Ислом олами уюшмаси Бош котиби ва Мусулмон уламолари уюшмаси раиси, шайх, доктор Муҳаммад бин Aбдулкарим Aл-Исо уюшманинг Ҳиндистон Республикасига ташриф буюрган делегациясига бошчилик қилмоқда. Ҳиндистон ҳукумати расмий таклиф этган етук уламо халқаро исломий ташкилотнинг раҳбари сифатида Ҳиндистон заминидаги барча исломий ва ноисломий дин раҳбарлари томонидан олқишланган ҳолда кутиб олинди.
Ислом олами уюшмасининг маълум қилишича, даставвал доктор Муҳаммад Aл-Исо Ҳиндистон ярим оролидаги энг катта ва қадимги масжидлардан бирида намозхонларга имом бўлиб, маъруза қилади.
Ташриф давомида доктор Муҳаммад Aл-Исо Ҳиндистон Президенти, Бош вазири, юқори мартабали исломий ва ноисломий диний етакчилари билан мулоқот ўтказади, биродарлик ва дўстона муносабатлар борасида Ислом жамоатчилиги ва турли ҳинд вакиллари иштирокидаги ўзаро ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлаш, икки томон манфаатларига асосланган кўплаб масалаларни муҳокама этиш мақсадида ўтказиладиган қатор тадбирларда қатнашади.
У, шунингдек, қатор вазирлар, парламент мутасаддилари ва юқори мартабали амалдорлар билан учрашади ва бутун Ҳиндистон учун аҳамиятли бўлган бир қанча масалалар борасида суҳбат олиб боради.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходими
И.Аҳмедов тайёрлади
Жорий йилнинг 26 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида «Вақф» хайрия жамоат фонди ҳамда Туркия Диёнат вақфи масъул ходимлари иштирокида видеоконференция форматида мулоқот бўлиб ўтди.
Учрашувда икки муассаса ўртасида имзоланган меморандум ва унинг асосида ишлаб чиқилган йўл харитасидаги вазифалар ижроси атрофлича муҳокама қилинди. Томонлар шериклик алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда унинг амалий механизмларини белгилаб олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.
Мулоқот давомида вазифаларнинг жорий ҳолати таҳлил қилиниб, истиқболда амалга ошириладиган қўшма ташаббуслар ва ижтимоий лойиҳалар борасида ўзаро тажриба алмашишга келишиб олинди. Хусусан, таълим ва маданият соҳаларидаги қўшма ташаббуслар, ёшлар билан ишлаш ва ижтимоий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш, хорижий хайрия хизматларини ташкил этиш ҳамда закот ва хайрия муносабатларини янада ривожлантириш каби ўзаро манфаатли йўналишлар бўйича атрофлича фикр алмашилди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур мулоқот икки қардош давлат вақф фондлари ўртасидаги диний-маърифий ва саховат йўналишидаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати