Аллоҳ таолонинг биз бандаларга берган неъматлари жуда кўп. Биз бу неъматларни санаб саноғига, шукр қилиб бу неъматлар шукронасини адоғига етказа олмаймиз. Ана шундай неъматлардан бири Аллоҳ таоло бизни Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламнинг умматидан қилганидир. Бунинг улуғ шарафлигига сийрат китобларини ўқиш асносида амин бўламиз.
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам умматлари учун жуда қайғурардилар. Ҳудди, она ўз боласига қандай қайғурса ана ўшандай умматлари устида ғам чекар эдилар. Балки у зот саллоллоҳу алайҳи васаллам умматларига онаданда меҳрибонроқ эдилар. Ҳаттоки асир тушган мушрикларга ҳам раҳм қилардилар. Биринчи уларни иймонга чақириб кўрар, агар иймон келтиришмаса исломга қарши гапирмаслик шарти билан уларни озод қилиб, уларга раҳм қилар эдилар. Яна меҳрибонликлари тимсоли сифатида Тоиф воқеаларини мисол қилиб келтиришимиз мумкин. Тоиф сафарида у зотни тошбўрон қилишди. Ваҳоланки Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам Тоиф аҳлига иймонга келишни, Аллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмасликни таклиф қилгандилар холос. Шундан сўнг Аллоҳ таоло Тоиф аҳлининг ҳалок бўлиши ёки омон қолиши ихтиёрини Расулуллоҳ соллфллоҳу алайҳи васалламга топширди. Аммо у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Тоиф аҳлига раҳм қилиб меҳрибонлик кўрсатдилар, уларга бир ёмонликни исташ ўрнига уларни дуо қилдилар. Энди ўйлаб кўринга кофирларга раҳм қилган зот қандай қилиб ўз умматларига меҳрибонлик қилмайдилар?
Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам дуо қилиб ўзларини олдиларидаги саҳобийларга, нафақат саҳобийларга балки келажакда келадиган умматлари учун ҳам офиятни, нажотни сўрар эдилар. Қуйидаги ҳадисда эса умматлари учун заҳира қилиб олиб қўйган энг катта дуолари тасвирланган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир Набийнинг қабулида шак йўқ дуоси бўлади. Барча Набийлар ўз дуоларини (бу дунёда) қилиб бўлдилар. Мен ўз дуойимни қиёмат куни умматимга шафоат бўлиши учун беркитиб қўйганман. У менинг умматимдан Аллоҳга ҳеч нарсани ширк қилмай ўлганларга, албатта, етгувчидир”,-дедилар. Икки шайх ва Термизий ривояти.
Бу ҳадисдан Набий саллоллоҳу алайҳи васалламга Роббилари томонидан қабул бўлишига шак-шубҳа йўқ бўлган дуо берилганини, Набий саллаоллоҳу алайҳи васаллам эса бу дуоларидан ўзлари учун эмас, аҳли оилалари учун эмас балки умматларини шафоат қилиш учун фойдаланганларини англаймиз. Бундай уммат ғамини яна қайда кўришимиз мумкин?
Аллоҳ таоло Набий саллоллоҳу алайҳи васалламга Зуҳо сурасининг 5-оятини нозил қилди:
وَ لَسَوْفَ يُعْطِيْكَ فَتَرْضَى
“Яқинда Роббингиз Сизга (шундай неъматлар) ато этурки, Сиз (у Илоҳий марҳаматлардан) рози бўлурсиз”.
Шунда у зот саллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Умматимдан бирортаси дўзаҳда бўлса рози бўлмайман”, - дедилар. Субҳаналлоҳ!!! Бизнинг аҳволларимиз ҳабибимизнинг бундай эътирофларига арзирмикан? Бундай ҳадисларни ўқиб инсоннинг кўзига ёш келади, қалби титрайди. Беихтиёр ҳозирги кундаги у зотнинг суннатларига беэтиборлик, у зотнинг кўрсатмаларига амал қилмаслик натижасида пайдо бўлган турли хил жамият иллатлари кўз олдимизда гавдаланади. Бундай пайтда ҳар бирларимиз “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун нима қиляпмиз?”, “У зотга саловат айтяпмизми?”, “У зотнинг суннатларига амал қиляпмизми?”, “У зотнинг сийратларини ўрганяпмизми?” деган саволларни ўзимизга берган ҳолимизда У зотга ғоибдан қаттиқ муҳаббат қўйишимиз керак. Зероки, у зотга муҳаббат қўймагунча комил мўмин бўла олмаймиз. Аллоҳ таоло ҳаммаларимизга Росуллуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллмга нисбатан саҳобий розияллоҳу анҳумларникидек муҳаббат, ҳарислик ато этсин!!!
"Кўкалдош" ўрта маҳсус ислом билим юртининг 4-курс талабаси
Хушвақтов Абдулҳай.
Оила – инсон ҳаётидаги маънавий суянч, ижтимоий тартиб, насл давомийлигини таъминловчи қўрғон ва меҳр-муҳаббат масканидир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир” (Рум сураси, 21-оят).
Бу оят оила қуришнинг илоҳий ҳикматга эга эканини, эр-хотин муносабатида муҳаббат ва меҳр-шафқат асосий омил бўлишини англатади.
Ислом никоҳни фақат шахсий хоҳиш эмас, балки маънавий, ахлоқий ва ижтимоий мажбурият сифатида қабул қилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Никоҳ менинг суннатимдир. Ким суннатимдан юз ўгирса, мендан эмас”, деганлар (Муттафақун алайҳ).
Бу ҳадисга кўра, никоҳ мусулмон ҳаётидаги ибодат ҳисобланади. Унинг асосий мақсадлари нафсни ҳалол йўл билан қондириш, наслий поклик, фарзанд тарбияси ва жамият барқарорлигини таъминлашдир.
Исломда эр ва хотиннинг вазифалари бир-бирини тўлдирувчи хусусиятга эга. Аллоҳ таоло эркакни масъулиятли раҳбар, аёлни эса оила мустаҳкамлигини таъминловчи қилиб яратган: “Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир” (Нисо сураси, 34-оят).
Эркак аёлдан баъзи хусусиятларда ортиқ қилиб яратилганида бир неча ҳикматлар бор. Муфассир уламолар, жумладан, қуйидаги шаръий нуқтаи назардан эркакларга хос хусусиятларни қайд этишган: пайғамбарлик, жисмоний куч-қувват, оила нафақасига масъуллик, ақлу идрок, хотира ва тафаккурнинг зиёдалиги, имом-хатиблик, муаззинлик, жамоат билан намоз ўқиш, жума намозининг вожиб бўлиши, ташриқ такбирини айтиш, жангларда қатнашиш, тўлиқ гувоҳлик, талоқ бериш ҳуқуқига эга бўлиш, оиланинг унга нисбат берилиши, намоз ва рўзани узрсиз адо этиш кабилар.
Шу жиҳатларни ҳисобга олиб, аёл киши эрига нисбатан итоатли, ҳамиятли ва иффатли бўлиб, оила тотувлиги йўлида доимий ҳаракатда бўлиши жуда матлуб ишдир.
Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизларнинг энг яхшиларингиз ўз аҳлига яхшилик қилувчиларингиздир”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
Эркак оила бошлиғи сифатида адолатли, ғамхўр ва меҳрибон бўлиши керак. У ўз аёли ва фарзандларининг эҳтиёжларини таъминлаб, уларни тўғри йўлга бошлаши лозим.
Хотиннинг вазифалари – оилада соғлом муҳит яратиш, эрга итоат ва унинг шаънини асраш. У оила тинчлиги ва фаровонлиги учун интилиши, эрига вафодор бўлиб, фарзандлар тарбиясида фидойилик кўрсатиши лозим.
Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Улар сизларнинг либосингиз, сизлар уларга либоссиз” (Бақара сураси, 187-оят).
Бу оят никоҳдаги жуфтларнинг бир-бирига муҳтожлиги ва улар ўртасидаги яқинликни таърифлайди.
Никоҳ фақатгина икки инсоннинг эмас, балки оилалар ва жамиятнинг ҳам масъулиятидир. Кўп ҳолларда ота-оналар, қариндошлар ва жамиятнинг қўллаб-қувватлаши никоҳнинг мустаҳкамлигида муҳим аҳамият касб этади.
Бугунги кунда кўпчилик оилавий муаммолар учинчи томонларнинг (қайнона-қайнота, яқинлар, дўстлар) чуқур ва номуносиб аралашуви оқибатида келиб чиқмоқда. Ҳар бир инсон ўзига тегишли чегарани билиши зарур.
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Одамларнинг аразлашганларини яраштириб қўйиш нафл намоз ўқишдан ва нафл рўза тутишдан кўра савоблироқдир”, деганлар (Имом Табароний ривояти).
Ота-оналар, қариндошлар – ёшлар ҳаётига раҳбар сифатида керакли маслаҳат берадилар, аммо уларнинг шахсий муносабатларига бефарқ ёки ортиқча аралашиш – оилавий муҳитни бузиши, ўртадаги муҳаббатни сўндириши мумкин.
Кўпинча оилада ота-она ва фарзандлар, оиланинг бошқа аъзолари орасида ҳам турли келишмовчилик бўлиб туради. Арзимаган сабаб-баҳоналар билан тинч хонадонлар можаролар масканига айланади. Бир-бирига яқин, қадрдон, қариндошлар ўртасида меҳр-оқибат кўтарилади.
Кечира олиш – гўзал фазилат, динимизда мақталган сифатлардан. Бир қарашда оний ютқазишдай кўринган кечира олиш катта можароларнинг олдини олади, ғалабани таъминлайди. “Эр-хотиннинг уриши – дока рўмолнинг қуриши” деганларидай, икки ошуфта қалбнинг арази узоққа бормаслиги кундай равшан.
Сал ихтилоф чиқдими, бир томон дарров муроса-келишув йўлини кўриши керак. Бир томоннинг ақл-идрок билан иш тутиши шайтоннинг бўйнини синдириб, катта можароларнинг олдини олади.
Жорий йилнинг биринчи чорагида вилоят имом-хатиблари, отинойилари 838 та ана шундай низоми оилани яраштиришиб, ёшларнинг бахтли ҳаёт кечиришига сабабчи бўлдилар.
Хулоса шуки, Ислом оилага юксак мақом берган, уни жамиятнинг юраги деб баҳолаган. Биз оят ва ҳадислар асосида шу муқаддас неъматни асраш, мустаҳкамлаш ва ёшларга тўғри етказиш йўлида жиддий ҳаракат қилишимиз керак.
Убайдуллоҳ АБДУЛЛАЕВ,
Фарғона вилояти бош имом-хатиби
"Ҳидоят" журналининг 5-сонидан олинди