بسم الله الرحمن الرحيم
ВАҚФ – БУЮК ИСЛОМИЙ ҚАДРИЯТ
Муҳтарам азизлар! Бугунги жума мавъизамизда Ислом динидаги энг савобли ва айни пайтда мўмин-мусулмонларнинг манфаати учун жуда муҳим бўлган хайрия амали ҳақида суҳбатлашамиз. Бу хайрия амалини “вақф” дейилади. Вақф Ислом шариатида кенг тарғиб этилган, манфаати давомли, савоби узлуксиз бўлган иқтисодий хайрия ишидир. Қадимдан мўмин-мусулмонлар вақфнинг манфаати ва савобидан умидвор бўлиб, бунга катта эҳтимом қаратиб келганлар. Хусусан, саҳобалар даврида вақф хайрия ишларига ҳисса қўшмаган кишилар деярли бўлмаган. Саҳобалардан Зайд бин Собит разияллоҳу анҳу шундай деганлар:
قَالَ زَيْدُ بْنُ ثَابِتٍ رضي الله عنه: لَمْ نَرَ خَيْراً لِلْمَيِّتِ وَلَا لِلْحَيِّ مِنْ هَذِهِ الْحُبُسِ الْمَوْقُوفَةِ أَمَّا الْمَيِّتُ فَيَجْرِي أَجْرُهَا عَلَيْهِ وَأَمَّا الْحَيُّ فَتُحْتَبَسُ عَلَيْهِ وَلَا تُوْهَبُ وَلَا تُوْرَثُ وَلَا يَقْدِرُ عَلَى اسْتِهْلَاكِهَا
яъни: “Маййит учун ҳам, тирик учун ҳам ушбу вақф қилинган мулклардан кўра фойдалироқ нарсани кўрмаганмиз. Маййит учун унинг савоби оқиб бориб туради, тирик учун эса, мулки сақланиб қолади, у на ҳадя қилиб юборилади, на меросга қолдирилади ва на йўқолиб кетади”. Жобир разияллоҳу анҳу эса:
قَالَ جَابِرٌ رضي الله عنه: لَمْ يَكُنْ أَحَدٌ مِنْ أَصْحَابِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم ذُو مَقْدَرَةٍ إِلَّا وَقَفَ
яъни: “Пайғамбар алайҳиссаломнинг саҳобаларидан қодир бўлганлари борки, албатта вақф қилган”, – деганлар. Демак, мусулмонлар орасида хоҳ бой бўлсин, хоҳ ўртаҳол бўлсин, ҳар ким ўз ҳолига яраша бирор нарсани вақф қилиши яхши одатга айланган. Кимдир масжид, мадраса, шифохона каби кўчмас мулкларни, кимлардир илмий китобларни ва яна кимлардир уй-рўзғор анжомларини мўмин-мусулмонларга вақф қилиб қолдирганлар. Албатта, уларнинг бу каби хайрия ишларини амалга оширишларида Аллоҳ таолонинг Каломидаги қуйидаги ояти каримаси уларга катта умид бахш этган:
فَمَنْ يَعْمَلْ مِثْقَالَ ذَرَّةٍ خَيْرًا يَرَهُ
яъни: “Бас, кимки (дунёда) зарра миқдорида яхшилик қилган бўлса, (қиёмат куни) уни кўрар” (Залзала сураси, 7-оят).
Муҳтарам жамоат! “Вақф” сўзи луғатларда “тутиб туриш”, “тўхтатиш” маъноларида келади. Шаръий таърифи эса: “Муайян нарсанинг аслини сақлаб қолиб, ундан келадиган фойдани садақа қилишдир”.
Вақф қилинган нарса сотилмайди, ҳадя қилинмайди, меросга қўшиб тақсимланмайди. Масалан ер-сув, уй-жой, мактаб, масжид, шифохона, кутубхона, мевали боғлар ва бошқалар мусулмонлар текин фойдаланишлари учун вақф қилиниши мумкин.
Вақф – шариатимизга кўра мустаҳаб бўлган ибодат эканига уламоларимиз иттифоқ қилганлар. Бунга далил сифатида кўплаб оят ва саҳиҳ ҳадиси шарифлар ворид бўлган. Жумладан, Қуръони каримнинг Бақара сурасида шундай дейилади:
مَثَلُ الَّذِينَ يُنْفِقُونَ أَمْوَالَهُمْ فِي سَبِيلِ اللَّهِ كَمَثَلِ حَبَّةٍ أَنْبَتَتْ سَبْعَ سَنَابِلَ فِي كُلِّ سُنْبُلَةٍ مِئَةُ حَبَّةٍ وَاللَّهُ يُضَاعِفُ لِمَنْ يَشَاءُ وَاللَّهُ وَاسِعٌ عَلِيمٌ
(سورة البقرة الاية-261)
яъни: “Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг) мисоли гўё бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга (савобини) янада кўпайтириб беради. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон зотдир” (Бақара сураси, 261-оят).
Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади:
أَنَّ عُمَرَ بْنَ الْخَطَّابِ رضي الله عنه أَصَابَ أَرْضًا بِخَيْبَرَ، فَأَتَى النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم يَسْتَأْمِرُهُ فِيْهَا، فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ إِنِّي أَصَبْتُ أَرْضًا بِخَيْبَرَ لَمْ أُصِبْ مَالًا قَطُّ أَنْفَسَ عِنْدِي مِنْهُ، فَمَا تَاْمُرُ بِهِ قَالَ: إِنْ شِئْتَ حَبِسْتَ أَصْلَهَا وَتَصَدَّقْتَ بِهَا قَالَ: فَتَصَدَّقَ بِهَا عُمَرُ أَنَّهُ لَا يُبَاعُ وَلَا يُوْهَبُ وَلَا يُوْرَثُ، وَتَصَدَّقَ بِهَا فِيْ الْفُقَرَاءِ وَفِي الْقُرْبَى وَفِي الْرِقَابِ وَفِي سَبِيْلِ اللهِ وَابْنِ السَّبِيْلِ وَالضَّيْفِ...
(أخرجه الامام البخاري)
яъни: “Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу хайбардаги улушлари ҳисобидан ерга эга бўлдилар. Шунда Набий саллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига маслаҳатга бориб: “Эй Аллоҳнинг Расули, менга Хайбардан бир ер тегди, мен ҳеч қачон бунчалик яхши молга эга бўлган эмасман. Буни нима қилишимга буюрасиз?” – дедилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар истасангиз, аслини сақлаб қолиб, фойдасини садақа қилинг”, – дедилар. Шундан сўнг Умар уни сотилмайдиган, ҳадя қилинмайдиган, мерос қолдирилмайдиган қилиб, фақирларга, қариндошларига, қулларни озод қилишга, Аллоҳ йўлидагиларга, мусофирларга, меҳмонларга садақа қилдилар (Имом Бухорий ривояти).
Уламолар қуйидаги ҳадисни айнан вақф ишига далил деб айтганлар:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم قَالَ: إِذَا مَاتَ ابْنُ آدَمَ اِنْقَطَعَ عَمَلُهُ إِلَّا مِنْ ثَلَاثٍ،
صَدَقَةٍ جَارِيَةٍ، أَوْ عِلْمٍ يُنْتَفَعُ بِهِ أَوْ وَلَدٍ صَالِحٍ يَدْعُو لَهُ
(رواه الامام مسلم)
яъни: Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одам боласи вафот этгач, барча амаллари ундан узилади: фақат учта амалидан савоб келиб туради: садақаи жориядан, фойдаланиб туриладиган илмдан ва ҳаққига дуо қилиб турадиган солиҳ фарзанддан” (Имом Муслим ривояти).
Уламоларнинг кўпчиликлари ушбу ҳадиси шарифдаги “садақаи жория”дан жумласини “вақф” дея изоҳлашган. Чунки вақф қилинган мулкнинг ажри доимий равишда вақф қилган инсонга бориб туради.
Вақфни жорий этилишидан кўзланган мақсад иккита:
1) Аллоҳга тақарруб ҳосил қилиш. Яъни, савоб умидида хайрия қилиб, охиратга савоб жамғариш;
2) Жамиятдаги муҳтож кишиларнинг оғирини енгил қилиб, уларга ёрдам беришни йўлга қўйиш.
Вақфнинг тўртта рукни бўлиб, улар:
1) Вақф қилувчи шахс (воқиф);
2) вақф қилиш лафзи (сийға);
3) вақф қилинаётган мол (мавқуф);
4) вақф моли тасарруф этиладиган жиҳат (мавқуф алайҳи).
Ўз навбатида ушбу ҳар бир рукннинг дуруст бўлишида шартлари бор:
1) Вақф қилувчи шахс ҳур, болиғ, оқил, мулкка эга бўлган ва вақф қилишга мажбурланмаган бўлиши шарт.
2) Вақф қилишда вақфга очиқдан очиқ далолат қилувчи лафзлар ишлатилиши шарт. Масалан, “вақф қилдим”, “Аллоҳ йўлига садақа қилдим” каби. Ёки вақф қилишга далолат қилувчи киноя сўз айтиш ёки ишора қилиш ва вақфни ният қилиш шарт.
3) Вақф қилинаётган нарса
Вақф қилинаётган мол нақд пул бўлиши ҳам, қўчмас мулк бўлиши ҳам, илмий китоблар, уй-рўзғор анжомлари ва ҳоказо бўлиши ҳам мумкин. Шунингдек, фойдаланиш билан тугаб қоладиган (масалан, таомга ўхшаш) нарсани вақф қилиб бўлмайди.
4) Вақфни тасарруф этиладиган жиҳат шариатда ҳаром қилинган (таъқиқланган) жиҳат бўлмаслиги шарт. (Масалан, тинчликни бузишга, уруш оловини ёқишга ўхшаш).
Вақф қилувчи вақфдан келадиган фойданинг ҳаммасини ёки баъзисини ўзига вақф қилиши мумкин. Бунда вафот этгандан кейин фойдаси фуқароларга бўлиши шарти билан. Бу Абу Юсуфнинг сўзлари бўлиб, “Фатавои Қозихон”да “бунда одамларни вақф қилишга тарғиб бордир” дейилган.
Муҳтарам жамоат! Вақф ишлари қадимдан юртимизда жорий бўлиб келган. Аҳолининг ўзига тўқ қатлами ихтиёрий равишда турли мулк (ер, дўкон ва бошқа даромад манба)ларини асосан мадрасаларнинг устоз ва талабаларига, масжидларнинг таъминотига, фақир ва мискин инсонларнинг эҳтиёжи учун вақф қилганлар. Ҳозирги кунда “вақф” тушунчасини тўғри англашимиз ва уни ҳаётимизга қайта жорий этишимиз жамиятимиз учун жуда кўплаб манфаатлар келтиради.
Шўролар даврида тўхтаб қолган вақф, Яратганга шукрки, шу кунларга келиб, қайта тикланди. Алҳамдулиллоҳ, жорий йилнинг 16 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони эълон қилинди ва шу Фармон асосида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида “Вақф” хайрия жамоат фонди ташкил этилди. “Вақф” хайрия жамоат фондини ташкил қилишдан мақсад, аввало, ислом динидаги улуғ қадриятлардан бирини қайта тиклаш билан бирга, халқимиз орасида меҳр-мурувват ришталарини янада мустаҳкамлашга сабаб бўладиган хайрия ишларини йўлга қўйишдир. Шунинг учун қуйидагилар “Вақф” хайрия жамоат фондининг асосий вазифалари этиб белгиланди:
“Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан фуқароларнинг эҳсонлари хисобидан бир қанча хайрия тадбирлари ўтказиб келинмоқда. Жумладан,
Бугунги кунга қадар “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан жами 3,5 миллиард сўмдан ортиқ моддий ёрдам кўрсатилди.
Ҳозирда “Масжидлар ва мадрасалар биноларини таъмирлаш ва қайта қуриш”, “Обод хонадон” ва чекка қишлоқларда аҳолини ичимлик суви билан таъминланишига қаратилган “Оби ҳаёт” лойиҳаларини бошлаш режалаштирилмоқда.
Шу нарсани яхши англашимиз лозимки, вақф қилинган мол-мулкни мақсадли тасарруф этиш учун нозир таъйин этилади. Нозирнинг вазифаси вақф қилинган нарсани мақсадли тасарруф этилишлигини назорат қилиб боради. “Вақф” хайрия жамоат фонди айнан вақф ишлари бўйича нозир мақомида ҳисобланади. Яъни, фуқаролар томонидан вақф учун тайин қилинган мол-мулк “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан рўйхатга олиниб, қайси йўналишга вақф қилинган бўлса, ўша йўналишга сарф этилишини назорат қилиб боради.
“Вақф” хайрия жамоат фондига фуқаролардан келиб тушадиган закот, фитр ва бошқа хайрия маблағлари Фонднинг алоҳида ҳисоб рақамида тўпланади ва мустаҳиқ ўринларга сарфланади.
Бугунги кунга қадар “Вақф” хайрия жамоат фонди Республикамиздаги 300 дан ортиқ масжид ва зиёратгоҳлар мажмуасига тижорат банклари билан ҳамкорликда инфокиосклар ўрнатган бўлиб, эндиликда юртимиз мўмин-мусулмонлари хайрия, вақф, закот, ушр, фитр ва фидя тўловларини қулай тарзда амалга оширишлари мумкин.
Бунинг учун инфокиоск орқали керакли тиллардан бирини танлаб, тўлов хизматлари тугмаси босилади. Ҳамда “Хайрия”, “Закот, фидя, фитр, ушр” ва “Вақф” хизматларидан керакли бўлимни танлаб банк картаси ёки нақд пул орқали керакли суммани ўтказиш мумкин бўлади. Бу билан нафақат хайрия тўловларини амалга ошириш, балки уни Фонд томонидан қайси ўринга йўналтирилаётганини назорат қилиши ҳам мумкин бўлади.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда فَاسْتَبِقُوا الْخَيْرَاتِ деган, яъни, “Бас, хайрли (савобли) ишларда бир-бирингиздан ўзишга ошиқингиз”! (Бақара сураси, 147-оят). Шундай экан, охиратимиз учун захира бўладиган савобларни йиғишда мусобақалашайлик!
Аллоҳ таоло барчамизни Ўзи рози бўладиган хайрли ишларга муваффақ айласин! Омин!
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ مُغَفَّلٍ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «نَفَقَةُ الرَّجُلِ عَلَى عِيَالِهِ صَدَقَةٌ».
Абдуллоҳ ибн Муғаффалдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кишининг аҳли аёлига қилган нафақаси садақадир», дедилар.
Шарҳ: Дарҳақиқат, аҳли аёлга нафақа қилиш садақадир. Чунки бунда киши вожиб ибодатни адо этади. Зотан, шариат ҳукми бўйича аҳли аёлнинг нафақаси вожибдир. Бу Аллоҳ таолонинг амридир. Шариатда кўрсатилган амални Аллоҳнинг амрини бажариш нияти билан қилиш Аллоҳ таолонинг йўлида қилинган иш бўлади. Шунинг учун ўз аҳли аёлимга берсам, садақанинг савобидан маҳрум бўламан, деган тушунча нотўғридир. Аксинча, яхши ният билан, шариатнинг буйруғини, Аллоҳ таолонинг ҳукмини адо этяпман, аҳли аёлимнинг нафақаси менга вожибдир, шуни ҳалолдан адо этаман, деб ҳаракат қилган киши аҳлининг нафақаси туфайли улуғ ажрларга эришади.
عَنِ الْحَسَنِ يَرْفَعُ الْحَدِيثَ قَالَ: «إِذَا أَنْفَقَ الرَّجُلُ عَلَى أَهْلِهِ مِنْ غَيْرِ إِسْرَافٍ وَلَا إِقْتَارٍ كَانَتْ نَفَقَتُهُ بِمَنْزِلَةِ النَّفَقَةِ فِي سَبِيلِ اللهِ».
Ҳасандан ривоят қилинади: «Киши аҳли аёлига исроф ҳам қилмай, жуда сиқиб ҳам қўймай нафақа қилса, Аллоҳнинг йўлидаги нафақа ўрнида бўлади».
Шарҳ: Аҳли аёлга, яъни қарамоғидагиларга қилинган нафақада исроф қилиш ҳам, хасислик қилиш ҳам дуруст эмас. Балки ўртача, бир меъёрда нафақа қилиб бориш Аллоҳнинг йўлидаги нафақа бўлади.
Аҳли аёлнинг нафақасида исрофга йўл қўйиш барча ҳолатлардаги исроф каби ношаръий иш ҳисобланади. Шу билан бирга, бу иш аҳли аёлнинг ҳаддидан ошишига, одобсизликларга қўл уришига сабаб бўлиб қолиши ҳам мумкин.
Аҳли аёлнинг нафақасини сиқиб қўйиш бахилликнинг ёрқин намунасидир. Бу нафақадаги кишиларнинг ҳаққини поймол қилишдир.
Барча иш ва ҳолатлардаги каби, бу ишда ҳам ўртача бўлиш маъқул. Зотан, динимиз васатийлик – ўртача йўл тутиш динидир.
Аллоҳ таоло Фурқон сурасида айтади: «Инфоқ қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, бу иккиси ўртасида мўътадил бўлурлар» (67-оят).
Араб тилида «инфоқ» – «нафақа» иборалари мол-пул сарфлаш маъносини англатади. Бизда «бировга садақа қилиш», «эҳсон қилиш» маъносида ишлатиш одат тусига кириб қолганлиги оятни нотўғри тушунишга, хайр-эҳсон, садақа қилганда мўътадил бўлиши кераг-у, бошқа вақтларда нима қилса, ўзи билади, деган хаёлга олиб келмаслиги лозим.
Мусулмон киши мол-пул сарфлашда доимо мўътадил бўлиши керак. Мол-дунёни ҳеч қачон исроф ҳам қилмаслиги ва ҳаддан ташқари хасис бўлиб, зарур жойга ва керакли миқдорда сарфлашдан бош тортмаслиги ҳам керак.
Исломда шахсий мулкчиликка кенг йўл очиб қўйилган. Шу билан бирга, кишиларга шахсий мулкларини ҳавойи нафсларига биноан тасарруф қилишларига ҳам йўл қўйилмайди. Аввало, бу мулкни гуноҳ ишларга, ҳаром-ҳаришга ишлатиш ман қилинган.
Шунингдек, мол-мулкни беҳуда сарфлашга «исроф» деган номни бериб, мусулмонлар исрофдан қайтарилган. Мол-мулкини беҳуда, ноўрин сарфлайдиган одам «сафийҳ» – эси паст дейилади. Ким сафийҳ бўлса, маҳкаманинг ҳукми ила унинг мол-мулки музлатиб қўйилади. Керак бўлганида, маълум миқдори берилади, қолгани сақлаб турилади.
Шу билан бирга, ўта хасис одамга қарши чора ҳам кўрилади. Бола-чақасидан, нафақасидагилардан қисиб, уларга ҳақлари даражасида сарф қилмаса, маҳкама уларнинг ҳақларини олиб беради.
Исрофгарчилик ва хасисликни танқид этиб, қораловчи кўплаб ҳадислар келган.
عَنْ أَبِي الْمُخَارِقِ قَالَ: خَرَجَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فِي غَزَوةِ تَبُوكَ فَطَلَعَتْ نَاقَتُهُ، فَقَامَ عَلَيْهَا سَرِيعًا، فَمَرَّ بِهِ رَجُلٌ، فَقَالَ لَهُ بَعْضُ أَصْحَابِهِ: مَا رَأَيْنَا كَالْيَوْمِ رَجُلًا أَجْلَدَ وَلَا أَقْوَى لَوْ كَانَ فِي سَبِيلِ اللهِ. فَقَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «إِنْ كَانَ يَسْعَى عَلَى صِبْيَةٍ صِغَارٍ فَهُوَ فِي سَبِيلِ اللهِ، وَإِنْ كَانَ يَسْعَى عَلَى وَالِدَيْهِ فَهُوَ فِي سَبِيلِ اللهِ، وَإِنْ كَانَ يَسْعَى عَلَى نَفْسِهِ لِيُغْنِيَهَا فَهُوَ فِي سَبِيلِ اللهِ، وَإِنْ كَانَ يَسْعَى رِيَاءً وَسُمْعَةً فَهُوَ لِلشَّيْطَانِ».
Абул Мухориқдан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Табук ғазотига чиқдилар. Туялари келиб қолди. Унга тезда миндилар. Шунда олдиларидан бир киши ўтиб қолди. Ҳамма ўша кишига қаради. Шунда саҳобалардан бири у зотга: «Бугунгига ўхшаш бақувват, чапдаст одамни ҳеч кўрмаган эдик. Қани энди у Аллоҳнинг йўлида бўлса», деди.
Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар у ўзининг кичик болалари учун уринаётган бўлса, Аллоҳнинг йўлидадир. Агар у ота-онасига яхшилик қилиш учун уринаётган бўлса, Аллоҳнинг йўлидадир. Агар у ўзининг беҳожатлиги учун уринаётган бўлса, Аллоҳнинг йўлидадир. Агар риё ва хўжакўрсин учун уринаётган бўлса, шайтоннинг йўлидадир», дедилар».
Шарҳ: Демак, мўмин-мусулмонлар риёкорликдан, хўжакўрсинчиликдан, фалончи гапиради, пистончи кулади, фалончини қойил қилиб қўяй, каби банданинг риоясини қилишдан мутлақо узоқ бўлишлари, ҳазир бўлишлари керак. Балки ҳар бир ишни соф ният билан, шариатда кўрсатилганидек, Аллоҳ таолодан савоб умидида адо этиш лозим экан. Шунда ҳам ҳожати раво бўлади, ҳам мурод-мақсадига етиб, бошқаларни хурсанд қилади, энг муҳими, Аллоҳнинг йўлида амал қилган инсон даражасига кўтарилади.
Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:
1. Ўзининг кичик болалари учун уринаётган одам Аллоҳнинг йўлида уринаётган шахс экани.
2. Ота-онасига яхшилик қилиш учун уринаётган одам Аллоҳнинг йўлида уринаётган шахс экани.
3. Ўзининг беҳожатлиги учун уринаётган одам Аллоҳнинг йўлида уринаётган шахс экани.
4. Риё ва хўжакўрсин учун уринаётган одам шайтоннинг йўлида уринаётган шахс экани.
قَالَ شُعْبَةُ: فَقُلْتُ لِعَدِيٍّ: عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ؟ فَقَالَ: عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِذَا أَنْفَقَ الرَّجُلُ عَلَى أَهْلِهِ نَفَقَةً يَحْتَسِبُهَا كَانَتْ لَهُ صَدَقَةً».
Шуъбадан ривоят қилинади:
«Адийга: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламданми?» дедим.
«Ҳа, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан. У зот: «Қачон киши аҳлига савоб умидида нафақа қилган бўлса, унинг учун садақадир», дедилар», деди».
Шарҳ: Аҳлига, қарамоғидагиларга савоб умидида, бу Аллоҳнинг ҳукми, шариатнинг буйруғи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмалари, бу менга вожиб, деган ниятда ва албатта, ҳалол-пок йўл билан топилган молдан қилинган нафақа садақа ўрнига ўтиб, улкан ажр-савобларга сабаб бўлиши шубҳасиз ҳақиқатдир.
«Яхшилик ва силаи раҳм» китоби 1-жуз