Жорий йилнинг 10-15 июль кунлари мамлакатимиз элчихонаси кўмагида Ўзбекистон Ислом цивилизацияси марказининг музей ва экспонатлар илмий бўлими мутахассислари иштирокида Малайзия Ислом санъати музейида илмий-амалий ва услубий тренинг ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Мазкур тренингни ўтказиш жорий йил февраль-март ойларида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори ўринбосари Фирдавс Ҳалимов бошчилигидаги делегациянинг Малайзияга сафари давомида келишилган эди.
Тренингни ташкил этишдан мақсад Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази мутахассисларининг музей бошқаруви, доимий ва вақтинчалик кўргазмаларни ташкил этиш, тарихий ҳужжат, қўлёзма ва тошбосма асарлар ҳамда экспонатларни консервация-реставрация қилиш йўналишларида малакавий билимларини мустаҳкамлаш, шунингдек, халқаро тажриба алмашишдан иборат.
Ўқув дастури давомида музей бошқарувининг замонавий халқаро стандартлари, доимий ва вақтинча экспозицияларни шакллантириш, музей фаолиятида таълим дастурларини жорий қилиш ва режалаштириш, ушбу дастурларни мактабгача ва мактаб ёшидаги болалар ҳамда олий таълим муассасалари талабалари учун табақалаштириш, музей фаолиятида маркетинг ва музей имижини шакллантириш инструментлари, музей фаолиятининг хавфсизлигини таъминлаш каби мавзуларга бағишланган машғулотлар ўтказилди.
Тренингда музей бош куратори Хеба Наэль Баракат, музей фонди ва кўргазмалар менежери Рекха Верма, таълим, маркетинг, консервация бўлимлари экспертлари маърузачи сифатида иштирок этдилар. Ўқувлар якунида иштирокчиларга махсус сертификатлар топширилди.
Малайзия Ислом санъати музейи 1998 йилда ташкил этилган. Музей Жануби-Шарқий Осиёдаги Ислом цивилизацияси тарихи ва санъатига бағишланган энг йирик музей бўлиб, майдони 30 мингкв.м.га тенг. Музей коллекциясидан бутун ислом оламининг маданияти ва санъатини акс эттирувчи муҳим экспонатлар ўрин олган. Энг нодир экспонатлардан бири- бу Ўзбекистонга тегишли бўлган VIII асрга оид сўғд ипак либосидир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўзбекистон тараққиётининг янги даврида виждон ва эътиқод эркинлигини таъминлаш, диний-маърифий соҳада кенг кўламли ислоҳотлар амалга ошириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, “Ҳаж” ва “Умра” сафарларини ташкил этиш ва зиёратчиларга қулай шароитлар ҳозирлаш сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди.
Хабар берганимиздек, мамлакатимизда ҳаж мавсуми жорий йил 13 май кунидан бошланди. (https://t.me/muslimuzportal/41370)Айни кунларда Мадинаи мунавварада ибодатларини ниҳоясига етказган юртдошларимиз бирин-кетин Макка шаҳрига йўл олмоқдалар.
17 май куни навбатдаги зиёратчилар Маккаи мукаррамага шинам автобусларда етиб келди. Бўлғуси ҳожиларга муқаддас шаҳардаги “Аброж Дана” ва "Вафақ ал-Саҳа" меҳмонхоналарида зам-зам сувлари, хурмо, ширинликлар, гуллар ва ҳадялар улашилиб, иззат-икром қилинди.
Мана шундай илтифотлардан кўнгиллари кўтарилган юртдошларимиз Аллоҳ таолога чексиз шукроналар айтиб, уларга бўлган катта эҳтиром ва эътиборни нафақат мамлакатимизда, балки олис Макка шаҳрида ҳам чин дилдан ҳис этишди.
Шу кунларда ушбу муқаддас шаҳарда тоат-ибодатларини адо этаётган юртдошларимиз ҳар қадамда давлатимизнинг ғамхўрлигини ҳис қилиб, ўз дуоларида юритимизга тинчлик, халқимизга фаровонлик тиламоқдалар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати