Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
13 Июл, 2025   |   18 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:20
Қуёш
05:01
Пешин
12:34
Аср
17:40
Шом
20:00
Хуфтон
21:33
Bismillah
13 Июл, 2025, 18 Муҳаррам, 1447

Сафар ойи – яхшилик ойи

12.10.2018   11044   5 min.
Сафар ойи – яхшилик ойи

Сафар ойи – ҳижрий-қамарий тақвим бўйича йилнинг иккинчи ойидир. Ҳар доим сафар ойи яқинлашиши билан одамлар орасида турли саволлар кўпая боради. Сафар ойида сафар қилиб бўлмасмиш. Сафар ойида тўй қилиб бўлмасмиш ва ҳоказолар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам  инсониятни жаҳолат ботқоғидан халос этиб, улар орасида тарқалган хурофотларни ислоҳ қилиш учун юборилганликлари барчамизга маълум. Илоҳий таълимотда қазою қадарга имон келтириш Ислом динимиз асосларидан биридир.  Шундай экан, инсон бошига тушадиган барча яхшилик ва ёмонликларни ҳам тақдирдан деб билиш, у бандага Аллоҳнинг иродаси билангина етади дейиш энг тўғри йўлдир. Бу ҳақда Қуръони каримда қуйидагича баён қилинган: “Сизга Аллоҳнинг изнисиз ҳеч бир мусибат етмас. Ким Аллоҳга имон келтирса, У зот унинг қалбини ҳидоятга солур. Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчидир” (Тағобун,11).

Айрим кимсаларнинг ой, кун, жой ва одамлардан шумланиши, улардан ёмон фол очиши уларнинг нодонлигига ва Ислом таълимотидан бехабарлигига далолат қилади. Шумланишлик борасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам муборак хадис шарифларида: “Уч нарсадан менинг умматим ҳануз қутула олмайди. Улар: хасад, бадгумонлик ва иримдир. Шу нарсалардан қутулиш йўли шуки, ҳасад қилсангиз зулмга ўтманг. Гумону шубҳа қилсангиз, уни хақиқат ҳисоб қилиб унга асосан иш тутманг. Бирор ирим қилинадиган нарсага дуч келсангиз, Аллоҳга таваккул қилиб, йўлингизда ва ишингизда давом этаверинг!”(Абу Яъло ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиздан ривоят қилган ҳадисда жоҳилият ақидасидан огоҳлантириб айтдиларки: “Эътиқод юзасидан бир касалликни иккинчи бир кишига ўтиши қатъий қилинмайди, магар Аллоҳ таоло хоҳласагина ўтади. Шариати исломияда ирим қилиш йўқ, у жоҳилият қолдиқларидан бўлиб, мусулмонлар орасида тарқалган зарарли ақидадир. Вафот этган одамнинг руҳи келиб, турли жониворлар шаклида чирқиллаб туриши ҳам йўқдир. Чунки одамлар ўйлаганидек, бойўғли сайраганида ёки ин қурганда, дарахт қуриб, уйлар вайронага айланмайди, аксинча, бойўғли қуриган дарахтларни ва вайроналарни қидириб топиб, ўша жойларгагина ин қуради. Чунки унинг емиши бўлмиш сичқон ва каламушлар, одатда, худди ана шундай ерларда бўлади. Сафар ойидан ҳам ирим қилиш, шумланиш нотўғри” (Муттафақун алайҳ).

Ҳар вақт ва ҳар бир амалда Аллоҳнинг ўзига таваккул этиш зарур. Зеро, Аллоҳ таоло Қурони каримда бундай марҳамат қилади: “…Кимки Аллоҳга таваккул қилса, бас,(Аллоҳнинг) ўзи унга кифоя қилар. Албатта, Аллоҳ ўзи(ҳохлаган) ишига етувчидирАллоҳ барча нарса учун миқдор (меъёр ва муддатни тайин) қилиб қўйгандир” (Талоқ, 3).

Ҳозирги кунда ҳам халқимиз орасида бундай бемаъни фикр ва ирим-сиримлар учраб туради. Масалан, йўлда кетаётган одам олдидан қора мушук ўтиб қолса, бир фалокат юз беради деб тушунади. Кечаси қичқирган хўрозни бехосият деб ҳисоблаб, уни сўйиб юбориш керак деб ўйлайди. Бу ишларнинг нотўғрилигини қуйидаги ҳадис исботлайди: Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Вақтики хўроз қичқирганини эшитсангиз, Аллоҳ таолонинг фазлини сўранг, чунки хўроз фариштани кўрганда қичқиради”. Вақтики эшакни ҳанграганини эшитсангиз, Аллоҳдан паноҳ тиланг, чунки эшак шайтонни кўрганда ханграйди”, деганлар.

Сафар ойидан шумланишга қарши фақат тушунтириш ишлари олиб бориш билан кифояланиб қолинмади, балки амалий ва намунали ишлар ҳам қилинди. Жоҳилият аҳлининг сафар ойидан шумланишига тамоман зид ўлароқ бу ой Исломда “Сафарул хайр” (Сафар яхшилик) деб номланди. Жоҳилият аҳлининг сафар ойида иш бошлаб бўлмайди, деган хурофотига зид ўлароқ Исломда кўпгина ишлар айнан сафар ойида бошланди. Масжиди Набавийнинг қурилиши биринчи ҳижрий сананинг айнан сафар ойида бўлди. Жоҳилият аҳлининг сафар ойида сафарга чиқиб бўлмайди, деган эътиқодига зид ўлароқ мусулмонлар худди бошқа ойлардаги каби бемалол сафарларга чиқдилар. Пайғамбар алайҳиссалом сафар ойида сафарга чиқиб Хайбарни фатҳ қилдилар. Жоҳилият аҳлининг сафар ойида никоҳланиб бўлмайди, деган сафсатасига қарши ўлароқ мусулмонлар бу ойда никоҳларини ўтказдилар. Манбаларда Имом Зуҳрийнинг ривоятлари асосида келтирилишича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом айнан сафар ойида ўз қизлари Фотимаи Заҳрони Али розияллоҳу анҳуга никоҳлаб бердилар. Ўшанда ҳижратнинг иккинчи йили эди. Сафар ойидан шумланишни йиғиштирайлик. Билмаганларга ҳам бу ой тўғрисида ўзимиз билган исломий ҳақиқатни етказайлик.

Алҳосил, халқимиз ичида ҳанузгача бидъат-хурофот ва ирим-сиримга берилиб, сафар ойида қилинадиган хайрли ишларни бошқа ойларга кўчирадиган, бошқаларнинг фикрини чалғитиб соф Ислом таълимотидан йироқлаштириб қўяётган айрим кимсалар юқорида айтилган гаплардан ўзларига тегишли хулоса чиқариб олсалар, айни муддао бўлур эди

Халқимизда “Хайрли амаллар кечиктирилмайди”,  деган ҳикматли ибора бежиз айтилмаган.

Ҳақ таоло ҳаммамизни Ўзининг ҳидоят йўлидан боришимизни, турли бидъат ва хурофотлардан эҳтиёт бўлишимизни, Ўзи рози бўладиган солиҳ амаллар қилишимизни насиб айласин!

М.ТЎРАҚУЛОВ,

Олтинкўл тумани бош имом-хатиби      

ЎМИ матбуот хизмати

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

“Қуръони каримни ўқишдан сени нима чалғитди?!”

11.07.2025   6695   3 min.
“Қуръони каримни ўқишдан сени нима чалғитди?!”

Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу ёшлари ўтиб, кексайиб қолган чоғларида Мусҳафи шарифни олиб, йиғлаб туриб шундай дер эдилар: “Жиҳодлар билан овора бўлиб сени ўқий олмай қолдик”.

Бу қандайин гўзал узр! Хўш, биз ўзимизни нима деб оқлаймиз?! Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу шундайин гап айтдилар, аммо биз нима деймиз?! Қиёмат кунида “Қуръони карим ўқишдан сени нима чалғитди?!” – деб сўралсак, нима деб жавоб берамиз?! Токи у бизни зараримизга эмас, фойдамизга ҳужжат бўлиши учун кўксимизга босиб, кечаю кундуз тиловат қилиб бормаймизми?! Ахир Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таолонинг зикрини лозим тут, Қуръони карим тиловатида маҳкам бўл. Чунки бу сенинг осмондаги руҳинг, ердаги зикрингдир” [1], деганлар.

Қурони карим оятларини тадаббур қилмасдан, маънолари ҳақида фикр юритмаган ҳолда, ҳеч қандай тушунчасиз кўп тиловат қилиш асосий мақсад эмас. Агар инсон бир неча оятни тадаббур қилса, тафсир китобларига мурожаат этса ёки тафсир дарсларига қатнашса, маъноларни ўзлаштирса ва уларга амал қилса, бу иши ўша инсон учун улкан яхшилик, хайр-барака бўлади.

Имом  Ғаззолий ҳазратлари бундай дейдилар: “Қуръон сиз сўрашингиз мумкин бўлган ва у сизнинг сўровларингизга жавоб бера оладиган тирик Расулдир. Сиз унга қулоқ солсангиз, у сизни қондиради”.

Қалблари иймон нури ила қоришиб кетган зотлар учун, албатта, Қуръонда шифо бордир. Яна Қуръони каримда саросима, шайтоний васвасалар, нафсу ҳавога эргашишдан сақловчи шифо бор. Қуръон ўқиган пайтимизда бизни фаришталар қуршаб олади ва улар ҳам бизга қўшилиб Раҳмон бўлган Зотнинг оятларига қулоқ тутади. Само фаришталари туни билан Қуръонга қоим бўладиган ер фаришталарига яқинлашадилар. Энди айтинг-чи, одамлар ухлаётган пайтда, тун қоронғусида биз Қуръон тиловат қиляпмизми?! Еру осмонлар Робби бизга қулоқ соладиган даражада  оятларини тиловат қиляпмизми?!

 Аллоҳ таолонинг шифо оятлари қуйидагилардир:

«...Ва мўмин қавмларнинг кўнгилларига шифо берадир» (Тавба сураси, 14-оят).

«Эй одамлар! Сизга ўз Раббингиздан мавъиза, кўксингиздаги нарсага шифо, мўминларга ҳидоят ва раҳмат келди» (Юнус сураси, 57-оят).

«Биз Қуръонни мўминлар учун шифо ва раҳмат ўлароқ нозил қилурмиз...» (Исро сураси, 82-оят).

«...У иймон келтирганлар учун ҳидоят ва шифодир...» (Фуссилат сураси, 44-оят).

«...Унда (асалда) одамлар учун шифо бордир...»  (Наҳл сураси, 69-оят).

«Бемор бўлганимда менга шифо берадиган ҳам Унинг Ўзи» (Шуаро сураси, 80-оят).

 Қуръони каримни тиловат қилиш, эшитиш, амал қилиш ва ҳар бир ишда ундаги ҳукмларга таяниб иш кўришдан четлашманг!

Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.


[1]  Имом Аҳмад ривояти.

 

 

Мақолалар