1. Аввало “Икки ракат ийдул азҳо намозини ушбу имомга иқтидо қилиб, Каъбага юзланиб, холис Аллоҳ таоло учун адо этишни ният қилдим” дейилади.
2. Имом “Аллоҳу акбар” деб биринчи такбирни айтгач жамоат ҳам қўлларини қулоқ баробарида кўтариб, ичида такбир – “Аллоҳу акбар” деб айтади.
3. Кейин қўллар боғланиб, ҳар ким ичида сано дуоси (Субҳанакаллоҳумма ва биҳамдика ва табарокасмука ва таъала жаддука ва лаа илаҳа ғойрук)ни ўқийди.
4. Сўнгра имом уч марта такбир айтади. Жамоат ҳам унга эргашади. Биринчи ва иккинчи такбирда қўллар ён томонга туширилади. Учинчи такбирдан сўнг қўллар боғланади.
5. Имом “Фотиҳа” сурасини ва зам сура ўқийди. Сўнг такбир айтиб руку ва сажда адо этилади.
6. Шундан сўнг иккинчи ракатга турилади. Имом “Фотиҳа” сураси билан зам сура ўқигач, рукуга бормай туриб, худди биринчи ракатдаги каби уч марта такбир айтади.
7. Тўртинчи такбирда қўл кўтармасдан имом орқасидан руку ва сажда адо қилинади.
8. Сўнгра “Аттаҳийёт”, “Салавот” ва “Дуо” ўқилиб, салом берилиб, намоз тугатилади.
Аллоҳ ибодатларингизни Ўз даргоҳида қабул этсин!
Даврон НУРМУҲАММАД
Савол: Фарзандим даволаниш учун хорижга кетган эди. Мен агар болам тузалиб келса, тилла тақинчоқларимни садақа қиламан, деб назр қилган эдим. Алҳамдулиллаҳ, тузалиб келди. Садақа қиламан, деб турсам, қайнонам, тақинчоқларингиз тоза тилладан, уни менга сотинг ва пулини садақа қилаверасиз, деб талаб қилмоқда. Нима қилсам, тўғри иш қилган бўламан?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Мазҳабимизда закот, фитр садақаси, ушр ва назр каби вожиб садақаларда, уларнинг қийматини бериш мумкин. Шу боис сиз ҳам тиллангизнинг ўзини ёки сотиб, пулини садақа қилсангиз ҳам бўлади. Фақат сотишда, бозордаги нархи эътиборга олинади. Ундан кам нархга сотиш мумкин эмас.
Кам нархга сотсангиз, тафовутини ўзингиздан қўшиб садақа қилишингиз лозим бўлади. Масалан, тилла тақинчоқларингиз нархи назрни адо қилиш кунларида бозорда 10 миллион сўм бўлса, лекин танишим ёки яқин инсоним деб, 8 миллионга сотсангиз, ёнига 2 миллион қўшиб, садақа қиласиз ва шу билан назрингиздан қутиласиз. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази