Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
19 Март, 2026   |   29 Рамазон, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:10
Қуёш
06:29
Пешин
12:36
Аср
16:46
Шом
18:38
Хуфтон
19:50
Bismillah
19 Март, 2026, 29 Рамазон, 1447

Тиббиёт илмининг аҳамияти

21.09.2018   16188   4 min.
Тиббиёт илмининг аҳамияти

Марказий Осиёда тиббиёт фани кўҳна ва бой тарихга эга. Ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида қадимдан кенг кўламда олиб борилган илмий ва амалий ишлар кўпгина хасталикларни тўғри ажрата олиш ва уларни асосан халқ табобати ёрдамида даволаш имконини берган. Қадимда, айниқса, IХ-ХII асрларда тиббиёт Шарқда, хусусан, Марказий Осиёда равнақ топди. Ўша даврда юнон тилидан санскрит ва қадимий шарқ тилларига ўгирилган кўпгина тиббий асарлар пайдо бўлди. Жумладан, Аристотель, Диоскорид ва Галеннинг доришуносликка оид асарлари сурёний ва араб тилига таржима қилинди.

Ислом ҳаётнинг бошқа соҳалари қатори тиб соҳасини ҳам тартибга солди, тўғри йўналишга йўллади. Қуйида ўрганадиган ҳадиси шарифлар ана ўша улуғ ишнинг баъзи намуналари ҳисобланади. Қуръони карим ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларида инсон соғлиғига катта эътибор берилган. Агар бу икки масдарда соғликни сақлаш бўйича келган маълумотларни ўрганадиган бўлсак, улкан хазина топган бўламиз. Исломда сиҳат-саломатлик, тани соғлик Аллоҳ таоло бандаларига берган энг улкан неъматлардан бири ҳисобланади.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Икки неъмат борки, кўп одамлар уларда алданиб қолурлар. Улар соғлик ва  фароғат”, деганлар. Кўриниб турибдики, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам очиқ-ойдин қилиб соғликнинг бандага берилган неъмат эканини айтмоқдалар.

Имом Бухорий, Имом  Термизий ва Имом ибн Можалар Абдуллоҳ ибн Мехон ал-Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидагини айтганлар: “Кимнинг жасади офиятда бўлса, ўз гуруҳида тинч-омон бўлса ва ҳузурида егани ризқи бўлса гўёки дунёни қўлга киритибди”.

Инсон учун дунёни қўлга киритиш йўлида зарур бўладиган шартлардан энг аввалгиси саломатлик деб эълон қилинишининг ўзи исломда тиббиётга қанчалик эътибор берилишини кўрсатиб турибди. Имом Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан  ривоят қилган ҳадиси шарифда пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қиёмат куни бандадан энг аввал сўраладиган неъмат унга, сенинг жисмингни сиҳатлик қилган эмасмидик, сени совуқ сув ила сероб қилган эмасмидик дейилишидир» деганлар. Аллоҳ таоло ўз бандасига берган неъматлар ичида энг аҳамиятлиларидан бўлгани учун ҳам соғлик неъмати ҳақида охиратда биринчи бўлиб сўралади. Шундай экан, банда бу нарсаларнинг қадрига етмоғи керак. Неъматни берган зотга шукр қилмоқ керак. Неъматнинг шукри эса уни берувчи зотга мақтов сўзлари айтиш ва неъматни неъмат бурувчини рози қиладиган йўлда сарфлаш билан бўлади.

Соғлик-саломатлик неъмати муҳим бўлгани учун ҳам пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам биз умматларига ўша улуғ неъматни доимо Аллоҳ таолонинг ўзидан сўраб туришини амр этганлар. Имом Аҳмад Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар айтилган: “Аллоҳдан яқийнни ва мустаҳкам соғликни сўранглар. Ҳеч бир кимсага яқийндан кейин офиятчалик яхши нарса берилмаган”.

Яқийнн мустаҳкам имондир. Демак, Аллоҳ таоло бандаларига берган неъматлар ичида  энг биринчи ўринда мустаҳкам имон турса, ундан кейинги иккинчи ўринда соғлик турар экан. Ислом соғликни Аллоҳ таоло бандага берган улуғ неъмат эканини, унинг учун банда шукр қилиши лозимлигини таъкидлаш билангина кифояланиб қолмайди. Ислом соғликни сақлашнинг йўлларини ҳам баён қилиб беради. Масалан, улар: тозаликка риоя қилиш, соғликка зарар етказувчи ва атрофни ифлос қилувчи нарсалардан қайтариш, бадан тарбия, соғликка зарарли нарсаларни ҳаром қилиш ва бошқалардир.

 

Манбалар асосида Хўжаобод туман

“Етти чинор” жоме масжиди имом ноиби

Муҳаммад Қуддус Абдулманнон тайёрлади.

Табобат
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига шарҳ

19.03.2026   1118   1 min.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига шарҳ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармонига шарҳ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Наврўз умумхалқ байрами ва муборак Рамазон ҳайитини нишонлаш арафасида халқимизга хос эзгулик, меҳр-оқибат, бағрикенглик, кечиримли бўлиш каби олижаноб фазилатларни намоён этган ҳолда ҳамда давлатимиз томонидан олиб борилаётган инсонпарварлик сиёсатининг амалий тасдиғи сифатида “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармонни имзолади.

Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 109-моддаси 23-бандига асосан жазо муддатини ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 392 нафар шахс афв этилди.

Афв этилган шахсларнинг 223 нафари асосий жазодан тўлиқ озод этилди, 82 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 34 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилди.

Шунингдек, 53 нафар шахсларга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди.

Афв этилганларнинг 3 нафарини чет эл фуқаролари, 26 нафарини аёл, 14 нафарини 60 ёшдан ошган эркаклар, 166 нафарини ёшлар ҳамда 24 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади.

Фармон ижроси юзасидан афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун уларга кўмак бериш бўйича масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилди.

 

https://president.uz/uz/lists/view/9026

МАҚОЛА