Абдуллоҳ ибн Амр розианллоҳу анҳу: “Ким Набий саллолоҳу алайҳи вассалламга битта саловат айтса, Аллоҳ таоло ва унинг фаришталари унга етмишта саловат айтишади”, дедилар. (Аҳмад ривоят қилган).
Набий саллолоҳу алайҳи вассалламга саловат айтиш фазилати ва савобли амалдир. У зотга саловат айтиш ҳақида Аллоҳ Қуръони каримда шундай марҳамат қилган: Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Пайғамбарга саловат айтурлар. Эй мўминлар (сизлар ҳам) унга саловат ва салом айтингиз! (Азҳоб сураси 56-оят).
Анас ибн Малик розианллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи вассаллам: “Ким менга битта саловат айтади, Аллоҳ унинг ўнта гуноғи ўчирилади ва у учун ўнта даража кўтарилади”, дедилар.
Ибн Масъуд розианллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи вассаллам: “Қиёмат кунида инсонларнинг менга энг яқинроғи, уларнинг менга кўп саловат айтганларидир”, дедилар. (Термизий ривояти).
Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи вассалламга саловат айтиш қалбни мунаввар қиладиган, дуолар ижобат бўлиб, амал дафтарига кўплаб савоблар битилишига сабаб бўладиган гўзал ибодатдир. Аллоҳ барчамизни Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи вассалламга кўп саловат айтишга қодир қилсин. Амин.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти талабаси
Ойбек Маърупов
Cавол: Эҳромдаги инсон хушбўй салфетка, совун ёки шампун ишлатиб қўйса, бирор жарима лозим бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Хушбўй салфетка, совун ёки шампун каби воситаларни эҳромдаги киши ишлатиши макруҳ амал саналади. Лекин ушбу воситаларни ишлатиш билан қўй сўйиш вожиб бўладими ёки садақами деган масалада замонамиз уламолари ва фатво уюшмалари турлича жавоб берганлар.
Ушбу масала юзасидан мазҳабимиз манбаларига таяниб айтамизки, хушбўй салфетка, совун ва шампун кабилар тозалик воситалари саналади ва ундан аксар ҳолда хушбўйланиш учун фойдаланилмайди. Бунга ўхшаш масалани қадимги фуқаҳоларимиз қуйидагича баён қилишган: “Эҳромдаги киши хушбўйлиги бор ушнон (кирни кеткизиш воситаси, ишқор) билан қўлини ювса, уни кўрганлар: “Бу ушнон”, десалар, садақа, агар “Бу хушбўйлик”, десалар, жонлиқ сўйиш вожиб бўлади” (“Муҳитул-Бурҳоний” китоби).
Демак, ишлатилаётган хушбўй нарсани кўпчилик одамлар нима деб қабул қилишига қараб ҳукми таъйин топади. Бугунги кунимизда хушбўй салфетка, совун ёки шампунни ҳеч ким асл хушбўйлик, деб ҳисобламайди.
Қолаверса, хушбўй салфетка, совун ва шампун каби воситалар айни хушбўйлик воситаси эмас, балки унга хушбўйлик қўшилган тозалик воситаларидир. Бундай воситаларда тозаловчи моддалар миқдори кўп, хушбўйлик миқдори оз бўлса, унга хушбўйлик ҳукми берилмайди.
Шу билан бирга совун саноатидан маълумки, уни 100 даража иссиқликда пиширилади. Фуқаҳоларимиз хушбўйлик аралашган нарсалар пиширилиши (қайнатилиши) натижасида, гарчи ундан хушбўй ҳид келиб турган бўлса ҳам, хушбўйлик ҳукмидан чиқишини айтганлар. Аллома Косоний раҳимаҳуллоҳ шундай деганлар:
“Агар хушбўйлик таомга қўшиб пиширилса ва ўзгарса эҳромдаги киши уни истеъмол қилишининг зарари йўқ. Бунда унинг хушбўй ҳид бор ёки йўқлигининг фарқи йўқ. Чунки бу ҳолатда хушбўйлик пишириш (қайнатиш) натижасида таомда йўқолиб кетади. Агар пиширилмаган бўлса ва хушбўй ҳиди келиб турса, эҳромдаги киши уни истеъмол қилиши макруҳдир. Лекин унинг зиммасига бирор нарса вожиб бўлмайди. Чунки бунда таом ғолиб келган, хушбўйлик моддаси эса аралашиб, йўқолиб кетган бўлади” (“Бадоиус саноиъ” китоби).
Ушбу маълумотлардан хулоса қилиб айтганда салфетка, совун ёки шампун каби воситаларнинг хушбўй ҳиди бўлса, уни ишлатган эҳромдаги киши бир соъ (2 кг) буғдой ёки унинг қийматини садақа қилиш лозим бўлади. Аммо булар билан тўлиқ бир аъзо уч ва ундан кўп ўрин (макон)ларда ювилса, жонлиқ сўйиш лозимдир. Агар ушбу воситаларда ҳеч қандай хушбўй ҳид бўлмаса, жонлиқ ҳам, садақа ҳам лозим бўлмайди. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази