Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
01 Сентябр, 2026   |   19 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:26
Қуёш
05:49
Пешин
12:23
Аср
17:01
Шом
19:00
Хуфтон
20:19
Bismillah
01 Сентябр, 2026, 19 Рабиъул аввал, 1448

Мўминаларга ибрат мўминалар

12.12.2018   13453   2 min.
Мўминаларга ибрат мўминалар

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) баъзи кечаларда Мадина қабристонига бориб, яқин биродарларини зиёрат қилар эдилар. Мўминларнинг қабрларига салом берар, ҳақларига дуо қилиб, ўлим ва охиратни ёд этардилар. Шундай тунларнинг бирида Оиша онамиз ярим кечаси уйғониб, ёнларида Сарвари оламни тополмагач, анча қайғуландилар. Бироздан сўнг қайтиб келган Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Оишани маҳзун кўрдилар ва:- Эй Оиша, шайтонингга мағлуб бўлибсан, — дедилар. Шайтон сўзи Оиша онамизнинг диққатини тортиб, сўрадилар:

— Ё Расулуллоҳ, менинг ҳам шайтоним борми?

Пайғамбар (алайҳиссалом) унга жавобан:

- Албатга, ҳар бир инсоннинг шайтони бордир, — дедилар. Оиша онамиз яна:

- Сизники ҳам борми? - деб сўраганларида, Аллоҳ Расули (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):

- Ҳа, фақат мен Роббимнинг ёрдами билан уни мағлуб этдим, - дедилар.

Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Оиша онамизга бўлган муҳаббатлари шунчалар кучли эдики, натижада бошқа оналаримиз рашк қила бошлашди. Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом) қизлари Фотимадан (розийаллоҳу анҳо) бу ҳолни у зотга билдиришларини илтимос қилдилар. Аввалига Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу ҳаққа гаплашишни хоҳламаган бўлсалар, суюкли қизларининг иккинчи бор мурожаатларидан кейин сўзлашга мажбур бўлдилар:

— Кизгинам Фотима, менинг севганимни сиз севмайсизми? Ҳазрати Фотима:

— Албатга, севаман, эй Аллоҳнинг Расули, - дедилар. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):

— У ҳолда Оишани севишингиз керак!

Фотима онамиз жим бўлиб қолдилар. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сўзини давом эттириб:

— Оишадан ҳеч қачон рашк қилмасинлар. Роббимга қасам этиб айтаманки, Оишадан бошқа ҳеч бирларининг ётоқларида менга ваҳий келмайди, — дедилар.

 

Саидаброр Умаров тайёрлади

Сийрат ва ислом тарихи
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Мустақиллик байрами арафасида Қашқадарёда бош имомлар йиғилиши бўлиб ўтди

24.08.2026   36134   1 min.
Мустақиллик байрами арафасида Қашқадарёда бош имомлар йиғилиши бўлиб ўтди

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилояти вакиллигида шаҳар ва туманлар бош имом-хатиблари иштирокида йиғилиш ўтказилди.


Тадбирни вилоят бош имом-хатиби Раҳматилло домла Усмонов кириш сўзи билан очиб, йиғилганларни яқинлашиб келаётган Мустақиллигимизнинг 35 йиллик байрами билан самимий муборакбод этди. Учрашувда давлатимиз Раҳбарининг тегишли Фармони билан бир гуруҳ диний соҳа ходимлари «Имом Бухорий» ордени билан тақдирлангани юртимизда маънавий-маърифий соҳага кўрсатилаётган юксак эътибор ва тарихий воқеа экани алоҳида эътироф этилди.


Йиғилишда «Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!» эзгу шиори остида воҳада амалга оширилаётган хайрли ишлар, ёшларни Ватанга садоқат ва миллий-диний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш борасидаги фаолият сарҳисоб қилинди.


Шунингдек, тадбир давомида имом-хатибларга қуйидаги устувор вазифалар юклатилди:

  • Эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган ва якка-ёлғиз кексалар ҳолидан мунтазам хабар олиш;

  • Оилалар тотувлигини мустаҳкамлаш ва маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш;

  • Масжидлар, қадамжолар ва қабристонларни ободонлаштириш ҳамда тозалик тадбирларида фаоллик кўрсатиш.


Йиғилиш якунида диний соҳа ходимларининг келгуси фаолиятига муваффақиятлар тиланди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Қашқадарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати

Мустақиллик байрами арафасида Қашқадарёда бош имомлар йиғилиши бўлиб ўтди
Ўзбекистон янгиликлари