Мавлид – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таваллудлари, туғилган жойи ва замони, Пайғамбар алайҳиссаломнинг таваллуди муносабати билан ўтказиладиган маросимга берилган ном. Шунингдек, Пайғамбар алайҳиссаломнинг туғилишларига бағишланган манзумалар ва насрий асарлар ҳам мавлуд деб аталади. Шу нуқтаи назардан, Пайғамбар алайҳиссаломнинг туғилган куни “мавлид”, туғилган ойи “мавлид ойи”, туғилган кечаси “мавлид кечаси” деб аталади. Асли “мавлид” бўлган мазкур калима тилимизда “мавлуд” шаклида ҳам қўлланилади.
“Мавлид” кечаси қандай кеча? У Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дунёга келган кеча бўлиб, “Қадр кечаси”, “Меърож кечаси”, “арафа кечаси”, “жума кеча” каби муборак кунлар ва кечалар сирасида ўзига хос аҳамиятли кечадир. Ҳатто Қадр кечасидан-да эътиборли кеча дегувчилар ҳам бор.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туғилган куни қайси кун эканини у зотнинг ўзлари айтганлар. Хусусан, ҳадиси шарифлардан бирида у зотдан нега душанба куни рўза тутишларининг сабабини сўрашганида, “Мен душанба куни туғилдим ва Қуръони карим менга душанба куни нозил бўлди”, деб жавоб берганлари айтилади...
ЎМИ Матбуот хизмати
Мустақиллигимизнинг 35 йиллик айёми ҳамда янги ўқув йили муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар билан ишлаш бўлими томонидан юртимиз бўйлаб кенг кўламли хайрия тадбирлари ўтказилди.
Мазкур хайрли ташаббус асосида Республикамизда фаолият юритаётган 2 161 та масжид ходимлари иштирокида 11 144 нафар кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларига мактаб формалари ва ўқув қуроллари беғараз ҳадя қилинди.
Ушбу акция доирасида ажратилган кўмакнинг умумий миқдори 4 миллиард 929 миллион 995 минг сўмни ташкил этди.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад – ёш авлоднинг сифатли таълим олишига кўмаклашиш, уларни янги ўқув йилига муносиб тайёрлаш ҳамда қалбларида байрам қувончи улашишдир.
Истиқлол байрами арафасида амалга оширилаётган бундай хайрия тадбирлари юртимизда инсон қадри, болалар манфаатлари ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганининг амалий намунаси, дейиш мумкин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати