Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
12 Август, 2026   |   29 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:59
Қуёш
05:29
Пешин
12:28
Аср
17:23
Шом
19:31
Хуфтон
20:58
Bismillah
12 Август, 2026, 29 Сафар, 1448

Қуръони карим ҳукмига кўра

22.09.2018   28940   8 min.
Қуръони карим ҳукмига кўра

 «Уч тоифа одамнинг яхшилиги осмонга кўтарилмайди: қочоқ қулнинг, токи у хўжайинига қайтиб қўлини қўлига қўймагунича; эрини норози қилиб ғазаблантирга хотиннинг, то эри ундан рози бўлмагунича; мастнинг, токи у ўзига келмагунича» (Табароний, Ибн Ҳиббон, Ибн Ҳузайма, Байҳақийлар ривояти).

ҚУРЪОНИ КАРИМ ҲУКМИГА КЎРА

Ичклик (хамр) нинг ман қилингани ҳақида Қуръони каримда бир неча оятлар келган. Ароқни ҳаром қилган икки оят ҳижрий 4 (милодий 626) йилда нозил бўлган, охирги оят эса ҳижрий 5 ёки 6 йилда келгани ривоят қилинади. Исломда инсонни сархуш (маст) этадиган ичимликларни ичиш бирданига эмас, тадрижий (эволютсион) равишда манн қилинган. Ичкилик ҳақида Қуръони каримда даражама-даража келган тўрт оят бор. Илк оят Маккада нозил бўлди:

 وَمِنْ ثَمَرَاتِ النَّخِيلِ وَالْأَعْنَابِ تَتَّخِذُونَ مِنْهُ سَكَرًا وَرِزْقًا حَسَنًا إِنَّ فِي ذَلِكَ لَآَيَةً لِقَوْمٍ يَعْقِلُونَ

«Сизлар маст қилгувчи (ароқни) ҳам, гўзал ҳалол ризқ(нинг ўзини) ҳам хурмо ва узумларнинг меваларидан олурсизлар» (Наҳл, 67-оят). Бу пайтда ҳали ароқ ман қилинмаган эди. Мусулмонлар жоҳилият давридан қолган одатларига кўра маст қилувчи ичкилик ичишар, қимор ўйнашар, лекин Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом буларга ҳеч нима демас эдилар. Чунки у зотга бу ҳақда ҳали кўрсатма келмаган эди. Бу аҳвол ҳижратдан сўнг Мадинада ҳам давом этди. Ўша вақтда ичкилик ичиш Мадинада жуда авж олган эди. Ҳазрати Умар, Муоз ибн Жабал ва бошқа саҳобийлар Пайғамбар алайҳиссаломга: «Эй Аллоҳнинг Расули, ичкилик ҳақида бизга бирор йўл кўрсатинг, хамр (шароб, ароқ) одамларнинг ақлини кетказаётир», деб мурожаат қилишди. Шу аснода ҳижрий 4 йилнинг шаввол

ойида иккинчи оят (бу Мадинадаги илк оят эди) нозил бўлди: «Сиздан ароқ (ичкилик) ва қимор ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «Буларда катта гуноҳ ва одамлар учун фойдалар бор. Буларнинг гуноҳи фойдасидан каттароқдир»

يَسْأَلُونَكَ عَنِ الْخَمْرِ وَالْمَيْسِرِ قُلْ فِيهِمَا إِثْمٌ كَبِيرٌ وَمَنَافِعُ لِلنَّاسِ وَإِثْمُهُمَا أَكْبَرُ مِنْ نَفْعِهِمَا وَيَسْأَلُونَكَ مَاذَا يُنْفِقُونَ قُلِ الْعَفْوَ كَذَلِكَ يُبَيِّنُ اللَّهُ لَكُمُ الْآَيَاتِ لَعَلَّكُمْ تَتَفَكَّرُونَ

(Бақара, 219-оят). Бу ароқни ҳаром қилган илк оят эди.

Сендан хамр ва қимор ҳақида сўрарлар. Сен: «Иккисида катта гуноҳ ва кишилар учун манфаат бор ва гуноҳлари нафларидан каттадир», деб айт. Ва сендан нимани нафақа қилишни сўрарлар. Сен: «Ортиқчасини», деб айт. Аллоҳ шундоқ қилиб сизга Ўз оятларини баён қилади. Шоядки тафаккур қилсангиз.

Оятдаги «хамр» сўзини ичкилик, ароқ ёки вино деб таржима қилмадик. Чунки «хамр» сўзи умумий бўлиб, истеъмол қилган кишининг ақлини тўсувчи, яъни, бир оз бўлса-да таъсир ўтказувчи барча нарсага айтилади. Бунинг ичига наша, қорадори, кўкнори ва бошқалар ҳам киради.

«Сендан хамр ва қимор ҳақида сўрарлар».

Демак, Пайғамбар алайҳиссаломдан хамр ва қимор ҳақида сўрашган. Исломга тўлиғича кириш жараёнида бундай савол бўлиши, албатта, зарур эди. Ислом инсон ҳаётининг ҳамма тарафларидан қамраб олган, мусулмонлар тасаввурига янгича ўйлаш ҳиссини солган эди. Одамлар жоҳилият қоидаларидан, одатларидан тезкор қутулиб, исломий қонунларга тезроқ амал қилишга шошилишар эди. Ислом жиҳод, намоз каби нарсаларнигина эмас, ундан бошқа ишларни ҳам, масалан, озиқ-овқатнинг ҳалол-пок бўлишига, топадиган касб, мол-дунёни ҳалол йўл билан топишга ва уни жойини топиб нафақа қилишга ҳам эътибор беради. Чунки булар инсоният ҳаётидаги энг муҳум ҳолатлар ҳисобланади.

Дунёда адолат ўрнатиш, ер юзида Аллоҳнинг халифаси бўлиш вазифаси юклатилган шахс ароқхўр ёки қиморбоз ва молини ноўрин сарфлайдиган бўлиши мумкинми? Албатта, йўқ. Ҳолбуки, хамр ичиш, қимор ўйнаш ва ноўрин нафақа қилиш ҳоллари жоҳилият вақтида кишилар ҳаётига сингиб кетган эди. Хамрсиз ҳаётни тасаввур қила олмас эдилар. Шунингдек, қимор ва нотўғри мол сарфлаш ҳам кенг тарқалган эди. Мусулмонлардан баъзилари ўзларидаги пок ҳис-туйғу таъсирида бу ишларнинг ўнгланиши лозимлигини ҳам ҳис қилар эдилар. Ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: «Эй Аллоҳ, бизга хамр ҳақида шифо бўлувчи баён бергин», деб дуо қилиб юрар эдилар.

Аллоҳ таоло кишилар ҳаётига сингиб кетган ароқхўрлик иллатини аста-секин муолажа қилишни ирода қилди. Аввал, «Хурмо ва узумларнинг мевасидан маст килувчи нарса ҳамда яхши ризқ оласизлар», деб Наҳл сурасида маст қилувчи нарсани яхши ризққа қарама-қарши қўйди. Кўпчилик хамр яхши эмас экан, деб ичишни ташлади. Кейин ҳазрати Умар бошлиқ бир гуруҳ мусулмонлар: «Эй Аллоҳнинг Расули, хамр ҳақида бизга фатво беринг, бу ақлни кетказувчи, молни тортиб олувчи нарса», дедилар. Аллоҳ таоло Бақара сурасидаги биз ўрганётган ушбу оятни туширди. Кейинроқ Абдуроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳу уйларида меҳмондорчилик уюштирдилар, у ерда ичиб маст бўлишди. Намозда имомлари Кафируун сурасини хато қилиб ўқиди. Шунда Аллоҳ таоло: «Маст ҳолингизда намозга яқинлашманг», деган оят туширди. Яна кўпчилик ичмай қўйди. Бир муддат ўтгандан кейин Атабон ибн Молик зиёфат бердилар. Ичиб ўтириб, маст бўлиб жанжал чиқди, муштлашув бўлди. Шунда Аллоҳ таоло хамрни бутунлай ҳаром қилувчи оятни нозил қилди. Буларнинг барчаси ўрни келганда, иншааллоҳ, ўрганилади.

Хамр ва қимор ҳақидаги саволга жавоб беришни Аллоҳ таоло Пайғамбар алаҳиссаломга:

«Сен: «Иккисида катта гуноҳ ва кишилар учун манфаат бор ва гуноҳлари нафларидан каттадир», деб айт», деб ўргатмоқда. Хамрнинг ҳам, қиморнинг ҳам катта гуноҳ эканлиги аввалдан таъкидланмоқда. Шу билан бирга, ўша вақтдаги кишиларнинг эътиқоди бўйича, манфаатлари ҳам борлиги эслатиб ўтилмоқда. Хамр сотиб пул топишни, улар манфаат деб тушунишган. Шунингдек, қиморда пул ютишни, ундан одамларга чўтал беришни ҳам манфаат деб тушунишган. Лекин бунга ўхшаш манфаатлари уларнинг гуноҳи олдида ҳеч нарса эмаслиги ҳам уқдирилмоқда. Хамрнинг жамиятга, шахсга, давлатга ва инсониятга келтирадиган зарари ҳозиргидек кўзга яққол кўринмаган бўлса керак. Эслашимиз керакки, ақлни тўсувчи ҳар бир нарсага хамр дейилади. Унинг номи турлича бўлиши мумкин, пиводан тортиб морфи ва бошқалари ҳам, ҳаммаси ҳаром.

Қиморнинг ҳукми ҳам шундай: осонлик билан, меҳнат қилмай, ошиқ ёки карта ўйнабми ёки бошқача номланган ўйинлар ўйлаб чиқарибми, одамларнинг пулини олиш ҳаром. Ҳозирги пайтда қиморнинг ҳам хамрга ўхшаб тури кўпайиб кетди. Инсониятга катта зарар келтирмоқда, уларнинг барчаси ҳаром.

Учинчи сўралган нарса нафақа ҳақида, тўғрироғи, нафақанинг миқдори ҳақида бўлди. Топган молу дунёни ўз ўрнига, тўғри сарфлаш нақадар зарурлигини ҳозир ҳамма ҳам тушуниб қолди. Турли-туман, ҳаром-ҳариш сарф туфайли нафақат шахслар, балки давлатлар, халқлар мусибатга учрайди. Бу оятда хайр-эҳсон, нафақа, садақага ҳам ўзидан ортганини ишлатиш уқдириляпти.

«Ва сендан нимани нафақа қилишни сўрарлар. Сен: «Ортиқчасини», деб айт».

Демак, инсон аввал ўзига, аҳлига керагини ишлатиб, ортиб қолганини нафақа қилиши керак экан. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда айтиладики, бир киши: «Эй Аллоҳнинг Расули, менда бир динор бор», дебди. У зоти бобаракот: «Ўзингга сарфла», дебдилар. «Яна бошқаси бор», дебди. Пайғамбар алайҳиссалом: «Оилангга сарфла», дебдилар. У: «Яна бошқаси бор», дебди. Пайғамбар алайҳиссалом: «Болангга сарфла», дебдилар. Ҳалиги одам: «Яна бошқаси бор», деган экан, Пайғамбар алайҳиссалом: «Ўзинг биласан», дебдилар.

Ўзидан ортиб қолган мол-дунёни кўпчилик манфаати учун ишлатиш орқали мусулмонлар жамиятида ижтимоий тенглик рўёбга чиқади: муҳтожларга ёрдам уюштирилади, жамиятнинг бошқа зарур эҳтиёжлари ҳам қопланади.

Ояти кариманинг охирида:

«Аллоҳ шундоқ қилиб сизга Ўз оятларини баён қилади. Шоядки тафаккур қилсангиз».

Демак, керакли нарсаларни Аллоҳ баён қилиб берган, тафаккур қилиб, ўша баёндан фойдаланиш банданинг иши.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар  ўрта

махсус ислом билим юрти матбуот хизмати

ЎМИ Матбуот хизмати

Қуръони карим
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Тошкентда Малайзия халқаро ҳалол кўргазмаси ўказилиши режалаштирилмоқда

10.08.2026   15225   2 min.
Тошкентда Малайзия халқаро ҳалол кўргазмаси ўказилиши режалаштирилмоқда

Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида ҳалол саноати йўналишидаги ҳамкорлик янги босқичга чиқмоқда. Қишлоқ хўжалиги вазирлигида бўлиб ўтган учрашувда икки мамлакат вакиллари Тошкент шаҳрида «Malaysia–Uzbekistan International Halal Fest 2027» халқаро форуми ва кўргазмасини ўтказиш истиқболларини муҳокама қилдилар.
 

Малайзиянинг «TWOJ CREATIVE SDN BHD» компанияси делегацияси томонидан тақдим этилган лойиҳа ҳалол саноати экотизимини ривожлантириш, халқаро бизнес алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда янги инвестиция лойиҳаларини шакллантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.


Режалаштирилаётган фестиваль доирасида:

  • Халқаро кўргазма, бизнес-форум ва B2B учрашувлари;

  • Ҳалол озиқ-овқат, туризм, молия ҳамда ишлаб чиқариш йўналишларига бағишланган махсус экспозициялар;

  • Инвестиция сессиялари, маданий дастурлар ва маҳсулотлар тақдимотларини ташкил этиш кўзда тутилган.


Ушбу тадбир Ўзбекистоннинг ҳалол маҳсулотлар бозоридаги салоҳиятини намойиш этиш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун янги экспорт имкониятларини яратишга хизмат қилади.


Музокаралар давомида Малайзиянинг JAKIM стандартлари асосида ҳалол сертификатлаштириш тизимини ривожлантириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни халқаро бозорларга олиб чиқиш, фермер ва тадбиркорлар учун ўқув-семинарлар ҳамда малака ошириш дастурларини ташкил этиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.


Томонлар фестивални юқори савияда ташкил этиш мақсадида тегишли вазирлик ва идоралар, олий таълим муассасалари, бизнес ҳамжамияти ҳамда тармоқ уюшмаларини жалб этган ҳолда қўшма «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқишга келишиб олдилар.


Мутахассисларнинг таъкидлашича, ушбу форум савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, инвестицияларни жалб этиш, ҳалол саноати инфратузилмасини ривожлантириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим халқаро майдонга айланади.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари