Исломдаги энг гўзал буйруқлардан бири силаи раҳм, яъни, яқинлар билан қариндошлик ришталарини боғлаш, дўстларга меҳр-оқибат кўрсатишдир. Силаи раҳм аввало Аллоҳ таолони бандаларига буюрган амрларидан биридир. Аллоҳ таоло айтади: “Ва ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи қўйиладиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз билан ажралиб кетишдан сақланингиз” (Нисо сураси, 1-оят).
Силаи раҳмда Аллоҳнинг розилиги, мўминлар ва фаришталарнинг хурсандчилиги, шайтонга ғам етказиш, умрнинг зиёдалиги ва ризқнинг баракаси каби гўзал хислатлар мужассам.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Кимни ризқи кенг ва умри баракали бўлишлиги хурсанд қилса, силаи раҳмни боғласин”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Бошқа бир ҳадисда эса Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Ким умрини узун, ризқини кенг бўлишини ва ёмон ўлимдан қутулишни ҳоҳласа, қариндошлари билан алоқасини тикласин”, деганлар (Имом Аҳмад ривояти).
Бу шунчалик улуғ ибодатки, уни бажарган киши қанчалик кўп ажр ва фойдалар топса, уни тарк қилган, унга бепарволик қилган одам шунчалик қаттиқ гуноҳкор ва зиёнкор бўлади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтадилар: “Силаи раҳм савобидек тез келадиган яхшилик йўқ. Дунёда тезда азоб бериб, охиратда ҳам азоб келтирадиган гуноҳ силаи раҳмни узишликдир” (Имом Термизий, Имом Аҳмад, Имом Ибн Можа ривояти).
Қолаверса, силаи раҳмнинг дўзахдан узоқлашишига ва жаннатга яқинлашишига сабаб бўладиган амаллар билан бир қаторда зикр қилиниши нақадар улуғ ибодатлигига далолат қилади.
Абу Айюб Ансорий (розияллоҳу анҳу) айтади: “Бир аъробий Пайғамбар (алайҳиссалом)нинг ҳузурларига келиб: “Ё Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) жаннатга яқинлаштирадиган ва дўзахдан узоқлаштирадиган амалдан хабар беринг!”, деди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Аллоҳга ибодат қилишга, Унга ширк келтирмасликка ва намоз ўқишга, закот беришга ва силаи раҳм қилишга буюрдилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Демак, силаи раҳм қилиш динимизнинг биз мўминлардан талаб қилган қатъий талаби. Шундай экан, бу гўзал амалга бепарво бўлмайлик.
Ёрбек ИСЛОМОВ
Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом ноиби
Сайёр йиғилиш
Бир кишига кўмаклашсангиз, у қанчалик шод бўлади.
Энди бир эмас, ўн эмас, юздан зиёд оилага ҳам маънавий, ҳам маърифий, ҳам моддий кўмак берилса, қанча кишининг кўнгли кўтарилишини, сизни алқашини тасаввур қилиб кўринг-а.
Бугун Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов бошчиликларида пойтахтимизнинг Янги ҳаёт туманидаги «Ниёзмат ота» жоме масжидида маънавий-маърифий сайёр йиғилиш ўтказилди.
Тадбирда Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Эргашали домла Рустамов, Тошкент шаҳар туманлари бош имомлари, имом-домлалар, «Ҳаж 2026» иштирокчилари қатнашдилар.
Тумандаги ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш мақсадида маҳаллаларга ташриф буюрилди. Адашиб ақидаси бузуқ турли оқимлар таъсирига тушиб қолган шахслар, ажрим ёқасига келиб қолган оилалар билан ҳам суҳбатлар олиб борилди.
Катта ҳаёт тажрибасига эга ҳожи оталар, ҳожи оналар имом-хатиблар, отинойилар билан биргаликда олиб борган маърифий тарғиботлари ўз самарасини берди: юздан зиёд хонадонга ҳам маънавий, ҳам моддий ёрдам кўрсатилди.
* * *
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов Янги ҳаёт туманидаги маҳаллаларга ташриф буюриб, у ердаги бир қанча хонадонларга кириб, хонадон эгаларининг қалбларига хурсандчилик улашдилар.
Қувонарлиси, янги ўқув йили арафасида ҳомийларни жалб қилган ҳолда 30 та ҳақдор хонадон соҳиблари фарзандларига сумка, ўқув қуроллари ҳадя этилди.
Юздан зиёд хонадон эгаларининг кўнгли кўтарилиб, улар эзгу ишларнинг бошида турган барча азиз инсонларнинг ҳақларига хайрли дуолар қилишди.
Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати