Андалус давлатида бир роҳиб бор эди. У ўзи хизмат қиладиган черков томида ноёб бир гул ўстираётган эди. Роҳибнинг бир эчкиси ҳам бор эди. Эчкиси ҳар-ҳар замон черков томига чиқар эди.
Роҳиб бир куни гулга қараш учун томга чиққанида гулнинг узилганини кўрди. Бундан ниҳоятда дарғазаб бўлди. Шу вақтда черков томида эчки кўриниб қолди. Гулни шу эчки еган деб ўйлади. Жаҳл устида эчкини тутиб олиб томдан пастга улоқтирди. Бечора эчки тап этиб ерга тушди-ю тил тортмай ўлиб қолди.
Бу ҳолни кўрган қўшнилар ҳайвонга нисбатан шафқатсизлик қилганликда айблаб, роҳибни қозига олиб бордилар. Қози:
– Ҳайвонлар қилган ишлари учун жавобгар эмасликларини билмайсанми? Ўзи у гулни эчки еганинини қаердан билдинг? Кўзинг билан кўрдингми ёки сенга эчкининг еганини бирор киши айтдими? – деб сўради.
Pоҳиб:
– Йўқ, кўрмадим, кўрган киши ҳам йўқ. Бироқ у томга мендан бошқа ҳеч ким чиқмайди. Эчкини у ерда кўрганим заҳоти у еган деб ўйладим. Унга ғазаб қилдим, жазо беришимда ҳақсизлик йўқ, – деб ўзини ҳимоя қилди.
Қози эса:
– Исломда бароати зиммат асосдир. Бир кишининг жиноят қилганига гувоҳ бўлмаса, уни жиноятда айблаб бўлмайди. Боз устига ҳайвонлар қилган ишларига масъул ҳам эмасдир, Унга бундай жазо беришинг зулмдир, – деди. Сўнгра роҳибга ҳайвонга нисбатан шафқатсизлик қилгани учун таъзир жазосини берди.
Роҳиб қозининг бу ҳукмини ҳақсизлик деб ўйлаб норози бўлиб юрди. Унинг тушунчасига кўра, эчкиси айбдор эди ва уни ўзи истаганидек жазолашга ҳақли эди.
Орадан қанчадир вақт ўтди. Бир куни роҳиб кимсасиз йўлакдан ёлғиз келаётган эди, қаршисидан гандираклаб келаётган одамнинг йиқилиб тушганини кўрди. Унга ёрдам қиламан деб югуриб борди ва у одамнинг орқасига ханжар санчилганига кўзи тушди. Ханжарни тортиб чиқармоқчи бўлаётган чоқда шаҳар муҳофизлари келиб қолди ва уни одамни ўлдирганликда гумон қилиб, тутиб олдилар.
Маҳкамага чиқардилар ва:
– Тақсир, у ерда роҳибдан бошқа ҳеч ким йўқ эди, шунинг учун у ўлдирган деб ўйлаяпмиз, – дедилар.
Роҳиб бўлган воқеани қандай бўлса, ўшандай қилиб гапириб берди ва ўзининг айбдор эмаслигини айтди.
– Воқеа содир бўлган жойда сендан бошқа кимса бўлмаса-да, у одамни сен ўлдирганингни кўрган бирорта гувоҳ йўқ. Шу сабабли Ислом таълимотига кўра, сени айблашга ҳаққимиз йўқ, – деди. Сўнг қози унга ўтмишда кўрган бир даъвони хотирлатиб:
– Ўшанда сен эчкининг гулни еганини кўрмасдан туриб, унга жазо берган эдинг. Агар ҳозир мен ҳам сен каби хулоса қилсам, сени қотилликда айблаган бўлар эдим. Аммо Исломда айби исбот этилгунга қадар ҳар қандай инсон айбсиз саналади. Энди Ислом адолатининг тўғри эканини тушундингми? – деди.
Роҳиб бир ғайримуслим бўлишига қарамасдан, уни айблашдан кўра оқлашга мойил бўлиб турган мусулмон қозига:
– Сиз ҳақсиз, сизнинг адолатингиз устундир, – демоқдан бошқа чора топа олмади.
Дамин ЖУМАҚУЛ таржима қилди.
Ҳаёт йўлларида юрар эканмиз, турли характердаги инсонларга дуч келамиз. Айниқса, катта йўллар, тиғиз ҳаракат ва машина рули ортидаги муҳит ҳайдовчидан нафақат чаққонликни, балки мустаҳкам асаб ва юксак сабр-тоқатни ҳам талаб қилади.
Йўлдаги синов ва биргина ҳадис
Олтмиш ёшларга бориб қолган, бироз жаҳлдор бўлса-да, дилкаш, кўнгли аскияга мойил қадрдон танишларимдан бири ҳайдовчилик касби ортидан умр ўтказиб келмоқда. Кўпчиликнинг оғирини енгил қилиб келаётган бу инсоннинг исми Собир. Аммо исмига монанд сабри сал камроқ.
Кунларнинг бирида унинг машинасида кетарканман, кутилмаганда йўлдаги бошқа ҳайдовчининг бепарволиги сабаб Собир ака сўкиниб юборди. Ғазаби бироз босилгач, унга Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг ғазабнинг ёмон оқибатлари ҳақидаги муборак ҳадисларидан бирини секингина эслатиб ўтдим. Ўша пайтда у киши ҳеч қандай муносабат билдирмади: эҳтимол, ҳали жаҳлдан тўлиқ тушмагандир. Манзилга етиб, одатдагидай самимий хайрлашдик.
Орадан вақт ўтиб кўришганимизда Собир ака ўтган воқеани илиқлик билан эслади. Ҳайдовчига айтган сўзларидан кейин қаттиқ эзилганини, мен эслатган ҳадис унинг учун катта ибрат бўлганини яширмади. Ҳозир ҳам ғазаби тошганда ўша суҳбат эсига тушиб, ўзини дарҳол қўлга олишини айтади. Ўзидан анча ёши кичик инсонни омма олдида “устоз” деб иззатлаши, айтилган биргина насиҳатдан етарли хулоса чиқара олгани унинг нақадар соф ва олийжаноб қалб эгаси эканини кўрсатади.
Ҳиссиёт жиловидаги ҳақиқатлар
“Ғазаб умри калта ақлсизликдир”. Буюк алломалар бежиз бундай демаганлар. Ҳаётимизда тилга ва қўлга эрк бермаслик, ҳиссиётларни жиловлай олмаслик оқибатида қанчадан-қанча оилалар бузилиб кетгани, яқин қариндош-уруғлар ва қадрдон дўстларнинг ораси узилиб қолгани аччиқ ҳақиқатдир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: "Ё Расулуллоҳ, менга бир насиҳат қилинг”, деган саҳобаларга У зот қисқа ва лўнда қилиб: “Ғазабланма”, деб жавоб берганлар.
Бу бежиз эмас, чунки ғазаб инсоннинг ақл-идрокини ўғирлайди, обрўсига путур етказади ва кейинчалик тузатиб бўлмас хатоларга етаклайди.
Ҳар қандай вазиятда ҳам инсонлигимизни, ақл ва тафаккур соҳиби эканлигимизни унутмаслигимиз лозим. Қачонки, жаҳлимиз чиқса, ақлимиз қочмаслиги керак. Сўнгги пушаймондан кўра, лаҳзалик жаҳлни ичга ютиб, сокинликни сақлаш ҳар доим яхшироқ натижа беради. Унутманг, тинчлик ва хотиржамлик – энг буюк бойликдир.
Муаллиф: Анвар Эрмаматов, "Зарафшон" нашри.