Бир киши хотини олдингидай яхши эшитмаётганини пайқаб қолди. Бундан ташвишга тушди, балки қулоғига махсус эшитиш ускунаси тақиши керакдир деб ҳам ўйлади. Шундай мулоҳазалар билан дўхтир ҳузурига йўл олди. Ҳар ҳолда мутахассис билан маслаҳатлашган яхши-да.
Унинг арзини тинглаган шифокор бир синов усулини ўргатди:
– Хотинингиздан қирқ қадам нарида турасиз, одатдаги суҳбат товушида гапириб кўрасиз. Агар эшитмаса, масофани ўттиз қадамга қисқартирасиз. Яна бўлмаса, йигирма қадам. Хуллас, сизни эшитгунча яқин бораверасиз.
У бу тажрибани ўша кун оқшомдаёқ қўллашга киришди. Хотини ошхонада куймаланиб юрганини кўргач, қирқ одим нарига борди-да:
– Онажониси, бугун кечки овқатга нима пиширяпсиз? – деди.
Жавоб йўқ. Одам масофани ўттиз қадамга қисқартириб, саволини қайтарди:
– Онажониси, бугун кечки овқатга нима пиширяпсиз?
Яна жавоб йўқ. Энди йигирма метр масофада туриб сўради:
– Онажониси, бугун кечки овқатга нима пиширяпсиз?
Наҳотки! Яна жавоб бўлмади-ку!
Эр ошхона эшиги яқинига келди-да, сўровини тағин такрорлади:
– Онажониси, бугун кечки овқатга нима пиширяпсиз?
Тавба-тавба! “Нима бало, аёлимнинг қулоғи том битганми?!” деб ўйлади у. Бу сафар хотинига жудаям яқин келди:
– Онажониси, бугун кечки овқатга нима пиширяпсиз?
Ва ниҳоят шу гал аёли жавоб берди:
– Дадажониси, бешинчи марта қайтаряпман: ош дамлаяпман, ош.
Биз кўпинча муаммони қаршимиздаги кишилардан ахтарамиз. Балки айб ўзимиздадир. Буни эса хаёлимизга ҳам келтирмаймиз. Оқил одамнинг энг устун жиҳатларидан бири бошқаларнинг эмас, ўзининг нуқсонларини ўйлаши ва уларни тўғрилашидир.
Ориф Толиб
Ҳаёт йўлларида юрар эканмиз, турли характердаги инсонларга дуч келамиз. Айниқса, катта йўллар, тиғиз ҳаракат ва машина рули ортидаги муҳит ҳайдовчидан нафақат чаққонликни, балки мустаҳкам асаб ва юксак сабр-тоқатни ҳам талаб қилади.
Йўлдаги синов ва биргина ҳадис
Олтмиш ёшларга бориб қолган, бироз жаҳлдор бўлса-да, дилкаш, кўнгли аскияга мойил қадрдон танишларимдан бири ҳайдовчилик касби ортидан умр ўтказиб келмоқда. Кўпчиликнинг оғирини енгил қилиб келаётган бу инсоннинг исми Собир. Аммо исмига монанд сабри сал камроқ.
Кунларнинг бирида унинг машинасида кетарканман, кутилмаганда йўлдаги бошқа ҳайдовчининг бепарволиги сабаб Собир ака сўкиниб юборди. Ғазаби бироз босилгач, унга Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг ғазабнинг ёмон оқибатлари ҳақидаги муборак ҳадисларидан бирини секингина эслатиб ўтдим. Ўша пайтда у киши ҳеч қандай муносабат билдирмади: эҳтимол, ҳали жаҳлдан тўлиқ тушмагандир. Манзилга етиб, одатдагидай самимий хайрлашдик.
Орадан вақт ўтиб кўришганимизда Собир ака ўтган воқеани илиқлик билан эслади. Ҳайдовчига айтган сўзларидан кейин қаттиқ эзилганини, мен эслатган ҳадис унинг учун катта ибрат бўлганини яширмади. Ҳозир ҳам ғазаби тошганда ўша суҳбат эсига тушиб, ўзини дарҳол қўлга олишини айтади. Ўзидан анча ёши кичик инсонни омма олдида “устоз” деб иззатлаши, айтилган биргина насиҳатдан етарли хулоса чиқара олгани унинг нақадар соф ва олийжаноб қалб эгаси эканини кўрсатади.
Ҳиссиёт жиловидаги ҳақиқатлар
“Ғазаб умри калта ақлсизликдир”. Буюк алломалар бежиз бундай демаганлар. Ҳаётимизда тилга ва қўлга эрк бермаслик, ҳиссиётларни жиловлай олмаслик оқибатида қанчадан-қанча оилалар бузилиб кетгани, яқин қариндош-уруғлар ва қадрдон дўстларнинг ораси узилиб қолгани аччиқ ҳақиқатдир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: "Ё Расулуллоҳ, менга бир насиҳат қилинг”, деган саҳобаларга У зот қисқа ва лўнда қилиб: “Ғазабланма”, деб жавоб берганлар.
Бу бежиз эмас, чунки ғазаб инсоннинг ақл-идрокини ўғирлайди, обрўсига путур етказади ва кейинчалик тузатиб бўлмас хатоларга етаклайди.
Ҳар қандай вазиятда ҳам инсонлигимизни, ақл ва тафаккур соҳиби эканлигимизни унутмаслигимиз лозим. Қачонки, жаҳлимиз чиқса, ақлимиз қочмаслиги керак. Сўнгги пушаймондан кўра, лаҳзалик жаҳлни ичга ютиб, сокинликни сақлаш ҳар доим яхшироқ натижа беради. Унутманг, тинчлик ва хотиржамлик – энг буюк бойликдир.
Муаллиф: Анвар Эрмаматов, "Зарафшон" нашри.