Бишр Ҳофий раҳимаҳуллоҳ авваллари оталаридан қолган молу давлатни сарфлаб, кайфу сафо қилиб юрдилар. Кейин бир тақводор темирчига шогирд тушиб, унинг насиҳатларини тинглаганларидан сўнг қилган хатоларини англаб, тавба қилдилар ва улуғ олимлардан бири бўлдилар. Қуйида ана шу темирчи билан Бишр ўртасидаги суҳбатни эътиборингизга ҳавола этамиз.
- Яхши, қўлинг тез келишди. Болғани ўз вақтида ур! Олдин ёки кейин урмагин! Бир хил оҳангда ва эҳтиёт бўлиб ур! Қара, Бишр, кўряпсанми? Темир ҳам юпқалашди. Ана шундай. Аста-секин юмшаб, бошқача шаклга киради.
- Ҳа, уста. Ҳақиқатан чиройли шаклга кирди. Қанийди мен ҳам шунга ўхшаб ўзгарсам.
- Ёнган ўзгаради. (Яъни нафс тарбияси билан машғул бўлиб, ўзини тузатиб, охират учун ҳаракат қилган, Аллоҳнинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтган, Аллоҳни севган киши ўзгаради).
- Ёнган?
- Ҳа. Ёниш керак!
- Ёнмоқ истайман! Ёнишим керак! Ёниш! Менга ёнишни ўргатинг, уста!
- Бу жуда қийин иш!
- Чидайман!
- Ҳар лаҳза тавба қилиш керак!
- Тавба қилдим!
- Ҳаром луқма ема!
- Емайман!
- Ҳаром жойга борма!
- Бормайман!
- Зино қилма!
- Қилмайман!
- Кибрланма!
- Яна!
- Ҳақ бўлсанг ҳам жанжаллашма!
- Яна!
- Омонатга хиёнат қилма!
- Яна!
- Бировнинг дилини оғритма!
- Яна!
- Бировнинг ҳаққини ема!
- Тавба қилдим! Ҳаром емайман! Ёлғон гапирмайман! Бировнинг дилини оғритмайман! Ҳеч ким билан жанжал қилмайман! Бировнинг омонатига хиёнат қилмайман! Кибрланмайман!
- Олов темирни қиздиргани каби Аллоҳ сенинг гуноҳларингни ёқиб, кулга айлантирсин!
Нозимжон Иминжонов тайёрлади
Озарбайжонда бўлиб ўтган Саййид Яҳё Бокувийнинг бой маънавий меросига бағишланган халқаро илмий-амалий конференциянинг ёпилиш маросими рамзий маънога эга бўлган тарихий Ағдам шаҳрида ўтказилди. Унда туркий давлатлар, араб-мусулмон мамлакатлари диний пешволари, уламолар ва соҳа мутахассислари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бугунги мураккаб даврда тинчлик ва ҳурлик энг бебаҳо неъмат эканини алоҳида таъкидлаб, уммат бирлиги, ҳамжиҳатлик ва диний-маърифий алоқаларни мустаҳкамлаш заруратига тўхталдилар. Шунингдек, давлат Раҳбарлари ўртасидаги самимий биродарлик ва олий даражадаги ўзаро ташрифлар халқларимиз тарихида янги саҳифа очганини эътироф этдилар.
Йиғилишда Кавказ мусулмонлари идораси раиси, Шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозода ҳам сўзга чиқиб, яқинда бўлиб ўтган Озарбайжон етакчисининг Ўзбекистонга тарихий ташрифи ва имзоланган "Абадий дўстлик шартномаси" қардошлик муносабатларимизни янги босқичга олиб чиққанини таъкидлади.
Анжуман якунида Шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозода жанобларининг таклифига биноан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари йиғилганлар ва бутун ислом уммати ҳаққига хайрли дуолар қилдилар. Муфтий ҳазратлари ўз дуоларида эл-юртларимиз тинчлиги, мамлакатларимиз фаровонлиги ҳамда анжуманда кўтарилган муҳим масалалар мусулмонлар ва бутун уммат манфаати учун хизмат қилишини Ҳақ таолодан сўрадилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати