Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Август, 2026   |   2 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:04
Қуёш
05:32
Пешин
12:28
Аср
17:20
Шом
19:27
Хуфтон
20:52
Bismillah
15 Август, 2026, 2 Рабиъул аввал, 1448

Жаннатнинг қайси эшигидан киришни хоҳлайсиз?

27.09.2018   7056   9 min.
Жаннатнинг қайси эшигидан киришни хоҳлайсиз?

Ислом динида инсонларнинг инсонлардан фарқи, фақат Аллоҳга итоати, доимий тоати, тақвоси билан белгиланади. Аллоҳ айтади: “Апбатта сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир” (Ҳужурот сураси, 13-оят).

Аёлларнинг яхшиси, эътиборлиси эса эрларига итоатда бўлувчи мўмина аёллардир. Қуръони каримда марҳамат этилган: “Бас, ибодат-итоатли ва (эрлари) йўқлгида Аплоҳнинг ҳифзу ҳимояти билан (эрларининг мол-мулкларини ва ўз иффатларини) сақловчи хотинлар – яхши хотинлардир. (Нисо сураси, 34- оят)

«Аллоҳ баъзиларини баъзиларидан устун қилгани ва молларидан сарфлаганлари учун эркаклар аёлларга раҳбардирлар. (Аёллар ичида) солиҳалари – бу (Аллоҳга ва эрига) итоатли, ғойибга Аллоҳ сақлаганича ҳимоятли (яъни, эрларининг сирлари, мулклари ва обрўларини сақловчи)лардир. Хотинларнинг итоатсизлигидан қўрқсангиз, аввало уларга насиҳат қилингиз, сўнгра (бу таъсир қилмаса,) уларни ўринларда (алоқасиз) тарк этингиз, сўнгра (бу ҳам кор қилмаса) уларни (мажруҳ бўлмагудек даражада) урингиз. Аммо сизларга итоат қилсалар, уларга қарши (бошқача) йўл ахтармангиз. Албатта, Аллоҳ олий ва улуғ зотдир. (Нисо сураси, 34- оят)

Ҳар бир жамиятга раҳбар лозим. Раҳбари бўлмаган жамиятда тартиб-интизом, тинчлик-омонлик ва хайр-барака бўлмайди. Ислом таълимотлари бўйича, оила энг муҳим жамият бўлиб, катта жамиятнинг асосий ғишти ҳисобланади. Ғиштлари пишиқ иморат мустаҳкам бўлганидек, оилалари аҳил-мустаҳкам бўлган жамият ҳам бақувват бўлади. Шундай муҳим муассаса бўлган оиланинг раҳбари бўлмаслиги мумкин эмас. Нима учун Исломда оила раҳбарлиги эркакка берилади? Бу саволга ушбу ояти каримада шундай жавоб берилади:

«Аллоҳ баъзиларини баъзиларидан устун қилгани ва молларидан сарфлаганлари учун эркаклар аёлларга раҳбардирлар».
Демак, оила раҳбарлиги бобида Аллоҳ эркакни аёлдан афзал қилиб яратибди. Дарҳақиқат, эркак киши ўзининг жисмоний тузилиши, ички ва ташқи қиёфаси, асабий, руҳий нафсоний ва бошқа жиҳатларидан оила раҳбари бўлишга мос яратилган. Бунинг устига, оилани қуриш ва уни тутиб туриш, бу йўлдаги барча сарф-харажатлар ҳам эркак киши зиммасида. У катта меҳнат эвазига топилган молу мулкининг беҳуда кетмаслиги лозимлигини ўйлайди, оилани мустаҳкам ҳолда тутиб туришнинг чора-тадбирларини кўришга мажбур бўлади.

Аллоҳ таоло ҳеч бир ишни беҳикмат қилмайди. Жумладан, эркак киши оила раҳбари бўлса ва у ўз раҳбарлигини шариатда кўрсатилгандек адо этса, бундай оилалар бахт-саодатга соҳиб бўлмоқда. Бу кўрсатмага юрмаган оилалар эса, бахтсизликка учрамоқда, шундайлардан ташкил топган жамиятлар ҳам бахтсизликка дучор бўлмоқда. Бу ерда гапни чўзиб ўтиришнинг ҳожати бўлмаса керак.

Аммо мусулмон жамиятларда ҳам баъзан бу умумий қоида бузилганини кўрамиз. Эркак раҳбар бўлган оилада ҳам ноқулайликлар юзага келиб туради. Агар шундай бўлаётган бўлса, одамларнинг, хусусан, ўзини мусулмон ҳисоблаётганларнинг айби биландир. Афсуски кўплар ояти каримада кўзда тутилган раҳбарликни қаҳр, жабр ва зулм ўтказишнинг имкони деб тушунадилар. Аслида, бу раҳбарлик масъулиятдир. Масъулият бўлганида ҳам, улкан масъулиятдир. Ушбу масъулиятга биноан, эркак киши оиланинг, жумладан, аёлнинг ҳомийлигини, боқувчилигини, муҳофазасини адо этмоғи лозим.

«Солиҳа аёллар–итоаткор ва Аллоҳнинг ҳифзи-ҳимояси бўйича ғойиб(эр)ларининг муҳофазасини қилувчилардир».
Яъни, мўмина, солиҳа аёлларнинг табиатида эрига итоаткорлик бордир. Биз «итоаткорлик» деб таржима қилаётган сўз ояти каримада «қонитатун» лафзи ила келган. Бу сўз ўз иродаси, рағбати ва муҳаббати ила итоат қилиш маъносини англатади. Демак, мўмина, солиҳа аёлларнинг эрларига итоати ўз масъулиятини тушунган ҳолдан келиб чиққан бўлади. Қўрққанидан, мажбурлашдан ёки бошқа бирор босқидан эмас. Бу итоат ўзини тушунган, ҳаётдаги ўрнини, вазифаси ва масъулиятини ҳис этган гўзал инсоннинг итоатидир.

Мўмина, солиҳа аёлларнинг табиатларидан яна бири–улар:
«Аллоҳнинг ҳифзи-ҳимояси бўйича ғойиб(эр)ларининг муҳофазасини қилувчилардир».
Яъни, эрлари ёнларида турган пайтлардагина эмас, улар бирор сабаб билан оиладан узоқда бўлган чоғларида ҳам уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини, обрў-эътиборларини муҳофаза қиладилар. Муҳофаза қилишлари ҳавою нафсга мувофиқ ёки ўз фикрларича, ёхуд эрларининг талабига биноан бўлмайди. Балки бу борада ягона ҳакам, белгилаб берувчи олий томон–Аллоҳ таоло бор. Шунинг учун ҳам оятда, «Аллоҳнинг ҳифзи-ҳимояси бўйича», дейилмоқда. Аллоҳнинг ҳифз қилишга буюрган нарсаларини муҳофаза қиладилар.

Имом ибн Жарир Табарий ва Ибн Аби Ҳотимлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом: «Аёлларнинг яхшиси–назар солсанг, хурсанд қиладиган, амр қилсанг, итоат этадиган ва ғойиб бўлсанг, сени ўз нафсида ва молингда муҳофаза қиладиганидир», деганлар.

Имом Аҳмад Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Агар аёл киши беш вақт намозини ўқиса, бир ой рўзасини тутса, фаржини сақласа ва эрига итоат қилса, унга: «Жаннатнинг қайси эшигидан хоҳласанг, киравер», дейилади», деганлар.

Лекин беш қўл ҳам баробар эмас, баъзи аёллар солиҳалик мақомига лойиқ бўла олмайдилар. Ҳаддиларида турмай, эрларига қарши бош кўтариб, беодоблик, итоатсизлик кўрсатадилар. Шундай ҳолларда нима қилиш керак? Уларга ҳолатларига қараб муомала қилинади. Итоатсизлик аломатлари кўриниб, эрни беҳурмат қила бошлаганида, унга ваъз-насиҳат қилинади. Ваъз-насиҳат самара бериб, муносабатлар изга тушиб кетса, айни мурод. Агар фойда бермаса, хотиннинг итоатсизлиги, исёни давом этаверса, бошқа чора кўрилади.

Иккинчи босқич чора–ҳижрон, бирга ётмаслик, гаплашмасликдир. Албатта, ҳижрон ваъз-насиҳатдан кўра анча таъсирлидир. Чунки бу масалада аёллар жуда ҳассос бўладилар. Эрларининг уларга эътиборсизлиги, гаплашмай қўйгани кўзларини каттароқ очишга мажбур этади. Ҳали инсофларини йўқотмаган бўлсалар, ўзларига келишларига, хатоларини тузатишларига сабаб бўлади. Аммо бу чора ҳам таъсир қилмаса, аёл буткул инсофини ютиб, итоатсизликда, исёнда давом этаверса, бу унинг яхшилик билан йўлга кирмаслигининг аломати. Энди унга нисбатан янада таъсирчанроқ чора–ўзини билмаганларга қилинадиган муомала қўлланилади.

Яъни, урилади.
«Бош кўтаришларидан хавф қилинган аёлларга ваъз-насиҳат қилинг, ётоқларида ҳижрон қилинг ва уринг».
Аммо уриш деганда, қаттиқ калтаклаш, аъзоларини синдириш ёки бошқа жароҳатлар етказиш тушунилмасин. Ўтган аҳли солиҳ уламоларнинг бирларидан ушбу ояти каримада изн берилган уришнинг маъноси сўралганида, мисвок ёки бирор бармоғи билан туртиш, деган эканлар.

Ҳадис китобларида ривоят қилинишича, Муовия ибн Ҳайра ал-Қушайрий розияллоҳу анҳу: «Эй Аллоҳнинг Расули, хотинларимизнинг биздаги ҳақлари нима?» деб сўраганида, Пайғамбар алайҳиссалом: «Агар таом есанг, унга ҳам едирасан, кийим кийсанг, унга ҳам кийдирасан, юзига урма, ёмон сўкма, ташқарида ҳижрон қилма», деганлар.
Бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳнинг чўриларини урманглар!» деганлар. Бунга ўхшаш ҳадислар кўп. Кўриниб турибдики, ояти каримадаги уришга берилган изн фақат сиёсат учун, ўзини билмаган аёлларга таъсир ўтказиш учундир.

Аёл киши табиатан аччиғи тез чиқадиган, таъсирчан, шошқалоқ бўлади. Сал нарса баҳонасида эрига нисбатан итоатсизлик ва беодоблик қилиб қўйиши мумкин. Аммо кейин ўзига келиб, итоатга қайтса, уларга қарши чора кўришга зарурат қолмайди. Юқорида саналган чора-тадбирларни ҳам қўллаш шарт бўлмайди.

Тарихда ана шундай мўмина, сиддиқа, зоҳида, олима, обида аёллар жуда кўп ўтганки, улардан ҳар бирининг тарихи, ибратли ҳаёти бир китобга мавзу бўлгудай. Булар инсониятга Исҳоқ, Исмоил, Мусо, Исо (алайҳимуссалом) пайғамбарларни туғиб, тарбиялаб берган Сора, Ҳожар, Аёрхо, Марям каби улуғ волидалар, бахтиёр оналар, золим Фиръавннинг мўмина хотини Осиё, биринчи ва энг тақводор сўфия Робиъа ал-Адавиййа, Абу Бакр Сиддиқнинг қизлари Асмо, Ҳазрати Апининг қизлари Зайнаб, олима ва фозила аёл Нафиса бинти Ҳасан кабиларнинг қиссаларидир. Ибн Аббосдан (р.а.) ривоят этилган ҳадисда шундай марҳамат қилинади: ” Пайғамбаримиз бир куни ерга тўртта чизиқ чиздилар ва “Бу нима, биласизларми?” деб сўрадилар. Саҳобалар: “Аплоҳ ва Унинг расули билгувчироқ”, деб жавоб беришди. Пайғамбаримиз ” Булар жаннатнинг энг афзал аёллари – Ҳадича бинти Ҳувайлид, Фотима бинти Муҳаммад, Марям бинти Имрон, Фиръавннинг хотини Осиё бинти Мазоҳимдир”, деб жавоб бердилар. (Имом Аҳмад ривояти)

Мўмина оналаримизнинг, Аплоҳга итоатда, тоатда, қаноатда барчага намуна бўлган улуғ аёлларимизнинг ҳаёт йўллари, Ҳақ йўлидаги фидойиликлари ва садоқатлари қиёматгача мўмин-мусулмонлар учун ибрат бўлиб қолаверади, иншааллоҳ!

 

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта
махсус ислом билим юрти матбуот хизмати

ЎМИ Матбуот хизмати

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Мажлислар омонатдир

06.08.2026   16323   4 min.
Мажлислар омонатдир

بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ

عن جابر بن عبد الله رضي الله عنهما قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم:

« المجالس بالأمانة إلا ثلاثة مجالس: سفك دم حرام، أو فرج حرام، أو اقتطاع مال بغير حق »

 

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мажлислар омонатдир. Фақат уч мажлис бундан мустасно: ноҳақ қон тўкиш, ҳаром шаҳвоний алоқа (зино) ва ноҳақ молни тортиб олиш ҳақидаги мажлислар” (Имом Абу Довуд ривояти).

 

“Мажлислар омонатдир”, яъни одамлар йиғилган ҳар қандай мажлисда айтиладиган гаплар омонат ҳисобланади. Агар суҳбатдошлар маълум бир гапнинг сир сақланишини истасалар ёки вазият шуни тақозо этса, у ҳолда у гапни бошқаларга тарқатиш жоиз эмас.

 

Бунга қуйидагилар киради: шахсий сирлар; оилавий маслаҳатлар; ишхона ёки ташкилот йиғилишлари; давлат ишларига оид махфий суҳбатлар; фақат иштирокчиларга тегишли бўлган маълумотлар.

 

“Омонат” дегани фақат мол-мулкни сақлаш эмас, балки сирни, маълумотларни ва эшитилган гапни ҳам сақлашни ўз ичига олади.

 

Нима учун мажлис омонат деб аталган? Чунки одамлар бир-бирига ишониб, эркин маслаҳатлашиши ва дардини айтиши учун уларнинг гаплари ташқарига чиқмаслиги зарур. Агар мажлисда ёки бирор йиғинда қатнашган киши эшитганларини бошқаларга тарқатаверса, одамлар бир-бирига ишонмай қўяди, ғийбат ва чақимчилик кўпаяди, муносабатлар бузилади, жамиятда ўзаро ишонч йўқолади. Шу боис солиҳ салафлар мажлис сирини ошкор қилишни омонатга хиёнат деб ҳисоблашган.

 

“Фақат уч мажлис бундан мустасно...” яъни баъзи ҳолларда сир сақлаш мумкин эмас. Агар бир киши: “Мен фалончини ўлдирмоқчиман ёки унга зарар етказмоқчиман” деса ва унинг бу иши жиддий экани маълум бўлса, уни яшириш жоиз эмас. Балки қотилликнинг олдини олиш учун тегишли масъулларни ёки ҳуқуқни музофаза қилувчи ташкилотлар вакилларини огоҳлантириш шарт.

 

“Ҳаром шаҳвоний алоқа (зино)”. Агар бир киши зино қилиш ёки бировнинг номусига тажовуз қилиш нияти борлигини билдирса, бу ҳақда ҳам сукут қилиш мумкин эмас. Бундай ҳолда жабрланувчини ёки бунинг олдини оладиган масъул шахсларни огоҳлантириш лозим бўлади.

 

“Ноҳақ молни тортиб олиш”. Агар кимдир ўғрилик, фирибгарлик қилишни, бировнинг ҳақини тортиб олишни режалаштираётганини айтса, бу сирни ҳам сақлаб туриш жоиз эмас. Чунки бу бошқаларнинг ҳақига тажовуздир.

 

Хўш, шундай вазиятга дуч келган киши қандай йўл тутиши лозим?

 

Аввало, ўша одамга насиҳат қилинади ва Аллоҳдан қўрқиши эслатилади. Агар у фикридан қайтмаса ва хавф ҳақиқий бўлса, зарарнинг олдини олиш учун тегишли шахсларга хабар берилади. Бу хабар бериш фақат жиноятни тўхтатиш бўлиши керак, одамни шарманда қилиш ёки обрўсини тўкиш эмас.

 

Хулоса қилиб айтганда, барча ҳадислар каби мазкур ҳадис ҳам мўмин-мусулмонларга жуда муҳим ахлоқий қоидани ўргатади: мажлисда эшитилган гаплар омонат ҳисобланади ва уларни эгасининг розилигисиз тарқатиш асло мумкин эмас. Бироқ агар бу сирни сақлаш оқибатида инсоннинг жонига, номусига ёки мол-мулкига катта хавф туғилса, зарарнинг олдини олиш учун шу ҳақда хабар бериш баъзи ҳолларда вожиб бўлади. Шу тариқа Ислом ҳам омонатни сақлашни, ҳам одамларнинг ҳаёти, номуси ва мол-мулкини муҳофаза қилишни таъминлайди.

 

Манбалар асосида

Т.НИЗОМ тайёрлади.

Мақолалар