Ҳар йили Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги масжидлар имом-хатиб ва имом-ноиблари ўртасида анъанавий тарзда “Йил имоми” кўрик танлови ўтказиб келинар эди. Жорий йилдан эса мазкур танлов Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2018 йил 10 сентябрдаги 01/А092-сонли буйруғи асосида “Энг маърифатли имом” номи остида янги Низом асосида ўтказилди.
Танловнинг мақсади – бугунги тараққиёт талабларига жавоб берадиган, кучли илмий салоҳиятга эга, юқори касбий маҳорат соҳиби бўлган, ташаббускор, илғор фикрли, инновацион ғоялар муаллифи, замонавий ахборот технологияларидан етарлича фойдалана оладиган ва кенг халқ оммасига ўз фикрини етказиш қобилиятига эга бўлган энг иқтидорли, фаол имом-хатибларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлашдан иборатдир.
Уч босқичда ўтказилиши белгиланган танловнинг биринчи шаҳар-туман босқичи ғолиблари 15 октябрь куни Наманган шаҳридаги “Яҳёхон тўра” жоме масжидида ўтказилган вилоят босқичида ўзаро беллашдилар.
Танлов Қуръони карим тиловати билан бошланди. Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Наманган вилоят вакили, вилоят бош имом-хатиби Абдулҳай Турсунов сўзга чиқди. У жорий йилги танлов Ўзбекистон Республикаси Президентининг 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 15 банддан иборат тарихий фармони ҳамда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонунда белгиланган вазифалар эканини таъкидлади.
Ўтказилаётган кўрик-танловдан кўзланган мақсад юртимизни юқори савияли, кучли билимга эга диний кадрлар билан таъминлаш, имомларнинг малака ва кўникмаларини янада ривожлантириш эканини айтди.
Хусусан, уларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатларнтириш мақсадида ўтказилаётгани, юртимизда диний-маърифий соҳага, илм аҳлига кўрсатилаётган эътиборга алоҳида тўхталди. Давлатимиз раҳбари ва Мусулмонлар идораси раҳбариятига танлов иштирокчилари номидан ташаккурлар айтди.
Шунингдек, танловда имомлардан ташқари масжидларда жонкуярлик билан хизмат қилиб келаётган, ўз устида мунтазам иш олиб бораётган бир гуруҳ ходимлар ҳам тақдирланади деб, барча иштирокчиларга омад ва муваффақиятлар тилади.
Танловда кузатувчи сифатида иштирок этган Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими Муҳаммадайюб домла Ҳомидов ҳам сўзга чиқди.
У киши Ўзбекистон мусулмонлари идораси Раҳбариятининг саломини танлов иштирокчиларига етказиб, ҳақиқатда Наманган вилоятида бу йилги танловга ўзгача иштиёқ билан катта тайёргарлик кўрилганини эътироф этди ҳамда танлов иштирокчиларига омад тилади.
Танловда иштирокчиларнинг чиқишлари ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди ҳамда танлов сўнгида натижалар эълон қилинди:
“Энг маърифатли имом” танловининг Наманган вилоят босқичи ғолиблари:
I-ўрин: Умурзаков Кодиржон Джураевич (Поп тумани “Муҳаммаджон қори” жоме масжиди имом-хатиби)
II-ўрин: Усмонов Ибодулло Исмоилхонович (Косонсой тумани “Эшонбобо” жоме масжиди имом-хатиби)
III-ўрин: Хапизов Шамсиддин Ахмедович (Наманган тумани “Халил ҳожи” жоме масжиди имом-хатиби)
“Энг кўп обуна уюштирган имом”
- Ҳамроқулов Камолиддин (Норин тумани “Ҳаққулобод” жоме масжиди имом-хатиби
“Энг кўп мақола нашр этган имом”
- Исақов Абдулвоҳид (Наманган шаҳар “Мирёқуббой Мирҳакимбой” жоме масжиди имом-хатиби)
“Энг обод масжид”
- Наманган шаҳар “Мавлоно Алийюл қори” жоме масжиди (масжид имом-хатиби Ҳамдамов Абдулбосит)
“Энг тарғиботчи имом”
- Турсунов Шукрулло (Наманган шаҳар “Абу Ҳанифа” жоме масжиди имом-хатиби)
“Энг таъсирли ижодий иш”
- Икрамов Обидхон (Наманган вилоят бош имом-хатибининг ўринбосари “Жазарий матни” ҳамда “Қуръони карим тиловатида вақф ва ибтидо” рукни остида чоп этилган асарлари учун)
“Энг хушовоз муаззин”
- Юсупов Носирхон (Косонсой тумани “Аълохон маҳдум” жоме масжиди муаззини)
“Энг ишбилармон мутавалли”
- Сиддиқов Хасанхон (Уйчи тумани “Машҳад мозор” жоме масжиди мутаваллиси)
“Энг миришкор боғбон”
- Ризаев Маъмуржон (Поп тумани “Кичик Хўжаобод” жоме масжиди боғбони)
“Энг намунали таҳоратхона”
- Наманган шаҳар “Маҳдум эшон” жоме масжиди таҳоратхонаси (масжид имом-хатиби Шахобитдинов Боситхон)
“Энг замонавий қоровулхона”
- Наманган шаҳар “Абу Юсуф” жоме масжиди қоровулхонаси (масжид имом-хатиби Юсупов Боситхон)
“Энг бой кутубхона”
- Наманган шаҳар “Абу Юсуф” жоме масжиди кутубхонаси (масжид имом-хатиби Юсупов Боситхон)
Ғолиблар Наманган вилоят вакиллигининг диплом ва ташаккурномаси ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар.









Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Наманган вилоят вакиллиги
Матбуот хизмати
Туркиянинг “CNN-Türk” телеканалида эфирга узатилган “Тафаккур доираси” дастурида сўзга чиққан таниқли олим, Миллий мудофаа университети ректори, профессор Эрҳан Афёнжу Ўзбекистоннинг бой тарихий мероси ва сайёҳлик салоҳияти ҳақида фикр юритди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Кўрсатувда қатнашган турк тарихчиси Эрҳан Афёнжу Ўзбекистонни туркий цивилизациянинг энг гўзал шаҳарлари жойлашган алоҳида географик ҳудуд сифатида таърифлаган.
Олимнинг фикрича, жуда кўпчилик сайёҳлар Ўзбекистонни ўз кўзи билан кўришни истайди. Чунки дунёга машҳур Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент каби шаҳарлар ана шу заминда жойлашган.
Турк тарихчиси ёшларга мурожаат қилиб, хорижга саёҳат қилишни, аввало, Туркий дунё мамлакатларини кашф этиш, аждодлар юрти билан яқиндан танишишдан бошлаш лозим эканини таъкидлади.
“Ёшларга тавсиям шуки, ҳозир хорижга саёҳат қилмоқчи бўлсангиз, аввало Туркий заминни айланинг. Масалан, Ўзбекистонга бориб, тарихий шаҳарларни кўриб келинг, аждодларингиз юрти билан танишинг. Сўнг Салжуқийлар давлати барпо этилган заминларни кўринг”, – деди профессор.
Эрҳан Афёнжунинг таъкидлашича, бундай саёҳатлар ёшлар учун ҳар томонлама фойдали ва қизиқарли бўлиб, уларнинг тарихий хотираси ва дунёқарашини бойитади.
“Масалан, Самарқанднинг гўзаллигини дунёнинг кўп жойларида топа олмайсиз. Айниқса, турк ёшлари ўз аждодлари яшаган заминни бориб кўришлари лозим”, – деди олим.
Профессор Ўзбекистонни туркий цивилизациянинг асосий бешикларидан бири, илм-фан маркази сифатида ҳам алоҳида эътироф этган.
Шунингдек, турк тарихчиси Ўзбекистоннинг нафақат тарихий ва маданий, балки географик жиҳатдан ҳам яшаш учун қулай ҳудуд эканини таъкидлаган.
Дастур давомида профессор билдирган фикр-мулоҳазалар Туркия жамоатчилиги орасида Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари, бой маданий мероси ва туризм салоҳиятига бўлган қизиқишни янада оширишга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати