بسم الله الرحمن الرحيم
Мавлидун набий муборак!
الحَمْدُ للهِ الَّذِي أَرْسَلَ رَسُولَهُ رَحْمَةً لِلْعَالَمِينَ وَجَعَلَهُ أُسْوَةً حَسَنَةً لِلْمُؤْمِنِيْنَ، وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى نَبِيِّنَا الرَّؤُوفِ بِالْمُؤْمِنِيْنَ، وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ وَمَنْ تَبَعَهُ بِإِحْسَانٍ إِلَى يَوْمِ الدِّيْنِ
Муҳтарам жамоат! Ҳар йили рабиъул-аввал ойида дунё мусулмонлари қатори мамлакатимизда истиқомат қилаётган юртдошларимиз ҳам муҳим бир санани кенг нишонлайдилар. У ҳам бўлса “Мавлидун-Набий”, яъни Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг туғилган саналарини шарафлаш, байрам қилиш ойидир. Бу ойда барчаларимиз оламлар сарвари, бутун инсониятга охирзамон пайғамбари этиб юборилган суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг сийратларини, ҳаётларини янада кенгроқ ўрганиш, ҳар ишда, ҳар кунимизда, ҳар бир амалимизда у зотга эргашиш, суннатларига мувофиқ ҳаёт кечиришни бир-биримизга янада кўпроқ тарғиб қилишимиз керак бўлади.
Дарҳақиқат, Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг сўнгги пайғамбари, пайғамбарларнинг энг улуғи ва хотималовчиси, Парвардигор бутун оламга раҳмат қилиб юборган элчиси, инсоният фахри, одамларнинг энг яхши хулқлиси ва комили эдилар. Аллоҳ азза ва жалла Ўз расулига бевосита хитоб қилиб, Уни бутун дунёга раҳмат элчиси эканликларини тасдиқлаб, бундай дейди:
وَمَا أَرْسَلْنَاكَ إِلَّا رَحْمَةً لِلْعَالَمِينَ
(سورة الأنبياء/107)
яъни: “(Эй, Муҳаммад!) Биз Сизни (бутун) оламларга айни раҳмат қилиб юборганмиз” (Анбиё сураси, 107-оят). Ояти каримадаги “Раҳмат” жуда кенг маънони англатади. Уларни билиш ва англаш учун Ҳазрати Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал одоб-ахлоқлари, сийрат ва шамоиллари, шариатларининг ниҳоятда бағрикенглиги, ҳатто, куфр ва ширк аҳлига ҳам зулмни раво кўрмаслиги, меҳр-оқибат, эзгулик каби фазилатлар манбаи эканидан хабардор бўлиш зарур. Оиша онамиздан Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари ҳақида сўралганда:
"كَانَ خُلقُهُ القُرآن"
(رَوَاهُ الإِمَامُ مُسْلِمٌ)
яъни: “Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг хулқлари Қуръон эди”, – дедилар (Имом Муслим ривояти).
Қуръони карим оятлари Ҳазрати Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламни шарафлаб, номларини юқори даражага кўтариб зикр қилади. Ул зотни барча ҳалойиқдан ҳам яхши ва Парвардигорга энг яқин зот деб улуғлайди:
لَقَدْ جَاءَكُمْ رَسُولٌ مِنْ أَنْفُسِكُمْ عَزِيزٌ عَلَيْهِ مَا عَنِتُّمْ حَرِيصٌ عَلَيْكُمْ بِالْمُؤْمِنِينَ رَءُوفٌ رَحِيمٌ
(سورة التّوبة/128)
яъни: “(Эй, Макка аҳли!) Ҳақиқатан, сизларга ўзларингиздан (чиққан), қийинчиликларингиздан алам чекадиган, сизлар билан (ҳидоят топишингиз билан) қизиқувчи, мўминларга мушфиқ ва раҳмдил Расул келди” (Тавба сураси, 128-оят).
Муҳтарам жамоат! Мавлидун-набавийни нишонлашдан кўзланган асосий мақсад мўмин-мусулмонларни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатларини пайдо қилиш ва уни янада зиёда қилиш, қалбларига ўз пайғамбарларига муҳаббат руҳини улашиш, дилларида шу туйғуни уйғотиш, кучайтириш ва сайқаллашдир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг кўплаб ояти карималарида Расули Акрам саллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат барча муҳаббатдан олдин туришлиги кераклигига даъват қилган:
النَّبِيُّ أَوْلَى بِالْمُؤْمِنِينَ مِنْ أَنْفُسِهِمْ...
(سورة الأحزاب/6 الأية)
яъни: “Пайғамбар мўминларга ўзларидан ҳам ҳақлироқдир...” (Аҳзоб сураси, 6-оят). Бунинг маъноси, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатлари бошқа барча нарсаларга қўйган муҳаббатдан кўра устунроқ бўлмагунча, имонлари комил бўлмагай, деганидир.
Ҳадиси шарифда эса Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:
"لَا يُؤْمِنُ أَحَدُكُمْ حَتَّى أَكُونَ أَحَبَّ إِلَيْهِ مِنْ وَلَدِهِ وَوَالِدِهِ وَالنَّاسِ أَجْمَعِينَ"
(رَوَاهُ الإِمَامُ البُخَارِيُّ وَالإِمَامُ مُسْلِمٌ)
яъни:“Сизлардан бирортангиз мен унга боласидан, ота-онасидан ва одамларнинг ҳаммасидан маҳбуброқ бўлмагунимча, мўмини комил бўла олмайди”, – дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Ушбу ҳадис мусулмон кишига Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиш вожиб эканлигига далолат қилади. Шундагина ҳақиқий имон эгаси, нажот топувчи кишига айланар экан. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўриш имон аҳлларининг сармояси ва Ислом аҳкомларининг татбиқидир. Зеро, яхши кўришдан мақсад қуруқ эҳтирос ва ҳиссиётнинг ўзи эмас, балки у зотдан келган ҳар бир кўрсатмани қабул қилиш, бажариш ва лозим тутишдир.
Аллоҳ таоло Ўзининг каломида шундай марҳамат қилади:
وَمَنْ يُطِعِ اللَّهَ وَالرَّسُولَ فَأُولَئِكَ مَعَ الَّذِينَ أَنْعَمَ اللَّهُ عَلَيْهِمْ مِنَ النَّبِيِّينَ وَالصِّدِّيقِينَ وَالشُّهَدَاءِ وَالصَّالِحِينَ وَحَسُنَ أُولَئِكَ رَفِيقًا
(سورة النساء/69 الأية)
яъни: “Кимда-ким Аллоҳ ва Пайғамбарга итоат этса, айнан ўшалар Аллоҳнинг инъомига эришган зотлар, яъни пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳ кишилар билан биргадирлар. Улар ҳамроҳ сифатида нақадар гўзалдир!” (Нисо сураси, 69-оят). Бу оятда пайғамбарлар билан биргаликда бошқаларнинг зикр қилинишида солиҳликда мукаммал бўлмаганлар солиҳликда мукаммал бўлганларни яхши кўриши билан улар қаторидан жой олишларига ишора қилинган. Бошқа оятда:
وَمَنْ يُطِعِ اللَّهَ وَرَسُولَهُ وَيَخْشَ اللَّهَ وَيَتَّقْهِ فَأُولَئِكَ هُمُ الْفَائِزُونَ
(سورة النور/52 الأية)
яъни: “Кимки Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига итоат этса ва Аллоҳдан қўрқиб, тақво қилса, бас, айнан ўшаларгина ютуқ эгаларидирлар”– деган (Нур сураси, 52-оят).
Қалби Расулуллоҳга муҳаббат билан лиммо-лим тўлган, у зотнинг айтганларига итоат этишни ҳамма нарсадан афзал деб билган мўмин албатта Аллоҳнинг розилиги ва фазлу марҳаматига сазовор бўлади ва жаннатда у зотга қўшни бўлиш бахтини қўлга киритади. Бунга қуйидаги ҳадис далилдир. Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир киши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб: “Эй, Аллоҳнинг расули! Қиёмат қачон бўлади?” – деб савол берди. “Сен қиёматга нимани ҳозирлаб қўйдинг?” – дедилар Пайғамбар алайҳиссалом. Савол берган киши: “Мен Аллоҳ ва унинг Расулининг муҳаббатидан бошқа арзигулик ҳеч нарса тайёрламадим”,– деб жавоб қилди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, сен ўзинг яхши кўрганлар билан биргасан, ҳар ким ўзи яхши кўрганлар билан бирга бўлади”, – деб марҳамат қилдилар. Анас разияллоҳу анҳу: “Биз Ислом келгандан кейин Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу сўзларини эшитганчалик хурсанд бўлмаганмиз”,– деганлар.
Уламоларимиз кишини Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатининг қанчалик чин эканлигига куйидаги ишлар далолат қилади, деганлар:
Муҳтарам жамоат! Мавлид ойи Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳаётларини, муборак сийратлари ва суннати санийяларини янада чуқурроқ ўрганиш ойидир. Бу ойда ҳам, бундан кейин ҳам биз, мўмин-мусулмонлар, ҳар бир ишда, ҳар бир амалда у зотнинг суннатларига мувофиқ йўлда юришимиз, У зотга эргашишимиз зарур. Шундай экан, биз, ёши катталар, ота-оналар яна бир карра зиммамиздаги масъулиятни чуқур ҳис этиб, етишиб келаётган ёш авлодни, фарзандларимизни Ўз роббиси ва Расулини танийдиган, уларга муҳаббат қиладиган, садоқатли ва ахлоқ-одобли, билим ва салоҳиятли қилиб тарбияламоғимиз лозим бўлади.
Шуни айтиб ўтиш жоизки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллудларини нишонлаш ва бунда хурсандчилик қилишни ўзига яраша шаръий далиллари, асослари ҳамда манфаатлари бор. Мусулмон уммати тақрибан минг йилдан буён уни нишонлаб келмоқда. Ислом умматининг таянчи бўлган бир қатор уламолар уни яхши амал санашган.
Уламоларимиз: “Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳунинг “Мусулмонлар яхши санаган нарса Аллоҳ наздида ҳам яхшидир”,– деган сўзлари айнан мавлидга мос тушади”, – дейдилар. Биз кўпчилик уламоларнинг, шу жумладан, юртимиз уламоларининг фикрларини ушлашимиз ва ихтилофга ўрин бермаслигимиз лозим бўлади. Зеро, мавлиддан кўзланган мақсадларга эришишга мусулмонлар бугун ҳар доимгидан кўра кўпроқ муҳтождирлар.
Муҳтарам жамоат! Маърузамиз давомида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўжизаларидан баъзиларини эслаб ўтамиз:
Арабларда балоғат, фасоҳат ҳамда шеърият ривожланган бир пайтда Аллоҳ таоло Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони каримни буюк мўжиза ўлароқ нозил қилди. Унинг мўжизавийлиги шундаки, Расулуллоҳ салалллоҳу алайҳи васаллам араблардан Қуръонга ўхшаш китобни келтиришни талаб қилганларида арабларнинг энг балоғат ва фасоҳатли шоирлари ҳамда моҳир воизлари ҳам Қуръон оятларига ўхшаш бир оят келтиришга ҳам чорасиз қолишган.
Аллоҳ таоло Қамар сурасида айтади: “Соат (Қиёмат) яқинлашди ва ой бўлинди. Агар бир оят мўъжизани кўрсалар, юз ўгирарлар, бу ўткинчи сеҳр, дерлар.” Ушбу воқеанинг Маккада содир бўлгани борасида келган ҳадислар мутавотир – яъни инкор этиб бўлмас даражада кўп ворид бўлган.
Мадинада ҳандақ қазиш ишлари бўлаётган пайтда озгина таом бир неча минг саҳобийларга етиб, яна ўз ҳолича қолган. Мазкур воқеага доир келган хадислар ҳам мутавотир даражасига етган.
Жангларнинг бирида саҳобалар жуда ҳам ташна бўлиб, таҳоратга ҳам сув топилмай қолганда, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ичида сув бўлган идишга қўлларини тиққанлар. Шунда бармоқларининг орасидан сув отилиб чиққан. Бу сувдан саҳобалар чанқоқларини қондириб, барча таҳорат ҳам олган.
Исро кечаси ҳақида Қуръонда очиқчасига баён қилинган. Меърож воқеаси ҳақида эса Нажм сурасининг бошида ишора келган.
Хусусан, Аммор ибн Ёсирни боғий – ҳаддидан ошган тоифа қатл қилиши, Усмон разияллоҳу анҳуга мусибат етказилиши, Аллоҳ таоло Ҳазрати Ҳасан воситаларида мусулмонлардан бўлган икки тоифа орасини ислоҳ қилиши, дунёнинг йирик подшоҳлари Кисро ва Қайсарнинг ҳукмронлиги тугатилиши ҳамда бошқа кўплаб ғайбий ишлар ҳақида олдиндан хабар берганлар.
Мадинаи мунавварада Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга минбар ясалишидан олдин бир дарахтнинг танасига суяниб хутба қилар эдилар. Минбар ясалгандан кейин, унда хутба қилиш учун кўтарилганларида, ҳалиги дарахт танаси у кишига бўлган меҳридан худди ёш боладек ҳўнграб йиғлаган. Саҳобаларнинг барчаси бунга гувоҳ бўлишган. Расулуллоҳ минбардан тушиб, дараҳт танасини қучганларида, ҳалиги овоз тинчланган.
Бир аёл душманлик қилиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга заҳарланган қўй гўштини ҳадя қилади. Набий алайҳиссалом энди қўлларини гўштга узатганларида гўшт у Зотга ўзининг заҳарли экани хабарини беради. Ундан бир неча саҳобалар ҳам тановул қилган бўладилар ва бироздан сўнг вафот этадилар.
Аллоҳ таоло барчаларимизнинг қалбимизга Расулининг муҳаббатини жо қилсин! Қиёматда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг “ҳамд” байроқлари остида туриш ва У зотнинг муборак шафоатларига эришиш ҳамда жаннатда Расулига қўшни бўлиш бахтини насиб этсин!Омин!
Муҳтарам имом домла! Рабиъул аввал ойи кириб келганлиги муносабати билан имкониятингизга қараб бирор жумада Имом Барзанжийнинг “Мавлидун Набий” китобидан ўқиб беришингиз мақсадга мувофиқ бўлади.
Муҳтарам имом домла! Масжидларда намоз вақтига қатъи риоя этиб, хусусан жума намозини белгиланган вақтдан ўтказмаган ҳолда адо этишингизни ва жума иш куни бўлганлиги учун намозхонларни кўп ушланиб қолишларига йўл қўймаслигингиз тавсия этилади!
Ўзбекистон элчихонаси томонидан Бобур номли халқаро жамоат фонди билан ҳамкорликда ўзбекистонлик тарихшунос ва бобуршунос олимлардан иборат делегациянинг Покистонга ташрифи амалга оширилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ташриф Бобур ва Бобурийлар даврига оид тарихий-маданий меросни ўрганиш, Покистон ҳудудида сақланаётган мазкур даврга оид тарихий манбалар, қўлёзмалар, экспонатлар ва артефактлар билан танишиш, шунингдек, икки мамлакатнинг илмий-тадқиқот ва маданий муассасалари ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида ташкил эилди.
Делегация аъзолари дастлаб Лаҳор шаҳрида Бобурийлар даврига оид тарихий обидалар ва манзилгоҳларга ташриф буюриб, ўрганишлар олиб борди. Хусусан, Лаҳор музейи, Ислом галереяси ҳамда қатор илмий-тадқиқот муассасаларида бўлиб, мазкур муассасаларда қатор илмий учрашувлар ўтказди ва бобурийлар даврига оид тарихий манбалар билан танишди.
Лаҳор шаҳридаги Панжоб университети раҳбарияти билан илмий ва академик ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Сафар давомида мазкур университет ҳузуридаги Бобурийлар мероси маркази билан ҳамкорликда Бобурийлар сулоласининг 500 йиллигига бағишланган илмий-амалий анжуман ўтказилди.
Иштирокчилар Бобур ва Бобурийлар тарихи, уларнинг Марказий ва Жанубий Осиё тамаддунидаги ўрни, мазкур даврнинг сиёсий, маданий ва илмий меросини ўрганиш масалаларини муҳокама қилдилар.
Ўзбекистон олимлари Исломобод шаҳрида Покистон Миллий тилни ривожлантириш департаменти раҳбарияти Қуаид-и-Аъзам университети, Аллома Иқбол университети, Покистон Миллий кутубхонаси ҳамда қатор илмий-тадқиқот муассасаларига ташриф буюриб, қўлёзмалар, бобурийлар даврига оид экспонатлар ва бошқа тарихий манбалар билан танишди.
Ўзбекистон вакиллари Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Илмий ва технологик ҳамкорлик бўйича доимий қўмитаси бош координатори Муҳаммад Иқбол Чоудҳари томонидан қабул қилинди.
Унда Бобур ва Бобурийлар меросини чуқур ўрганиш, уни асраш ва мусулмон дунёси илмий доиралари ҳамда кенг жамоатчилик ўртасида тарғиб қилиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилди.
Келгусида мазкур ташкилот билан ҳамкорликда Бобурийлар меросига бағишланган йирик халқаро илмий-амалий конференция ўтказиш бўйича келишувга эришилди.
Ташрифнинг асосий тадбири Исломобод шаҳрида «Заҳириддин Муҳаммад Бобур: муштарак цивилизациявий мерос ва Ўзбекистон-Покистон муносабатлари кўприги» мавзусида ташкил этилган бўлди.
Конференцияда Покистон Миллий мерос ва маданият вазирининг ўринбосари Фараҳ Наз Акбар, Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев, Покистондаги «Бобур форуми» раҳбари Рамзан Муғал ҳамда тарихчи ва бобуршунос олимлар ҳамда ёш тадқиқотчилар иштирок этди.
Дипломатик ваколатхона раҳбари ўз нутқида икки мамлакат ўртасидаги тарихий, маданий, маънавий ва цивилизациявий алоқалар узоқ тарих ва чуқур илдизларга эга эканини қайд этди.
– Ушбу муштарак тарихда Заҳириддин Муҳаммад Бобур Жанубий Осиёда улкан давлатчиликка асос солгани халқларимизни бирлаштирувчи муҳим тарихий омил бўлди, – деди Ўзбекистон элчиси. – Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда Ўзбекистон-Покистон муносабатлари барча соҳаларда изчил ривожланиб бормоқда. Икки давлат раҳбарлари ўртасидаги мунтазам ва яқин дўстона мулоқот натижасида икки томонлама муносабатларимиз стратегик шериклик даражасига кўтарилди. Алоқаларнинг бундай даражасида умумий тарихий ва маданий меросни ўрганишнинг нақадар муҳимлиги, бу борада яқиндан ҳамкорлик қилиш икки халқ ўртасидаги дўстлик ва ўзаро англашувни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Бобур номли халқаро жамоат фонди раиси ўринбосари Рустам Мамасолиев ўз чиқишида Бобур ва унинг илмий-адабий мероси бутун минтақа тарихида алоҳида ўрин тутишини урғулади.
– Ўзбекистонда Бобур ва бобурийлар меросини ўрганиш, асраш ва тарғиб қилиш борасида жуда катта ишлар амалга ошириляпти, – деди у. – Бобурийлар меросини чуқур ўрганишда покистонлик олимлар ва илмий муассасалар билан қўшма тадқиқотлар, илмий анжуманлар, нашриёт лойиҳалари ва академик алмашинувларни кенгайтириш жуда муҳим.
Покистон Миллий мерос ва маданият вазирининг ўринбосари Фараҳ Наз Акбар, ўз навбатида, бобурийларнинг Покистон тарихидаги муҳим ўрнига тўхталди.
– Бобурийларнинг Покистондаги тарихий-маданий меросини асраш ва келажак авлодларга етказишга ҳукумат даражасида эътибор қаратиляпти, – деди Фараҳ Наз Акбар. – Биз Ўзбекистон билан тарихий алоқаларимизни янада мустаҳкамлаш, илмий ҳамкорлик ва маданий алмашинувларни қўллаб-қувватлашга, буюк аждодларимиз қолдирган меросни биргаликда ўрганиш ва тарғиб қилишга тайёрмиз.
Бобур номли халқаро жамоат фонди делегацияси ташрифи давомида Панжоб вилоятида жойлашган Бобурийлар даврига оид қатор тарихий қадамжоларда ўрганишлар олиб бориши режалаштирилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати