Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
24 Июн, 2026   |   9 Муҳаррам, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:05
Қуёш
04:51
Пешин
12:29
Аср
17:41
Шом
20:04
Хуфтон
21:46
Bismillah
24 Июн, 2026, 9 Муҳаррам, 1448

Пингвин қушми ёки балиқми?

04.12.2018   10226   6 min.
Пингвин қушми ёки балиқми?

Пингвинлар – қушларнинг бир тури бўлиб, сузувчи, шўнғувчи хусусиятга эга, лекин учолмайди. Бунинг сабаби қанотининг кичиклиги, танасининг оғирлигидир.

Пингвинларнинг 16 тури, уларни бирлаштирувчи 6 та уруғи мавжуд.

Гавдасининг узунлиги 30-120 см, вазни 1-40 килограммни ташкил этади. Қорни ва кўкраги оқ, орқаси тўқ кўк ёки қора бўлади.  

Пингвинларнинг кўкрак мускуллари яхши ривожланган.

Қанотлари тангачасимон патлар билан қопланган куракоёққа айланган. Сузганда ва шўнғиганда улардан эшкак сифатида фойдаланади.

Муз ва қор устида секин қадамлаб юради.

Пати майин.

Пингвинлар Галапагос оролларидан то Жанубий Қутбгача бўлган ҳудудларда, асосан, Антарктидада яшайди.

Пингвиннинг суяклари бошқа қушларнинг суягига нисбатан анча зичдир. Бу эса унинг сув остига шўнғиб, у ерда узоқ вақт тура олишига имкон беради.

 

 

Одатда пингвинлар овқат излаб анча узоқ масофаларга сузиб борса ҳам, яна айланиб олдинги инига қайтиб келади.

Пингвинлар бошоёқли моллюскалар, қисқичбақасимонлар ва майда балиқлар билан озиқланади.  

Пингвинлар ичида энг каттаси император пингвини бўлиб, унинг баландлиги 1 метрдан ошади.

 

 

Пингвинлар денгизда соатига 8-9 километр тезликда сузади.

Тарихда ўтган энг катта пингвиннинг баландилиги 1 ярим метр, оғирлиги 91 кг бўлган.  

Пингвинларда тишлар йўқ. Аммо бунинг ўрнига уларнинг тили ва томоғи тиканли тузилишга эга бўлиб, у таомни тутиб қолади, оғзидан ташқарига сирпаниб чиқишига йўл қўймайди.

Пингвинлар ўртача 15-20 йил умр кўради.

Ҳар бир пингвинни ўзига хос овози бўлиб, улар бир-бирларини овозлари орқали таниб оладилар.

Пингвинлар денгизнинг шўр сувини ича олади. Уларда махсус без мавжуд бўлиб, унинг вазифаси суюқликни фильтрлаш, ортиқча тузларни ташқарига улоқтиришдан иборат.

 

 

Барча пингвинлар умрининг 75-80 фоизини денгизда ўтказади. Лекин жуфтлашиш мавсумида қуруқликка чиқади. Тухумларини ҳам ерга қўяди. Тухумларни эркак ва урғочи пингвинлар навбати билан босиб ўтиришади. Улар ўзлари босиб турган тухумни иситиш учун қорнидаги тери бурма билан ўраб, 65 кун давомида ўтиришади.

Император пингвинлари фақат битта тухум қўяди. Қолганлари эса иккитадан тухум қўйишади.

Пингвинлар денгиздан қуруқликка сакрашни моҳирлик билан уддалашади. Император пингвинлари сувдан қуруқликка сакраётганда 180 сантиметр баландликкача сакраши мумкин.

 

 

Баъзи пингвинлар 100 метр чуқурликкача, император пингвинлари эса 500 метргача шўнғиши мумкин.

Пингвинлар кўпайиш мавсумида фақат битта урғочи пингвин билан жуфтлашади. Император пингвинлар эса умр бўйи битта жуфти билан яшайди.

Пингвинларнинг айрим турларида жуфтлашиш олдидан бир воқеа содир бўлади. Эркак пингвин урғочи пингвиннинг кўнглини олиш учун унга ҳадя сифатида катта тошни олдига суриб қўяди.

Бир неча аср олдин денгизчилар томонидан пингвинлар гўшти ва ёғи учун овланган. Ҳозирги кунда уларнинг кўп турлари Халқаро қизил китобга киритилган.

Маълумки, пингвинлар минус 40 даража совуқда яшайди. Лекин нега музлаб қолмайди? Ҳатто танасидаги кичик бир ҳудудда ҳам музлаш, қотиб қолиш жараёни юз бермайди.

Америка Қўшма Штатларида шу масалада тадқиқот ўтказилди. Олимларнинг хулосаларига кўра, пингвиннинг терисида майда тешикчалари бўлиб, ҳар бир тешикчада ёғ тўпланади. Ушбу ёғ унинг бутун танасини ўраб олади. Пингвин бу ёғ орқали танасини тозалайди. Мана шу ёғ натижасида пингвиннинг танаси сув билан намланмайди. Танага сув юқмагани учун музламайди.

 

 

Ҳаво жуда совиб кетса, пингвинлар жамоаси бир жойга тўпланиб, ёш пингвинчаларни ўртага олиб, бир-бирлари билан сиқилиб туришади. Натижада жамоанинг ўртасида илиқ ҳаво юзага келади. Улар шу алфозда ҳавонинг совуқлиги бироз пасайиб, изғирин босилгунча туришади. Жамоанинг четида турган пингвинлар совуқ ҳавода қийналмасликлари учун аста юриб ичкарига – илиқ ҳаво айланиб турган марказга киришга уринадилар. Шу тарзда ҳамма пингвинлар навбати билан илиқ ҳаводан баҳраманд бўлиб, совуқ ҳаво оқимини талафотсиз ўтказадилар.

Калифорния университетининг профессорлари пингвин танасининг музламаслиги борасида махсус текшириш ўтказдилар.

Пингвин ажойиб тузилишга эга жонзотдир. Унинг танасидаги ёғ тананинг сув билан намланишининг олдини олиб, тана ичига совуқ ҳаво киришига тўсқинлик қилади. Натижада у денгизда сузиб, қуруқликка чиқса ҳам танасида сувнинг музлаши содир бўлмайди.

Энди савол туғилади: “Ушбу ажойиб тузилиш ўз-ўзидан бўлиб қолганми ёки Буюк Холиқ томонидан аниқ ҳисоб-китоб билан яратилганми?”

Бу саволга ушбу оят билан жавоб берамиз:

 صُنْعَ اللَّهِ الَّذِي أَتْقَنَ كُلَّ شَيْءٍ إِنَّهُ خَبِيرٌ بِمَا تَفْعَلُونَ

“Бу ҳар бир нарсани пухта қиладиган Аллоҳнинг санъатидир. Албатта, у нима қилаётганингиздан хабардордир” (Намл сураси, 88-оят).

Субҳаналлоҳ! 

 

Интернет маълумотлари ва Абдуддоим Каҳел мақоласи асосида

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

Мақолалар
Бошқа мақолалар

“Эгизак”лар

19.06.2026   14071   3 min.
 “Эгизак”лар

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ота-онага яхшилик қилиш билан ҳаётда муваффақиятга эришишни шартли равишда “эгизак”лар дейиш мумкин! Чунки биринчиси бор жойда албатта иккинчиси бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу хонасидан чиқиб, онасининг ҳужраси олдидан ўтаётганида унинг эшиги олдида тўхтар ва: “Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ, онажон!” дерди. Онаси жавобан: “Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ, болажоним!” деб алик оларди. Сўнг ўғил: “Мени кичиклигимда тарбиялаганингиздек, Аллоҳ сизга раҳм қилсин!” дер, она: “Кексайганимда менга яхшилик қилганингдек, Аллоҳ сенга раҳм айласин!” дерди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу бу ишни ҳар куни қиларди.

Ёдда тутингки, бахт-саодат турлари қанча кўп бўлмасин, улар ичра энг гўзали ота-она дуосидир! Кимки ота-онаси дуосига муяссар бўлиб яшаса, улар хизматида қоим турса, унинг бандалик мақоми кўтарилади, ҳаёти давомида муваффақиятларга ноил бўлади!

Буюк тобеинлардан Ҳужр ибн Адий онасининг тўшагини ўз қўли билан солиб, юмшоқ ва текислигига ишонч ҳосил қилгач, онасини ётқизарди.

Шу замонамизда бир йигит масжид совиткич (кондиционер)ларини созлаш билан шуғулланар экан. Ундан қанча маош олиши ҳақида сўрашганида, онаси унга масжиддаги иши учун маош олмасликни насиҳат қилгани, шу боис у масжидлардан мутлақо ҳақ олмаслигини айтди. Фарзанди онгига шундай гўзал тушунчани сингдирган онага тасанно! Онасининг насиҳатини маҳкам тутиб, унга ҳурмат кўрсатаётган у йигитга офарин!

Энди бунинг мутлақо акси бўлган ҳолат – ота-онага яхшилик қилмаган ҳолатда ҳам бу ёмон иллат билан ютқизиқ, хорлик “эгизак”дир. Ундай банда дунёда ҳам, охиратда ҳам ҳақиқий мақом-мартаба, эҳтиром топмайди.

Бир йигит отаси вафотидан кейин онасини қариялар уйига олиб бориб, бир-бир хабар олиб турадиган бўлибди. Бир куни қариялар уйидан онасининг ўлим ёқасида экани ҳақида хабар келибди. Ўғил онаси тиригида бир кўриб қолиш мақсадида дарҳол етиб борибди. Онасидан сўрабди: “Онажон, сиз учун нима қилишимни хоҳлайсиз?”. Онаси: “Елпаррак олиб беришингни истайман, чунки бу ерда димиқиб кетяпман. Егулик сақлаш учун музлаткич ҳам олиб берсанг. Неча кундан бери оч ухлаяпман”, дебди. Ўғил бу гаплардан ҳайрон қолиб: “Ахир нега бу нарсаларни энди сўраяпсиз? Нега аввалроқ айтмадингиз?” дебди. Онаси маъюс ҳолда: “Ўғлим, мен-ку иссиққа ҳам, очликка ҳам кўникдим. Лекин эртага сен ҳам қариб, болаларинг бу ерга олиб келишганида қийналмагин, деб айтяпман”, дея жавоб берибди.

Ота-онасига етарлича эҳтиром ва яхшилик қилмаётганлар ўзларини ўнглаб, кўзларини очиб олишсин! Шайх Али Тантовий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Онасининг яхшилигини унутган ёки онасига битта гап билан бўлса ҳам озор берадиган одамни кўрсангиз, унга асло ишонманг, ишларингизни унга топширманг! Онасининг яхшилигини билмаган бошқанинг яхшилигини билармиди, қадрига етармиди?!”.


Ҳассон Шамсий Пошонинг “Метин қоялар” китобидан
Неъматуллоҳ Исом, Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ таржимаси