Россия давлати Дин тарихи музейида рақамли санъат техникаси бўйича чечен устасининг замонавий араб-мусулмон хаттотлиги кўргазмаси очилди.
IQNA сайтининг “Алявм-7” матбуотига таяниб хабар беришича, Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги Дин тарихи музейи чеченистонлик рассом Исмоил Данилхановнинг “Қуръон сўзлари ва маънолари: хаттотлик тадқиқотлари” номли кўргазмасини ташкил қилди.
Ташриф буюрувчилар кўргазмада рақамли санъат техникасида яратилган 63 та каллиграфик эскизларни кўришлари мумкин.
Чеченистон Республикаси Фуқаролик палатаси раиси, хаттот Исмоил Данилханов Россиянинг ТAСС ахборот агентлигига берган интервьюсида бундай деди: “Бугун тақдим этилаётган деярли барча асарлар биринчи марта шу форматда кўрилади. Мен классик техникада жуда узоқ вақт ишладим, лекин улар 500-700 йил олдин ёзганидек, стандарт тўплам бўлгани учун кўргазма қилмадим”.
Чеченистонлик хаттот эса бундай деди: “Бугунги кунда ёшлар бундан ажабланмайди. Улар хаттотлик ёки Қуръон жараёнига аралашмайди, чунки улар унда ранг-баранг, ёрқин маъно топа олмайдилар. Рақамли санъат каби шакл ўзига хос турга айланди. Улар учун Чеченистонда араб хаттотлиги қайта тикланганидан дарак беради”.
Данилханов у учун энг муҳими Қуръоннинг гўзаллиги ҳақидаги билимларни тарқатиш, шунингдек, чечен халқининг тарихий хотираси ва араб тили билан кўпроқ боғлиқ бўлган адабий меросини сақлаб қолиш эканини эътироф этди.
Россиянинг “ТAСС” ахборот агентлигининг хабар беришича, хаттот, рассом, шунингдек, замонавий мусулмон хаттотлиги бўйича маҳорат дарсини ўтказади, унда иштирокчилар линогравюрани яратишнинг бутун жараёнини кўришлари ҳамда мусулмон хаттотлигининг техникаси ва тарихи билан танишиши мумкин бўлади.
Эслатиб ўтамиз, Санкт-Петербургдаги Дин тарихи музейи Россия ҳукумати ва ушбу мамлакат Маданият вазирлиги тасарруфидаги маданият муассасаси бўлиб, унинг музей фондларида турли мамлакатлар маданияти, халқлари ва тарихидан сақланиб қолган қадимий обидалар саналган 200 мингга яқин экспонат мавжуд.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бугун, 1 июнь куни Ҳаж ва умра ишлари вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа таклифига биноан Жидда шаҳрида ташкил этилган 49-ҳаж анжуманида Ўзбекистон делегацияси вазирлар, муфтийлар, уламолар ва ҳаж хизматига алоқадор турли соҳалар етакчилари билан бирга иштирок этди.
Мамлакатимиз делегацияси таркибида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев, “Ҳаж” ва “Умра” бўйича атташе Шуҳрат Амоний ва бир қатор соҳа мутасаддилари қатнашди.
Қуръони карим тиловати билан бошланган анжуманни мамлакат Ҳаж ва умра ишлари вазири кириш сўзи билан очиб, мартабали меҳмонларни Маккаи мукаррамага ташрифлари ва нуфузли тадбирдаги иштироки билан қутлаб, ҳаж мавсумини юқори даражада ўтказиш юзасидан амалга оширилаётган янги лойиҳалар тўғрисида сўзлади.
Халқаро анжуман доирасида ҳаж ибодатини енгиллаштириш, зиёратчиларга қулай шароит яратиш, жорий ҳаж мавсуми ёзнинг иссиқ кунларига тўғри келаётгани, ҳожилар саломатликларига эътибор қилишлари, Арафот ҳудудидаги Раҳмат тоғига чиқишдан сақланишлари, шунингдек, ҳаж хизматидаги ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш каби муҳим мавзулар муҳокама қилинди.
Халқаро анжуманда Саудия Арабистони Подшоҳлигининг зиёратчиларга хизмат кўрсатиш соҳасида амалга ошираётган кўламли ишлари ҳақида сўз юритилди. Мусулмонларга хизмат қилиш учун Икки Муқаддас Масжиддаги энг муҳим лойиҳа ва катта ўзгаришлар тақдимот қилинди. Шунингдек, ҳаж амалини адо этишда қонуний рухсатномаларга ва амалдаги қоидаларга риоя қилиш алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Маълумот ўрнида, ушбу симпозиум 1970 йилдан буён ҳар йили ўтказилади. Бу йилги анжуманда 50 дан ортиқ давлатдан 500 дан зиёд олим ва мутафаккирлар мавзу юзасидан муҳим масалаларни муҳокама қилдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати