Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) баъзи кечаларда Мадина қабристонига бориб, яқин биродарларини зиёрат қилар эдилар. Мўминларнинг қабрларига салом берар, ҳақларига дуо қилиб, ўлим ва охиратни ёд этардилар. Шундай тунларнинг бирида Оиша онамиз ярим кечаси уйғониб, ёнларида Сарвари оламни тополмагач, анча қайғуландилар. Бироздан сўнг қайтиб келган Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Оишани маҳзун кўрдилар ва:- Эй Оиша, шайтонингга мағлуб бўлибсан, — дедилар. Шайтон сўзи Оиша онамизнинг диққатини тортиб, сўрадилар:
— Ё Расулуллоҳ, менинг ҳам шайтоним борми?
Пайғамбар (алайҳиссалом) унга жавобан:
- Албатга, ҳар бир инсоннинг шайтони бордир, — дедилар. Оиша онамиз яна:
- Сизники ҳам борми? - деб сўраганларида, Аллоҳ Расули (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):
- Ҳа, фақат мен Роббимнинг ёрдами билан уни мағлуб этдим, - дедилар.
Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Оиша онамизга бўлган муҳаббатлари шунчалар кучли эдики, натижада бошқа оналаримиз рашк қила бошлашди. Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом) қизлари Фотимадан (розийаллоҳу анҳо) бу ҳолни у зотга билдиришларини илтимос қилдилар. Аввалига Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу ҳаққа гаплашишни хоҳламаган бўлсалар, суюкли қизларининг иккинчи бор мурожаатларидан кейин сўзлашга мажбур бўлдилар:
— Кизгинам Фотима, менинг севганимни сиз севмайсизми? Ҳазрати Фотима:
— Албатга, севаман, эй Аллоҳнинг Расули, - дедилар. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):
— У ҳолда Оишани севишингиз керак!
Фотима онамиз жим бўлиб қолдилар. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сўзини давом эттириб:
— Оишадан ҳеч қачон рашк қилмасинлар. Роббимга қасам этиб айтаманки, Оишадан бошқа ҳеч бирларининг ётоқларида менга ваҳий келмайди, — дедилар.
Саидаброр Умаров тайёрлади
Аждодларимизнинг муқаддас хотирасини ёд этиб, эзгу ишларини давом эттириш, сафимизда юрган кексаларни эъзозлаш – одамийликнинг олий мезони ва халқимизга хос азалий қадрият эканлигининг далолатидир.
9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг ташаббуслари доирасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида хизмат қилиб, нафақага чиққан бир гуруҳ фахрийлар ҳолидан хабар олинди.
Зиёрат давомида Диний идора тизимида узоқ йиллар самарали меҳнат қилган, ёшларга ибрат бўлган устозлар уйларига борилиб, уларга эҳтиром билдирилди. Ҳадялар улашилди.
Шу билан бирга, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Абдурашид қори Баҳромов, Усмонхон домла Алимов, Абдураззоқ ҳожи Юнусов, Анвар қори Турсунов каби марҳум улуғларимизнинг хонадонларига борилиб, оила аҳллари ҳолидан хабар олинди.
Шунингдек, бундай тадбирлар жойлардаги вакилликлар томонидан ҳам амалга оширилиб, ҳеч ким эътибордан четда қолмади. Бундай тадбирлар орқали Ислом динида ўтганлар хотирасига эҳтиром, тирикларни қадрлаш, устозлар ўгитларидан баҳраманд бўлиш каби хайрли анъаналар бардавом бўлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати