Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
29 Август, 2026   |   16 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:22
Қуёш
05:46
Пешин
12:24
Аср
17:05
Шом
19:05
Хуфтон
20:25
Bismillah
29 Август, 2026, 16 Рабиъул аввал, 1448

"Сиз буюк хулқ узрадирсиз"

15.11.2018   13887   15 min.

Бизни Ўзининг охирги пайғамбари Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) нинг умматларидан қилган ва «Батаҳқиқ, сизлар учун – Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор», деган Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар бўлсин.

Ҳаётларининг ҳар бир лаҳзаси биз учун ибрат манбаи бўлган ҳабибимиз ва шафоатчимиз Муҳаммад мустафо (соллаллоҳу алайҳи васаллам) га батамому мукаммал саловоту дурудлар бўлсин.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг улкан ва ибратли ҳаётларининг ҳар бир лаҳзасини диққат билан ўрганиб, келажак авлодларга ўта аниқлик ила ривоят қилиб қолдириб кетган саҳобаи киромларга Аллоҳ таолонинг розилиги бўлсин.
Тунларни кунларга улаб, омонат ила Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) нинг ҳаёт йўллари–сийратлари ҳақида тайёр китоблар қолдириб кетган сийрат илми уламоларига Аллоҳ таолонинг раҳмати бўлсин.

Маълумки, Рабиул аввал ойининг 12-куни жаноби Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) нинг таваллуд топган кунларидир. Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)  милодий сананинг 571 йилида Маккаи мукаррамада араблар орасида обрўли саналмиш Қурайш қабиласида таваллуд топганлар. У зотнинг насаблари Иброҳим (алайҳис салом)га муттасил ҳолда етиб борганлиги ҳақида марҳамат қилиб:
     «Аллоҳ таоло пайғамбарлик учун Иброҳим авлодларидан Исмоилни, Исмоилнинг авлодларидан Бани Кинонани, Бани Кинонадан Қурайшни ва Қурайшдан Бани Ҳошимни, Бани Ҳошимдан эса мени танлаб олди» – деганлар.
Аллоҳ таоло Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ни ана шундай улуғ кишиларнинг пуштида сақлаб келиб, оталари Абдуллоҳ ва оналари Оминадан туғилишларини ирода қилди. Таваллуд топган кечаларида бир қанча ғароиб воқеалар содир бўлганлиги тарих китобларида зикр қилинган. 

Жумладан, у зот туғилганларида бир нур пайдо бўлиб, унинг зиёси Шом диёридаги қасрларни ёритиб юборган. Форс юртидаги мажусийлар сиғинадиган, минг йиллар давомида ёниб турган олов ўчиб қолган. Мушриклар ибодат қиладиган бут ва санамлар юз тубан қулаб тушган. Тўрт ёшлик чоғларида Ҳалима ас-Саъдийянинг уйида яшаган вақтларида “шаққи садр” воқеаси содир бўлиб, икки фаришта у зотнинг кўкракларини ёриб, ундан шайтоннинг насибасини олиб ташлайдилар. Ўн икки ёшларида амакилари Абу Толиб билан Шом сафарига чиққанларида тепаларида бир булут соя солиб борганлиги, Бусро деган жойга етганларида насроний роҳиб Буҳайронинг Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)  охирзамон пайғамбари бўлишларини башорат қилиши шулар жумласидандир.

Маълумки, Ислом дини инсониятни гўзал хулқу одобга чорлаш, уларни чин инсоний фазилатлар эгаси қилиб тарбиялаш учун нозил қилинган бўлиб, унинг таълимоти инсоният ҳаётининг барча жабҳаларини қамраб олгандир. Муқаддас динимизнинг ҳаётбахш ва ўлмас қадриятлари    мана ўн беш асрдирки, ҳамон бутун башарият назарида ҳурмат ва эътиборга сазовор бўлиб келмоқда. Албатта, бу биринчи навбатда, биз уммати муҳаммадияни ўз динимизга бўлган муҳаббатимизни янада зиёда бўлишига сабаб бўлса, иккинчидан, унинг таълимотларига чин ихлос билан амал қилмоқликка ундайди. 
Аллоҳ таоло Ўзининг энг сўнги ва комил динини мукаммал ахлоқи ҳамида соҳиби бўлмиш сарвари олам Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) га нозил қилиши ҳам бежиз эмас, албатта. Зеро, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) динимизнинг ҳар бир замон ва маконга муносиб бўлган, шунингдек, ҳар бир шахснинг иқтидорига қараб таклиф қилинган кўрсатмаларини биз умматлари учун ўзларининг ҳаётларига тадбиқ қилиб кўрсатиб бердилар.

Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) нинг ҳаётлари ҳар бир мўмин-мусулмон учун улкан тарбия мактабидир. У зоти шарифнинг ҳаёт йўлларини қунт билан ўрганиб чиққан ҳар бир инсон албатта, бунга амин бўлмай чораси йўқ. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

«(Эй, имон келтирганлар!) Сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир» (Аҳзоб сураси, 21-оят) – деб, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ни барча мўмин-мусулмонларга намуна бўлишга энг лойиқ зот эканликларини баён қилган.
Юқорида зикр қилиб ўтганимиздек, муқаддас динимиз кўрсатмалари асосан, инсониятни гўзал ахлоқли бўлишга, бандага Аллоҳ таолонинг олдидаги ҳамда жамият олдидаги бурчу вазифаларини гўзал суратда адо этишга, инсонлар ўртасидаги муносабатларни самимий ва беғараз амалга оширишга тарғиб қилади. Албатта, Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) буларнинг барчасида мўмин-мусулмонларга ўрнак кўрсатганлар.
Сарвари коинот (соллаллоҳу алайҳи васаллам)  бутун оламларга пайғамбар бўлиб келган бўлсаларда, биринчи навбатда оддий бир инсон эдилар. Оддий кишилар қатори еб-ичар, бозорга бориб эҳтиёжлари учун зарур бўлган нарсаларни ҳарид қилар эдилар. Айнан мана шу жиҳатлари ҳатто баъзи бир жоҳилларни ҳайратга солар эди. Яъни, пайғамбардек зотнинг бундай оддий инсонлар қиладиган ишлар билан машғул бўлиши уларни ажаблантирар эди. Бу ҳақда Қуръони каримда: «(Куфрда бўлганлар): “Бу қандай пайғамбарки, (оддий одамлардек) таом еса ва бозорларда юрса?! - дейдилар...» – деб хабар берилган (Фурқон сураси, 7-оят).

Оиша онамиз (розияллоҳу анҳо) дан ривоят қилинишича: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)  га таом келтирилса, иштаҳалари тортса ер эдилар. Агар кўнгиллари тортмаса емасдилар, лекин таомнинг камчилигини айтиб айбламас эдилар» (Имом Муслим ривояти).
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) камтарлик бобида ҳам ниҳоят даражада юксак ўрин тутганлар. Бунинг мисоли тариқасида қуйидаги ривоятни кўриш мумкин: Аллоҳ таоло У зотга пайғамбарлик билан подшоҳликни қўшиб берилиши ёки оддий банда бўлган ҳолда пайғамбар бўлиш ихтиёрини берганда, Он ҳазратлари оддий банда бўлган ҳолда пайғамбар бўлишни танлаганлар (Имом Байҳақий ривояти). Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)  нинг дуоларини олиб хизмат қилган Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) У зотнинг тавозеликларини эслаб: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) га ўн йил хизмат қилдим. Лекин, менга бирор марта ҳам «Уф» демадилар. Шунингдек, бирор нарса қилсам “нима учун уни қилдинг?», демаганлар, агар бирор ишни қилмасам “нимага буни қилмадинг?», деб айтмаганлар» – деганлар.

Демак, Он ҳазратлари ҳеч қачон бирор кимсага қўрс ва дағал муомала қилмаганлар. Ширин сўзлик ва мулойимлик билан муомала қилганлари учун ҳам, инсонлар У зотга эргашар, хизматларини қилишга ошиқишар эди. Бу ҳақда Қуръони каримда ҳам:
«Аллоҳнинг раҳмати сабабли (Сиз, эй, Муҳаммад), уларга (саҳобаларга) мулойимлик қилдингиз. Агар дағал ва тошбағир бўлганингизда, албатта, (улар) атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эдилар...» – (Оли-Имрон сураси, 159-оят) деб хабар берилган.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) оила аҳллари билан хушмуомалада бўлар, уй юмушлари билан ҳам шуғулланар эдилар. Оиша (розияллоҳу анҳу) дан: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) оила аҳллари билан ёлғиз қолганларида ўзларини қандай тутардилар» – деб сўрашганда, у киши: «Жуда мулойим муомала қилар, кулиб, табассум билан боқар эдилар. Шунингдек, оила аҳллари хизматида бўлар эдилар. Ҳеч ким У зотни саҳобалари орасида оёқларини узатиб ўтирганларини кўрмаган» – деб жавоб берганлар.
Кўриниб турибдики, сарвари коинот пайғамбар бўлишларига қарамай оилага нисбатан зиммаларидаги бурчларини бекаму кўст адо этганлар. Уларнинг рўзғор юмушларига кўмаклашар, имкониятлари даражасида аҳли аёлларини нафақа билан таъминлар эдилар. Баъзи бир оила раҳбарлари эса, иш ва тирикчиликни баҳона қилиб ёки тарки дунёчиликка берилиб оиласи, бола чақасини нафақа билан таъминлаш, фарзандларининг таълим-тарбияси билан шуғулланишни унутиб қўймоқдалар. Албатта, бу мусулмончиликка тўғри келмайди. Ҳар бир нарсанинг, жумладан, ишнинг ҳам, ибодатнинг ҳам ўз вақти бор. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Ҳар бир ҳақ эгасининг ҳаққини адо этинг» – деганлар. Шундай экан, аҳли аёл ва фарзандларимиз нафақаси ва таълим тарбияси билан шуғулланишни ҳам унутмайлик. Оиша онамиз (розияллоҳу анҳо) яна:
«Ҳусни хулқда пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) дан ўтадиган ҳеч ким бўлмаган, зеро у зот қачон бирор кимса чақирганда доимо лаббай деб жавоб берар эдилар» – деганлар.
Ушбу ҳадисдан Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) нинг ҳушхулқликлари, У Зотга мурожаат қилган кимсага нисбатан ҳушмуомалада бўлишларини кўриш мумкин. Кўришганда саломлашиш, чақирганда лаббай дейиш, хайрлашганда эса, омонлик тилаш биз мўмин-мусулмонлар учун одатга айланмоғи керак. Зеро, инсонлар ўртасидаги меҳр-оқибат, аҳил ва иноқликнинг зиёда бўлиши биринчи навбатда, ҳушмуомала ва ширин суҳанликка боғлиқдир.

Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) саҳобаларига нисбатан яқин дўстдек муомалада бўлар эдилар. Қайси бир инсон билан суҳбатлашсалар унга шундай яқин муносабатда бўлардиларки, ҳатто ҳамсуҳбатлари хаёлида – Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) мени ҳаммадан ҳам кўпроқ яхши кўрар эканлар, деган фикр қолар эди. Саҳобаларини тоқатларидан ортиқ ишга буюрмас, акс ҳолда уларга ўзлари ёрдамлашиб юборар эдилар.
Ривоят қилинишича, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) сафарларининг бирида саҳобаларига бир қўйни сўйиб, таом тайёрлашга буюрдилар. Шунда бирлари: Қўйни мен сўяман деса, иккинчилари, мен эса терисини шилиб, майдалайман деди. Учинчилари, уни пишириб таом тайёрлаш эса менинг зиммамга, деди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «У ҳолда мен ўтин териб келаман» – дедилар. Саҳобалар: «Ё Расулаллоҳ! Сиз қўяверинг, ўзимиз қилаверамиз» – дейишди. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) эса: «Тўғри, бу ишни ҳам ўзингиз уддалайсиз, аммо мен сизлардан ажралиб туришни хоҳламайман. Чунки, Аллоҳ таоло бандасини ўз биродарларидан ажралиб турган ҳолда кўришни ёқтирмайди» – деб жавоб бердилар.
Он ҳазратларининг ушбу сифатлари ҳам камтарлик бобида биз учун ўрнак бўлмоғи лозим. Чунки, баъзи инсонларга обрў ёки бир оз мол-дунё тегиб қолса, ўзини йўқотиб қўяди. Бошқаларга нисбатан беписанд назар билан боқади. Халқимизда «Камтарга камол, манманга завол» – деган мақол ҳам бор. Қолаверса, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Кимки, Аллоҳ учун камтарлик қилса, Аллоҳ таоло унинг қадрини кўтаради» – деганлар.
«Шифои шариф» китобида келтирилишича: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Ҳабашистон подшоҳи Нажоший томонидан келган элчиларга ўзлари хизмат қилганлар. Саҳобаларнинг, бизлар хизмат қиламиз, сиз қўяверинг, дейишларига қарамай, У зот хизматдан тўхтамадилар ва: «Булар менинг Ҳабашистонга ҳижрат қилиб борган саҳобаларимга хизмат қилишган эди. Шунинг учун мен ҳам улардан ўз қарзимни узмоқдаман» – деганлар. Албатта, ўзгаларнинг ҳурматига нисбатан ҳурмат билан жавоб қайтариш ҳам гўзал фазилатдир. Бизлар бу соҳада ҳам Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) дан ўрнак олмоғимиз даркор.

Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) хайру саховат бобида ҳам барчага ўрнак эдилар. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) дан ривоят қилинадики, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) одамларнинг энг сахийроғи эдилар. Айниқса, Рамазон ойида У зотнинг саховатлари янада ортиб кетар эди. Тонги сабо барчага хуш кайфият бахш этгани каби, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) нинг саховатларидан ҳам барча баҳраманд бўлар эди (Муттафақун алайҳ).

Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) га Ҳиро ғорида биринчи бор ваҳий келганда, Жаброил (алайҳис салом) нинг ҳайбатларидан қўрқувга тушиб, уйларига келиб ўраниб оладилар. Бўлган воқеадан хавотирланиб, уни Хадича онамиз (розияллоҳу анҳо) га айтиб берганларида, у киши Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) нинг гўзал хулқлари туфайли У зотга ҳеч қандай офат ва бало етмаслигини айтиб, кўнгилларини кўтарадилар ва: 
«Аллоҳга қасамки, У Сизни ҳеч қачон хорлаб қўймайди. Чунки, Сиз қариндошлик риштасини боғлайсиз, доим рост гапирасиз, муҳтож одамларнинг оғирини енгил қиласиз, меҳмонни иззат-икром қиласиз, ҳақиқатпарварларга ёрдам берасиз» – дейдилар.
Албатта, бу борада ҳам биз Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) дан ибрат олмоғимиз даркор. Афсуски, ҳозирги кунимиздаги баъзи кишилар қариндошлар билан силаи раҳм қилиш, муҳтожларга ёрдам қўлини чўзиш, ростгўйлик, инсоф, адолат каби фазилатларга ҳам беэътибор бўлиб қолмоқдалар. Баъзи бир кимсалар ўз ака-укалари билан сан-манга боришиб, ўртадаги қариндошчиликка чек қўйсалар, баъзи бировлар эса, қўни-қўшничилик ҳақларига риоя қилмай, уларга озор етказиб қўядилар. Баъзида кўча-кўйда ёшларнинг катталарга нисбатан ҳурматларини сақламаслиги, кузатилмоқда. Албатта, булар мусулмонлар шаънига номуносиб бўлган ҳолатлардир. 
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Ислом динининг мазмун моҳиятини ўзларининг кундалик ҳаёт тарзлари, амаллари ва пурмаъно сўзлари орқали намоён қилиб берганлар. У зотнинг:
«Пайғамбар бўлиб келишимнинг асосий боиси гўзал ахлоқни тамомига етказишдан иборатдир» – деган сўзларида Ислом динининг асл моҳияти ифодалаб берилгандир. 
Шундай экан, Аллоҳ таолонинг ризосини истаган, дунё ва охиратининг фаровонлигини хоҳлаган ҳар бир мўмин-мусулмон киши Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ни ўзи учун ибрат қилиб олмоғи лозим.

Ҳаётларининг ҳар бир лаҳзаси биз учун ибрат манбаи бўлган ҳабибимиз ва шафоатчимиз Муҳаммад мустафо (соллаллоҳу алайҳи васаллам) га батамому мукаммал саловоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло барчаларимизни гўзал хулқ соҳиби бўлмоқлигимизни насиб қилсин!


Ҳабибуллоҳ АБДУРАЗЗАҚОВ
«Ҳазрати Имом» жоме масжиди имом-ноиби

Сийрат ва ислом тарихи
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

“Orta Lectura”: Ўзбекистон хавфсиз сайёҳлик йўналиши сифатида ўз мавқеини мустаҳкамламоқда

27.08.2026   29917   2 min.
“Orta Lectura”: Ўзбекистон хавфсиз сайёҳлик йўналиши сифатида ўз мавқеини мустаҳкамламоқда

Испаниянинг “Orta Lectura” нашрида Ўзбекистонда туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Мақолада қайд этилишича, сўнгги йилларда Ўзбекистон турли нуфузли халқаро рейтингларда ҳамда хорижий давлатларнинг сайёҳлар учун тавсияларида юқори хавфсизлик даражасига эга мамлакатлардан бири сифатида эътироф этилмоқда.

World Justice Project (WJP) томонидан эълон қилинган “Rule of Law Index 2025” натижаларига кўра, Ўзбекистон “Тартиб ва хавфсизлик” кўрсаткичи бўйича 143 та мамлакат орасида 17-ўринни, Шарқий Европа ва Марказий Осиёдаги 15 та мамлакат орасида эса 1-ўринни эгаллади.

WJP индекси 215 мингдан ортиқ фуқаролар ҳамда 4 минг 100 нафардан зиёд ҳуқуқшунос ва экспертлар ўртасида ўтказилган сўровномаларга асослангани билан аҳамиятлидир.

“Gallup” компаниясининг “2025 Global Safety Report” маърузасида таъкидланишича, Ўзбекистон аҳолисининг 86 фоизи кечаси ёлғиз юрганда ўзини тўлиқ хавфсиз ҳис қилади. Бу кўрсаткич дунё бўйича ўртача 73 фоизлик даражадан сезиларли даражада юқоридир. Шу билан бирга, “Law and Order Index”нинг кенгроқ кўрсаткичи бўйича мамлакатимиз 100 дан 91 балл тўплади.

Institute for Economics & Peace томонидан тузиладиган “Global Peace Index 2026” натижаларига кўра, Ўзбекистон ўз позициясини 30 поғонага яхшилаб, 163 та мамлакат орасида 1,726 кўрсаткич билан 37-ўринга кўтарилди. 2026 йилги расмий ҳисоботда мамлакатимиз тинчлик кўрсаткичлари энг юқори суръатда яхшиланган давлатлар қаторига киритилди.

АҚШ Давлат департаменти “Travel Advisories” тизимида Ўзбекистонга “Level 1 – Exercise Normal Precautions” даражасини, яъни “Одатий эҳтиёт чораларига риоя қилиш” тавсиясини берган. 2026 йил январда янгиланган тавсияномада хавф даражаси оширилмади. Бу АҚШ Давлат департаменти томонидан халқаро саёҳатлар учун белгиланадиган энг паст хавф даражаси ҳисобланади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари