بسم الله الرحمن الرحيم
ТАҚВО ФАЗИЛАТИ
الحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي قَالَ فِي كِتَابِهِ الْحَكِيمِ "إِنَّ اَكْرَمَكُمْ عِنْدَ اللهِ أَتْقَاكُم" وَالصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ عَلَى رَسُولِهِ الْكَرِيمِ الَّذِي كَانَ يَقُولُ "وَاللهِ إِنِي أَخْشَاكُمْ لِلَّهِ وَأَتْقَاكُمْ لَهُ" وَعَلَى آلِهِ وَأَصْحَابِهِ أَجْمَعِينَ.
Муҳтарам азизлар! Бандани Аллоҳ таолога яқинлаштирадиган, уни Аллоҳ таолонинг ҳузурида ҳурмат топишига сабаб бўладиган энг улуғ фазилат, бу – тақводир. Қуръони каримнинг бир юз етмиш бешта ўрнида “тақво” ҳақида сўз юритилган. “Тақво” арабча сўз бўлиб, “сақланмоқ”, “эҳтиёт бўлмоқ” маъноларини англатади. Шариатимизда эса, киши Аллоҳ таолонинг азобидан сақланиши учун, ўзини каттаю кичик гуноҳ ва маъсиятлардан тийиши тақво дейилади.
Аллоҳ таоло қадимда ўтган барча умматларни, шунингдек, биз уммати муҳаммадияни ҳам тақвога буюрган. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади:
وَلِلَّهِ مَا فِي السَّمَاوَاتِ وَمَا فِي الْأَرْضِ وَلَقَدْ وَصَّيْنَا الَّذِينَ أُوتُوا الْكِتَابَ مِنْ قَبْلِكُمْ وَإِيَّاكُمْ أَنِ اتَّقُوا اللَّهَ وَإِنْ تَكْفُرُوا فَإِنَّ لِلَّهِ مَا فِي السَّمَاوَاتِ وَمَا فِي الْأَرْضِ وَكَانَ اللَّهُ غَنِيًّا حَمِيدًا
(سورة النساء/131آية)
яъни: “Осмонлар ва Ердаги нарсалар Аллоҳникидир. Сизлардан олдинги Китоб берилганларга ва сизларга ҳам, Аллоҳдан қўрқингиз, деб амр қилганмиз. Агар куфрни ихтиёр этсангиз, бас, албатта, осмонлару Ердаги нарсалар Аллоҳникидир. Аллоҳ беҳожат ва ҳамд эгасидир” (Нисо сураси, 131-оят).
Қуръони каримнинг жуда кўп оятларида Аллоҳ таоло ўзининг бой экани, бирор нарсага ҳожати тушмаслиги, балки унга бошқаларнинг эҳтиёжи доимо тушиб туришини таъкидлайди. Тақво ва ибодатларга буюриши ҳам Ўзининг эҳтиёжи сабабли эмас, балки инсонлар манфаати учундир. Бутун дунё аҳли ёппасига куфрга ўтиб кетган тақдирда ҳам, Унга ҳеч қандай зарар етмайди.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам биз умматларини тақвога буюрганлар ва айни пайтда Ўзлари бизларнинг ичимизда энг тақводор зот эканларини таъкидлаб:
وَاللهِ إِنِي أَخْشَاكُمْ لِلَّهِ وَأَتْقَاكُمْ لَهُ
(رَوَاهُ الْاِمَامُ الْبُخَارِيُّ)
яъни: “Аллоҳга қасамки, Мен сизлардан кўра Аллоҳдан қўрқувчироқ ва тақводорроқман”, – деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Абу Зар ва Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
إتَّقِ اللهَ حَيْثُمَا كُنْتَ وَأَتْبِعِ السَّيِّئَةَ الْحَسَنَةَ تَمْحُهَا وَخَالِقِ النَّاسَ بِخُلُقٍ حَسَنٍ
(رَوَاهُ الْإِمَامُ التِّرْمِذِيُّ وَالْإِمَامُ أَحَمَدُ وَالْإِمَامُ الدَّارِمِيُّ).
яъни: “Қаерда бўлсанг ҳам, тақво қилгин, агар бирорта гуноҳ қилсанг албатта, унинг кетидан бирор савобли ишни қилгинки, қилган гуноҳингни ўчириб юборсин, инсонларга чиройли хулқ билан муомала қилгин” (Имом Термизий, Имом Аҳмад ва Имом Доримий ривоят қилган).
Бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:
أَلْإِسْلَامُ عَلَانِيَةٌ وَالْإِيْمَانُ فِي الْقَلْبِ ثُمَّ يُشِيرُ بِيَدِهِ إِلَى صَدْرِهِ: أَلتَّقْوَى هَاهُنَا أَلتَّقْوَى هَاهُنَا
(رَوَاهُ الْإِمَامُ ابْنُ أَبِي شَيْبَةَ)
яъни: “Ислом ошкорадир, имон эса қалбдадир”, – дедилар. Сўнгра қўллари билан кўксиларига ишора қилиб: “Тақво мана бу жойдадир, тақво мана бу жойдадир”, – дедилар (Имом Ибн Абу Шайба ривояти). Ушбу ҳадисдан шуни англаш мумкинки, ислом динида буюрилган амалларни қилган кишини “мусулмон” дейилади. Имон – қалб амали бўлгани учун уни Аллоҳга ҳавола қилинади. Тақво – инсоннинг ботиний ҳолатики, уни зоҳирига қараб тақводор ёки тақводор эмаслигини аниқлаб бўлмайди. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида шундай деганлар:
إِنَّ اللهَ لَا يَنْظُرُ إِلَى صُوَرِكُمْ وَأَمْوَالِكُمْ وَلَكِنْ يَنْظُرُ إِلَى قُلُوبِكُمْ وَأَعْمَالِكُمْ
(رَوَاهُ الْإِمَامُ مُسْلِمٌ)
яъни: “Албатта, Аллоҳ таоло сизларнинг суратларингизга ҳам, мол-давлатингизга ҳам қарамайди, балки қалбингизга ва амалларингизга қарайди” (Имом Муслим ривояти).
Муҳтарам жамоат! Тақво қилишнинг фазилатлари ва фойдалари жуда ҳам бисёр бўлиб, Қуръони каримда уларнинг бир қанчалари зикр этиб ўтилган. Жумладан:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا إِنْ تَتَّقُوا اللَّهَ يَجْعَلْ لَكُمْ فُرْقَانًا وَيُكَفِّرْ عَنْكُمْ سَيِّئَاتِكُمْ وَيَغْفِرْ لَكُمْ وَاللَّهُ ذُو الْفَضْلِ الْعَظِيمِ.
яъни: “Эй, имон келтирганлар! Агар Аллоҳдан қўрқсангиз, сизлар учун (ҳақ билан ноҳақликни) ажрим этувчи (ёрдам)ни берур ва гуноҳларингиздан ўтиб, сизларни мағфират қилур. Аллоҳ улкан фазл соҳибидир (Анфол сураси, 29-оят).
Тақводор бандага ҳар қандай танг ҳолатдан чиқиш йўллари осон қилиб қўйилади, унга ризқ эшиклари ҳам ланг очилади. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилган:
وَمَنْ يَتَّقِ اللَّهَ يَجْعَلْ لَهُ مَخْرَجًا وَيَرْزُقْهُ مِنْ حَيْثُ لَا يَحْتَسِبُ
(سورة الطلاق/3-2 آية)
яъни: “Кимки Аллоҳга тақво қилса, У унга (ташвишлардан) чиқиш йўлини (пайдо) қилур. Яна, уни ўзи ўйламаган жойдан ризқлантирур (Талоқ сураси, 2-3-оятлар).
Тақво туфайли осмонлару ердан баракотлар ёғилиб, халқлар фаровон ҳаёт кечиришларига муяссар бўладилар. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
وَلَوْ أَنَّ أَهْلَ الْقُرَى آَمَنُوا وَاتَّقَوْا لَفَتَحْنَا عَلَيْهِمْ بَرَكَاتٍ مِنَ السَّمَاءِ وَالْأَرْضِ
(سورة الأعراف/96 آية)
яъни: “Агарда (мазкур) юртларнинг аҳолиси имон келтирган ва тақво қилганларида эди, улар устига осмонлар ва Ердан баракотлар (эшиклари)ни очиб юборган бўлур эдик” (Аъроф сураси, 96-оят). Бу оятда катта ибрат бордир. Аллоҳ таоло бандаларидан жуда кўп ва оғир нарсани талаб қилмади. Имон келтириб, ширк ва гуноҳлардан ўзларини тийсалар, бас. Шу ишлари эвазига еру осмондан баракот ато этаман, деб ваъда қилмоқда. Бу шарт ва мукофот ваъдаси то қиёматгача дунёга келиб кетувчи барча бандаларга ҳам тегишлидир.
Тақво туфайли банданинг қилган ибодат ва барча солиҳ амаллари Аллоҳ таолонинг ҳузурида мақбул бўлади. Қуръони каримда шундай дейилган:
إِنَّمَا يَتَقَبَّلُ اللَّهُ مِنَ الْمُتَّقِينَ
(سورة المائدة /27 آية)
яъни: “Аллоҳ аслида тақволи кишилардан қабул қилур” (Моида сураси, 27-оят). Буюк саҳобийлардан бири бўлмиш Абу Дардо разияллоҳу анҳу шундай деганлар: “Агар Аллоҳ таоло менинг бир вақт намозимни қабул қилганини аниқ билганимда эди, менга бу дунёдаги ҳамма нарсадан ҳам севимли иш бўлган бўлур эди, чунки Аллоҳ таоло: “Аллоҳ аслида тақволи кишилардан қабул қилур”, – деган”.
Юқорида айтганимиздек, тақво бандани наинки Аллоҳ таолога яқинлаштиради, Аллоҳ таоло тақводор бандалар билан биргадир. Бу ҳақда Қуръони каримда:
وَاتَّقُوا اللَّهَ وَاعْلَمُوا أَنَّ اللَّهَ مَعَ الْمُتَّقِينَ
(سورة البقرة /194 آية)
яъни: “Аллоҳга тақво қилингиз ва билингизки, албатта, Аллоҳ тақводорлар билан биргадир”, – дейилган (Бақара сураси,194-оят).
Шунинг учун Аллоҳ таоло биз мўмин-мусулмон бандаларини тақвога буюриб:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا اتَّقُوا اللَّهَ حَقَّ تُقَاتِهِ وَلَا تَمُوتُنَّ إِلَّا وَأَنْتُمْ مُسْلِمُونَ
(سورة آل عمران /102 آية)
яъни: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳдан чинакам қўрқув билан қўрқингиз ва мусулмон бўлмай дунёдан ўтмангиз!” – деб марҳамат қилган (Оли Имрон сураси, 102-оят).
Муҳтарам жамоат! Мавъизамизнинг давомида ҳозирги кунда баъзи бир ислом динидан хабари йўқ тоифалар томонидан нотўғри талқин қилиниб, айрим ёшларни адашишига сабаб бўлаётган жиҳод тушунчаси ҳақида маълумот бериб ўтамиз.
Жиҳод тушунчасини яхши англамай туриб, уни ҳаётга тадбиқ этиш қурбонларнинг хунига зомин бўлишдан ташқари кўпдан-кўп хатарли натижалар келтириб чиқаришини унутмаслик керак. Шунинг учун “жиҳод” сўзига қисқача изоҳ беришликни лозим топдик.
Жиҳод сўзи араб тилидан таржима қилинганда “жидду жаҳд қилмоқ”, “ҳаракат қилмоқ”, “интилмоқ” каби маъноларни ифодалайди. Дастлаб “жиҳод” дейилганида Исломни ҳимоя қилиш ва ёйиш учун кураш тушунилган. Бу сўзнинг истилоҳий маъноси “душмандан ҳимояланишда қўли, тили ёки моли билан курашишдир”. Умумий қилиб айтсак, жиҳод нафсга, шайтонга, босқинчиликка ва барча ёвузликларга қарши курашишдир.
Макка даврида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг: “(Эй Муҳаммад), Раббингизнинг йўлига (динига) ҳикмат ва чиройли насиҳат билан даъват қилинг! Улар билан энг гўзал услубда мунозара қилинг” (Наҳл сураси, 125 оят) деган кўрсатмаси асосида фаолият олиб борганлар.
Макка мушрикларининг зулми кучайганидан сўнг динни сақлаш учун улар билан жанг қилишга рухсат берилди. Зеро, ўша пайтда мусулмонларга қарши бўлган Макка мушриклари Ислом динини ва мусулмонларни йўқ қилиш мақсадида амалий ҳаракатларини олиб бораётган эдилар.
Агар “жиҳод” ислом давлатини қуриш учун ёки инсонларни динга киришга мажбурлаш учун жорий этилганида эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари бу борада намуна кўрсатган бўлур эдилар. Яъни, у зот биринчи бўлиб Маккадаги мушрикларнинг катталари билан урушган, Ислом давлатини барпо этиш учун жиҳод эълон қилган бўлардилар.
Бироқ, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай йўл тутмадилар. Аксинча, мусулмон жамиятини асраб қолиш мақсадида унинг ҳимояси учун жиҳодга чиққанлар.
Жиҳод масаласида ғулувга кетишнинг ислом дини таълимотига зид экани ҳадислар, уламоларнинг асарлари ва фатволарида муфассал баён қилингандир. Жумладан: Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: “Бир киши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга: “Мен жиҳодда қатнашмоқчиман”, – деди. У зот: “Ота-онанг борми?”, – деб сўрадилар. “Ҳа”, – деб жавоб қилди у киши. Шунда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уларнинг ҳузурига бориб, ёрдам бер, хизматини қил! Шу сенинг жиҳодингдир”, – дедилар”.
Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу шундай деганлар: “Жиҳод тўрт хилдир: Амри маъруф (яхши ишларга буюриш), нахйи мункар (гуноҳ, ёмон ишлардан қайтариш), ўзининг зарарига бўлса ҳам рост сўзлаш ва фосиқ кишининг масхара қилишига чидаб туриш”.
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: “Мусулмонларнинг афзали тилидан ва қўлидан мусулмонларга озор етмайдиганидир. Мўминларнинг афзали эса, хушхулқлироғидир. Муҳожирларнинг афзали Аллоҳ қайтарган нарсалардан ўзини йироқ тутувчидир. Жиҳоднинг афзали эса, Аллоҳ йўлида ўз нафси ва ҳавосига қарши қилинадиган жангдир”.
Шунга кўра, Биз халқимизни, хусусан мустақил ҳаётни бошлаётган ёшларимизни юртимиз, халқимизга дўст бўлмаган, сохта ғоялар билан ҳали ҳаётий тажрибага эга бўлмаган ўсмирларимизни оиласи ва Ватанидан айириб олиб, ўз манфаатлари йўлида қурбон қилишдек вайронкор мақсадларга эга кучлар борлигидан огоҳлантиришимиз лозим саналади.
Экстремистик оқимлар ўз сафига янги шахсларни жалб этишда интернет ва ижтимоий тармоқлардан кенг фойдаланмоқда.
Аслида эса, ёшларни ўз сафига чорлаётган, ўзини “мужоҳид” деб танитаётган кимсалар тинч аҳолини қатл этмоқда, аёл-қизларни хўрлаб, номусларига тажовуз қилмоқда. Норасида болаларни ўлдирмоқда. Уй-жойлар, мактаб ва кутубхоналар, қишлоғу-шаҳарларни бузиб, мўйсафид отахон, муштипар оналар, норасида гўдакларни кўчаларда саргардон қилмоқда.
Огоҳ бўлиш керакки, ўз юртига, оиласига хиёнат қилганларнинг икки дунёси ҳам куйиб кетади. Ибн Умар разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Қиёмат куни ҳар бир хиёнаткор учун бу дунёда қилган хоинлиги учун шармисор қилувчи байроқ ўрнатиб қўйилади”, деб айтганларини эшитдим”.
Экстремистлар ёшларни ўзига жалб қилишда “ҳижрат”, “жиҳод” ва “шаҳидлик” тушунчаларини нотўғри талқин этиб, улардан фойдаланадилар.
Холбуки, жиҳод тушунчасининг бузиб талқин этилиши оқибатида, ислом динида оғир гуноҳ саналган бегуноҳ инсонларнинг қонини тўкиш, ноҳақ одам ўлдириш, тинч аҳолига озор бериш каби манфур ишлар амалга оширилмоқда.
Аллоҳ таоло барчамизни муттақий бандаларидан айлаб, дунё ва охиратимизни обод қиладиган солиҳ амалларга муваффақ қилсин! Омин!
Муҳтарам имом-домла! Масжидларда намоз вақтига қатъий риоя этиб, хусусан, жума намозини белгиланган вақтдан ўтказмаган ҳолда адо этишингиз ва жума иш куни бўлгани учун намозхонларни кўп ушланиб қолишларига йўл қўймаслигингиз тавсия этилади!
Айрим илмсиз ёшлар энг нозик ва қалтис масалаларни кўтариб, мусулмонлар бирлигига рахна солиш билан шуғулланмоқда. Динда ғулувга кетиб, ғайридинлар ҳақидаги оят ва ҳадисларни нотўғри талқин қилган ҳолда уларни мусулмонларни кофирга чиқаришга қурол қилмоқдалар. Бу жуда ҳам хатарли ва қалтис йўл. Бу йўлда кўпчилик тойилиб, адашиб кетган. Шундай паллада ёшларни хатарлардан огоҳ этиш ҳар бир зиёли, маърифатпарвар инсоннинг бирламчи вазифалари сирасига киради.
“Такфир” тушунчаси “бировни кофирга чиқариш”, “кофир деб ҳисоблаш” маъноларини англатади. Шариатимизда мусулмон кишини аниқ ҳужжат бўлмасдан “кофир” деб ҳукм қилиш ўта хатарли бўлиб, асло мумкин эмас.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай деган:
﴿ولا تَقُولُوا لِمَنْ أَلْقَى إِلَيْكُمُ السَّلامَ لَسْتَ مُؤْمِناً﴾
“...Сизга салом берган кимсага мўмин эмассан, деманглар” (Нисо сураси, 94-оят).
Демак, Аллоҳ таоло бу ояти каримада шошмашошарлик билан бировнинг мўмин эмаслиги ҳақида ҳукм чиқаришдан қайтармоқда.
Шариатда мусулмон инсонни унинг мусулмон эканига қарши далил топилмагунича мусулмон деб ҳукм қилинади. Мўмин киши иймон асосларини очиқ инкор этиши ёки куфр калимасини билиб туриб, ўзи хоҳлаб талаффуз қилиши, Исломдаги қатъий фарз қилинган амаллардан бирини инкор қилиши ёки дин шиорларидан бирини масхара қилиши билан диндан чиқади. Шунда ҳам дарҳол унинг кофирлигига ҳукм чиқарилмайди. Балки бу шаръий масала бўлиб, муфтий ва қозиларнинг ишидир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Лаа илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ” деб турган шахсни кофирга чиқариш хатарини бир қанча ҳадисларида баён қилганлар. Жумладан, Расули акрам алайҳиссалом бундай дедилар:
ثَلاَثَةٌ مِنْ أَصْلِ الإِيمَانِ: الْكَفُّ عَمَّنْ قَالَ لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللَّهُ وَلاَ نُكَفِّرُهُ بِذَنْبٍ وَلاَ نُخْرِجُهُ مِنَ الإِسْلاَمِ بِعَمَلٍ.
«Уч нарса иймоннинг аслидандир. “Лаа илаҳа иллаллоҳ” деган кимсага тегмаслик, уни гуноҳи туфайли “кофир” демаймиз, амали туфайли Исломдан чиқармаймиз» (Имом Абу Довуд ривояти).
Ушбу ҳадиси шарифда мусулмон киши бошқа диндошига нисбатан қандай муносабатда бўлиши борасида аниқ ҳукм берилмоқда. Яъни ҳақиқий мўмин бошқа биродарини гуноҳи туфайли кофирга чиқармаслиги, қилган амали сабабли унга “мўмин эмас” деган сўзни айтмаслик лозимлиги уқтирилмоқда.
Яна бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
وَمَنْ قَذَفَ مُؤْمِناً بِكُفْرٍ فَهُوَ كَقَتْلِهِ.
“Ким мўмин кишини кофирга чиқарса, уни ўлдиргандек (гуноҳкор) бўлади” (Имом Бухорий ривояти).
Ушбу ҳадисга шарҳ ёзган уламоларимиз: «Мусулмонни ўлдирган қотил қанча гуноҳ олса, мусулмон инсонни “кофир” деб ҳукм қилган кимса ҳам худди шундай гуноҳкор бўлади», деганлар. Ваҳоланки, мусулмонни ўлдириш қандай гуноҳ экани ҳақида Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган:
﴿وَمَنْ يَقْتُلْ مُؤْمِنًا مُتَعَمِّدًا فَجَزَاؤُهُ جَهَنَّمُ خَالِدًا فِيهَا وَغَضِبَ اللَّهُ عَلَيْهِ وَلَعَنَهُ وَأَعَدَّ لَهُ عَذَابًا عَظِيمًا﴾
“Ким бир мўминни қасдан ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамдир. Унда абадий қолур. Унга Аллоҳнинг ғазаби ва лаънати ёғилур. Ва Аллоҳ унга улкан азобни тайёрлагандир” (Нисо сураси, 93-оят).
Кофирга чиқаришнинг хатари ҳақидаги машҳур ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
أَيُّمَا امْرِئٍ قَالَ لأَخِيهِ: يَا كَافِر فَقَدْ بَاءَ بِهَا أَحَدُهُمَا إِنْ كَانَ كَمَا قَالَ وَإِلا رَجَعَتْ عَلَيْهِ.
«Агар киши ўз биродарига: “Эй кофир” деса, иккисидан бири кофир бўлади. Агар биродари ҳақиқатан ҳам кофир бўлса, тўғри айтган бўлади, акс ҳолда бу гапи кофир дегувчини ўзига қайтади» (Имом Муслим ривояти).
Шу маънодаги ҳадисларни яна кўплаб келтириш мумкин. Уларнинг барчасида инсон бошқа мусулмонларни кофирга чиқаришга шошмаслиги, айбланган шахс у айтганидек бўлмаса, ўзи ўша сифатга дохил бўлиб қолиши таъкидланган.
Расулуллоҳнинг таълимларини олган саҳобаи киромлар ва улардан кейинги уламоларимиз ҳам мусулмонни “кофир” дейишдан қаттиқ ҳазир бўлганлар. Чунки улар бу ишда катта гуноҳ борлиги ва бу гап ўзига қайтиб қолишидан хабардор эдилар.
Ислом тарихидан маълумки, мусулмонни гуноҳи сабабли “кофир” дейишга биринчи бўлиб журъат этганлар хавориж фирқаси бўлди. Улар: “Мўмин киши гуноҳ иш қилса, кофир бўлади, Исломдан чиқади”, деди. Бора-бора хаворижларнинг мусулмонларни кофирга чиқаришдан бошқа қиладиган ишлари қолмади. Уларнинг шариатга зид бу ишлари мусулмонлар орасида ихтилоф ва зиддиятларни чиқариб, қирғинбарот урушларга, мусулмонларнинг қонлари тўкилишига олиб келди. Уламоларимиз хаворижларчалик Исломга катта зарар етказган фирқа бўлмаганини таъкидлайдилар.
Афсуски, ҳозирги кунда ҳам хаворижларнинг ғоявий издошлари чиқиб турибди. Замонамиз хаворижлари ҳам қадимги маслакдошларидан “ўрнак” олиб, фитна-фасод қилмоқдалар. Буларнинг ҳам, ўтмишдаги маслакдошлари каби, мусулмонларни айблашдан бошқа “ғам”лари йўқ. Булар иложи борича кўпроқ мусулмонни гуноҳи сабабли кофирга чиқаришни ўзларининг бош вазифалари деб биладилар.
Айни пайтда булар ижтимоий тармоқлардан фойдаланган ҳолда давлат раҳбарларидан бошлаб, ўзларига ҳамфикр бўлмаган ҳар бир мусулмонни осонгина кофирга чиқарадилар. Уларнинг сохта фатволарида ҳозирда мусулмонман деб юрганларнинг кўпчилиги мушрик ва кофир бўлиб кетган, дейилади (Аллоҳ асрасин!). Уларнинг бу сохта “фатвоси”нинг пуч эканига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқорида зикри келган ҳадисларидаги: “Мусулмонни гуноҳи туфайли кофир демаймиз”, деган қоиданинг ўзи кифоя қилади.
Бошқа бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким биз ўқиган намозни ўқиса, қибламизга юзланса, биз сўйган нарсалардан еса, у мусулмондир. Бизга нима ҳуқуқ бўлса, унга ҳам шу ҳуқуқ ва бизга нима мажбурият бўлса, унга ҳам шу нарса мажбуриятдир” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Машҳур саҳоба Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан бу масала борасида сўралди: «“Гуноҳлардан бирортасини куфр, ширк ёки нифоқ деб билармидинглар? У: “Аллоҳ сақласин! Биз гуноҳ қилган кишини гуноҳкор мўмин деб биламиз”, деди» (“Мажмаъуз завоид ва манбаул фавоид”).
Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига кўра, барча уламолар бир овоздан ҳаром иш қилган киши, модомики уни ҳалол санамас экан, кофирга чиқарилмайди, балки фосиқ, гуноҳкор бўлади, дейдилар.
Қолаверса, мазҳаббошимиз Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ “Фиқҳул акбар” китобида бундай деган:
وَلاَ نُكَفِّرُ مُسْلِمًا بِذَنْبٍ مِنَ الذُّنُوبِ وَاِنْ كَانَتْ كَبِيْرَةً اِذَا لَمْ يَسْتَحِلَّهَا.
“Мусулмон киши катта гуноҳлардан бирини қилса ҳам, модомики ўшани ҳалол санамаса, кофирга чиқармаймиз”.
Буюк муҳаддис олим Абу Жаъфар Таҳовий Ҳанафий “Ақидату-Таҳовия” асарида бундай деганлар: “Қибла аҳлларининг биронтасини гуноҳи сабабли, модомики уни ҳалол санамас экан, кофирга чиқармаймиз”.
Бу масалада Мулла Али Қорий раҳматуллоҳи алайҳ бундай деганлар:
قَالَ عُلَمَاؤُنَا: إِذَا وُجِدَ تِسْعَةٌ وَتِسْعُونَ وَجْهًا تُشِيْرُ إِلَى تَكْفِيْرِ مُسْلِمٍ وَوَجْهٌ وَاحِدٌ إِلَى إِبْقَائِهِ عَلَى إِسْلاَمِهِ
فَيَنْبَغِي لِلْمُفْتِي وَالْقَاضِي أَنْ يَعْمَلاَ بِذَلِكَ الْوَجْهِ.
Уламоларимиз айтадилар: “Агар (бирор сўз ёки иш устида) мусулмонни кофир дейишга далолат қиладиган тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, мусулмон деб билишга далолат қилувчи биргина далил бўлса, муфтий ва қозилар учун ўша битта далилни олиш лозим бўлади” (“Шарҳуш шифо”).
Аммо ҳозирги кундаги адашган кимсалар бу масалада: “Мўмин дейиш учун тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, кофир дейиш учун биргина далил бўлса, тўқсон тўққизтасини четга суриб қўйиб, ўша бир далилни олиш керак”, дейишгача бориб етдилар. Бу эса барча аҳли сунна уламоларимизнинг тутган йўлларига бутунлай зиддир.
Ҳозирги кундаги мусулмонларни кофирга чиқарувчиларнинг асосий хатолари – динни пухта билмаслик, оят-ҳадисларни енгил-елпи тушуниш, мўътабар мужтаҳид уламолар, муфассирлар ва ҳадисларга шарҳ ёзган буюк олимларнинг сўзларини билмасликлари ёки билсалар ҳам, эътиборга олмасликларидир. Мисол учун айрим жоҳил тоифалар
﴿فَاذْكُرُونِي أَذْكُرْكُمْ وَاشْكُرُوا لِي وَلَا تَكْفُرُونِ﴾
“Бас, Мени эслангиз, сизни эсларман. Ва Менга шукр қилингиз, куфр қилмангиз” (Бақара сураси, 152) оятидаги وَلَا تَكْفُرُونِ деган жойини “Менга кофир бўлманглар” деб тафсир қилишади. Яъни, гапни кофирликка бурадилар.
Ваҳоланки, бирор муфассир бу сўзни “куфр” деб тафсир қилмаган, балки, “ношукрлик” деб тафсир қилганлар. Масалан, Имом Қуртубий буни шундай тафсир қилган: فَالْكُفْرُ هُنَا سَتْرُ النِّعْمَةِ яъни, “бу жойдаги “куфр” сўзи Аллоҳ берган неъматни яшириш – ношукрлик қилишдир”, деган.
Бундай мисолларни Қуръони карим ва ҳадиси шарифлардан кўплаб келтириш мумкин.
Шундай экан, Қуръони каримда ёки ҳадиси шарифларда “куфр” сўзи ёки унга ўзакдош калималар келганда, ундан фақат кофирлик назарда тутилган деб тушунмасдан, балки мўътабар муфассир ва муҳаддис уламоларимизнинг тафсир ва шарҳларига қараб хулоса чиқаришимиз шарт бўлади.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, мусулмонни кофирга чиқаришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобаи киромлар, тобеинлар ва уларга эргашган уламоларимиз гуноҳкор мусулмонларни муртад ёки кофирга чиқармаганлар.
Шундай экан, мусулмон шахс ўзини суннатга ҳамда салафи солиҳлар йўлига эргашишини даъво қилар экан уларнинг йўлини маҳкам тутиши лозим.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси