Маълумки, ҳар йили анъанавий тарзда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида фаолият кўрсатиб бораётган имом-хатиблар ўртасида “Йил имоми” кўрик танлови ўтказиб келинар эди. Жорий йилдан эса мазкур танлов “Энг маърифатли имом” номи остида янги Низом асосисида ўтказиб келинмоқда.
Танловнинг мақсади – бугунги тараққиёт талабларига жавоб берадиган, кучли илмий салоҳиятга эга, ташаббускор, илғор фикрли, замонавий ахборот технологияларидан етарлича фойдалана оладиган ва кенг халқ оммасига ўз фикрини етказиб бера оладиган, иқтидорли, фаол имом-хатибларни аниқлашдир.
Уч босқичда ўтказилиши режалаштирилган танловнинг биринчи шаҳар-туман босқичида ғолибликни эгаллаган иштирокчилар 10 октябрь куни Қувасой шаҳридаги “Ислом” жомеъ масжидида вилоят босқичида иштирок этдилар.
Вилоят босқичини тантанали равишда очиб берган вилоят бош имом-хатиби Салимжон қори Қодиров:
- Бу йилги танлов ҳар йилгидан ўзгача тарзда ўтказилмоқда. Бу эса юртимизда диний-маърифий соҳага, хусусан, илм аҳлига кўрсатилаётган эътибор намунасидир. Шунингдек, барча имом-хатиблар, имом-ноиблари, ҳатто муаззин ва қоровуллар ҳам ўз устида мунтазам иш олиб бориши керак дегани. Зеро бугунги тадбирда ғолиблар қатори масжидларда жонкуярлик билан хизмат қилиб келаётган бир гуруҳ ходимлар ҳам тақдирланади, - дея барча иштирокчиларга омад ва муваффақиятлар тилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим мудири Исломиддин Зуҳриддинов ҳам танлов кузатиб борар экан:
- Ҳақиқатан мазкур танловга Фарғона вилоятида катта тайёргарлик кўрилганини таъкидлади. Бугунги имкониятдан фойдаланиб, ҳар бир имом-хатиб ўз билим ва салоҳияти, дин ривожи ва халқ фаровонлиги йўлида олиб боражак хизматлари ила ана шундай эътибор ва эътирофга муносиб бўлмоққа интилиши керак”, - дея қайд этди.
Қуръон тиловати билан бошланган танловда иштирокчиларнинг чиқишлари ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланиб борилди ҳамда танлов сўнгида натижалар эълон қилинди:
“Энг маърифатли имом – 2018” танловининг Фарғона вилоят босқичи ғолиблари:
I-ўрин: Абдувоҳид Аҳмадалиев (Марғилон шаҳридаги “Худоёрҳожи” масжиди имом-ноиби)
II-ўрин: Абдужаббор Мадраҳимов (Тошлоқ туманидаги “Абу Ҳанифа” масжиди имом-ноиб)
II-ўрин: Давронбек Усмонов (Фарғона тумани “Ҳувайдо” масжиди имом-хатиби)
III-ўрин: Жалолиддин Маматқулов (Учкўприк туман “Шоҳ муқаддам” масжиди имом-хатиби)
III-ўрин: Шерзод Аҳмедов (Данғара тумани “Муҳаммадсаййидхўжа” масжиди имом-хатиби)
Танлов якунида Ўзбекистон мусулмонлари идораси вилоят вакиллиги томонидан барча ғолибларга диплом ва эсдалик совғалари тақдим этилди.
Масжид ходимлари фаолиятини янада жонлантириш, ўз ишларига янада кўп меҳр билан ёндошиб, улар бажараётган иш самарадорлигини ошириш мақсадида танловга ҳамоҳанг равишда турли номинациялар бўйича мукофотлар топширилди:
"Энг тарғиботчи имом"
- Абдумажид домла Исақов (Қўқон шаҳар бош имом хатиби)
“Энг кўп обуна уюштирган имом”
- Аҳмедов Соҳибжон (Бағдод тумани бош имом-хатиби)
“Энг кўп мақола нашр этган имом”
- Жалилов Раҳматилло (Қўштепа тумани бош имом-хатиби)
“Энг обод масжид”
- Қувасой шаҳар Аҳмадали бобо масжиди (масжид имом-хатиби Абдужамилов Аслиддин)
"Энг тарғиботчи имом"
- Абдумажид домла Исақов (Қўқон шаҳар бош имом хатиби)
“Энг таъсирли ижодий иш”
- Раҳматулло Файзуллаев (Марғилон шаҳар “Робияҳожи она” масжиди имом-хатиби, “Марғилон алломалари” рукни остида чоп этилаётган адабиётлари учун)
“Энг хушовоз муаззин”
- Мираҳмедов Адахамжон (Олтиариқ туман “Шоҳ Толиб” масжиди муаззини)
“Энг ишбилармон мутавалли”
- Мамасаидхонов Салоҳиддин (Риштон тумани Ҳўжа илғор масжиди мутаваллиси)
“Энг миришкор боғбон”
- Аҳмадалиев Мансуржон (Бешариқ тумани Умар ибн Абдулазиз масжиди боғбони)
“Энг намунали таҳоратхона”
- Фарғона шаҳар “Тоййиба” масжиди таҳоратхонаси (масжид имом-хатиби Бахрамов Азизхон)
“Энг замонавий қоровулхона”
– Марғилон шаҳар «Ширмонпазлик» масжиди қоровулхонаси (масжид имом-хатиби Тошхўжаев Фазлуллоҳ)
“Энг бой кутубхона”
- Қўқон шаҳар “Шайхул-ислом” масжиди кутубхонаси (масжид имом-хатиби Фазлиддин Салимов)
Шунингдек, Ўзбекистон, Учкўприк, Данғара, Фурқат, Бувайда, Тошлоқ, Қува, Фарғона, Ёзёвон туманлари имом-хатиблари вилоят вакилликнинг ташаккурномалари билан тақдирландилар.
Фарғона вилоят вакиллик матбуот хизмати │ fargonaziyo.uz
Савол: Намоздан кейин имом «Оятал курсий»ни бошидан ўқиганда жамоат қолганини ичида давом эттирадими ёки бошидан бошлайдими? Зикрларни айтишдачи?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Намоздан кейин оятал курсий ва тасбеҳларни айтиш мустаҳаб амал саналиб, уларни имом ҳам, жамоат ҳам ўқишлари мандуб, яъни гўзал ва савобли иш ҳисобланади. Шунинг учун имом бошлаб берганидан кейин жамоатдагилар ҳам оятал курсийни бошидан ўқийдилар.
Шунингдек, тасбеҳларни 33 тадан айтадилар. Имом уларни овоз чиқариб бошлаб беришининг сабаби жамоатга айтиладиган зикрни эслатиш учундир.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом фарз намозлардан кейин «Оятал курсий»ни ўқишнинг фазилати ҳақида бундай дейдилар: “Ким ҳар бир фарз намозидан кейин Оятал курсийни ўқиса, кейинги намозгача Аллоҳ таолонинг зиммасида бўлади” (Имом Табароний ривоятлари).
Бошқа бир ҳадиси шарифда бундай дейилади:
“Ким ҳар бир фарз намознинг ортидан Оятал курсийни ўқиса, уни жаннатга киришдан фақатгина ўлим тўсиб туради” (Имом Насоий ривояти).
Намоздан кейин тасбеҳларни айтиш борасида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ҳар намоздан кейин ўттиз уч марта Аллоҳга тасбеҳ айтса, ўттиз уч марта Аллоҳга ҳамд айтса, ўттиз уч марта Аллоҳу акбар”, деса ҳаммаси тўқсон тўққиз бўлади. Юзинчисида “Лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ала кулли шайьин қодийр”ни айтса, унинг гуноҳлари денгиз кўпикларича бўлса ҳам мағфират қилинади”, дейилган (Имом Муслим ривояти).
Шунга кўра имом домла “Субҳаналлоҳ”, “Алҳамдулиллаҳ”, “Аллоҳу акбар” дейиши ўзи учун ҳисобга ўтади. Жамоатдаги намозхонлар 33 тадан ўзлари айтишлари керак бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.