Отасининг ўлимидан бир фурсат ўтиб, иш билан банд ўғил касалманд кекса онани қариялар уйига топширишга қарор қилди. Ўғил ора-чора онасининг ҳолидан хабар олиб турди.
Кунлар ўтди. Бир куни қариялар уйидан қўнғироқ қилишди: вазият жиддий - она оғир аҳволда ётибди ўғлига айтадиган сўнгги сўзи бор экан. Ўғил зудлик билан унинг ёнига шошди. Ажал билан курашаётган она темир каравотда ҳолсиз тўлғанар, ўғил сўнгги сўзни эшитмоқ учун унинг лабларига қулоқ тутди. «Ўғлим, сендан сўнгги илтимосим - қариялар уйи хоналарига кондитсионерлар ўрнаттириб берсанг. Қарилик боис совуқ ва иссиқ кунларда жуда қийналдим. Кейин, бу ерга музлатгич ҳам олиб келиб қўй - баъзида тунлар уйқум қочганида бирор нима топа олмай, оч ётиб, қийналдим.
Онанинг ўтинчидан ҳайратда қолган ўғил унга тикилиб қолди. Шунча вақтдан буён бу қийинчиликларга чидаб келиб, оғиз очмасдан, нега умр адоғида ёлвораётганини сўради. «Мен-ку, буларга чидадим, болам! Лекин сендан хавотирдаман. Кун келиб, болаларинг сени бу ерга ташлаб кетишса, сенинг ҳолинг нима кечади, болажоним?!» деб жавоб қайтарди онаизор.
Одилжон Нарзуллаев
Зангиота туман “Имоми Аъзам” жоме масжиди имом хатиби.
Ҳаётда кўпинча тўғри йўналиш эмас, балки тезлашиш ўргатилади. Тезроқ юриш, тезроқ етиб бориш, ҳамма нарсани тезроқ бажариш... Лекин ҳеч ким тўхтаб: “Бунчалик шошилишдан мақсад нима?” деб сўрамайди. Инсон тинимсиз ҳаракатда бўлишни эришиш, табиий ҳаёт тарзи деб ўйлаб, сарфланаётган умри эвазига аслида нимага эришаётгани ҳақида ўйламай қўяди.
Баъзан йўлни йўқотдик, деб ўйлаймиз. Ҳолбуки, йўқоладиган нарса йўл эмас, балки тўғри йўналишдир. Бу йўналиш харитадаги чизиқлар ёки телефондаги йўл кўрсаткич эмас, балки Аллоҳ таоло борлиғимизга жо қилган ички йўналтиргич, яъни фитратимиздир.
Бу ички йўналтиргич баъзан тўғри томонни кўрсатмаётгандек туюлади. Дунё ташвишлари, нафс истаклари кўпайиб кетганида, у сарсон бўлади ё қотиб қолади. Шунда биз уни бузилди деб ўйлаймиз. Лекин фитрат бузилмайди, шунчаки биз унга аҳамият бермай қўйган бўламиз. Баъзилар бу йўналтиргични бошқаларнинг қўлига бериб қўяди...
Йўналишини йўқотган одам тўғри йўлга қайтиши керак. Бу қайтиш шунчаки бир манзилга қайтиб боришмас, балки ички дунёмиздаги тарқоқликни жамлаш, фитратимизга қайтишдир. Шунда инсон дунёнинг “ҳаммасига эришиш” васвасасидан халос бўлади. Ўтмишдаги хато ва синовлардан ибрат олади, аммо уларни ўзига оғир юк қилиб олмайди. Бошқалардан ва ҳаётдан жуда кўп нарса кутишни тўхтатади...
Ҳақиқий хотиржамлик – ҳамма нарса мукаммал бўлиши деганимас. Инсон ўз ҳаракат доираси чегарасига етганида Аллоҳнинг қазо ва қадарига рози бўлса хотиржамлик топади. Бу лоқайдлик эмас.
Мусулмон киши ҳам хурсанд бўлади, қайғуради, бошқалар каби яшайди. Лекин у ўткинчи туйғулар, орзу-ҳаваслар аро сарсон бўлиб қолмайди. Чунки дунёдаги ҳар бир ҳолат вақтинчалик синов эканини яхши англайди.
Инсон ўзлигига қайтганида бошқаларнинг юкини елкасига олишга уринмайди. Ёрдам беради, лекин ҳар ким ўз қисмати ва қилмиши учун ўзи масъул эканини тушунади. Бошқаларнинг айбига қарамай, ўз хатоларини тузатиш билан банд бўлади. Муҳими, ҳар ишида шошқалоқлик қилмайди. Чунки охиратга ва маънавий камолотга элтувчи йўлни шошиб босиб ўтиб бўлмаслигини билади.
Айтилганидек: “Ким ўзини таниса, Раббини танийди”. Бу мартабага эришган қалб эса ҳеч қачон адашмайди.
Абдулатиф АБДУЛЛОҲ