, Аллоҳ мени дуоси ижобат бўладиган кимсалардан қилсин”, – дедилар. Шунда Пайғамбармиз:
يَا أَنَسُ أَطِبْ كَسْبَكَ تُجَبْ دَعْوَتُكَ فَإِنَّ الرَّجُلَ لَيَرْفَعُ الُّقْمَةَ مِنَ الْحَرَامِ إِلَى فِيْهِ
فَلاَ يُسْتَجَابُ لَهُ دَعْوَةٌ أَرْبَعِيْنَ يَوْمًا
(رواه الإمام البيهقي)
яъни: “Эй, Анас! Луқмангизни ҳалол қилинг, киши ҳаром луқмани оғзига кўтарса (еса), қирқ кун дуоси ижобат бўлмайди”, – дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
Демак, ҳар бир имонли киши тановул қилаётган луқмасига қаттиқ эътибор қилиши ва уни фақат ҳалол йўл билан топиши лозим. Бу ҳақда ҳадиси шарифда шундай келади.
مَنْ لَمْ يُبَالِ مِنْ أَيْنَ اِكْتَسَبَ الْمَالَ لَمْ يُبَالِ اللهُ مِنْ أَىِّ بَابٍ أَدْخَلَهُ النَّارَ (رواه الإمام الديلمي).
яъни: “Ким мол-дунёни қаердан топаётганига парво қилмаса, Аллоҳ таоло ҳам у кишини дўзахнинг қайси эшигидан киргизишига парво қилмайди” (Имом Дайламий ривояти).
Бировни ҳаққидан қўрқмай, нотўғри йўллар билан мол-дунё топиш мўмин-мусулмонга умуман муносиб эмаслиги ва қилинган ибодатлари бекор бўлиши ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
يُؤْتَى يَوْمَ الْقِيَامَةِ بِأُنَاسٍ مَعَهُمْ مِنَ الْحَسَنَاتِ كَأَمْثَالِ جَبَلِ تِهَامَةَ حَتَّى إِذَا جِيْءَ بِهِمْ جَعَلَهَا اللهُ هَبَاءً مَنْثُورًا ثُمَّ يُقْذَف بِهِمْ فِي النَّارِ فَقِيْلَ يَا رَسُولَ اللهِ كَيْفَ ذَلِكَ قَالَ كَانُوا يُصَلُّونَ وَيَصُومُونَ وَيُزَكُّونَ وَيَحُجُّونَ غَيْرَ أَنَّهُمْ كَانُوا إِذَا عُرِضَ لَهُمْ شَيْءٌ مِنَ الْحَرَامِ أَخَذُوهُ فَأَحْبَطَ اللهُ أَعْمَالَهُمْ
(رواه الإمام الطبرني في المعجم الكبير)
яъни: “Қиёмат кунида айрим кишиларни олиб келишади. Уларнинг Туҳома тоғича келадиган яхшиликлари бўлади. Улар келтирилгач, Аллоҳ уларнинг яхшиликларини тўзғиган ғуборга айлантириб қўяди, ўзлари эса дўзахга улоқтирилади”. Шунда “Ё, Расулаллоҳ, бундай бўлишининг боиси недир?”, – деб сўрашди. Пайғамбаримиз: “Улар намоз ўқир, рўза тутар, ҳаж қилар эдилар, бироқ бирон бир ҳаром нарсага дуч келсалар, уни олишар эди. Шу боис Аллоҳ уларнинг амалларини йўққа чиқарди”, – деб жавоб бердилар (Имом Табароний ривояти).
Ривоят қилишларича, Абу Дардо разияллоҳу анҳу масжидга эрта келиб, кеч қайтардилар. Намоздан кейин Расули акрам саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суҳбатларини диққат билан тинглардилар. Бироқ хурмо пишиғида Абу Дардо аввалгидан кечроқ келиб, эртароқ кетадиган бўлдилар. Бу ҳол Пайғамбаримизнинг диққатларини тортди. Абу Дардони ёнларига чақириб: “Сенинг масжидга келиб кетишингда ўзгариш кўряпман. Нима бўлди?” – деб сўрадилар. Абу Дардо разияллоҳу анҳу узрли оҳангда шундай жавоб бердилар: “Шу кунларда қўшнимизнинг хурмо мевалари пишиб, тўкила бошлади, хурмолар бизнинг ҳовлига ҳам тушяпти. Болаларим қўшнимдан сўроқсиз уларни еб қўйишмасин, деган хавотирдаман. Бомдодга келишдан олдин тўкилган хурмоларни тўплаб, қўшнимизникига олиб чиқиб бераман. Шу сабаб масжидга кеч келяпман. Мен масжиддалигимда ҳам дарахтлардан хурмо тўкилади. Уларни йиғиб, қўшнимникига чиқаришга шошиламан”. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Дардо разияллоҳу анҳунинг бу сўзларидан мамнун бўлдилар ва унинг ҳақига дуо қилдилар.
Муҳтарам жамоат! Мавъизамиз давомида бировнинг молини нотўғри йўл билан ейиш ва ўзганинг хаққига хиёнат қилишдек оғир гуноҳнинг баъзисини айтиб ўтамиз:
Қарзини қайтармасликка ҳаракат қилиш. Баъзи қарз олувчилар қарзларини тўлашга қодир бўлиб туриб, бермай, чўзиб, савоб умидида қарз берган кимсани ҳам яхшилик қилганига пушаймон қилдириб ёки олган қарзини тан олмай юрадилар. Бунинг ўрнига олган қарзини бериш ғамида бўлганида, Аллоҳ таолонинг ўзи қарздорга мададкор бўлар эди. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
مَنْ أَخَذَ أَمْوَالَ النَّاسِ يُرِيْدُ أَدَاءَهَا أَدَّى اللهُ عَنْهُ، وَمَنْ أَخَذَهَا يُرِيْدُ إِتْلاَفَهَا أَتْلَفَهُ اللهُ
(رواه الإمام البخاري)
яъни: “Ким одамларнинг молларини (қарзга) олиб, уни адо этишни ирода (ғамини) қилса, Аллоҳ қарзини адо қилишга ёрдам беради. Ким қарзни бермаслик ниятида олса, Аллоҳ уни йўқ қилади” (Имом Бухорий ривояти).
Ўлчов ва тарозидан уриб қолиш. Қуръони каримда ўлчов ва тарозидан уриб қолувчиларга жаҳаннам азоби борлиги кўп маротаба таъкидланган. Бу борада Мутоффифун сурасида шундай келади:
وَيْلٌ لِّلْمُطَفِّفِينَ الَّذِينَ إِذَا اكْتَالُواْ عَلَى النَّاسِ يَسْتَوْفُونَ وَإِذَا كَالُوهُمْ أَو وَّزَنُوهُمْ يُخْسِرُونَ
яъни: “(Савдо-сотиқда ўлчов ва тарозидан) уриб қолувчи кимсалар ҳолига вой! Улар одамлардан (бирор нарсани) ўлчаб олган вақтларида тўла қилиб оладиган, уларга ўлчаб ёки тортиб берган вақтларида эса уриб қоладиган кимсалардир” (Мутоффифун сураси, 1-3 оятлар).
Муаллифлик ҳуқуқини поймол қилиш. Ёзувчи ёки ихтирочи ўзининг бутун умрини китоб ёзиш ёки янги нарса ихтиро қилиш учун сарфлайди ва ундан фойда кўриш учун китобини нашр қилади, ихтиросини тақдим қилади. Шунда бошқа бир одам китобдан ёки ихтиродан бир нусхани олади-да, замонавий воситалар орқали муаллифнинг рухсатисиз кўпайтириб сота бошлайди.
Муаллифлик ҳуқуқини поймол қилиш бундан бошқа кўринишларда ҳам бўлиши мумкин. Масалан, машҳур фирмаларнинг брендлари (белгилари)ни қалбакилаштириш, уларнинг эмблемаларини босиб чиқариш ва ҳоказо.
Маълумки, сўнгги йиллар давомида миллий заргарлик саноатини тиклаш ва ривожлантириш ҳамда заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчи тадбиркор ва усталарни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш ва ўз қонуний фаолиятини олиб боришга қаратилган бир қатор ҳуқуқий-меъёрий чора-тадбирлар ва ҳужжатлар қабул қилинди. Заргарлик саноати ривожланиши, шунингдек хом-ашёни қонуний сотиш учун керакли шарт-шароитлар яратилди. Шу билан бир қаторда республика бозорлари ва тижорат-савдо расталарида заргарлик буюмларига заргар ёки сотувчи томонидан сохта асллик даражасини тасдиқловчи белгиларни ноқонуний қўйилиб сотилиши ривожланмоқда. Уламоларимиз бундай иш қилган кимсаларнинг гуноҳини ўғрилик қилган кимсаларнинг гуноҳи билан баробар демоқдалар. Ўғрилик ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:
لَعَنَ اللَّهُ السَّارِقَ، يَسْرِقُ البَيْضَةَ فَتُقْطَعُ يَدُهُ، وَيَسْرِقُ الحَبْلَ فَتُقْطَعُ يَدُهُ
(رواه الإمام البخاري)
яъни: “Тухум ўғирлаб қўли кесилган, арқон ўғирлаб қўли кесилган ўғрига Аллоҳнинг лаънати бўлсин!” (Имом Бухорий ривояти). Ушбу ҳадиси шарифдан маълум бўладики, ўғирликнинг катта-кичиклигига эмас, балки унинг оғир гуноҳлигига эътибор қилишлигимиз лозим.
Порахўрлик. Порахўрлик динимизда қаттиқ қораланган ва катта гуноҳлардан биридир. Бу ҳақда ҳадисда шундай дейилади:
عنْ ثَوْبَانَ رضي الله عنه قَالَ: "لَعَنَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ الرَّاشِيَ وَالْمُرْتَشِيَ وَالرَّائِشَ
يَعْنِي الَّذِي يَمْشِي بَيْنَهُمَا"
(رواه الإمام أحمد)
яъни: Савбон разияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам пора берувчи, пора олувчи ва уларнинг ўртасидаги воситачини лаънатладилар” (Имом Аҳмад ривояти).
Судхўрлик. Маълумки, қарз бериш бировни ҳожатини чиқариш бўлиб, савобли ишлардан бири ҳисобланади. Афсуски, баъзилар бу савобли ишни катта гуноҳга айлантириб, қарз беришда кўпайтириб қайтарилишини шарт қилишади, яъни фоизга беради. Қарз беришнинг мазкур тури “судхўрлик” деб номланиб, шариатимизда қаттиқ қораланган ва қатъий қайтарилган ишлардан биридир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган:
الَّذِينَ يَأْكُلُونَ الرِّبَا لاَ يَقُومُونَ إِلاَّ كَمَا يَقُومُ الَّذِي يَتَخَبَّطُهُ الشَّيْطَانُ مِنَ الْمَسِّ...
яъни: “Судхўр бўлган кимсалар (қиёмат кунида қабрларидан) турмайдилар, магар жин чалган мажнун каби турадилар” (Бақара сураси, 275-оят).
Қимор ва гаров ўйнаш. Икки ва ундан кўп киши орасида, ўртага мол-мулк (пул) тикиб ўйналадиган ва зиён кўриш эҳтимоли тенг бўлган, ютган ютқизгандан олиб кетадиган ҳар қандай ўйин қимор бўлади. Ҳозирги кунда ҳам қиморнинг ҳар хил турлари мавжуд бўлиб, қуйида улардан баъзиларини келтирамиз:
Ютган ютқазганга шарт қўйган барча ўйинлар. Масалан, бир неча киши карта ўйнайди ва ҳар бир қиморбоз пул тикади. Уларнинг ютганлари ҳамма пулни олади.
Икки жамоа ёки ўйинчи ёхуд уларга ўхшаган кимсаларнинг ғалабаси учун бирон нарсани гаровга қўйиш. Ҳар икки тараф ҳам бир жамоа ёки ўйинчининг ғалаба қозониши учун пулини гаровга қўяди. Агар жамоаси ёки танлаган ўйинчиси ғолиб келса, гаровни олади, мағлуб бўлса, гаровини бой беради.
Оддий ва электрон ёки интернет орқали ўйналган ҳамда ўйинчи ютиши ёки ютқазиши эҳтимол бўлган барча ўйинлар.
Ўзгани ҳаққани ботил йўл билан егувчиларга қуйидагилар ҳам киради: етимлар молига хиёнат қилувчилар, ёлғон гувоҳлик берувчилар, молини айбини яшириб сотувчилар, сеҳргарлар, фоҳишалар, ҳур-озод одамни сотиб пулини ейдиганлар, нархларни сунъий равишда кўтарувчилар, товламачилар, фирибгарлар.
Маълумки, Аллоҳ таоло ҳар бир эркакнинг зиммасига аёли ва балоғатга етмаган фарзандларининг емоқ-ичмоғини фарз қилган. Шундай экан, биз эркаклар қўл остимиздаги омонатларимизни фақат ҳалол йўл билан нафақасини таъминлашимиз керак бўлади. Ҳар биримиз шуни унутмаслигимиз керакки, аҳли аёлимизнинг дуо ва ибодатларини қабул бўлиши ва фарзандларимизнинг келажакда етук инсонлар бўлиб вояга етишида уйга олиб келадиган нафақаи рўзғоримизнинг ҳалол бўлиши энг катта сабаб ва омил бўлади.
Аллоҳ таоло барчамизга Ўзи рози бўладиган йўллар билан молу давлат топиш бахтини насиб қилиб, ноҳақ ва ботил йўллар орқали келадиган моллардан барчамизни Ўз паноҳида асрасин! Омин!
Муҳтарам имом домла! Ушбу мавзуни ёритишда Имом Насафийнинг “Мадорикут-танзил”, Абу Лайс Самарқандийнинг “Баҳрул-улум”, Муҳаммад Али Собунийнинг “Равоиул баён” номли тафсирлари ҳамда ундан бошқа мўътабар манбаларга мурожаат қилган ҳолда атрофлича баён қилиб беришингиз сўралади.
Ўзбекистон халқининг
35 та АНЪАНАВИЙ ҚАДРИЯТИ
Бугун азиз Ватанимизнинг ҳар бир фарзандининг юраги ҳапқириб турибди. Негаки, биз Она-юртимизнинг энг улуғ, энг азиз айём – Мустақиллик байрамини, Ўзбекистон Республикаси истиқлолини қўлга киритганининг 35 йиллик шодиёналарини катта тантана қилаяпмиз.
Жаннатмакон юртимиз, муқаддас Ватанимиз, доно халқимизнинг диний қадриятлари, миллий анъаналари ниҳоятда бисёр, беқиёс ва бетакрор бўлса-да, қутлуғ айём арафасида дориломон кунларга етказгани учун яна ва яна шукр қилиш мақсадида бу йил Мустақиллигимизни 35 йиллигини нишонлаётганимиз учун фақат 35 тасинигина зикр қилмоқчимиз:
1) Оила муқаддаслиги – жамиятнинг мустаҳкам асоси.
2) Ота-онага ҳурмат – ота-онани эъзозлаш ва уларнинг хизматларини қадрлаш.
3) Меҳмондўстлик – меҳмонни очиқ чеҳра ва очиқ кўнгил билан кутиб олиш.
4) Меҳнатсеварлик – ҳалол меҳнат ва касб-ҳунарни қадрлаш.
5) Катталарга ҳурмат – оқсоқоллар ва нуронийларни эъзозлаш.
6) Тинчликсеварлик – тинч-тотув ҳаётга интилиш.
7) Анъаналарни асраш – миллий урф-одат ва удумларни сақлаш ҳамда давом эттириш.
8) Маънавият – юксак ахлоқ ва миллий-диний қадриятларга ҳурмат.
9) Поклик – уйда, кийимда, танада ва кўнгилда озодаликка риоя қилиш.
10) Дастурхон саховати – меҳмонни саховат ва меҳр билан кутиб олиш.
11) Қўшничилик қадриятлари – маҳаллада аҳиллик ва ўзаро ёрдам.
12) Ёрдамга тайёрлик – яқинлар ва муҳтожларга мурувват кўрсатиш.
13) Камтаринлик – одобли ва камтарона ҳаёт кечириш.
14) Ёш авлодга ғамхўрлик – фарзандлар тарбиясига алоҳида эътибор бериш.
15) Аёлларга ҳурмат – она, рафиқа, опа-сингилларни қадрлаш.
16) Таълимга интилиш – илм олиш ва билимни қадрлаш.
17) Ор-номус – ҳалоллик ва виждон билан яшаш.
18) Маросимларга риоя – миллий маросим ва оилавий удумларни эъзозлаш.
19) Сўзга содиқлик – ваъдага вафо қилиш.
20) Матонат ва сабр – қийинчиликларга бардош билан ёндашиш.
21) Ҳунармандчиликни қадрлаш – миллий ҳунар ва устачилик анъаналарини асраш.
22) Табиатга меҳр – ер, сув ва атроф-муҳитни авайлаш.
23) Бағрикенглик – турли миллат, дин ва маданият вакилларига ҳурмат билан муносабатда бўлиш.
24) Одоб-ахлоқ – юксак муомала маданиятига амал қилиш.
25) Миллий байрамларни эъзозлаш – Наврўз, ҳайитлар ва Мустақиллик байрамини қадрлаш.
26) Адолат – ҳалоллик, тенглик ва қонун устуворлигини қадрлаш.
27) Ўтганларни ҳам қадрлаш – бу дунёдан ўтганларни эҳтиром ва чиройли амаллар билан эъзозлаш.
28) Тил ва маданиятни асраш – ўзбек тили ва миллий меросни эъзозлаш.
29) Ватанпарварлик – Ватанни севиш ва унинг равнақига ҳисса қўшиш.
30) Миллатлараро тотувлик – турли миллат ва элат вакиллари ўртасида аҳилликни мустаҳкамлаш.
31) Жамоавийлик – ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳамкорлик.
32) Миннатдорчилик – қилинган яхшиликни қадрлаш.
33) Устозга ҳурмат – устозларни эъзозлаш ва уларнинг меҳнатини қадрлаш.
34) Миллий кийимлар – миллий маданият ва одоб тимсоли сифатида қадрлаш.
35) Аждодларга ҳурмат – тарихий мерос ва миллий илдизларни эъзозлаш.
* СИЗ яна қўшишингиз мумкин...
*** ЭНГ муҳими: йўқотиб қўйишдан олдин уларнинг ҚАДРИГА етиш !!!
☼ Қуръони карим ояти карималари;
☼ Жаноби Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг муборак ҳадиси шарифлари;
☼ динимиз асослари;
☼ шариатимиз аҳкомлари;
☼ шарқона одобларимиз;
☼ мазҳабимиз меъёрлари;
☼ жамиятшунослик алоқалари;
☼ одамгарчилик муносабатлари;
☼ инсоний туйғулар;
☼ руҳшунослик сир-асрорлари;
☼ юртимиз урф-одатлари;
☼ ўзбекчилик қоидалари;
☼ маданиятимиз ахлоқлари;
☼ инсоний ақл ва ахлоқий нормалар;
☼ доно мақолларимиз;
☼ миллий анъаналаримиз;
☼ диний қадриятларимиз;
☼ халқимиз онг-тафаккури;
☼ миллатимиз менталитети,
☼ анъанавий фалсафаси;
☼ ўзбек халқининг илғор қадриятлари;
☼ улуғларимиз ҳикматлари;
☼ доно халқимиз дунёқараши;
☼ мусулмончилигимиз кўрсатмалари
а с о с в а н е г и з л а р и д а
– улуғ аждодларимиздан давом этиб келаётган дуру гавҳар ривоятлари ва ноёб ҳикматлари,
– буюк ота-боболаримиздан эшитиб келаётган тилло билан тенг панд-насиҳатлари ва бетакрор ҳикоялари,
– меҳрибон ота-оналаримиздан ўрганиб келаётган гавҳар ўгитлари ва мислсиз сўзлари,
– элимиз таниган ва халқимиз тан олган устозларимиздан таълим олиб келаётган зар тушунчалари ва бебаҳо илмлари,
– жаннатмакон юртимиз – муқаддас Ватанимиз таълим масканларида таралаётган дурдан аъло фанлар ва беқиёс билимлар,
– замонавий олимларнинг билимлари, турли соҳа мутахассисларининг ажойиб кашфиётлари,
– бугунги кунда ва доим керак бўладиган ҳаётий масалалар, долзарб мавзулар, қизиқарли маълумотлар ҳамда халқимиз орасида эътироф этилган мезонлар
дан
улуғ устозларимиз (ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар)нинг кенг, чуқур ва унумли истифода этиб, бизларга батафсил тақдим этаётган доно халқимизнинг анъанавий қадриятларини асраб авайлаш – ҳам бурчимиз, хам фарзимиз, ҳам қарзимиз!
Бу рўйхатни яна кўплаб давом эттириш мумкин... Бироқ фикримизни мухтасар қилган ҳолда Аллоҳдан Ўзбекистон халқининг бундай фазилатлари янада кўпайишини, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, халқимизга сиҳат-саломатлик, оилаларимизга бахт-саодат сўраб қоламиз.
Аллоҳ таборака ва таоло ҳар бир хонадонга соғлик-саломатлик, тинчлик-хотиржамлик, илоҳий файз-барака, кўпдан-кўп яхшиликлар ато этсин!
Илоҳо жаннатмакон юртимиз тинчлиги, муқаддас Ватанимиз равнақи, доно халқимиз саломатлиги ва фаровонлиги учун, муборак динимиз камолоти ҳамда масжиду-мадрасаларимизни ободлиги учун муҳтарам Юртбошимизнинг доно раҳбарликлари остида, ҳукуматимиз томонидан оқилона олиб борилаётган хайрли, савобли ишларни амалга ошириш мақсадида вилоятларимиз раҳбарлари ҳамда шаҳар ва туман раҳбарларининг бошчиликларидаги меҳнаткаш халқимиз олиб бораётган барча хайрли, яхши, савобли ишларда Аллоҳ таоло Ўзи мададкор бўлсин! Турмушимиз обод, хирмонларимиз мўл, оилаларимиз мустаҳкам, болаларимиз ҳар томонлама соғлом, маънавиятимиз юксак бўлсин!
Меҳрибон Парвардигоримиз доно халқимизни доимо турли хил ўринларда ҳар хил шаклларда қилаётган яхши, хайрли, чиройли, савобли ишларини Ўз даргоҳи илоҳийсида қабул айласин! Илоҳо халқимизга тинчлик-хотиржамлик, сиҳат-саломатлик, оилаларимизга файзу илоҳий, бахт-саодат, тўкин-сочин дастурхонлар насиб қилсин! Меҳрибон Парвардигоримиз Ўзи – эшитиб турувчи, кўриб турувчи ва билиб турувчи Зот! Ҳаммаларимизнинг дилларимиздаги ниятларимизни, қалбимиздаги орзуларимизни ва барча ҳожатларимизни ўйлаганимиздан ҳам афзали-зиёдаси билан раво қилсин!
Илоҳо деҳқончиликларимизга ва касб-корларимизга хайр-барака бериб, ишларимизда кўпдан-кўп омадлар, муваффақиятлар ва беҳисоб хурсандчиликлар ато этиб, икки дунёда ҳам азизу мукаррам айласин!
Иброҳимжон домла ИНОМОВ