Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
01 Июл, 2026   |   16 Муҳаррам, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:08
Қуёш
04:54
Пешин
12:29
Аср
17:42
Шом
20:04
Хуфтон
21:45
Bismillah
01 Июл, 2026, 16 Муҳаррам, 1448

Зубайр ибн Аввом

19.11.2018   18366   2 min.
Зубайр ибн Аввом

Машҳур саҳобалардан Зубайр ибн Аввом ибн Ҳувайлид Асадий Қурайший розияллоҳу анҳунинг насаби Пайғамбаримиз Соллаллоҳу алайҳи васаллам насаблари билан Килобда туташади. У Хадича онамиз розияллоҳу анҳу сингари Бани Асад уруғидан. Пайғамбаримиз Соллаллоҳу алайҳи васаллам аммалари София бинти Абдулмутталиб розияллоҳу анҳонинг ўғли бўлган.

Ибн Саъд раҳматуллоҳи алайҳ “Тобақотул Кубро” асарида София бинти Абдулмуттолиб розияллоҳу анҳо ўғли Зубайрга қаттиққўллик билан тарбия бераётганини кўриб одамлар: “Ахир уни жуда қийнаб юбординг”, деганларида: “Мен уни пишисин, қатъиятли бўлсин дейман”, деб айтганини келтирган.

Йиллар ўтиб, онанинг орзуси ушалди. Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу баланд бўйли, ўта чидамли бўлиб вояга етди. Унда вафодорлик, бирсўзлик, сахийлик каби фазилатлар мужассам эди. Бир куни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унинг қўлидан тутиб: “Ҳар бир пайғамбарнинг хос ёрдамчиси бўлган, менинг хос ёрдамчим Зубайр ибн Аввомдир” деб марҳамат қилдилар (Имом Ҳоким). 

Зубайр розияллоҳу анҳу олдинига фақирона ҳаёт кечирди. Аёли Асмо розияллоҳу анҳо уй ишларидан ташқари чорва боқиш, ўтин териш кабилар билан турмуш ўртоғига ёрдамлашди. Кейинроқ Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу тижорат билан шуғулланиб, бойиб кетди. Аммо сахийлиги туфайли уйида бирор нарса турмаган. Катта маблағ тушса, уйигача етиб бормай, йўлдаёқ одамларга тарқатиб юборарди.

Оиша розияллоҳу анҳо  ривоят қилади: «Пайғамбаримиз Соллаллоҳу алайҳи васаллам Зубайрнинг уйида чироқ ёниб турганини кўрдилар ва “Эй Оиша, Асмо фарзандли бўлганга ўхшайди. Унга исм қўймай туринглар. Мен ўзим қўяман”, дедилар. У зот чақалоқни Абдуллоҳ деб атадилар ва хурмо билан танглайини кўтардилар”» (Имом Термизий).

Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу маслаҳат олган олти саҳоба, “аҳли шўро”нинг бири Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу бўлган.

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг замонига келиб Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу энг кўзга кўринган арбобларидан бирига айланди.

Зубайр ибн Аввом Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан бир лаҳза ҳам ажрамади. Доимо хизматларида бўлиб, буюрилган ишни сидқидилдан адо этарди. У киши Пайғамбаримиз Соллаллоҳу алайҳи васалламдан жами ўттиз саккизта ҳадис ривоят қилди. Ҳижрий ўттиз тўртинчи санада (милодий 656) Басрада вафот этди.

Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти

4-курс талабаси маърупов Ойбек

Манбалар асосида тайёрлади

Сийрат ва ислом тарихи
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Тавба суви энг покиза сувдир

30.06.2026   2612   1 min.
Тавба суви энг покиза сувдир

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Аллоҳ кўп тавба қилувчилар ва кўп покланувчиларни суяди. Ҳатто у бандасининг тавбасидан хурсанд бўлади. Унинг хурсандлиги жазирама, қуш учса қаноти куядиган чўлда туясида ичимлиги ва таомлари билан кетаётиб уни йўқотиб қўйган, қидира-қидира умидини узиб ўлимга тайёрлана бошлаган ва хушидан кетган ҳамда ўзига келиб туясини топиб олган кишининг хурсандчилигидан кўра қаттиқроқ бўлади. Аллоҳ таоло Ўзининг мўмин бандаларига бундай марҳамат қилади:

﴿وَتُوبُوا إِلَى اللَّهِ جَمِيعًا أَيُّهَا الْمُؤْمِنُونَ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ﴾

“Аллоҳга барчангиз тавба қилинг, эй мўминлар! Шоядки, нажот топсангизлар” (Нур сураси, 31-оят).

Тавба – кўз ёшлар суви ва надомат олови билан қалбни поклашдир. Тавба қалбда олов, нафсда алам, кўнгилда синиқлик ва кўздаги ёшдир. У Аллоҳ томон юрувчилар йўлларининг боши ва муваффақиятга эришганларнинг сармоясидир. Тавба қилувчи инсон тазарру қилиб ёлворади, ҳўнграб йиғлайди, инсонлар хотиржам бўлсаларда унинг қалби сокинлашмайди, махлуқотлар тинчлансада унинг қўрқуви тинмайди. Шунинг учун ҳам кечалари Роббисининг ҳузурида маҳзун қалби, ғамга тўлган кўнгли билан қалтираб туради. Агар хатолари кўплиги ва гуноҳлари катта эканини ҳис қилса қалби қайтадан ёниб кетади, кўз ёшлари сел бўлиб оқади ва бу дунёни оддий бир матоҳ деб била бошлайди.

Шуъла: Ижобий ва оптимист бўлиб фикрланг. Агар кунларингиз ёмонлашиб кетган бўлса, бу – тез орада келадиган шодлик ва сурурга тўлган кунларнинг бошланишидир.

Доктор Оиз ал-Қарнийнинг
"Дунёдаги энг бахтли аёл" китобидан

Мақолалар