بسم الله الرحمن الرحيم
Тавба – ибодат
Ҳурматли жамоат! Динимиз ҳақиқий маънода инсонпарвар ва раҳм-шафқат динидир. Аллоҳ таоло бандаларига меҳрибон, улардан содир бўлган хато ва камчиликларни кечиришга доим тайёр. Шунинг учун Аллоҳ таоло бандалари билиб-билмай хатога йўл қўйганларида уларни тавба қилишга чақирди:
وَتُوبُوا إِلَى اللَّهِ جَمِيعًا أَيُّهَا الْمُؤْمِنُونَ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ
(سورة النور الاية-31)
яъни: “Барчангиз Аллоҳга тавба қилингиз, эй, мўминлар! Шояд, (шунда) нажот топсангиз” (Нур сураси, 31-оят).
Мўмин-мусулмон киши барча гуноҳлардан тавба қилиши вожиб бўлади. Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларни чин тавба қилишга тарғиб қилди:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا تُوبُوا إِلَى اللَّهِ تَوْبَةً نَصُوحًا عَسَى رَبُّكُمْ أَنْ يُكَفِّرَ عَنْكُمْ سَيِّئَاتِكُمْ وَيُدْخِلَكُمْ جَنَّاتٍ تَجْرِي مِنْ تَحْتِهَا الْأَنْهَارُ
(سورة التحريم الاية-8)
яъни: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳга чин тавба қилингиз, шоядки, Раббингиз сизларнинг гуноҳларингизни ўчириб, остидан анҳорлар оқиб турадиган (жаннатдаги) боғларга киритса!” (Таҳрим сураси, 8-оят).
Чин тавба – дарҳол гуноҳдан тўхташ, ўтган гуноҳларга пушаймон бўлиш, келажакда ўша гуноҳни қилмасликка азму-қарор қилиш, агар гуноҳ банданинг ҳаққига боғлиқ бўлса, ҳақ эгасини рози қилишдир.
Қуръони карим оятларининг 87 та ўрнида тавбага тарғиб этилган. Агар астойдил тавба қилинса, ҳар қандай гуноҳнинг кечирилишига умид бор. Қуръони каримда гуноҳлардан тавба қилмаган кишиларни “золимлар” деб аталган:
وَمَنْ لَمْ يَتُبْ فَأُولَئِكَ هُمُ الظَّالِمُونَ
(سورة الحجرات الاية-11)
яъни: “Кимки тавба қилмаса, бас, айнан ўшалар (гуноҳ ишлар билан ўзларига нисбатан) зулм қилувчилардир” (Ҳужурот сураси, 11-оят).
Аллоҳ таоло ўзининг фазлу карами билан жаҳолат туфайли гуноҳ қилиб, кейин унга афсус-надомат чеккан кишиларнинг гуноҳларини кечиришини ваъда қилган:
إِنَّمَا التَّوْبَةُ عَلَى اللَّهِ لِلَّذِينَ يَعْمَلُونَ السُّوءَ بِجَهَالَةٍ ثُمَّ يَتُوبُونَ مِنْ قَرِيبٍ فَأُولَئِكَ يَتُوبُ اللَّهُ عَلَيْهِمْ وَكَانَ اللَّهُ عَلِيمًا حَكِيمًا
(سورة النساء الاية-17)
яъни: “Албатта, Аллоҳнинг тавба қабул қилиши фақат ёмонлик (гуноҳ)ни билмасдан қилиб қўйиб, сўнгра тезлик билан тавба қилганлар учун (муқаррар)дир. Аллоҳ айнан ўшаларнинг тавбасини қабул қилур. Аллоҳ илм ва ҳикмат эгасидир” (Нисо сураси, 17-оят).
Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар:
يَا أَيُّهَا النَّاسُ تُوبُوا إِلَى اللهِ فَإِنِّي أَتُوبُ فِي الْيَوْمِ مِائَةَ مَرَّةٍ
(رَوَاهُ الْاِمَامِ الْبُخَارِيُّ)
яъни: “Эй, инсонлар! Аллоҳга тавба қилинглар. Зеро мен бир кунда юз марта тавба қиламан” (Имом Бухорий ривояти).
Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васалламнинг тавба қилиши ва истиғфор айтиши гуноҳ сабабидан эмас. Чунки у зот саллалоҳу алайҳи васаллам каттаю кичик гуноҳлардан покдир. Лекин Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васаллам камтарлик қилиб, Аллоҳ таолонинг азаматига лойиқ бандачилик қилолмадим деб ҳисоблаганлари учун тавба қилганлар. Яна бу ҳадисда умматларини тавба ва истиғфорга қизиқтириш ҳам бор. Зеро гуноҳлардан пок зот бир кунда юз марта тавба қилган бўлсалар, гуноҳкорларнинг ҳоли қандай бўлиши керак?
Бошқа бир ҳадисда Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васаллам:
لَوْ أَنَّ لِابْنِ آدَمَ وَادِياً مِنْ ذَهَبٍ أَحَبَّ أَنْ يَكُونَ لَهُ وَادِيَانِ وَلَنْ يَمْلَأَ فَاهُ إِلَّا التُّرَابُ وَيَتُوبُ اللهُ عَلَى مَنْ تَابَ
(رَوَاهُ الْاِمَامُ الْبُخَارِيُّ)
яъни: “Одам боласининг бир водий тўла олтини бўлса, иккита (олтин тўла) водий бўлишини хоҳлайди. Одамнинг оғзини фақат тупроқ тўлдиради. Аллоҳ таоло тавба қилганнинг тавбасини қабул қилади”, – дейдилар (Имом Бухорий ривояти).
Муҳтарам жамоат! Юқорида келтирилган ояту ҳадислардан хулоса қилиб айтиш мумкинки, Аллоҳ таолонинг марҳамати, кечиримли эканлиги бандаларга катта бир ибратдир. Бундай бағрикенгликни Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васаллам ҳаётлари давомида ҳам кўрсатиб бердилар, ҳеч қачон ўзлари учун ғазаб қилмадилар, бировдан ўч олмадилар, балки кечирдилар, кечиришга буюрдилар.
Ҳозирги кунда Президентимиз раҳбарлигида давлатимиз ҳукумати юқорида зикр қилинганидек авф этиш ва кечиримли бўлиш йўлидан бормоқда. Амалга оширилган ишлар натижасида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан мамлакатимиз тарихида илк маротаба 2 минг 700 нафар маҳкумни, шу жумладан, жазони ижро этиш колонияларидан 956 нафар турли шароитлар туфайли жиноят содир этган, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган, тузалиш йўлига қатъий ўтган, яшаш жойи ва жазони ижро этиш муассасасида ижобий тавсифланган шахсларни афв этиш тўғрисида Фармон қабул қилинди.
2018 йил 19 сентябрь куни Президентимиз “Террористик, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини жиноий жавобгарликдан озод этиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармонга имзо чекдилар ва халқимизда минг йиллардан бери давом этиб келаётган бағрикенглик ва кечиримлилик хислатини намоён қилдилар.
Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу: “Кўп тавба қилувчилар билан ҳамсуҳбат бўлинглар. Чунки улар қалби пок, ҳалим кишилар бўлади”, – деганлар. Али ибн Толиб разияллоҳу анҳу тавба қилувчиларни мақтаб: “Нажот топиб кетган кишининг аҳволини қаранг!”, – дегандилар. “Нажот нима”, – деб сўрашди. У зот: “Тавба ва истиғфор”, – дедилар.
Абу Бакр Воситий раҳматуллоҳи алайҳи: “Ҳамма нарсада хотиржамлик яхши, лекин уч нарсада яхши эмас: намоз вақти келганда, маййитни дафн қилишда ва гуноҳдан тавба қилишда”, – дедилар.
Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васаллам бизга тавбанинг биринчи қадами бўлган истиғфорнинг турли кўринишларини ўргатганлар ва уларнинг орасида биттасини “истиғфорнинг улуғи” деб атаганлар:
سيِّدُ الاسْتِغْفار أَنْ يقُول الْعبْدُ: اللَّهُمَّ أَنْتَ رَبِّي، لا إِلَه إِلاَّ أَنْتَ خَلَقْتَني وأَنَا عَبْدُكَ، وأَنَا على عهْدِكَ ووعْدِكَ ما اسْتَطَعْتُ، أَعُوذُ بِكَ مِنْ شَرِّ ما صنَعْتُ، أَبوءُ لَكَ بِنِعْمتِكَ علَيَّ، وأَبُوءُ بذَنْبي فَاغْفِرْ
لي، فَإِنَّهُ لا يغْفِرُ الذُّنُوبِ إِلاَّ أَنْتَ. منْ قَالَهَا مِنَ النَّهَارِ مُوقِناً بِهَا، فَمـاتَ مِنْ يوْمِهِ قَبْل أَنْ يُمْسِيَ، فَهُو مِنْ أَهْلِ الجنَّةِ، ومَنْ قَالَهَا مِنَ اللَّيْلِ وهُو مُوقِنٌ بها فَمَاتَ قَبل أَنْ يُصْبِح، فهُو مِنْ أَهْلِ الجنَّةِ
(رواه الامام البخاري)
яъни: “Истиғфорнинг улуғи банда: “Эй, Аллоҳ! Сен Раббимсан, сендан ўзга илоҳ йўқ. Сен мени яратгансан, мен сенинг бандангман. Тоқатим етганича сенга берган аҳдим ва ваъдамда турибман. Қилган амалларимнинг ёмонлигидан сендан паноҳ сўрайман. Менга берган неъматларинг ва гуноҳларимни эътироф этаман. Мени кечиргин, чунки сендан бошқа кечирувчи йўқ”, – дейишидир. Ким шу гапни кундуз куни ишонч билан айтса ва кечгача вафот этса, жаннат аҳлидан бўлади. Ким шу гапни кечаси ишонч билан айтса ва тонг отгунча вафот этса, жаннат аҳлидан бўлади” (Имом Бухорий ривояти).
Тавба тўғрисида Сўфий Оллоҳёр бобомиз шундай дейдилар:
Сани халқ айлаган Султони ғолиб,
Ҳамиша бандасидин тавба толиб.
Эгамнинг мағфират дарёсидур жўш,
Ажабдур бандасидин ғафлат оғуш.
Эгамдин лутфу раҳмат бобин очмоқ,
Ажабдур бандасидин мунча қочмоқ?!
Ётурсан тобакай эмди уйанғил,
Дилу жонинг била Ҳазратға ёнғил.
На ким қилмишларингдин тавба қилғил,
Бошинг кўб юқори қилма, эгилғил.
Ҳурматли жамоат! Мавъизамиз давомида мўмин-мусулмонлар имон келтириш лозим бўлган нарсалар ҳақидаги суҳбатни давом эттирамиз.
Ватандошимиз Абу Ҳафс Нажмиддин Умар Насафий “Ақидатун Насафия” китобида шундай дейдилар: “Аллоҳ таолонинг илми ва иродаси билан кофирлар ва баъзи гуноҳкор мўминлар учун қабр азоби, қабрда тоат аҳлининг неъматланиши ҳамда Мункар ва Накирнинг савол-жавоби самъий далиллар билан собитдир. Қайта тирилиш, (амаллар) тарозуси, (номаи аъмол) китоби, (дунёда қилинган ишларидан) савол сўралиши ҳақдир”.
يُثَبِّتُ اللَّهُ الَّذِينَ آَمَنُوا بِالْقَوْلِ الثَّابِتِ فِي الْحَيَاةِ الدُّنْيَا وَفِي الْآَخِرَةِ
(سورة ابراهيم الاية-27)
яъни: “Аллоҳ имон келтирганларни дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам устувор Сўз (имон калимаси) билан собитқадам қилур...” (Иброҳим сураси, 27-оят). “Мўминларни имон калимаси билан собитқадам қилиши” ҳадиси шарифларда таъкидланишича, қабрда фаришталарнинг Пайғамбаримиз алайҳис-салом ҳақидаги саволларига: “У Аллоҳнинг бандаси ва расули”, – деб гувоҳлик беришидир.
Уламолар қабр азобига қуйидаги ояти карималар далолат қилади дейдилар:
النَّارُ يُعْرَضُونَ عَلَيْهَا غُدُوًّا وَعَشِيًّا وَيَوْمَ تَقُومُ السَّاعَةُ أَدْخِلُوا آَلَ فِرْعَوْنَ أَشَدَّ الْعَذَابِ
(سورة الغافر الاية-46)
яъни: “(У азоб қабрдаги бир) оловдирки, улар эртаю кеч унга тутиб турилурлар. Қиёмат қойим бўладиган кунда эса, (дўзах фаришталарига): “Фиръавн зодагонларини энг қаттиқ азобга киритингиз!” (дейилур)” (Ғофир сураси, 46-оят).
مِمَّا خَطِيئَاتِهِمْ أُغْرِقُوا فَأُدْخِلُوا نَارًا
(سورة النوح الاية-25)
яъни: “Улар ўз хато (гуноҳ)лари сабабли ғарқ қилиниб, (сув балосидан сўнг) оловга киритилдилар” (Нуҳ сураси, 25-оят).
فَوَرَبِّكَ لَنَسْأَلَنَّهُمْ أَجْمَعِينَ
(سورة الحجر الاية- 92)
яъни: “Раббингизга қасамки, албатта, уларнинг барчасини сўроқ қилгайман” (Ҳижр сураси, 92-ояти).
فَأَمَّا مَنْ ثَقُلَتْ مَوَازِينُهُ هُوَ فِي عِيشَةٍ رَاضِيَةٍ وَأَمَّا مَنْ خَفَّتْ مَوَازِينُهُ فَأُمُّهُ هَاوِيَةٌ
(سورة القارعة الايات-6-9)
яъни: “Бас, энди (ўша куни) кимнинг тарозида тортилган нарсалари (савобли амаллари) оғир келса, ана ўша қониқарли маишатда (жаннатда) бўлур. Аммо, кимнинг тарозида тортилган нарсалари (савобли амаллари) енгил келса, унинг жойи (дўзахдаги) “жарлик”дир” (Қориа сураси, 6-9-оятлар).
فَأَمَّا مَنْ أُوتِيَ كِتَابَهُ بِيَمِينِهِ فَيَقُولُ هَاؤُمُ اقْرَءُوا كِتَابِيَهْ
(سورة الحاقه الاية-19)
яъни: “Бас, ўз китоби (номаи аъмоли) ўнг томонидан берилган киши айтур: “Мана, менинг китобимни ўқингиз!” (Ал-Ҳоққа сураси, 19-оят).
وَأَمَّا مَنْ أُوتِيَ كِتَابَهُ بِشِمَالِهِ فَيَقُولُ يَا لَيْتَنِي لَمْ أُوتَ كِتَابِيَهْ وَلَمْ أَدْرِ مَا حِسَابِيَهْ
(سورة الحاقه الاية-26-25)
яъни: “Энди, китоби чап томонидан берилган кимса эса дер: “Эҳ, қанийди, менга китобим берилмаса ва ҳисоб-китобим қандай бўлишини билмасам!” (Ал-Ҳоққа сураси, 25-26-оятлар).
Аллоҳ таоло барчамизга ҳақиқий тавба қилишни насиб айлаб, бизга Ўз раҳмати билан муомала қилсин! Номаи аъмолларимизни ўнг томонимиздан бериб, икки дунёда юзимизни ёруғ қилсин.! Омин!
Х асрнинг охири ва ХI асрнинг бошларида Хоразм ва Бухоро илмий муҳитида антик давр юнон фалсафаси ҳамда табиий фанлар меросини қайта кўриб чиқишга бўлган қизиқиш ниҳоятда кучайди. Аристотелнинг “Осмон ва олам ҳақида” ҳамда “Физика” асарларидаги айрим хулосалар ўша давр тадқиқотчилари томонидан сўзсиз ҳақиқат сифатида қабул қилинаётган бир пайтда, тахминан 24–26 ёшлардаги Беруний антик муаллифнинг айрим қарашларини амалий кузатув ва математик мантиқ ёрдамида шубҳа остига олди. Беруний ўз эътирозлари ва саволларини хат орқали Бухорода яшаб ижод қилаётган, ўша вақтда 17–19 ёшларда бўлган Ибн Синога юборди. Ушбу тарихий мулоқотнинг бизгача етиб келган матни Ибн Синонинг Беруний томонидан берилган саволларга қатор жавобларидан иборат. Манбашунос ва шарқшунос Ю.Завадовский ушбу қўлёзма матнини рус тилига ўгирган ва у илк бор 1957 йилда Тошкентда нашр этилган. Кейинчалик, 1973 йилда Беруний таваллудининг 1000 йиллик юбилейи муносабати билан фалсафа фанлари номзоди А.Шарипов томонидан тайёрланган қайта нашрда ушбу ёзишмаларнинг илмий аҳамияти янада аниқроқ ёритилган.
Берунийни Аристотель таълимотидаги баъзи физик қоидаларнинг кузатув ва тажрибага зид келиши алоҳида ташвишга солган эди. Хусусан, “Физика” бўлимига оид саволлар орасида моддаларнинг нур синдириши ва иссиқлик йиғиш хусусиятига оид аниқ тажриба баён қилинади. Хоразмлик олим думалоқ ва шаффоф шиша идишни олиб, уни сув билан тўлдирганда у биллур лупа каби қуёш нурларини бир нуқтага тўплаб, аланга олдириш хусусиятига эга бўлишини кўрсатиб ўтади. Агар ушбу идиш сув ўрнига ҳаво билан тўлдирилса, ҳеч қандай нур йиғилмайди ва олов ҳосил бўлмайди. Беруний Ибн Синога мурожаат қилиб, сувнинг бундай ўзига хос таъсир кўрсатиши сабабини ва нега айнан сув мавжуд бўлганда нурлар тўпланишини сўрайди. Шарқшунос А.Шарипов тадқиқотларида таъкидланганидек, бу каби саволлар Берунийнинг шунчаки назарий мулоҳаза юритмагани, балки аниқ физик ҳодисаларни тажрибада текшириб кўрганини тасдиқлайди.
Ибн Сино Берунийнинг бу саволига жавоб берар экан, сувнинг табиатан тиниқ, зич ва силлиқ жисм эканини, шу сабабли у ўзидан ўтаётган нурни акслантириш ва қайтариш хусусиятига эгалигини тушунтиради. Оптимика масалаларида олимлар ўртасидаги баҳс Платон ва Аристотель мактабларининг қарашларини қиёслаш даражасигача етиб боради. Ибн Сино кўриш жараёни кўздан нур чиқиши орқали юз бермайди деган Аристотель позициясини ҳимоя қилади ва бу борада Платон қарашларидан фарқли ёндашувни илгари суради.
Берунийнинг яна бир эътиборга лойиқ тажрибавий саволи сув ва музнинг зичлиги ҳамда оғирлиги ўртасидаги муносабатга бағишланган. Аристотель назариясига кўра, совуқ ва тошсимон қаттиқ шаклга эга бўлган муз ўз моҳиятига кўра тупроқ элементига яқинроқ бўлиши ва сув тубига чўкиши керак эди. Лекин Беруний амалиётда музнинг сув юзида сузиб юришини кўриб, бу ҳодисанинг физик сабабини сўрайди. Ибн Сино ўз жавобида сув музлаган пайтда унинг таркибида ҳаво зарралари қотиб қолишини ва айнан шу суюқлик ичидаги ҳаво пуфакчалари музни сув тубига чўкишига йўл қўймаслигини таъкидлайди. Ю.Завадовский томонидан ўрганилган ушбу оммавий мунозара ўша давр учун моддаларнинг физик ҳолати ва термодинамика бошланғич тушунчалари бўйича муҳим қадам эди.
Космология ва фазовий геометрия соҳасида ҳам Беруний Аристотель даъволарини жиддий синовдан ўтказади. Аристотель фазода осмон сфераси оғирликка ҳам, енгилликка ҳам эга эмас, чунки у марказга ёки марказдан атрофга ҳаракат қилмайди деб ҳисоблар эди. Беруний эса хаёлий тафаккур нуқтаи назаридан осмон жисми энг оғир жисмлардан бири бўлиши мумкинлигини, унинг марказга тушмаслиги унинг вазнсизлигини англатмаслигини илгари суради. Шунингдек, Беруний фазо шакли борасида ҳам тўхталиб, осмон сфераси мукаммал шарсимон бўлиши шартлиги, у тухумсимон ёки ясмиқсимон шаклда ҳам бўлиши мумкинлигини тахмин қилади. Ибн Сино эса геометрия ва физика далилларини келтириб, агар сфера шарсимон бўлмаса, унинг ҳаракати пайтида бўшлиқ ҳосил бўлиши заруриятини исботлашга уринади.
Аристотелнинг фазода оламнинг ўнг ва чап томонлари ҳақидаги қарашлари ҳам Берунийнинг кескин танқидига учрайди. Аристотель жисмнинг ўнг томони ҳаракат бошланадиган жой деб таъриф бериб, кейинчалик Осмон ҳаракати шарқдан бошланади, демак Шарқ – бу ўнг томон деган хулоса чиқарган эди. Беруний бундай хулоса чиқариш логикада “мантиқий айлана” хатолигига олиб келишини кўрсатиб ўтади. Ибн Сино ўз жавобида Аристотель осмон сферасини тирик жисм сифатида тасаввур қилганини айтиб, антик муаллиф мантиғини ҳимоя қилишга ҳаракат қилади.
Ушбу ёзишмалар матни Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтининг 2385-рақамли қўлёзмалар фондида сақланиб қолган. Мазкур манбанинг бизгача етиб келишида хатларни кўчириб ёзган фақиҳ Маъсумийнинг хизмати борлиги хат охиридаги қайдларда эслатиб ўтилади. Ю.Завадовский ва А.Шарипов тадқиқотлари шуни кўрсатадики, ХI аср бошидаги бу илмий баҳс нафақат икки мутафаккирнинг шахсий мулоқоти, балки Туронда табиатшунослик фанлари ва кузатув тажрибаларига асосланган янги илмий услуб шаклланганининг тарихий исботидир.
Беруний ва Ибн Сино ўртасидаги ёзишмалар Х-ХI асрларда Хоразм ва Бухорода шаклланган илмий тафаккур даражаси антик давр фалсафасини шунчаки ўзлаштириш билан чекланмай, уни аниқ тажриба ва мантиқий таҳлил воситасида танқидий қайта кўриб чиқиш босқичига кўтарилганини англатади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати