Жорий йилнинг 28 июнь – 8 июль кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакили, Фатво маркази масъул ходими Ҳабибулло Жўрабоевнинг Россиянинг Новосибирск, Томск вилоятлари ҳамда Олтой ўлкасига сафари ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Мамлакатимизнинг Новосибирск шаҳридаги Бош консуллиги маълумотига кўра, сафар давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакилининг мамлакатимиз фуқаролари кўпчиликни ташкил этадиган корхона ва ташкилотларда ишлаётган меҳнат мигрантлари, олий таълим муассаларида таҳсил олаётган ўзбек талабалари, диаспора ташкилоти раҳбарлари ҳамда фаол ватандошлар билан учрашуви, давра суҳбати ва очиқ мулоқотлари бўлиб ўтди.
Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, дунёвий ва диний қадриятларнинг ўзаро боғлиқлиги, оила муқаддаслиги, оила тарбиясида миллий ва умуминсоний аҳлоқий маданиятнинг ўрни, шунингдек, хорижда юрган ёшларни турли бузғунчи ёт ғоялар, экстремизм, терроризм каби салбий оқимлар таъсирига тушиб қолишларининг олдини олиш билан боғлиқ масалалар учрашувларнинг асосий мавзуси бўлди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакили Новосибирск вилояти муфтийси Салим Шакирзиянов билан ҳам учрашди. Суҳбат чоғида диний масалаларда ҳудудлараро ҳамкорлик қилиш, диний уламолар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш юзасидан фикр алмашилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бир ўсмир “улғайиб, бой бўлсам ҳаммага ёрдам бераман” деб юрар эди. У бойлик бўлсагина одамларга ёрдам бериш мумкин, деган фикрда экан, бир куни Пайғамбар алайҳиссаломнинг бир хурмони ярмини садақа қилиб бўлса ҳам дўзахдан сақланиш лозимлиги ҳақидаги ҳадисини эшитиб қолди. Бир кичик хурмонинг ярми қанча бўларди, деб тасаввур қилолмади.
Эртасига кўчага чиқиш олдидан бир хурмони чўнтагига солиб олди. Йўл бўйда тиланиб турган отахоннинг ёнидан ўтаркан, чўнтагига қўлини тиқиб, беихтиёр кечаги ҳадисни эслади. Хурмони олиб, ярмини отахонга узатди. Шунда отахоннинг кўзлари қувончдан порлаб кетди. Ўсмир йигит ўйладики, “ҳатто кўп пул берилса ҳам бу қадар хурсанд бўлмасди”, деб ўйлади. Қилган ишидан ўзиям шодланди. Англадики, отахон ўзига берилган нарсанинг қийматидан эмас, ўзига берилган эътибор ва баҳам кўришдан ниҳоятда шодланганди.
Йигитча бу ишидан кейин юқоридаги ҳадиснинг ҳикматини тушуниб кетди. Энди у бир кўнгилни обод қилиш учун бой бўлишни кутиб юрмаслик кераклигини билди. Зеро, кўнгил Худонинг назаргоҳидир. Уни қувонтирган кишини Аллоҳ қувонтириши шубҳасиздир.
Акбаршоҳ Расулов