Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
14 Сентябр, 2026   |   3 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:42
Қуёш
06:02
Пешин
12:19
Аср
16:44
Шом
18:39
Хуфтон
19:54
Bismillah
14 Сентябр, 2026, 3 Рабиъус сони, 1448

Уҳуд тоғидан ҳам оғирроқ

13.12.2018   17144   1 min.
Уҳуд тоғидан ҳам оғирроқ

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга кетаётган эдилар. Бир дарахт ёнидан ўтаётганларида, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига дарахга чиқиб, мисвок учун шохидан олиб тушишни амр қилдилар. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу дарҳол дарахтга чиқа бошладилар.

Буюк саҳобий вазни енгил, ихчам ва озғин киши эдилар. Шохни синдираётганларида шамол эсиб, у кишининг кийимларинининг этагини кўтариб юбориб, натижада болдирлари бироз очилиб қолди. Болдир жуда ҳам ингичка эди. Бу ҳолни кузатиб турган пастдагилар кулиб юборишди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Нима учун куляпсизлар?! Болдири ингичкалиги учунми?! Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, бу (болдир)лар (охиратдаги) тарозуда Уҳуддан ҳам оғирроқ бўлади” деб марҳамат қилдилар.

Ҳа азизлар, гоҳида бир кишининг ёки бир нарсанинг ҳақиқати сиз кўриб, эшитиб турганингиздек бўлмайди.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу жуссалари кичик инсон бўлсалар ҳам илмда, фиқҳда у кишига етадигани бўлмаган. Ҳатто ҳазрати Умар розияллоҳу анҳудек зот ҳам у кишининг илмларига ҳавас қилганлар. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Мадинадаги саноқли фақиҳ саҳобалардан бири эдилар.

Юқоридаги воқеада севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам охиратдаги мезонда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг икки оёқларининг оғирлиги Мадинадаги Уҳуд тоғидан ҳам оғирроқ вазн босишининг хабарини бермоқдалар. 

 

“Вазиятларни бошқариш санъати” китобидан

Нозимжон Иминжонов таржимаси

Сийрат ва ислом тарихи
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Иордания ОАВ Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларидаги тараққиёти ҳақида ёзмоқда

07.09.2026   45494   5 min.
Иордания ОАВ Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларидаги тараққиёти ҳақида ёзмоқда

Иорданиянинг етакчи оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон Нодиржон Турғуновнинг мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган интервьюси чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Суҳбат Иордания Миллий ахборот агентлиги (Petra), “Al Rai” газетаси, шунингдек, “Hala”, “Roya News”, “Jafra News”, “AlAnbat News”, “Johina News”, “Nabzal Balad”, “Al Qubba News” янгиликлар агентликлари ва Араб ахборот агентликлари федерацияси томонидан кенг ёритилди.

Интервьюда элчи Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги муносабатлар жадал ривожланиб, кенг қамровли йўналишларни қамраб олаётганини таъкидлади. Икки томонлама ҳамкорлик ўзаро ҳурмат, ишонч ва халқларимиз ўртасидаги тарихий яқинлик тамойилларига асослангани алоҳида қайд этилди.

Нашрда Иордания Қиролининг 2025 йилда Ўзбекистонга амалга оширган давлат ташрифи алоҳида аҳамиятга эга бўлгани таъкидланди. Ташриф давомида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан ўтказилган музокаралар икки томонлама муносабатларни ривожлантиришда муҳим босқич бўлди. Элчи айни босқичда асосий устувор вазифа олий даражада эришилган келишувларни амалда рўёбга чиқаришни таъминлашдан иборат эканига урғу берди. Шу муносабат билан сўнгги вақтларда бир қатор юқори даражадаги делегацияларнинг ўзаро ташрифлари амалга оширилди.

Суҳбатда Президент Шавкат Мирзиёев ва Қирол Абдулла II нинг иқтисодиётни модернизация қилиш, инвестицияларни жалб этиш, таълим ва инсон капиталини ривожлантириш, ёшлар учун имкониятларни кенгайтириш, маданиятлараро мулоқотни илгари суриш ҳамда минтақавий барқарорликни таъминлаш масалаларидаги ёндашувлари ўхшаш экани қайд этилди. Сиёсий ҳамкорлик ҳақида тўхталиб, элчи Ўзбекистон ва Иордания мунтазам мулоқот олиб бораётгани, БМТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро майдонларда яқиндан ҳамкорлик қилаётганини билдирди.

Савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Элчи 2025 йилда ўзаро товар айланмаси ҳажми аввалги йилга нисбатан деярли икки бараварга ошганини маълум қилди. Шунингдек, 2026 йил апрель ойида ўтказилган Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги Ҳукуматлараро комиссиянинг биринчи йиғилиши муҳим аҳамият касб этгани таъкидланди. Унда ишбилармон доиралар ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш, қўшма кўргазмалар ташкил этиш ва Ишбилармонлар кенгаши фаолиятини йўлга қўйишга келишиб олинган. Иордания вакиллариниyг Тошкент халқаро инвестиция форумидаги иштироки икки мамлакат компаниялари ўртасида бевосита алоқаларни мустаҳкамлаш учун қўшимча имконият бўлди.

Транспорт алоқаларини ривожлантириш контекстида Амман ва Тошкент ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилгани олқишланди. Жорий йилнинг 1 июлидан эътиборан “Royal Jordanian” авиакомпанияси икки давлат пойтахтлари ўртасида ҳафтасига икки марта мунтазам рейсларни амалга оширишни бошлади. Шунингдек, Ўзбекистон ва Иордания фуқаролари учун ўзаро визасиз режимнинг жорий этилиши туризм ва ишбилармонлик алоқаларини ривожлантиришда муҳим қадам бўлди.

Туристик салоҳият ҳақида гапирганда, элчи Ўзбекистон Самарқанд, Бухоро ва Хива каби дунёга машҳур тарихий шаҳарларга эга эканини, Иордания эса Амман, Петра ва Вади-Рам каби ноёб қадамжоларни таклиф этишини таъкидлади. Келгуси ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари сифатида фармацевтика, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, саноат кооперацияси, рақамлаштириш, логистика, таълим, маданият ва ислом мероси соҳасидаги тадқиқотлар белгиланди.

Ўзбек-иордан муносабатларининг гуманитар таркибий қисмига тўхталинганда, 2026 йил 8 июль куни Иорданиянинг Фатволар бўйича бош бошқармаси ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Фатво маркази ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзолангани қайд этилди. Бундан ташқари, тўғридан-тўғри авиақатнов ва визасиз режим шароитида зиёратни тарихий ва маданий объектларга ташриф билан уйғунлаштирган “Умра плюс” форматида қўшма туристик дастурларни ишлаб чиқиш имконияти таъкидланди.

Мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ҳақида сўз юритар экан, элчи “Ўзбекистон — 2030” Стратегияси мамлакатнинг узоқ муддатли тараққиёт қарашларини акс эттиришини билдирди. Таъкидланганидек, илк бор мамлакат ялпи ички маҳсулоти 145 миллиард доллардан ошди, экспорт ҳажми 33,4 миллиард долларга етди, жалб қилинган хорижий инвестициялар эса 43,1 миллиард долларни ташкил этди. Қашшоқлик даражаси 5,8 фоизгача камайди.

Шунингдек, жорий йилда Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллигини нишонлаётгани, сўнгги йиллар иқтисодиёт, давлат бошқаруви, суд-ҳуқуқ тизими, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида туб ислоҳотлар даври бўлгани таъкидланди.

Интервью якунида элчи Ўзбекистон тараққиётининг навбатдаги босқичидаги асосий устувор йўналишларни кўрсатиб ўтди. Улар орасида иқтисодий ўсиш ва меҳнат унумдорлиги сифатини ошириш, инновациялар ва “яшил” энергетикани ривожлантириш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва инсон капиталини юксалтириш ўрин олган. Ушбу жараёнлар халқаро шериклар, жумладан Иордания учун ҳам инвестициявий ва технологик лойиҳаларни амалга оширишда янги имкониятлар очади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари