Исломдаги энг гўзал буйруқлардан бири силаи раҳм, яъни, яқинлар билан қариндошлик ришталарини боғлаш, дўстларга меҳр-оқибат кўрсатишдир. Силаи раҳм аввало Аллоҳ таолони бандаларига буюрган амрларидан биридир. Аллоҳ таоло айтади: “Ва ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи қўйиладиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз билан ажралиб кетишдан сақланингиз” (Нисо сураси, 1-оят).
Силаи раҳмда Аллоҳнинг розилиги, мўминлар ва фаришталарнинг хурсандчилиги, шайтонга ғам етказиш, умрнинг зиёдалиги ва ризқнинг баракаси каби гўзал хислатлар мужассам.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Кимни ризқи кенг ва умри баракали бўлишлиги хурсанд қилса, силаи раҳмни боғласин”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Бошқа бир ҳадисда эса Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Ким умрини узун, ризқини кенг бўлишини ва ёмон ўлимдан қутулишни ҳоҳласа, қариндошлари билан алоқасини тикласин”, деганлар (Имом Аҳмад ривояти).
Бу шунчалик улуғ ибодатки, уни бажарган киши қанчалик кўп ажр ва фойдалар топса, уни тарк қилган, унга бепарволик қилган одам шунчалик қаттиқ гуноҳкор ва зиёнкор бўлади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтадилар: “Силаи раҳм савобидек тез келадиган яхшилик йўқ. Дунёда тезда азоб бериб, охиратда ҳам азоб келтирадиган гуноҳ силаи раҳмни узишликдир” (Имом Термизий, Имом Аҳмад, Имом Ибн Можа ривояти).
Қолаверса, силаи раҳмнинг дўзахдан узоқлашишига ва жаннатга яқинлашишига сабаб бўладиган амаллар билан бир қаторда зикр қилиниши нақадар улуғ ибодатлигига далолат қилади.
Абу Айюб Ансорий (розияллоҳу анҳу) айтади: “Бир аъробий Пайғамбар (алайҳиссалом)нинг ҳузурларига келиб: “Ё Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) жаннатга яқинлаштирадиган ва дўзахдан узоқлаштирадиган амалдан хабар беринг!”, деди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Аллоҳга ибодат қилишга, Унга ширк келтирмасликка ва намоз ўқишга, закот беришга ва силаи раҳм қилишга буюрдилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Демак, силаи раҳм қилиш динимизнинг биз мўминлардан талаб қилган қатъий талаби. Шундай экан, бу гўзал амалга бепарво бўлмайлик.
Ёрбек ИСЛОМОВ
Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом ноиби
1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким таомини еб бўлгач:
الحمدُ للهِ الذي أطعَمَني هذا الطَّعامَ ورَزَقَنيه من غيرِ حولٍ مِنِّي ولا قوةٍ
“Алҳамду лиллаҳиллазий атъаманий ҳазат тоъама ва розақонийҳи мин ғойри ҳавлин минний ва лаа қувватин” деб айтса, унинг аввалги гуноҳлари мағфират қилинади», дедилар (Имом Термизий, Имом Абу Довуд, Имом Ибн Можа ривояти).
Маъноси: “Бу таомни менинг куч-қувватимсиз менга таомлантириб, у ила мени ризқлантирган Аллоҳга ҳамд бўлсин.
2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким янги кийим кийганда
الحمدُ للهِ الَّذي كساني هذا ورزقنيه من غيرِ حوْلٍ منِّي ولا قوَّةٍ
“Алҳамду лиллаҳиллазий касаний ҳазас савба ва розақонийҳи мин ғойри ҳавлин минний ва лаа қувватин” деса Аллоҳ унинг олдинги гуноҳларини кечиради” (Имом Термизий, Имом Абу Довуд, Имом Ибн Можа ривояти).
Маъноси: Ўзгартирмасдан, қувватимни кетказмасдан менга ризқ берган ва мени кийинтирган Аллоҳга ҳамд бўлсин.
3. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки азонни эшитганида:
أَشْهَدُ أَنْ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ وَحْدَهُ لَا شَرِيكَ لَهُ وَ أَشْهَدُ أَنَّ مُحَمَّدًا عَبْدُهُ وَ رَسُولُهُ رَضِيتُ بِاللهِ رَبًّا وَ بِالْإِسْلَامِ دِينًا وَ بِمُحَمَّدٍ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ رَسُولًا
“Ашҳаду аллаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарика лаҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва Расулуҳу. Розийту биллаҳи Роббан ва бил Ислами дийнан ва би Муҳаммадин соллаллоҳу алайҳи васаллама Расулан” деса гуноҳлари кечирилади”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Маъноси: Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига гувоҳлик бераман. У якка-ю ягонадир, унинг шериги йўқдир. Муҳаммад алайҳиссалом Унинг бандаси ва расули эканига ҳам гувоҳлик бераман. Аллоҳни Роббим, Исломни эса диним, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни расул деб рози бўлдим.
4. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ҳар намоздан кейин ўттиз уч марта Аллоҳга тасбеҳ айтса, ўттиз уч марта Аллоҳга ҳамд айтса, ўттиз уч марта “Аллоҳу акбар”, деса ҳаммаси тўқсон тўққиз бўлади, юзтанинг тамом бўлишига:
لا إلهَ إلاَّ اللَّه وحْدهُ لاَ شَرِيكَ لهُ لَهُ المُلْكُ ولَهُ الحمْدُ وَهُو عَلَى كُلِّ شَيءٍ قَدِيرٌ
“Лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъалаа кулли шайин қодийр”ни айтса, унинг гуноҳлари денгиз кўпиклари каби бўлса ҳам, мағфират қилинади», дедилар (Имом Муслим ривояти).
5. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки ўрнига ётаётганида:
لا إله إلا اللهُ وحده لا شريك له له الملكُ وله الحمدُ وهو على كلِّ شيءٍ قديرٌ لاحولَ ولا قوةَ إلا بالله العليِّ العظيمِ سبحان اللهِ والحمدُ لله ولا إله إلا اللهُ واللهُ أكبرُ
“Лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъалаа кулли шайин қодийр. Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳил ъалиййил ъазийм. Субҳаналлоҳи валҳамдулиллаҳи ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар” деса гуноҳлари денгиз кўпиклари каби бўлса ҳам кечирилади”, дедилар (Ибн Ҳиббон ривояти).
6. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ер юзида кимда-ким:
لا إلهَ إلَّا اللهُ واللهُ أكبرُ ولا حولَ ولا قوَّةَ إلَّا باللهِ
“Лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар ва лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ” дер экан, унинг барча гуноҳларига каффорат бўлади, гарчи гуноҳлари денгиз кўпигидек кўп бўлса ҳам», дедилар (Имом Термизий ривояти).
7. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир кунда юз марта “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи” деса унинг хатолари ҳатто денгиз кўпикларича бўлса ҳам ўчирилади», дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий ривояти).
8. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки:
أسْتَغْفِرُ اللهَ العَظِيمَ الَّذِي لاَ إلَهَ إلاَّ هُوَ الحَيُّ القَيُّومُ وَأتُوبُ إلَيهِ
“Астағфируллоҳал ъазиймиллазий лаа илаҳа илла ҳувал ҳаййул қоййуму ва атуби илайҳ” деса урушдан қочган бўлса ҳам гуноҳлари кечирилади», дедилар (Имом Термизий ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД