Яхши ният ва эзгу амаллар соҳибини жаннат сари етакловчи ишлар экани маълум. Инсон ниятини тўғри қилса, нафсини турли ёмонликлардан покласа, албатта, у дунё ва охиратда бахтлилар қаторида бўлади. Аллоҳ таоло: “(Қасамёд этаман), ҳақиқатан, уни (нафсни) поклаган киши нажот топур”, дейди (Шамс, 9). Абдуллоҳ ибн Аббосдан (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинишича, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ушбу мазмунли оятни тиловат қилганларидан сўнг, Аллоҳ таолога бундай дуо қилар эканлар: «Ё Аллоҳ, нафсимга тақво ато эт, Ўзинг унинг Хожасисан ва энг яхши Поклагувчисан».
Нафсни поклаш Аллоҳ таолонинг ғазабидан қўрқиб гуноҳлардан тийилиш, имонни қувватлантирадиган амалларда давомли бўлиш ва Ундан мағфират сўраб, ихлос билан тавба қилиш билан бўлади. Гуноҳлардан тийилмаган банданинг қалби хотиржам бўлолмайди ва ибодати ҳам ҳаловатсиз кечади. Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу) бундай насиҳат қилади: «Дунёга ҳирс қўйишдан қалбда зулмат пайдо бўлди. Аллоҳ таоло ғазабидан қўрқув, қаноат, Қуръони каримга амал қилиш ва охиратга тайёргарлик кўриш каби амаллар у (зулмат)ни тарқатиб юборади».
Шубҳасиз, Аллоҳ таолога муҳаббат, қўрқув инсонни камтарин, сабрли, амалларда, Яратганни кўрмаса ҳам, У кўриб турганини ҳис этадиган қилиб қўяди. Ҳадисда: «Аллоҳ таолони кўриб турганингдек ибодат қил. Гарчи сен Уни кўрмасанг ҳам У сени кўради» (Имом Муслим ривояти), дейилган. Донишмандлар, Ҳақ таолодан қўрққан инсон нафсини ҳар сонияда назорат қилиб, худди тижоратдаги шериги билан ҳисоб-китоб қилганидек, у билан ҳисоблашади, дейишган.
Гуноҳлардан сақланиб, яхшилик қилувчиларга жаннат ваъда қилинган. Унга эришиш йўли эса осон кечмайди. Қуръони каримда: «Аллоҳ тақволи бўлганлар ва эзгу иш қилувчилар билан (ҳамиша) биргадир» (Наҳл, 128),дейилган.
Шу боис мўмин киши дунёга муккасидан кетмаган, қўли ва тили билан бошқаларга зарарсиз, ёмон сўз ва ишларни қилмайдиган, ибодатларда ғайратли бўлмоғи лозим. Қийинчилик ва кенглик кунларида ҳам сахий, қалби кенг бўлиш қўрқувнинг белгиси, деб баён қилинган. Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кишиларнинг ҳурматлиси ким, деб сўрашганида, у зот: «Улардан энг тақволиси», деб айтганлар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти). Қуръони каримда тақводорлар учун тайёрланган кенглиги осмону ерга тенг жаннатга шошилишга буюрилган. Муфассирлар, жаннатга шошилиш бу ибодатларни вақтида адо этиш, жамоатни тарк этмаслик, тавба ва ихлосда давомли бўлиш каби амаллардир (Насафий тафсири, 1 жилд, 182 бет), дейди. Демак, жаннатга эришишнинг энг осон йўли эзгу ният ва яхши амаллар бўлади. Шунда нафс ҳам покланади ва инсон нажот топади.
Катта-кичик, аҳамиятли-аҳамиятсиз демасдан ҳар бир ишда, кундалик турмушимизда ниятимизни ўнглаб иш тутишимиз керак бўлади. Масалан, кўчага чиқиш олдидан ўзингизга хушбўй атир сепмоқчи бўлдингиз. Агар бундан одамлар сиздан озорланмасликларини, балки хушбўйликдан қалблари сурурга тўлишини ният қилган бўлсангиз, ана шу ниятингиз савобга сазовордир. Борди-ю, уни бошқа ғаразли ниятда ёки кибрланиш учун сепган бўлсангиз, мукофотга эришиш тугул, гуноҳкор бўласиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Ким Аллоҳ розилиги йўлида хушбўй нарса суртса, унинг ҳиди қиёмат куни мушк-анбар ҳидидай бўлур, ким Аллоҳдан ўзганинг розилиги ниятида хушбўйланса, қиёмат куни унинг ҳиди ўлаксаникидан ҳам жирканч бўлур”.
Ниятнинг макони қалбдир. Шунинг учун амалларимиз қабул бўлиши учун қалбдан ният қилиш, ҳар бир ишни чин ихлос билан киришиш зарур бўлади. Айни пайтда ниятни тил билан изҳор этиш янада яхшидир. Ният қилинган заҳоти уни амалга ошириш лозим. Агар бошлашнинг вақтини аниқлаш қийин бўлса, имкон топилганда ният қилинади. Ҳар бир нарсага алоҳида ният қилган маъқул.
Шунинг учун мўминнинг ниятсиз амали савоб касб этмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларки: “Ниятсиз бажарилган амал учун ажр йўқдир”.
Беният амал машаққатдир. Ихлоссиз ният риёдир, рўёбга чиқмаган ихлос бекордир. Сидқ ва ихлос банданинг нажот топиши учун василадир. Бу икки нарса ҳақиқатини билганидан кейин у амал билан ниятни тўғрилайди.
Бир ҳадиси шарифда бундай дейилган: “Мўминнинг нияти унинг амалидан яхшидир” Имом Байҳақий ривояти.
Ўтмишдаги солиҳлардан бири: “Мен ҳар бир нарсада ниятим бўлишини жуда ҳам яхши кўраман. Ҳатто таом ейиш, сув ичиш, уйқуга кетишда ниятим бўлишини истайман”, деган. Ким таом тановул этишдан ибодатга қувват бўлишини, уйланишдан динини мустаҳкамлашни ва ўзини гуноҳдан тийишни ҳамда ўзидан кейин салоҳиятлик фарзанд ато этилишини ният қилса, бу ниятларига яраша савоб олади. Ҳаракатларингиз, сўзларингиздан бирор нарсани кичик, арзимаган нарса деб ҳисобламанг. Ҳисоб беришдан олдин ҳисоб-китобингизни эҳтиёт қилинг. Қиладиган амалингиздан олдин ниятингизни тўғриланг. Халқимизда “Ниятингни яхши қил”, деган ҳикматли сўз бор. Ўзингиздан кейин тарк этадиган нарсалар борасидаги ниятингизга ҳам эътибор беринг.
Шунинг учун ҳам юртимиздаги ҳар бир ота-она етук ва комил фарзандлар тарбиялашни ҳаётдаги энг улуғ ният ва муқаддас мақсад деб билади. Бошланган “Соғлом авлод” йилида яратганнинг ўзи ана шу эзгу ният ва орзуларимизга етишишда ҳаммамизга ёру-мададкор бўлсин. Яхши ниятли, яхши амалли ва ихлосли бандалари жумласидан айласин!
А.Бобоев
Шовот тумани “Ваянган бобо” масжиди имом-хатиби
ЎМИ матбуот хизмати
Илм йўлида юрганларга ёрдам – Қуръон ва суннат нурида
Илм – бу инсоният тараққиётининг асоси бўлиб, динимиз эса бу ҳақиқатни ҳар жиҳатдан юксак даражада таъкидлаб келади. Ислом дини илмни нафақат мақтайди, балки уни талаб қилишни ҳар бир мусулмон эркак ва аёлга вожиб деб санайди. Айниқса, илм талаб қилаётган кишиларга ёрдам бериш, уларни қўллаб-қувватлаш, йўлларини очиш ва уларга енгиллик яратиш – бу фақат инсонийлик эмас, балки ибодатнинг ўзидир. Ушбу мақолада Қуръон оятлари, ҳадиси шарифлар ва уламолар ҳикматлари асосида бу мавзу чуқурроқ таҳлил қилинади.
Қуръони каримда илм аҳлига эҳтиром
“Агар ҳар бир жамоатдан бир гуруҳ чиқиб, динни ўрганиб келса ва ўз қавмларини огоҳлантирса, эҳтимолки, улар (гуноҳлардан) сақланурлар эди” (Тавба сураси, 122-оят).
Бу оят илм талаб қилишнинг ижтимоий ва диний масъулият эканлигини очиқ-ойдин ифодалайди. Динни чуқур тушунадиган кишилар жамиятнинг маънавий устунидир. Уларнинг тайёргарлиги учун шароит яратиш – бу жамоанинг иймонига далолатдир. Ҳар бир мусулмон илм аҳлини рағбатлантириши, моддий-маънавий ёрдам бериши бу оят асосида шаръий масъулият бўлиб қолади.
“Айтинг: билганлар билан билмаганлар тенг бўлурми? Фақат ақл эгалари ибрат олурлар” (Зумар сураси, 9-оят).
Аллоҳ таоло илм эгаларининг даражасини улуғлаб, уларни билмаганлардан ажратмоқда. Бу оят, илм эгасини қадрлашни, унга хизмат қилишни ва унга ёрдам кўрсатишни Аллоҳнинг марҳаматига яқинлаштирадиган амаллардан бири деб англашга ундайди.
Ҳадиси шарифлар: Илм йўлида юрганларга жаннат йўли очилади
“Ким илм талаб қилиш йўлига тушса, Аллоҳ унга жаннат сари йўлни осон қилади” (Имом Муслим ривояти).
Бу ҳадис илм йўлида юрган кишини қўллаб-қувватлаган ҳар бир инсонни жаннат йўлининг шерикларидан бири бўлиши мумкинлигини билдиради. Илм олувчига сув олиб бериш, китоб олиб бериш, йўл харажатига ёрдам бериш, ҳатто унга дуолар қилиш ҳам бу йўлга хизмат қилишдир.
“Агар Аллоҳ бир кишига яхшиликни хоҳласа, уни динни тушунишга муваффақ қилади” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Бу ҳадисда Аллоҳнинг бир бандага берган энг катта неъматларидан бири – илмга рағбатдир. Шундай инсонларни қўллаб-қувватлаш, Аллоҳ иродасини бажараётгандай ажр олиб келади.
Талаба – Аллоҳнинг розилигини истаётган банда. Унга ёрдам – бу розилик сари қўл чўзишдир.
Уламолар ҳикматларида:
Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ: “Илм талаб қилувчига хизмат қилиш Аллоҳга ибодат қилишдир”.
Бу сўзлар илмга хизмат қилишнинг даражасини аниқ белгилайди. Бу фақат одамга эмас, балки Аллоҳга қилинаётган хизмат сифатида баҳоланади.
Ибн Қаййим Жавзийя раҳимаҳуллоҳ: “Илм эгаларини кўтариш, уларга йўл очиш – жамиятнинг юксалиши учун замин яратади”.
Илм аҳли ёрдам олмаса, жамият заифлашади. Уларнинг илм олишига, ривожланишига, хизмат қилишига ёрдам бериш жамиятнинг тараққиётига хизматдир.
Илм йўлида ҳаракат қилаётган кишилар – бу умматнинг келажак пойдеворидир. Уларга ёрдам бериш, уларга хизмат қилиш, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш – Қуръон ва Суннат кўрсатмасидир. Ҳар биримиз бу йўлда ҳисса қўшсак, Аллоҳ ҳузурида ажру савоб оламиз ва охиратда илм билан дўстлашганлардан бўламиз, иншаАллоҳ.
Хулоса қилиб айтганда “Илм эгасига берганинг – Аллоҳга берганингдир!” бу сўзлар ҳар бир мусулмон қалбига ёзилиши керак.
Анвар ХУЖАХАНОВ,
Тошкент Ислом институти талабаси.