Ҳадиси шариф Ислом динининг Қуръони каримдан кейинги асоси ҳисобланади. Ҳадис илмини мукаммал ўрганиш Ислом динига бидъат-хурофотлар киришидан ҳимоя қилади. Бу илм бўлмаса, ҳадисларнинг саҳиҳ ва тўқималари аралашиб кетади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва бошқаларнинг сўзлари фарқланмай қолади. Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким менга қасддан ёлғон тўқиса, ўз жойини дўзахдан тайёрласин»,- деганлар (Имом Бухорий). Бу эса муқаддас Ислом дини софлигига салбий таъсир қилади. Шунинг учун ҳадис илмини тўлиқ ва мукаммал ўрганиш лозим бўлади.
Юртимизда барча соҳалар каби диний-маърифий соҳада ҳам улкан ислоҳотлар бўлмоқда. Президентимизнинг 2018 йил 16 апрелдаги «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонининг ижросини таъминлаш мақсадида 1 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ҳадис илми мактаби фаолиятини ташкил этиш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Азал-азалдан Ислом дини равнақига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган диёримизда мусулмонлар учун яна бир қувончли хабар парвоз қила бошлади. Бу Самарқанд вилоятида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан асос солинган Ҳадис илми мактабининг очилишидир. Имом Бухорий ва Имом Термизийларни етиштирган бу ўлкадан яна кўплаб дунёга устоз бўладиган уламолар етишиб чиқишига асло шубҳа йўқ. Ушбу мактабнинг “Ҳадис илми султони”аталмиш Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи мангу қўним топган диёрда бунёд этилиши ҳам бу даргоҳда илм олувчиларга ўзгача бир куч ва ғайрат бахш этса ажаб эмас. Маърифатга ошифта халқимиз, ҳадис илмига чанқоқ бўлиб турган пайтда, бу билим даргоҳи ташна қалбларни қондирган зилол сувдек ҳаловат бахш этди десак айни ҳақиқат бўлади. Ҳар қандай фарзанд ҳам ота-бобоси бажарган ишни қилишга, уларнинг изидан боришга мойил бўлади. Ёшларимиздан келажакда бутун дунёга машҳур олимлар етишиб чиқишига ҳеч шубҳа йўқ. Чунки бизнинг авлодлар томирларида бутун жаҳонга Ўзбек илмини таратган Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Доримий каби буюк муҳаддисларнинг қони жўшиб оқмоқда. Айнан шу хусусиятларни ўз вақтида пайқаб, илм эшикларини кенг очаётган юртбошимизнинг бундай хайрли ишларига тасаннолар бўлсин! Ҳа, бу диёрнинг фарзандлари азалдан дунёга устозлик қилиб келган, шундай экан бу одат давом этишдан тўхтамайди.
Бу улуғ юртдан кўплаб Бухорийлар, Термизийлар чиқади. Негаки, бу миллатнинг оқил ва доно йўлбошчиси халқига нурафшон йўлни кўрсатиб, илм булоғига чорлаб турибди, ўша илмнинг шарқироқ анҳорларидан яна бири бу - Самарқандда очилган ҳадис илми мактабидир. Ҳадис илми бўйича дунёнинг энг йирик уламоларидан бири Шайх Муҳаммад Аввома бундай дейди: «Ўзбекистондан етишиб чиққан Имом Бухорий, Имом Термизий каби алломаларнинг Ислом илмларига қўшган буюк ҳиссасини бутун дунё эътироф этади. Бу диёр дунё мамлакатлариини ёритган оламга нур таратган замин ҳисобланади. Жадал ривожланиб бораётган Ўзбекистонда адолатли раҳбар бошчилигида инсонлар фаровонлиги, уларнинг тўкин ҳаёти йўлида хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Ҳозир Ўзбекистон катта тараққиёт йўлида. Ишонаманки, ушбу мамлакатнинг келажаги буюк бўлади, иншааллоҳ».
Барча-барча Ислом шайдолари, ҳадис илми ошифталарига бу янги ва нурафшон даргоҳ муборак бўлсин!
Зиёуддин МИРСОДИҚОВ,
«Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юрти мудири
Ўтган солиҳ зотлар жамоат билан намоз ўқиёлмай қолсалар, бир-бирларига таъзия изҳор қилишар экан. Шундай зотлардан бири Ҳотамул Асом айтади: “Мен жамоатга улгурмай қолдим, шунда менга Абу Исҳоқ Бухорийнинг бир ўзи таъзия билдирди. Агарда ўғлим ўлиб қолса минглаб одамлар таъзия изҳор қилишади. Бунинг сабаби одамлар наздида дин мусибати дунё мусибатларидан кўра арзимас саналганидандир”.
Бугунги кунда орамизда қанчалаб одамлар жамоат намозларини ўтказиб юборадилар, жиддий эътибор қаратмайдилар. Баъзида иш, ғам-ташвишларнинг кўплигини баҳона қиламиз, тўғрими?! Яна кўплар туни билан ухламасдан, бомдод намозига яқин ухлаб қолишлари ҳам бор гап.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Зимистонда масжидлар сари одим ташловчиларга қиёмат кунидаги тамомий нурнинг хушхабарини беринглар”[1] деганларини наҳот эшитмагансиз?!
Шайтон сизнинг устингиздан ғалабага эришиб, намозда хотиржамлигингизни кетказишига имкон берманг!
Омир ибн Абдуллоҳ ўлим тўшагида ётганларида азон овозини эшитиб: “Мени қўлимдан тутинглар”, дедилар. Омир ибн Абдуллоҳга “Ахир сиз бетобсиз-ку”, дейишганида: “Аллоҳнинг чақириғини эшитиб туриб, унга риоя қилмайманми”, дедилар. Кейин у кишини қўлидан ушлаб турғизишди. Масжидда имом билан шом намозининг бир ракатини ўқидилар ва жон таслим қилдилар.
Яна бир мисол: Суфён ибн Уяйна азон айтилишидан илгари намозга боришга иштиёқманд бўлганлар ва доим: “Намозга азон айтилмагунича масжидга келиб турмайдиган ёмон қул бўлма. Чунки ёмон қул чақирмагунингча келмайди”, дер эдилар.
Оиша розияллоҳу анҳо онамиз айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан суҳбатлашиб ўтирардик, у зот ҳам биз билан гаплашиб ўтирардилар. Борди-ю, намоз вақти кириб қолса, бир-биримизни танимагандай бўлиб олардик”[2].
Шукрки, орамизда масжидда биринчи сафга жойлашиш учун ғайрат қилувчилар кўпайиб бормоқда. Набий алайҳиссалом: “Агарда одамлар азонда ва биринчи сафда нималар борлигини билишса эди, унга эришиш учун қуръа ташлашдан бошқа чора бўлмаса, албатта, қуръа ташлаган бўлардилар”, деганлар.
Саид ибн Мусайяб айтади: “Мен эллик йилдан бери бирор марта биринчи такбирни ўтказиб юбормаганман. Эллик йилдан буён намозда бирорта кишининг бошининг орқасига қараган эмасман”.
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Имом Термизий ва Имом Абу Довуд ривояти.
[2] Мурсал ҳадис. Ироқийнинг “Иҳё”га ёзган тахрижига қаранг (1, 205).