Бир донишманд қўлига бўш кўзани олиб уни тошга тўлдирибди.
Сўнг шогирдларини чақириб, уларга биринчи саволини берибди: «Айтингчи, кўза тўлдими?» Шогирдлар: «Ҳа, тўла», дейишди. Шунда устоз қўлига нўхатли идишни олиб кўзага тўкди. Нўхат тошлар орасидаги бўш жойларга жойлашди. Устоз шогирдларига яна савол берди: «Энди кўзам тўлдими?» Шогирдлар яна кўза тўлганини айтишди.
Энди устоз қум тўла қутини олди-да, яна кўзага тўкди. Қум тош ва нўхатлар орасидан ўтиб бўш қолган жойларни эгаллади. Устоз яна ўша саволни бериб шогирдлари ўша жавобни қайтаришди.
Ниҳоят донишманд сувли идишни олиб уни яна ўша кўзага қуя бошлади. Идишдаги сув билан идиш тўлди. Буни кўрган шогирдлар кула бошладилар..
Устоз деди: «Бундан мен сизларга айтмоқчи бўлган ўгитим: кўза бу бизнинг ҳаётимиз, тошлар энг азиз бўлган кишиларимиз, оиламиз, соғлигимиз. Нўхат — бўлса ёқадиган, аммо жудаям муҳим бўлмаган нарсалар: яхши иш, данғиллама уй, машина, қимматбаҳо нарсалар. Қум эса, ҳамманинг ҳаётида тўла бўлган майда-чуйда нарсалардир.
Агар кўзани аввал қум билан тўлдирсанг, нўхат ва энг муҳими, тошларга жой қолмайди. Ҳаёт ҳам худди шундай: вақтингни бекорчи нарсаларга сарфласанг, энг асосийсига вақт қолмайди.
Яқинларингга, қариндошларингга эътибор қилинглар, бошқа ишларга вақт кейин ҳам топилаверади. Вақтингизни аввал тошга, сўнг қумга ажратинг.
Шу сўзларни айтиб донишманд ўрнидан турган эдики, шогирдлардан бири савол берди: «Сув нега керак эди?» Устоз ним табассум билан деди: «Мен кўзага сувни қўшишимдан мақсад: ҳаётда вақт қанчалик тиғиз бўлмасин, бекор вақт ҳам топилади», дейиш эди.
Ёқуб УМАР
ЎМИ Матбуот хизмати
Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллик байрами арафасида Қорақалпоғистон Республикаси бўйича меҳр-оқибат, оқибат ва хайр-саховат марафонлари янгича суръат ва кенг ёйилмоқда. Инсон қадрини улуғлашни бош мақсад қилган ушбу эзгу ташаббуслар юртимиздаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга, ёлғиз ва боқувчисини йўқотган фарзандларимизга меҳр улашишга қаратилган.
"Вақф" хайрия жамоат фонди Қорақалпоғистон бўлими томонидан "Имом эшон Муҳаммад" жоме масжидида ёлғиз ва боқувчисини йўқотган фарзандларимиз учун мактаб формаси ва ўқув қуролларини бериш тадбири ўтказилди.
Кўнгилларга умид, юракларга қувонч таратган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари Алишер Алланиязов, Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Баҳрамаддин домла Разов ва "Вақф" хайрия жамоат фонди раиси А.Жоловшиевлар иштирок этиб, 35 болага мактаб формалари ва байрам совғаларини тантанали тарзда топширди.
Бундай ғамхўрлик тадбири фарзандларимизнинг кўзларида қувонч учқунини ёқиб, кўнгилларида чексиз фахр туйғусини уйғотди.
"Инсон қадри улуғланган, меҳр-оқибат устувор бўлган юртда доимо тараққиёт ва барака бўлади."
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти