Севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг энг азиз, энг улуғ, олий хулқ соҳиби бўлган бандасидирлар. У зоти бобаракотнинг исмлари кўп бўлиб, шуларнинг орасида Муҳаммад ва Аҳмад исмлари машҳурдир. Хўш, бу исмларнинг ўртасида қандай фарқ бор?
Муҳаммад – “бошқанинг тарафидан унга мақтов айтилган шахс” дегани.
Аҳмад – “бошқага мақтов айтган шахс” дегани.
Муҳаммад “мукаррам”, “икром қилинган шахс” деган маънони ҳам билдиради.
Муҳаммад (محمد) исмининг ҳам, Аҳмад (احمد) исмининг ҳам ўзаги “ҳамд” (حَمْد) дир. Маҳмуд исмининг ўзаги ҳам “ҳамд”дир. “Ҳамд”нинг маъноси эса “мақтов”дир.
Муҳаммад исмининг “тўхтовсиз, кетма-кет, кўп мақталадиган” деган маъноси ҳам бор.
Лекин Маҳмуд исми “бир марта мақталган” деган маънони ифода этади.
Аҳмад исми “бошқани тўхтовсиз, кетма-кет, кўп мақтайдиган, кўп ҳамд айтадиган” деган маънони билдиради. Аҳмад исмида “кўп мақтовчи” деган маъно борлиги учун у Ҳомид, яъни “мақтовчи” деган исм билан боғлиқлик жойи бордир. Иккисида ҳам “мақтовчи” деган маъно бор.
Шу ўринда яна бир нозик нукта мавжуд.
Аҳмад деган исм Ҳомид деган исмнинг муболағали маънодаги кўринишидир. Муҳаммад деган исм эса Маҳмуд исмининг муболағали маънодаги кўринишидир.
Шундай қилиб Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларида икки ишни, икки сифатни жам қилганлар.
Биринчиси, у зот алайҳиссалом Аллоҳ таоло тарафидан кўп мақталганлар (Муҳаммад исмларига ишора).
Иккинчиси эса у зотнинг ўзлари Аллоҳ таолога кўп ҳамд айтганлар (Аҳмад исмларига ишора).
Аллоҳ таоло у зот алайҳиссаломни бандалари орасидан пайғамбарликка танлаб олгани эътиборидан у зот Муҳаммад ва Маҳмуддирлар.
Ҳа, азизлар, Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз алайҳиссаломга икром қилиб, у кишини Ўзига расул этиб танлаб олган ва кўп мақтаган.
У зот алайҳиссалом Аллоҳ таолога ибодат қилиш, ҳамд айтиш эътиборидан Ҳомид ва Аҳмаддирлар.
Ҳа, қадрдонлар, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолога кўп ибодат қилар, кўп ҳамд айтар ва умматларини ҳам шунга тарғиб этардилар.
Маълумот ўрнида шуни айтиб ўтамизки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмлари Қуръони Каримда 5 марта келган. Муҳаммад исмлари 4 марта, Аҳмад исмлари 1 марта келган.
Оли Имрон сурасининг 144-оятида, Аҳзоб сурасининг 40-оятида, Муҳаммад сурасининг 2-оятида ва Фатҳ сурасининг 29-оятида Муҳаммад исмлари келган. Саф сурасининг 6-оятида эса Аҳмад исмлари келган.
Аллоҳ таоло у зотга кўплаб саловоту саломлар юборсин!
Шайх Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий раҳимаҳуллоҳнинг мавъизаларидан Нозимжон Иминжонов таржимаси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Падари бузрукворим қоддасаллоҳу сирроҳ айтар эдилар: "Уйда баъзи нарсалар умумий бўлади, улардан ҳамма фойдаланади. Фақат уларни ишлатиб бўлгач, тайин қилинган жойга қўйиш керак. Мисол учун чойнак, пиёла, совун...".
Ҳаммасининг тайин жойи бор. Шу ўринда муҳим гап бор — бу нарсаларни ишлатиб бўлгач, жойига қўймаслик гуноҳдир! Аммо биз бу гуноҳдан бехабармиз. Чунки ҳар куни такрорланавериб, одатий ҳолга айланиб қолган. Кимдир ўша керакли нарсани ишлатмоқчи бўлиб, топа олмаса, табиий, машаққат ва озор чекади. Бирор мусулмонга азият бериш эса, гуноҳи кабирадир. Ҳеч биримизнинг хаёлимизга бу ишнинг ҳам гуноҳ экани келмаган бўлса керак. Биз нарсаларни жойига қўйишни динга алоқасиз, балки дунёга тегишли, уйни тартиблашга оид иш деб ўйлаб келганмиз.
Ёдда тутинг! Дин кўрсатмаси бўлмаган ҳаётнинг бирор гўшаси йўқ. Барчамиз холис қарайлик, шу нарсага эътибор берамизми, ўзгаларга азият етмаслиги учун умумий нарсаларни ишлатгандан кейин уларни тайин қилинган жойига қўямизми? Аслида, бу нарсалар арзимагандек туюлади, лекин унга беэътиборлик сабабли гуноҳларга мубталомиз. Сабаби, биз динни тўла тушунмаймиз, унинг учун қайғурмаймиз, кўпчилигимизда Аллоҳ таолонинг ҳузурида туриш ҳисси йўқ. Иккинчи тарафдан, жоҳиллик ва бехабарлик ҳам анча урчиган.
«Насиҳатлар гулдастаси» китобидан