Устоз – муаллимсиз қолганда замон,
Нодонликдан қаро бўларди замон.
Абдураҳмон ЖОМИЙ
Муаллимлик – буюк мақом. Чунки пайғамбарлар муаллим бўлганлар. “Муаллим” сўзининг маъноси илм берувчи, таълим берувчи, ўргатувчи демакдир. Пайғамбарлар инсониятга эзгуликни ўргатганлар. Ана шунинг ўзиёқ устозлик қай даражада юксак мартаба эканини кўрсатади.
Илм – руҳ озиғи. Инсоният илм билан ҳақиқий саодатни қўлга киритади, унинг шарофати билан юксалади. Илм устознинг саъй-ҳаракати билан эгалланади. Устозлар бежизга пайғамбарларнинг меросхўрлари деб эъзозланмаган. Қуръони каримда ўзи эгаллаган илмни бошқаларга ўргатган устозларнинг шаъни-шарафи нақадар улуғлиги ҳақида бундай марҳамат қилинади: “...Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни баланд даража (мартаба) ларга кўтарур” (Мужодала сураси, 11-оят).
Илму маърифат зиёсини тарқатиш савобли амал. Бу вазифага мутасадди бўлган кишининг даражаси ҳам мислсиз. Шунинг учун ҳам борлиқдаги ҳамма нарса устознинг ҳаққига дуо қилиб туради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақда шундай марҳамат қилганлар: "Албатта, Аллоҳ таоло, Унинг фаришталари, осмонлару ер аҳли, ҳатто ковагидаги чумоли ва ҳаттоки балиқгача одамларга яхшиликни таълим берувчига салавот айтадилар" (Имом Термизий ривояти).
Устоз ва мураббийлар жамият биносининг бинокорлари, маърифат боғининг боғбонларидир. Улар ҳаёт бўстонидаги ниҳолнинг бақувват дарахтга айланиши учун беқиёс меҳнат қилади. Шунинг учун ҳам унинг шогирд устидаги ҳаққи бениҳоя катта ва улуғдир. Устоз шогирдини ўз фарзандидек кўради. Балки унга фарзандига кўрсатмаган таважжуҳ билан юзланади. Унинг юпун ва совуқ бўлган маънавий оламини ўзининг қалб кўзи билан иситади. Зимистон дунёсини илм қуёшининг мўъжизакор зиёси билан мунаввар этади. Сабр ва меҳр билан парваришлайди. Дунёю охиратда улуғлик, манфаат ва нажот келтирадиган йўлга йўллаб қўяди. Бунга қўшимча равишда шогирдининг салоҳияти учун туну кун дуода бўлади. Натижада унинг қўлига ниҳол бўлиб келган ўқувчи ва талаба совуқ урмасдан, зулматларда абгор бўлмасдан униб-ўсади ва вақти келиб бу ниҳол ҳаёт бўстонидаги сербарг ва муҳташам дарахтга айланади. Кейин у ҳам ўз навбатида маънавият боғига ўзининг ҳар хил меваларини тақдим қилади.
Устозлар маънавият осмонида мусаффо зиё таратиб турган йўлчи юлдуздирлар, улар туфайли одамлар тўғри йўлни топадилар, уларнинг шарофати билан жаҳолат зулматларидан ёруғликка етишадилар.
Бинобарин, устозу муаллимларни рисоладагидек ҳурматламай, ҳақларини муносиб равишда адо қилмай туриб, фарзандларимиздан эл-юрт, жамият, қолаверса, бутун дунё учун фойдаси тегадиган етук шахсларни кутиш мумкин эмас.
Мусулмонлар қадим-қадимдан устоз ва мураббийларга мисли кўрилмаган ҳурмат кўрсатиб келган. Чунки фарзандларининг камолотга етиб, дунёю охират саодатига эришишлари учун устознинг ўрни беназир эканини яхши англаган. Бунга қуйидаги ривоятларни келтириб ўтиш фойдадан холи бўлмас:
Муҳаддислар султони Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ бир муддат Маккаи мукаррамада дарс берганлар. Бир зиёратчи Имом ҳазратларига Бухорои шарифдаги устозларидан салом ва мактуб келтиради. Шунда Имом Бухорий зиёратчининг устозлар юртидан келганини билиб, уни қучоқ очиб кутиб олганлар ва чексиз эҳтиром кўрсатиб меҳмон қилганлар. Ундан салом хабарини эшитганларида Бухорои шариф томонга юзланиб, саломга алик олганлар ва табаррукона мактубни икки қўллаб олиб, эҳтиром билан танишиб чиққанлар.
Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан шундай деганлари ривоят қилинади: "Устозим Ҳаммоднинг ҳурмати учун унинг уйи томонга оёғимни узатмаганман. Ҳолбуки, унинг уйи билан менинг уйим орасида еттита кўча бор эди. Ҳаммод вафот этгандан сўнг қачон намоз ўқисам ҳар сафар албатта ота-онамга қўшиб, унга ҳам Аллоҳдан мағфират сўраганман. Нафақат у, балки кимдан нимадир ўрганган бўлсам ёки кимдир менга нимадир ўргатган бўлса, албатта, ўша кишилар учун ҳам доим Аллоҳдан мағфират сўрайман".
Устоз деганда фақат диний билмларни таълим берган кишилар эмас, балки ҳар қандай фойдали илм ўргатувчи шахс назарда тутилишини унутмаслик лозим. Чунки муқаддас динимизда илмлар диний ёки дунёвийга ажратилмайди. Балки фойдали ва фойдасизга тақсимланади. Инсоният учун фойдали бўлган ҳар қандай илм Исломда ардоқланади.
Халқимизда "Устоз отангдек улуғ", деган яхши ибора бор. Дарҳақиқат, ота инсоннинг дунёга келишига сабабчи бўлса, устоз унга ҳаётда яшашни таълим беради. Шунинг учун ҳам мўмин-мусулмонлар намозларининг сўнгида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтганларидан кейин ота-онаси қаторида устозларининг ҳакларига ҳам Аллоҳдан мағфират сўраб дуо қиладилар.
Ўзбекистон дунё ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнини эгаллаб, таълим, маданият, спорт ва бошқа соҳаларда тенглар ичра тенг овоз билан халқаро майдонда ўз мавқеъига эга бўлишида устоз ва мураббийларнинг ўрни беқиёсдир.
Юртимизда ҳар йили 1 октябрь устоз ва мураббийлар куни байрами сифатида кенг нишонланади. Албатта, бу байрам мустақил Юртимизда устозларга бўлган ҳурматнинг рамзий ифодаси бўлиб, аслида устозларга эҳтиром аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган буюк қадриятларимиздан саналади.
Устозларни қадрлаш ҳақида сўз борганда беихтиёр ҳазрати Мир Алишер Навоийнинг ушбу сўзлари ёдимизга тушади:
Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила,
Айламак бўлмас адо онинг ҳаққин минг ганж ила.
Динимиз таълимотига кўра, ўзгаларга таълим берган киши нафақат дунёда иззат ҳурматда бўлади, балки вафотидан кейин ҳам қолдирган манфаатли илми, таълим берган шогирдларининг хизмати, ёзган асарларидан ўзгаларнинг фойдаланиши туфайли номаи амалига савоб тўхтовсиз бориб туради. Шундай экан, устоз ва мураббийлар ҳар қанча эъзозланса арзийди.
Жамият олдида катта масъулият соҳиби бўлган барча устоз ва мураббийларимизга мустаҳкам сиҳат-саломатлик тилаб қоламиз.
Одилжон НАРЗУЛЛАЕВ,
Зангиота туманидаги "Имоми Аъзам" жоме масжиди имом-хатиби
313 та ҳаётий ЗИЙНАТ қоидалари
ни
УЛУҒ УСТОЗ УЛАМОЛАРИМИЗ баён қилиб берганлар:
(1-қисм)
“ИНТИЗОМ – ҒАЛАБАНИНГ КАЛИТИ”
КАЛОМУЛЛОҲНИНГ ОЯТИ КАРИМАЛАРИДА
ХУДОИМ ТАОЛО МАРҲАМАТ ҚИЛАДИ:
Z «Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангиз, саноғига ета олмайсиз. Ҳақиқатан, Аллоҳ кечиримли ва раҳмлидир» (Наҳл сураси 16/18 оят).
ЖАНОБИ ПАЙҒАМБАРИМИЗ
РАСУЛУЛЛОҲ САЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ
МЕҲР-МУРУВВАТ ТАРИҚАСИДА МАРҲАМАТ ҚИЛАДИЛАР:
¯ «Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. Улар
– сиҳат-саломатлик
– ва хотиржамликдир» (Имом Бухорий ривоятлари);
¯ «Беш нарсадан олдин беш нарсани ғанимат билинг:
– кексалигингиздан олдин ёшлигингизни,
– бетоблигингиздан олдин саломатлигингизни,
– фақирлигингиздан олдин бойлигингизни,
– бандлигингиздан олдин бўш вақтингизни,
– ўлимингиздан олдин тириклигингизни!» (Имом Ҳоким ривоятлари).
è “З И Й Н А Т” – (безак, пардоз; безатиш):
1) Зеб, чирой бериш учун хизмат қилувчи...; безак.
2) Ҳусн, кўрк берувчи нарса; кўрк; иззат-ҳурмат.
(“Ўзбек тилининг изоҳли луғати” 1/234).
Улуғ аждодларимиздан давом этиб келаётган дуру гавҳар ривоятлари ва ноёб ҳикматлари,
буюк ота-боболаримиздан эшитиб келинаётган тилло билан тенг панд-насиҳатлари ва бетакрор ҳикоялари,
меҳрибон ота-оналаримиздан ўрганиб келинаётган гавҳар ўгитлари ва мислсиз сўзлари,
элимиз таниган ва халқимиз тан олган устозларимиздан таълим олиб келинаётган зар тушунчалари ва бебаҳо илмлари,
жаннатмакон юртимиз – муқаддас Ватанимиз таълим масканларида таралаётган дурдан аъло фанлар ва беқиёс билимлар,
бугунги кунда ва доим керак бўладиган ҳаётий масалалар, долзарб мавзулар, қизиқарли маълумотлар ҳамда халқимиз орасида эътироф этилган мезонлар
дан
R Қуръони карим ояти карималари,
R Жаноби Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг муборак ҳадиси шарифлари,
R динимиз асослари,
R шариатимиз ҳукмлари,
R шарқона одобларимиз,
R мазҳабимиз меъёрлари,
R жамиятшунослик алоқалари,
R одамгарчилик муносабатлари,
R инсоний туйғулар,
R руҳшунослик сир-асрорлари,
R юртимиз урф-одатлари,
R ўзбекчилик қоидалари,
R маданиятимиз ахлоқлари,
R инсоний ақл ва ахлоқий нормалар,
R доно мақолларимиз,
R миллий анъаналаримиз,
R диний қадриятларимиз,
R халқимиз онг-тафаккури,
R миллатимиз менталитети,
R анъанавий фалсафаси,
R ўзбек халқининг илғор қадриятлари,
R улуғларимиз ҳикматлари,
R доно халқимиз дунёқараши,
R мусулмончилигимиз кўрсатмалари
а с о с в а н е г и з л а р и д а
улуғ устозларимиз – табаррук уламоларимиз кенг, чуқур ва унумли истифода этиб, кундалик ҳаётга доир ниҳоятда фойдали маслаҳат, керакли тавсия ҳамда энг муҳим одобларидан намуна шаклида батафсил тақдим этган
313 та ҳаётий ЗИЙНАТ қоидалари
ни
УЛУҒ УСТОЗ УЛАМОЛАРИМИЗ баён қилиб берганлар:
Уларнинг ҳар бири
халқимизнинг асрлар давомида
кундалик ҳаётларида шаклланган
етти (7) та
1) оилавий,
2) ижтимоий,
3) маънавий,
4) илмий,
5) иқтисодий,
6) маданий,
7) психологик
мавзудаги
ЭНГ АСОСИЙ қадриятни акс эттирган ҲИКМАТЛАРИДИР !
1) Кечанинг зийнати – ой.
2) Осмоннинг зийнати – юлдуз.
3) Кундузнинг зийнати – қуёш.
4) Осмоннинг зийнати – булут.
5) Қишнинг зийнати – қор.
6) Баҳорнинг зийнати – ёмғир.
7) Ёзнинг зийнати – мева-чева.
8) Кузнинг зийнати – совуқ.
9) Таомнинг зийнати – нон.
10) Дастурхоннинг зийнати – овқат.
11) Ширинликлар зийнати – асал.
12) Ичимликлар зийнати – сув.
13) Ризқнинг зийнати – қониқиш.
14) Инсоннинг зийнати – ақл.
15) Ақлнинг зийнати – фаросат.
16) Беморнинг зийнати – сабр.
17) Умрнинг зийнати – савобли ишлар.
18) Инсонпарварликнинг зийнати – меҳр.
19) Тўйларнинг зийнати – ёши улуғлар.
20) Қўшничилик зийнати – таом улашишлик.
21) Маҳалланинг зийнати – сокинлик.
22) Хонанинг зийнати – саранжомлик.
23) Уйнинг зийнати – озодалик.
24) Ҳовлининг зийнати – гул.
25) Қариндошчилик зийнати – борди-келдичилик.
26) Қуда-андачилик зийнати – меҳр-оқибат.
27) Эр-хотинлик зийнати – меҳр-муҳаббат.
28) Оиланинг зийнати – ота-она.
29) Чақалоқнинг зийнати – ўзи.
30) Боланинг зийнати – одоб.
31) Йигитларнинг зийнати – жасурлик.
32) Қизларнинг зийнати – ибо-ҳаё.
33) Аёлнинг зийнати – ожизлиги.
34) Яхши ўғилнинг зийнати – ота-онага хизмат.
35) Яхши қизнинг зийнати – оиласига гап юқтирмаслик.
36) Урф-одатларнинг зийнати – давомийлик.
37) Меҳмондўстнинг зийнати – кўнгликенглик.
38) Муносабатнинг зийнати – ҳурмат.
39) Камтарликнинг зийнати – оддийлик.
40) Талабанинг зийнати – қизиқувчанлик.
41) Ёзувнинг зийнати – бехатолиги.
42) Дўстликнинг зийнати – содиқлик.
43) Китобнинг зийнати – мазмуни.
44) Кибрнинг зийнати – қабр.
45) Ўлимнинг зийнати – жаноза.
46) Қабристоннинг зийнати – экилган ўсимликлар.
47) Гапнинг зийнати – қисқалик.
48) Табрикнинг зийнати – самимийлик.
49) Ғалабанинг зийнати – хурсандчилик.
50) Ғолибнинг зийнати – тиришқоқлик.
51) Либоснинг зийнати – дид.
52) Улуғликнинг зийнати – оддийлик.
53) Улуғларнинг зийнати – камтарлик.
54) Болаликнинг зийнати – беғуборлик.
55) Йўлнинг зийнати – тартиб-интизом.
56) Тинчликнинг зийнати – хотиржамлик.
57) Хотиржамликнинг зийнати – тинчлик.
58) Ишхонанинг зийнати – адолатли раҳбар.
59) Бозорнинг зийнати – мўл-кўллик.
60) Шаҳарнинг зийнати – кўркамлик.
61) Қишлоқнинг зийнати – табиийлик.
62) Саройнинг зийнати – шоҳ.
63) Суҳбатнинг зийнати – дилкашлик.
64) Ватанпарварликнинг зийнати – фидойилик.
65) Ишнинг зийнати – натижа.
66) Қариликнинг зийнати – оғирлик.
67) Катталарнинг зийнати – кичикларга иззати.
68) Таҳоратнинг зийнати – мукаммаллик.
69) Азоннинг зийнати – хуш овоз.
70) Намознинг ички зийнати – ҳаммасини ўз жойига қўйишлик.
71) Намознинг ташқи зийнати – зикр, тиловати Қуръон, дуо.
72) Рўзанинг зийнати – сабр.
73) Умранинг зийнати – адо этишлик.
74) Ҳажнинг зийнати – ўзи бажаришлик.
75) Ибодатнинг зийнати – ўз вақтида адо этишлик.
76) Дуонинг зийнати – чин ихлос.
77) ЗИЙНАТЛАР ЗИЙНАТИ – ОДДИЙЛИК.
78) Одоб – мўмин-мусулмоннинг зийнати.
79) Ота-онага эҳтиром – ақлли фарзанднинг зийнати.
80) Катталарга ҳурмат – доно инсоннинг зийнати.
81) Кичикларга иззат – улуғларнинг зийнати.
82) Ширинсўзлик – муомаланинг зийнати.
83) Камтарлик – олимнинг зийнати.
84) Итоаткорлик – яхши ходимнинг зийнати.
85) Дуо қилишлик – ибодатнинг зийнати.
86) Аҳил-иноқлик – яхши оиланинг зийнати.
87) Табассум – яхши келиннинг зийнати.
88) Мардлик – яхши куёвнинг зийнати.
89) Виқорлик – яхши эрнинг зийнати.
90) Бўйсунишлик – яхши хотиннинг зийнати.
91) Қатъийлик – яхши эркак кишининг зийнати.
92) Ҳаё-иффат – яхши аёл кишининг зийнати.
93) Поклик – мусулмон аёлининг зийнати.
94) Меҳрибонлик – яхши қайнонанинг зийнати.
95) Вазминлик – яхши қайнотанинг зийнати.
96) Ҳалимлик – илмнинг зийнати.
97) Хокисорлик – таълим олувчининг зийнати.
98) Қўлиочиқлик – камбағалнинг зийнати.
99) Шукр – неъматнинг зийнати.
100) Хушмуомалалик – жамоатнинг зийнати.
(Давоми бор...)
Иброҳимжон домла Иномов