Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга кетаётган эдилар. Бир дарахт ёнидан ўтаётганларида, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига дарахга чиқиб, мисвок учун шохидан олиб тушишни амр қилдилар. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу дарҳол дарахтга чиқа бошладилар.
Буюк саҳобий вазни енгил, ихчам ва озғин киши эдилар. Шохни синдираётганларида шамол эсиб, у кишининг кийимларинининг этагини кўтариб юбориб, натижада болдирлари бироз очилиб қолди. Болдир жуда ҳам ингичка эди. Бу ҳолни кузатиб турган пастдагилар кулиб юборишди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Нима учун куляпсизлар?! Болдири ингичкалиги учунми?! Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, бу (болдир)лар (охиратдаги) тарозуда Уҳуддан ҳам оғирроқ бўлади” деб марҳамат қилдилар.
Ҳа азизлар, гоҳида бир кишининг ёки бир нарсанинг ҳақиқати сиз кўриб, эшитиб турганингиздек бўлмайди.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу жуссалари кичик инсон бўлсалар ҳам илмда, фиқҳда у кишига етадигани бўлмаган. Ҳатто ҳазрати Умар розияллоҳу анҳудек зот ҳам у кишининг илмларига ҳавас қилганлар. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Мадинадаги саноқли фақиҳ саҳобалардан бири эдилар.
Юқоридаги воқеада севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам охиратдаги мезонда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг икки оёқларининг оғирлиги Мадинадаги Уҳуд тоғидан ҳам оғирроқ вазн босишининг хабарини бермоқдалар.
“Вазиятларни бошқариш санъати” китобидан
Нозимжон Иминжонов таржимаси
Бугун, 7 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги ўрта махсус диний таълим муассасаларининг барча курслари ва олий диний таълим муассасаларининг 1-курс талабалари учун янги 2026-2027 ўқув йили бошланиши муносабати билан “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” шиори остида очилиш тадбирлари бўлиб ўтди.
Мазкур маросимларда Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, ҳудудий ҳокимлик масъуллари, диний таълим муассасалари раҳбарлари, бош имом-хатиблар, ўқитувчи ва талабалар иштирок этди.
Тадбирлар Қуръони карим тиловати, хайрли дуолар ва давлат мадҳияси билан бошланди.
Сўзга чиққан мутасаддилар барчани мустақиллигимизнинг 35 йиллиги ва янги ўқув йили бошланиши билан қутлади. Юртбошимиз томонидан диний-маърифий соҳага алоҳида эътибор қаратилаётгани, хусусан, яқинда ҳам бир гуруҳ уламолар “Имом Бухорий” ордени билан тақдирлангани ёрқин далил экани алоҳида таъкидланди. Шунингдек, жорий йилда Тошкент ислом институтини илк магистрлар тамомлагани, эндиликда докторантура ташкил этилиши режалаштирилаётгани ҳам айтиб ўтилди.
Шу билан бирга, диний таълим муассасалари фаолияти йилдан-йилга такомиллашаётгани, жумладан, ўқув дастурлари замон талабига қараб янгилаб борилаётгани, кириш имтиҳонлари электрон тест шаклида ўтказилиб, энг муносиб талабалар саралаб олинаётгани, мударрис ва талабаларга ҳар жиҳатдан шароитлар ҳозирланаётгани, ана шундай имкониятлардан унумли фойдаланиб, талабалар астойдил ўқиб-ўрганиб, яхши мутахассис бўлишга ҳаракат қилиши лозимлигига урғу қаратилди.
Тадбирлар давомида диний таълим муассасаларига ўқишга янги қабул қилинган талабалар ҳам сўзга чиқишди.
1-курс талабаларига Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин домла Холиқназар ҳазратлари номидан эсдалик совғалари улашилди.
Якунда Ҳақ таолодан элу юртимиз тинчлиги ва фаровонлиги, мустақиллигимиз абадий бўлиши ҳамда янги ўқув йили хайрли ва манфаатли кечишини сўраб хайрли дуолар қилинди.
Шундан сўнг ўқув хоналарида “Мустақиллик дарслари” бошланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати